Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Шўроларнинг 1924 йилдан сўнг Туркистонда ташкил этган «миллий давлатлари»
PDF Босма E-mail

1. Туркистонда шўро «Миллий давлатлари» шакллантирилишидан олдинги воқеалар
Русия ҳуқуқий хужжатларида 1924 йилгача Туркистонда «миллий давлатлар» тушунчаси бўлмаган. Туркистон шўро комиссарлиги 1917 йил ноябридан 1918 йил майигача ва Туркистон мухтор шўро социалистик жумҳурияти 1918 йилдан 1924 йил октабригача «миллий давлатлар» ҳисобланмасди. Бу кейинроқ «миллий давлатчилиюжа ўтиш даври ҳисобланди. «Бу ўтиш босқичи Ўрта Осиё халқларининг миллий давлат тузишига тамал тоши қўйди»(Гордиенко, Создание, 68-6.). Шундай ҳолатда Туркистон мухтор шўро социалистик жумҳурияти миллатлараро давлат хуқуқи тушунчасидаги бир маҳаллий давлат эмас эди.
Туркистонни парчалаш ва Бухоро ҳамда Хоразм миллий жумхуриятлари 1924 йили тугатилиш даврида бўлиб ташлаш сиёсатини оқлаш маъносида «миллий давлатчилик» қараши майдонга келди. Шўро раҳбарияти Туркистон шўро жумҳурияти ҳамда Бухоро ва Хоразм жумҳуриятларини йўқ қилиб, уларнинг ўрнига миллий шўро жумҳуриятлари барпо қилиш қарорига келгунга қадар, яъни 1920 йилдан бери Туркистон яхлитлигини бузиш учун баҳона ахтарар эди.
Шўро хукуматининг Туркистон комиссияси Москвадан олган мустабидлик ваколати(Лениннинг 1919 йил 12 ноябрда Туркистон комиссияси аъзоларига берган кўрсатмасида шундай дейилади: «Халқ комиссарлари шўросининг қарор ва буйруқларини Туркистонда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши учун халқ комиссарлари шўроси Туркистонга Элиава бошчилигида Кобозев ва Киселевлардан иборат 3 кишилик муваққат комиссия юбормоқда. Комиссия ёллаган шахсларни маҳкамаларига топшириш ваколатига ва шўро фаолиятига тўсиқ бўлаётган ташкилотларни йўқ қилиш каби фавқулодда хуқуқ ва ваколатга эгадир. Туркистоннинг маҳаллий ва вилоят амалдорлари комиссия топшириқларини тўла-тўкис бажаришлари талаб қилинади. Комиссия аъзолари Ҳарбий [ПТТ] ва алоқа воситаларидан марказий идоранинг фавқулодда вакили хуқуқидан фойдалана олади». Қиёсланг: Ленин. О Средней Азии, 421-6.) билан 1920 йил 3 мартда Тошкентда Туркистонни бўлиб юбориш муаммосини ўртага ташлади. Фрунзе ҳеч қандай вазият ва шароитлар билан ҳисоблашмасдан, миллий масалани ишлаб чиқишни қаттиқ туриб талаб қилди(Гордиенко. Создание, 149-6.). Улар ўз фикрини «майда буржуазия унсурлари кучли эканлиги» билан изохдади. Лекин 1920 йил 13 июнда Турккомиссияга куйидагича кўрсатма берди: «1. Туркистонни (этнографик ва бошқа жиҳатлардан) Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон тарзида бўлинган харитасини яратиш. 2. Бу уч гуруҳни қўшиб юбориш ёки ажратиб ташлаш учун шароитларни атрофлича аниқлаш»(Ленин. О Средней Азии, 50-6.). Худди шу куни Ленин яхлит Туркистон жумхурияти ҳақидаги Рисқул лойиҳасини рад этган эди. 1920 йил 22 июнда Ленин Туркистонни бўлиб ташлаш борасида шошилиш кераклигини билдирди(Чугаев. История национальногосударственного строительства, 392-6.). Шўролар 1920 йилдаёқ Туркистонни парчалаб ташлаш ниятида эди, фақат Туркистондаги сиёсий вазият бунга монелик қилиб турарди. Турккомиссия аъзолари Куйбишев ва Фрунзе 1920 йили Москвага: «Ҳозирги сиёсий вазиятнинг ва Бухоро мавзусидаги шароитнинг кескинлиги Туркистондаги ички сиёсатни ва шу кунимиздаги ҳаракатлар натижасини қўриқлаш учун жуда катта диққатни ва тутум топилишини талаб қилади», - деб хабар юбордилар(Национальная государственность, 187-6.). Шўро бошчилари бундан сал вақт аввал ҳам бўлиб ташлашга зид бўлган сиёсат олиб боришга мажбур бўлган эди. РСФСР хукумати 1920 йил 23 майда Туркистон мухтор шўро социалистик жумҳурияти ўқйўриғига таяниб, Туркистонни ўзбек, туркман ва қозоқлар яшайдиган қисмларига бўлиниши ҳақида буйруқ чиқарди. Фақат қирғизлар масаласи эътибордан четда қолди. Тақсимлашни рўёбга чиқариш учун қулай фурсат кутиларди. Бир шўро муаллифи парчаланишнинг дастлабки даври ҳақида шундай ёзади: «Юқорида зикр этилган буржуа миллатчилари (Ягона Туркистон жумхуриятини яратишни ташвиқ ва талаб этганлар ҳақида) шўро иқтидорига қарши курашларида шўро Русиясидаги барча туркча сўзлашадиган қавмларни бирлаштириб, ягона Турк жумхурияти тузиш талабини ўртага ташладилар. Бу талаб миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳақидаги компартиянинг асосий принципига мос келмас эди. 1918 - 1920 йилларда Туркистон мухтор шўро социалистикжумҳурияти идора маҳкамаларига суқилиб кириб олган буржуа миллатчиларига қарши курашда Турккомиссия тарихда илк бор миллий ўзига хос хусусиятларга таянган ҳолда Туркистонда янги бир идора тартиби тузишни тақозо қилади»(Ваҳобов. Формирование... 387-6.). Асталик ва усталик билан «ўзбеклар, қозоқлар, туркманлар миллий манфаатлари» фикри сингдирила бошланди. 1920 йил 17 декабрда РКП (б) МК Туркистон бюроси Туркистон КП МК қошида «ўзбеклар, қирғизлар (яъни қозоқлар - муаллиф] ва туркманлар миллий шуъбалари шаклланди»(Гордиенко, Творческая роль... 193-6.). Бу шуъбаларга ўзига хос «вазифалар» юклатилиб, шўроларнинг парчалаш режаси амалга оширилиши учун аввалдан зарур шарт-шароит ҳозирлана бошлади, бунга тўрт йилча вақт кетди. Бу орада турк уруғлари манфаатлари сунъий равишда чуқурлаштирилди. Бундай тадбирларга эътироз билдирган миллий кучлар қаршилиги синдириб турилди. Чунки руслар ҳокимлик қилган Туркистон КП МК ва РКП (б) МК Москва чизиғидан чиқмасди. Юқоридаги шуъбалар 1921 йил 12 сентабрдан Туркистон мухтор шўро социалистик жумҳу-риятининг Миллатлар халқ комиссарлигига бўйсундирилди. Бу халқ комиссарлиги, асосан, РСФСРнинг мухтор жумхурият доирасидаги ягона муассасаси эди. Зотан, РСФСРга бўйсунган бошқа бирор ўлкада бундай комиссарлик ҳам йўқ эди. Бу комиссарлик Сталин томонидан ташкил қилинган РСФСР Миллий ишлар халқ комиссарлигининг бир шуъбаси хусусиятига эга эди. Бу комиссарлик Туркистондаги маҳаллий қавмларни бир-биридан айириш каби шўро раҳбариятининг бош лойиҳасини тўлиқ ижро этди ва бу йўлда жуда катта ташвиқот марказига айланди.
1921 йил августида РСФСР хукумати мазкур комиссарликка Туркистонни тақсимлашда «миллий ўзига хосликлар» ҳисобга олинишини тавсия этди ва бутун идора ишлари унинг зиммасига юкланди. Шундан сўнг 1921 йил 7 августда Ҳазар денгизи атрофи ўлкасининг номи «Туркман ўлкаси» деб ўзгартирилди. Қирғиз [қозоқ] мухтор шўро социалистик жумхурияти ясаш учун 1920 йил 26 август қарорида «Туркистонга оид қозоқ ерларини Қозоқ жумхуриятига қўшилиши» қарорлаштирилди(История коммунистической организаций, 919-920-6.). 1921 йилнинг 30 - 31 январида Туркистон шўро социалистик жумхуриятига қўшилиши ҳақида қарор қабул қилган қозоқ конгресси Авлиёотада тўпланди.
Партия ва давлат ташкилотларидаги миллий қаршилик гуруҳи Қозоғистоннинг Тўрғай, Оқбўта ва Оқмўла ўлкаларини Туркистон мухтор жумхуриятига қўшилишини талаб қиларкан, шўро раҳбарияти ўзларининг Қозоғистондаги қўғирчоқ раҳбарларидан Сирдарё ва Еттисув ўлкаларини Туркистон мухтор жумхуриятидан талаб қилишга гижгижлади. Бу ўлкаларни ўзлаштириш учун 1922 йил 13 майда Қозоғистон шўро социалистик мухтор жумҳурияти марказий ижроия қўмитаси қошида бир комиссия тузилди(История... (9). 721-6.). Иккинчи томондан, Карасев каби рус коммунист раҳбарлари Урал ва Қустаной ви-лоятлари тўғридан-тўғри РСФСРга қўшилишини талаб қилиб чиқдилар(Очерки истории Коммунистической партии Казахстана, 201-6.). Фақатгина Турор Рисқул ва унинг маслакдошлари Туркистоннинг яхлитлигини талаб қилиб чиқдилар(Степная правда» газетаси 25 февраль 1925 йилда ёзади: «Ўртоқ Рисқулов РКП (б)нинг ҳозирги миллий сиёсати принципларини ўзгартириш учун маълум миллатлараро конгрессларда доимо: 1) миллий қўшин тузилиши; 2) миллий сиёсат юргизиш; 3) келгиндилар колонистлар сифатида ердан фойдаланиш ҳуқуқларини бекор қилиниши ёки уларнинг ҳуқуқини чегаралаш; 4) бутун Шарқнинг, бир томондан, Ғарбий Оврўпо капитализмидан, иккинчи томондан, шўро Русияси сиёсати хукмронлигидан қутқариш учун бирлашишни талаб қиларди». Қиёсланг: Очерки истории, (11), 202-6.).
1922 йил июлида Пишпакда кўпчилиги қирғизлардан иборат бўлган шўроларнинг конгресси очилди. Бунда шарқий қирғизларнинг мухторият ҳақи тан олиниши қарорлаштирилди, аммо Еттисув ўлкаси коммунистик партия қўмитаси бу қарорни «буржуа миллатчилиги бўёғига бўялган ўткинчи бир характерга эга» таклиф сифатида рад этди. Москва кўрсатмаси билан 1921 йили Туркистон шўро социалистик мухтор жумхурияти комиссарлар шўроси қошида «Туркистоннинг асосий халқлари ҳаётини ўрганиш учун «илмий комиссия» тузилди. Бу комиссияни бошқариш собиқ Туркистон бош волилигида фавқулодда имтиёзларга эга бўлган шарқшунос Кунга топширилди. Бу одам 1921 - 1923 йилларда «Ўзбеклар, қозоқлар ва туркманлар» шаклида бўлинган бир этнографик харита ҳозирлади. Бу лойиҳа тайёрланиш жараёнида, яъни 1922 йилда шўро раҳбарияти Кавказ, Украина, Белоруссия ва Рус шўро федератив социалистик жумҳурияти каби мустақил жумхуриятларни бир иттифоқҳолига келтириш ва бу қўшиб олиш сиёсатини қандай номлаш муаммоси билан машғул эди. 1922 йил 10 августда Сталин бу жумхуриятларни РСФСРга «мухторият хуқуқи билан» бирлаштириш, Шарқий жумҳуриятлар Бухоро ва Хоразм билан эса ҳарбий, ташқи савдо, ташқи сиёсат, бож масалаларида турли шартномалар тузишни таклиф қилди. Бу таклифни Русия КП (б) МК комиссияси 23-24 сентабрда тўлалигича қабул қилди. 1922 йил 27 сентабрда эса Ленин бу таклифга қарши чиқди. У «мухториятлар ўрнига Русия шўро федератив социалистик жумхурияти билан бирга Оврўпо ва Осиё жумхуриятлари иттифоқини яратиш учун расмий бирлашишни бошлаш» фикрини илгари сурди. Натижада, на Сталиннинг ва на Лениннинг таклифи қабул қилинди.
Шўроларнинг I Конгресси 1922 йил 30 декабрда шўро Социалистик жумхуриятлар иттифоқи (СССР) тузилганлигини эълон қилди. Бухоро ва Хоразм билан тузилиши лозим бўлган битим муаммосидан хдм воз кечилди. Уларни йўқ қилиш учун баҳона излаш бошланди. Шўро раҳбарияти Кавказ, Украина ва Белоруссия шўро жумхуриятлари тизгинини ўз қўлига тўлиқ олишга муваффақ бўлгунча, Рус шўро федератив социалистик жумхуриятидан кўра кўпроқ ваколатга эга бўлган шўро Социалистик Жумхуриятлар иттифоқи хукумати «тақсимот» ва «қўшиб олиш» сиёсатини жонлантириб юборди.
СССР раҳбарияти 1924 йилда миллий қўзғолонларни ёппасига бостириб, давлат ва партия ташкилотларидаги миллатчиларнинг унини ўчириб ҳамда баъзи туркистонликларни ўз томонига оғдириб олгач, энди Бухоро ва Хоразмни жумхурият сифатида мутлақо йўқ қилиш ҳамда Туркистонни ўзи билганича парчалаш замони етиб келганига қаноат ҳосил қилди. Москвадан келган фармон ғолиб келди. Руслар эски режаларини амалга оширишни тезлаштирди. Русия КП (б) марказий қўмитаси Ўрта Осиё бюроси билан бирга кўрсатма устига кўрсатма жўнатиб турди. Бўлиб юборишнинг тез шошилинч ўтказилгани қуйидаги тадбирлардан ҳам кўриниб турибди:
1924 йил 13 январда РКП [6] МК Ўрта Осиё бюроси 30 нафар фарғоналик маъмурнинг Фарғона мухториятини тан олиш ҳақидаги талабини рад этди.
31 январда РКП (б) МК Ташкилий бюроси «Ўрта Осиёда миллий чегараланишни тезлаштириш ваколатига эга бўлган» Рудзутакни Тошкентга юборишга қарор қилди.
26 февралда Ўрта Осиё бюроси Туркистонни тақсим қилишни бошлашга қарор қилди.
3 мартда Ўрта Осиё бюроси вакили Межлаук Хоразм КП МК йиғилишида иштирок этиб, мазкур жумҳуриятни йўқ қилишни талаб қилди.
10 мартда ТКП МК Ўрта Осиё бюроси ва Туркистон Мухтор шўро социалистик жумҳурияти марказий ижроия қўмитасининг муштарак йиғилишида «миллий жумҳуриятлар шакллантирилиши» лозимлиги билдирилди. ТКПнинг масъул котиби В. Верейкин бу ерда кириш нутқи сўзлади.
23-24 мартда ТКП МКнинг умумий мажлиси тақсимот муаммосини музокара қилди. ТКП МК Хоразм ва Бухоро масалалари билан ҳам шуғулланишига тўғри келди. 26 мартда Хоразм КП Туркман бўлимини Хоразм жумхуриятидан ажратишга қарор қилди.
5 апрелда ТКП котиби А. Раҳимбой «Миллий жумхуриятлар тузилиши ҳақида» сиёсий бюрога ҳисобот ҳавола қилди.
10 апрелда Бухоро КП Бухорони «миллатларига» қараб ажратиш масаласи бўйича комиссия тузди. РКП (б) МК сиёсий бюроси Бухорони парчалаб юборишга қарор қилди.
13 апрелда Бухоро КП МК котиби Мавлонбеков А. Бухорони «миллий ажратиш»нинг ҳолати ҳақида Урта Осиё бюросига ҳисобот берди.
19 апрелда ТКП МКнинг Ижроия қўмитаси РКП (б) МК сиёсий бюросининг тарихий 10 апрель қарорини амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилди.
5 майда Туркистонни парчалаш учун Ўрта Осиё бюросининг комиссияси йиғилиб, ўзбек, туркман ва қозоқ тагкомиссиялари тузилди.
10 майда мазкур комиссия ўз йиғилишида Туркистон, Бухоро ва Хоразмни «миллий» асосда тақсимлаб, уларни бир Ўрта Осиё федерацияси атрофида уюшти-ришга қарор қилди.
4 майда ТКПнинг 8 конгресси бошланди. «Партия марказий органлари қарорлари мақсадга мувофиқ» деб то-пилди. Рудзутак янгидан тақсим қилишни талаб қилди.
11 майда Ўрта Осиё бюроси қуйидаги кўрсатмани берди:
1. Туркистон, Бухоро ва Хоразм миллий ва ер нуқтаи назаридан ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниб, бўлиниши лозим.
2. Ўзбек ва туркман жумхуриятлари мустақиллик хуқуқи билан шўро социалистик жумхурияти сифатида СССР таркибига киради.
3. Ўзбекистон ССР доирасида Тожикистон мухтор ўлкаси ва Қорақирғиз мухтор ўлкалари тузилиб, уларнинг ери ўзларига тегишли бўлиши масаласи очиқ қолдирилади.
4. Туркистон АССР қозоқлари Қозоғистон жумхуриятига қўшиб берилади (йиғилишда 11 нафар киши иштирок этиб, 7 овоз шу қарор фойдасига, 4 овоз қарши бўлди).
4 июнда РКП (б) МК ташкилий бюроси Ўрта Осиё бюросининг 11 майдаги тарихий қарорини тасдиқлади. 12 июнда РКП (б) Сиёсий бюроси Туркистон, Бухоро ва Хоразмнинг туркманлар яшайдиган қисмларидан «мустақил» Туркманистон жумхурияти ва Бухоронинг ўзбеклар истиқомат қиладиган қисмидан «мустақил» Ўзбекистон жумхурияти ҳосил қилишга қарор қилди. Хоразм жумхурияти туркманлардан ажратиб ташлангач, эски шаклда қолавериши лозим топилди.
26 июнда РКП (б) Ўрта Осиё бюроси август ойида партия аъзолари орасида ташвиқот ишлари бошлаб юбориш ҳақида кўрсатма берди.
15 июлда Ўрта Осиё бюроси тақсимотни ташвиқ қилиш йўлларини кўрсатди. Бунда ташвиқот халқ орасида 25 августдан то сентабрь охиригача олиб борилиши белгиланган эди.
31 августда Ўрта Осиё бюроси ташвиқот жараёнини қайтадан муҳокама қилди.
6 сентабрда Ер тақсимоти комиссияси вужудга келтирилган шўро жумхуриятлари чегараларини ойдинлаштирди.
15 сентабрда Туркистон мухтор шўро социалистик жумхурияти марказий ижроия қўмитаси фавқулодда бир йиғилиш ўтказиб, мазкур жумхуриятни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
16 сентабрда Ўрта Осиё бюроси янги тузилган шўро жумхуриятларини бошқариш масалаларини музокара қилди.
20 сентабрда Бухоро конгресси Бухоро жумхуриятини йўқ қилиш ҳақида қарор қабул қилишга мажбур қилинди. 25 сентабрда РКП МК Сиёсий бюроси яна бир марта Туркистоннинг тақсимотини кўриб чиқди ва Куйбишев бошчилигида бир комиссия ташкил қилди.
29 сентабрдаги Хоразмнинг 5 конгресси ушбу жумхурият йўқ қилиниши ҳақида қарор қабул қилишга мажбур бўлди. 6 октабрда эса Москвада Ўрта Осиё маъмурлари вакиллари билан учрашув уюштирилди.
11 октабрда РКП МК сиёсий бюроси яна тақсимотга доир қарор чиқарди. Қорақалпоқ мухтор ўлкаси Қозоғистон мухтор жумҳурияти доирасида ташкил этилиши маъқул деб топилди. Хоразм жумҳуриятини батамом йўқ қилиш буйруғи берилди. 14 октабрда СССР хукумати Туркистон мухтор шўро социалистик жумҳу-риятини бекор қилди.
27 октабрда СССР Марказий ижроия кўмитаси Ўзбекистон ва Туркманистон жумҳуриятлари билан бирга Ўзбекистон доирасида Тожикистон шўро социалистик мухтор жумхурияти ва РСФСР доирасида Қорақирғиз мухтор жумхурияти ташкил қилинганлигини расман эълон қилди(Бу қарорноманинг хронологияси ва мундарижаси ушбу манбалардан олинди: Гордиенко, Создание. 153 - 157 б.; История коммуни-стической организаций, (9), 713 - 734 б.; Ваҳобов. Формирование...
386, 396-6.; Национальная государственность, 187 - 190 б.; Чугаев, история (5), 390 - 402 б.; Hayit, Turkestan im XX Jahrh. 215 - 233 б.).
Қайд этиб ўтилган тадбирлардан кўриниб турибди-ки, Туркистонни, Бухорони ва Хоразмни «миллий ерлар» тушунчасига таянган ҳолда янгидан тақсим ва танзим қилиш учун қўлланилган ҳаракатлар Туркистон халқининг сиёсий иродасини сусайтириш мақсадига қаратилган. Акс ҳолда шўро тузуми йўлбошчилари Туркистонда турли хил миллатлар ташкил топиши учун бунча уринмас эди. Зотан, бу раҳбарлар ҳатто 1922 йилда ҳам ҳали «Бухоро ва Хива (Хоразм) жўғрофий нуқтаи назаридан Туркистоннинг бир бўлаги эканлигини» эътироф қилар... «Туркистон бошдан-бош бир яхлит дунё эканлигини» тан олар эдилар.
Шўро хукуматининг Туркистон мухтор жумхурияти билан Бухоро ва Хоразм (халқ жумхуриятлари) иқтисодий сиёсатини мослаштирувчи комиссияси 1922 йили қуйидаги фикрни баён қилган эди:
1) Бухоро, Хоразм ва Туркистоннинг маданий шароити, ишлаб чиқариш кучлари умумий хусусиятларига ва ўзаро боғлиқ муносабатларга эга;
2) Умумий тарих ва ижтимоий шароит заминида вужудга келган бу жумхуриятларнинг демографик ва этнографик гурухдари Ўрта Осиёнинг бу қисмида моддий ва маънавий жиҳатдан бир бутунликни ташкил қилиб, маънавий маданияти муштараклиги кўзга ташланиб туради(Касимов, Из истории организации, 20-6.).
Рус зиёлилари ва Туркистон бўйича мутахассислар «Туркистон» деган ном осмондан тушмаганлигини хдмда унинг бундай номланиши тарихининг ўзи катта илмий асосга эга эканлигини, бу ном билан ички Осиёдаги туркларнингўзаро алоқа иплари қайд қилинишини яхши тушунар эдилар(Монах Якиноф, Описание, 10-11-6.: «Ҳазар денгизидан то Кукуноргача бўлган ерларда ўтроқ ва кўчманчи бир қавм яшайди. Бу қавм туркча гаплашади ва ислом дини қонун қоидаларига амал қилади. Бу инсонлар ўзларини «турк» деб номлаб, яшаб турган жойларини «Туркистон» деб аташади». Girard, Memoire sut / Asie Centrale. Son Historie ses populations, Ernest Lerouk, Paris, 1875,2-бет. Марказий Осиёда турклар яшаб, «Туркистон» номи шундан олингани маълумдир. Шўро иттифоқининг машхур туркшунослари Е. Малов қуйида-гича эътиборимизни жалб қилади: «Турклар бизнинг эрамиздан беш юз йил аввал кенг кўламда ҳозирги истиқомат қилаётган жойлари-да яшарди». Қиёсланг: Ф. Дебец, Проблема происхождения киргизского народа в свете антрополических данньтх, «Трудь! Киргизской археологической экспедиции» асарида. - Москва, 1956, С 1, 76-6. Қозоғистон КП МК биринчи котиби Мирзоян (Болшевик, 1937, 41 сон) шундай дейди: «Туркистондаги ҳозирги шўро жумхуриятлари ягона бир миллатга мансуб уруғлардан бўлиб, Туркистон халқининг бўлиб юборилиши натижаси деган тушунчага олиб келади». Қиёсланг: УТ, 1937, 88-сон, 4-6.).
«Туркистон» атамасидан воз кечиш, Бухоро ва Хоразм жумхуриятларини йўқ қилиш каби тадбирлар кейинроқ шўролаштириш, руслаштиришни авж олдириш учун асосий таянч нуқта бўлиб хизмат қилиши керак эди. Бухоро ва Хоразм деб аталишининг ўзи улуғ бир ўтмишни эсга туширса, Туркистон деган атама туркларнинг яхлитлигини англатиб турар эди. Булар ўз навбатида, руслаштириш учун катта тўсиқ эди. Шўро тузумининг фаол аъзосига айлантириш учун бу ердаги одамларни тарихий илдизларидан узиб ташлаш асосий муддао эди. Туркистон парчаланаётган бир вақтда қозоқларнинг вакиллари Ўрта Осиё федерацияси тузиб, унга Қозоғистон МЖ аъзо бўлиб киришини ёқлаб чиқди(Гордиенко, Создание, 158-6.). Шўро хукумати бу истакка ҳам розилик билдирмади. Бунинг боисини кейинроқ рус мутахассис шундай изохдаган эди: «Урта Осиё федерациясини ташкил қилиш миллатлар орасидаги алоқаларни назорат қилишни сусайтириб, буржуа миллатчиларининг СССРга қарши кураш воситасига айланиши ҳамда СССР ва буюк рус миллати билан бевосита ва яқин муносабатда бўлишга тўсқинлик қиларди»(Режебов, Таджикская ССР, 152-6. Шўро ҳукуматининг парчалаш сиёсати шундай маъно берарди: «Асос эътибори билан шўролар миллий сиёсати ҳар бир мустамлакачининг эски дастури бўлган - «парчала - хукмрон бўласаняга жуда мос иш тутган. Қиёсланг: Mehnert, Die Sowiet politik, 1957, 67-6.). Бу фикр тақсимот сиёсатидан кутилган амалий мақсадни очиқ-ойдин ифода этиши билан характерлидир.
Шўро иттифоқи Марказий ижроия қўмитаси раиси М. И. Калинин «миллий ерлар асосидаги тақсимот» ҳақида 1924 йили шундай деган эди: «Биз юқоридан туриб, ҳеч бир нарсани зўрлаб ўтказмаймиз. Бу айнан миллий давлатларнинг бўлинишига ҳам тааллуқлидир. Ўрта Осиё миллатларининг шўро ҳокимияти ва партия органлари бу бўлинишни миллий мустақил жумхуриятлар куриш учун халқхоҳишини инобатга олган ҳолда амалга оширдилар. Биз бухоҳишни маъқулладик ва Марказий Ижроия қўмитаси йиғилишида уни давлат қонуни сифатида амал қилишини таъминладик»(Национальная государственность, 189-6.).
Шўро иттифоқи Марказий ижроия қўмитаси раиси Кавказ ёки бошқа «миллий жумҳуриятлар» тузилиши ҳақида шу пайтгача бундай баёнот билдирмаган эди. Фақат Туркистон ва туркистонликлар учун бу хилдаги тушинтиришлар зарур деган хулосага келган эди. Ҳар ҳолда юқоридан бўлган зўрлашни жуда бўлмаганда хаспўшлашни исташарди. Аммо савол туғилади: Туркистонни қавм, уруғ асосида тақсимлаш, яъни шўролар наздидаги миллатига қараб бўлишнинг мутасаддилари ким? Улар ҳокимият тепасида турган руслар ва 10-12 кишидан иборат туркистонликлардан бошқаҳеч ким эмас. Норози одамлар ўз фикрини очиқ баён қила олмасди. Халқ раъйини сўраб билиш ҳеч кимнинг эсига келмади. Яъни халқдан ҳеч ким «Туркистон бутун ҳолича қолсинми ёки парчалаб ташлансинми?» деб сўрамади.
РКП (б) МК Ўрта Осиё Бюроси Туркистоннинг турк коммунистлари органи эмасди. Аксинча, У Туркистон коммунистларини назорат ва тафтиш қилувчи Москванинг бир органи эди. Орасида жуда кам сонли туркистонликлар бўлган шўро ҳокимияти органлари, гўё халқ иродасини акс эттирувчи орган сифатида хукмронлик қилардилар. Қатъий қарор қабул қилингач, тақсимот ҳақида халқ орасида бир ой давомида ташвиқот олиб борилди. Шунинг учун ҳам халқ иродаси ҳақида бу ерда гап бўлиши мумкин эмас. Туркистонликлар шўро ҳоки-мияти органларида кўпчилик бўлганида эди, халқнинг иродасини қай йўсинда бўлса ҳам изҳор этишга уринган бўларди. 1924 йили Туркистон жумхурияти марказий органларида маҳаллий кадрлар 17 % ни, вилоят органларида 14,5 % ни ташкил этарди(История коммунистических (9), 724-6.). Туркистон парчаланиш арафасида унинг 5 254 584 аҳолисидан 15 550 туркистонлик ва 6 450 рус коммунистлар эди. Биронта марксистик китобда компартия аъзолари халқ вакили ҳисобланиши ҳақида гап йўқ. Аксинча, улар партияга шахсан қабул қилинади ва улар ҳеч қачон партияга бирор халқ гуруҳининг вакили сифатида қабул қилинган эмас. Шунинг учун ҳам мазкур «миллатига қараб тартибга солиш» сиёсати фақат ҳокимият тепасида турганлар иродаси эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Туркистонни парчалаш масалаларида РСФСРнинг Туркистон комиссияси ҳал қилувчи роль ўйнади. Унинг кўрсатмалари кетма-кет Ўрта Осиё бюросига етказиб турилди. Ўз вазифасини аъло даражада ўтаб бўлгач, РСФСР хукумати 1925 йил 16 январда Туркистон комиссиясини тугатди. 2 февралда эса СССР хукумати бу қарорни тасдиқлади(Уразаев, Ленин и строительство, 481-6.).1924 йил 11 октабрда Ўрта Осиё бюроси қошида бир келишув комиссияси тузилган бў-либ, у собиқ жумхуриятларнинг (Бухоро, Хоразм ва Туркистон) аҳолиси, ер ва мулкини янги шўро жумхуриятларига тақсимлаб бериши лозим эди. Бу комиссия 1925 йил февралда ўз фаолиятини «аъло» даражада адо этди. 1924 йил 5 ноябрда Туркманистон шўро социалистик жумхурияти учун алоҳида Инқилоб қўмитаси тузилган бўлиб, айнан шундай қўмиталар 24 ноябрда Ўзбекистон ССР ва Тожикистон АССРда ҳам ташкил қилинган эди. Бу қўмиталар, табиийки, Москвадан берилган алоҳида имтиёзларга биноан мазкур жумхуриятларда вақтли хукумат обрўсига ва ваколатига эга бўлди. Уларнинг фаолиятини РКП (б) МКнинг Ўрта Осиё бюроси партия ва шўро органи сифатида ўзаро мувофиқлаштириб турарди. Инқилоб қўмиталари янги жумхуриятлар учун «хукуматлар» яратиш ва коммунистик партиялар ясаб бериш учун тайёргарлик кўришди.
Туркманистон масалалари учун яратилган Инқилоб қўмитаси 1924 йил 15 декабрида Туркистон халқидан сўраб-суриштириб ўтирмай, Шўро иттифоқи қонунлари тўғридан-тўғри Туркманистонда ҳам кучга кирганлигини билдириб қўя қолди(Мардиков, Революционнмй комитет Туркменской ССР, ИАН, Турк. ССР, СОН, 1969, 4-сон. 40-6.). Ҳолбуки, ҳали Туркманистон расман Шўро иттифоқига «қабул қилинмаган» эди. Туркманистон ваЎзбекистон жумҳуриятлари фақат 1925 йил 13 майда Шўро иттифоқи кенгашининг 3-конгресси томонидан Шўро иттифоқига қабул қилинди. Демак, шу фурсатгача Шўро иттифоқининг ҳар қандай қонуни бу икки «мустақил миллий жумҳуриятга» киритилиши ҳеч бир ҳуқуқий меъёрга мос келмасди.
1925 йил 13-17 февралида Бухорода Ўзбекистон ССР шўроларининг биринчи конгресси бўлиб ўтди(Гордиенко, Создание, 193-6.; Уразаев, Ленин и строительство, 479-6. Сулейманова. История, 191-6. га кўра конгресс Эски Фарғонада бўлган.). Бунда СССР Марказий Ижроия қўмитаси ҳайъати раиси М. И. Калинин ҳам иштирок этди. Бу анжуманда Ўзбекистон ССР тузилганлиги расман эълон қилинди. Шўролар яратган дастлабки «қабилачилик давлатининг» давлат раиси ўқиш-ёзишни билмайдиган, лекин эзгу қалб эгаси ва миллий характерини асрай олган одам - Йўлдош Охунбобо ўғли бўлди. Бош нозир вазифасига, узоқ ва кўп мунозаралардан сўнг собиқ Бухоро халқ жумхурияти бош нозири Файзулла Хўжа тайинланди.
15-24 февралда Полторацкий (Ашхобод)да Туркманистон ССР шўроларининг I конгресси бўлиб ўтди. Бу ерда ҳам Туркманистон шўро жумхурияти ташкил қилинганлиги расман эълон қилинди. Биринчи жумхурраис Н. Айтоқ ва бош нозир эса К. Отабой бўлди(Очерки истории коммунистической партии Туркменистана, 292-6.). Ўзбекистон ва Туркманистон шўро жумхуриятлари раислари эълон қилинмасидан аввалроқ уларнинг коммунистик партиялари раҳбарлари ҳам маълум эди. Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси биринчи котиби Акмал Икром (Икромов), иккинчи котиби В.Иванов бўлди. Туркманистон КП МК биринчи котиби Холмурод Саҳатмурод (Саҳатмуродов), иккинчи котиби эса Л. И. Межлаук бўлди.
Туркистон парчаланиши натижасида бу ернинг аҳолиси янги шўро «давлат» бирликлари орасида қуйидагича тақсим қилинди:
Туркистон мухтор шўро социалистик жумхуриятининг жами аҳолисидан 2 323 764 (умумий аҳолининг 49,6 %) Ўзбекистон ССРга; 350 000 - (аҳолининг 10,5 %) Туркманистон ССР га; 1 468 724 (аҳолининг 18,3%) Қозоғистон АССРга; 135 665 - (аҳолининг 9,1 %) Тожикистон АССРга. (Бу мухтор жумҳурият Ўзбекистон таркибида эди); 714 648 - (аҳолининг 8,8 %) Қорақирғиз (Қирғизистон) АССРга (Бу жумхурият РСФСР таркибида эди); 91 098 - (аҳолининг 3,7 %) Қорақалпоқ мухтор ўлкасига ўтди (Бу ўлка Қозоғистон АССР таркибида эди).

Бухородан
1 319 498 (аҳолининг 59%) Ўзбекистон ССРга;
608 838 (аҳолининг 27%) Тожикистон АССРга;
313 101 (аҳолининг 14%) Туркманистон ССРгаўтди.
Хоразмдан
320 023 (аҳолисининг 50%) Ўзбекистон ССРга;
192 013 (аҳолисининг 30%) Туркманистон ССРга;
128 003 (аҳолисининг20%) Қорақалпоғистон АССРга(Сулейманова, История, 1,188-6.; Vaidyanath, The Formation, 156-157-6.; Н. Балашов, Ўрта Осиёнинг иқтисодий жуғрофияси, Тошкент, 1925, 25-бетга кўра, янги бўлинган қисмларда 3 714 860 ўзбек, 1 240 290 тожик, 1 120 680 қозоқ, 625 010 туркман, 614 550 қирғиз, 12 000 қорақалпоқ, 540 570 рус, 366 730 бошқа миллат вакиллари яшайди.) ўтди.
Парчалаш йўли билан Туркистоннинг жами 1 745 000 км2 ери янги идора бирликларига бўлиб берилди. Ўзбе-кистон ССР идорасига Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм жумхуриятларида истиқомат қилувчи 8 131 062 аҳолининг 5 миллионига яқини, яъни 57,9% кирди. Демак, бу парчалаш сиёсати натижасида ўзбеклар энг кучли халқ гуруҳи сифатида майдонга чиқди. Шундай қилиб, ўзбеклар худди илгаригидай бутун Туркистонни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида ўз мавқеларини сақлаб қолдилар.
Туркистон ерида шаклланган Ўзбекистон ва Туркманистон жумхуриятлари 1925 йилдан эътиборан СССРнинг хукми ва қарамоғи остига олинди. Қозоғистон АССР билан Қирғиз ва Қорақалпоқ мухтор ўлкалари тўғридан-тўғри РСФСР тасарруфида қолди. Тожикистон мухтор шўро социалистик жумхурияти 1926 йил 1 декабригача Инқилоб қўмитаси томонидан бошқарилди. Кейин Тожикистон шўро социалистик жумхурияти деб эълон қилиниб, 1931 йил 5 декабридан бевосита Шўро иттифоқи Марказий хукумати томонидан бошқарила бошланди. Қозоғистон ва Қирғизистон мухтор шўро социалистик жумхуриятлари (Қирғизистонга бу мақом 1926 йил 1 февралида берилган) 1936 йил 5 декабрида иттифоқдош социалистик жумхурият даражасига кўтарилди ва шу йўсинда улар ҳам марказий хукуматга тобе бўлдилар. Қорақалпоғистон мухтор ўлкаси 1932 йили мухтор жумхурият деб ўзгартирилиб, 1936 йили Ўзбекистон ССР қарамоғига ўтказилди. Шундай қилиб, Туркистон минтақасида шўролар таъбирича, мустақил 5та шўро социалистик жумхуриятлар вужудга келтирилди. Туркистондаги «Шўро иттифоқи жумхуриятлари»: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон турк халқлари номи билан аталган давлат бўлиб, Шўро иттифоқи томонидан «миллий давлат» деб эълон қилиниб, аслида эса маъмурий вилоятдан ҳеч бир фарқ қилмайдиган «давлатлар»дир. Бу бирор нарсани исбот қилиш учун келтирилган шундай далилга ўхшайдики, унинг исботи учун яна бир далил зарур бўлади.

Др.Боймирза Ҳайитнинг"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер