Саналар
07.07.2024
Баннер
Баннер
Юлдуз яйлови ҳақида
PDF Босма E-mail

Тиёншон(“Самовий тоғ” (хитойча) демаклир, асл оти Тангритоғдир.) тоғи аро яйловдур Юлдуз,
Тоғ ичинда йўк, бундайин текис-туз.
Эгизлиги денгиздин тўрт-беш минг,
Шу ерда боқилур, йилқи-куй туман-юз минг.

Юлдуз яйлови Ўрта Осиёда энг чўнг яйловдандир. Или дарёсининг кун чиқиш бошида уч орол бор: бири - Текас, бири - Кунас, бири - Қош. У мана шул катта уч ўзаннинг кун чиқиш томонига жойлашган бўлиб, Ғулжадан шарққа қараб от юриши билан олти кунда мазкур томонлардан борса бўлур. Кунасдаги Қўйошув, Тойошувлардан ошиб, Чопқу яйловига тушадур. Бу ерлар қозоқ яйловлари бўлиб, бунда Қоракўл, Доғути, Адингир, Нарати деган катта ошувлар бор. Шуларнинг ҳар биридан ошиб Юлдузга тушиш мумкиндур. Текасдан - Оғёз, Кўксув билан, Қошдан эса Эран қобирға билан ошадур. Юлдуз деган сўз бу яйловнинг баландлигини билдиради. Чунки довонлардан ошиб Юлдузга борганингизда на қарағай, на арча ва на бошқа дарахтларни кўрасиз. Бу ер бамисоли теп-текис, бепоён супа. Чўпи бир хил, тақир, тиғиз чочгаўхшаш юмур ўт. Қозоқлар “тўнғиз сирти” дер эканлар. Адирларида бетага ҳам бор. У шунча жонлики, устига кигиз солиб қанча кун ўлтирсангиз ҳам, ётиб қолмай, яна тура келар экан. Умуман ўти жуда кучли. Биз бориб беш-олти кундан кейиноқ отларимиз яхши бўлиб ўзгариб қолди.
- Ўтинлари йилқи билан молнинг тезаги бўлиб, уларнинг қуриши икки-уч соат бўлиб, шундан кейин ёқилаверар экан. Ҳавоси жуда сийрак бўлиб, текисликда кўринган ўтов уйга от юриши билан бир кунга яқин бориб етасиз. Юлдузда гуруч ош яхши пишмайдур. Чунки сув тез, яъни юз градусда етмай қайнайдур.
Бу текисликларда катта-кичик кўлчалар анча кўп. Уларда оққув, ғоз, ўрдаклар ниҳояти сероб. Балиқлар ҳам сувларида мўл кўринди. Буларни овлаш қалмоқлар учун гуноҳ экан. Хусусан, оққувни ўлдириш катта гуноҳ ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам булар кўпайиб кетган бўлса керак. Бу ерларга кириб бориш учун маҳаллий кишилар йўл бошламаса, бошқалар ботқоққа ботиб, ҳалок бўлар экан. Кичик-кичик дўнгликлар кўп бўлиб, ердан кўтарилиб турадур. Бу ернинг йилқилари мазкур дўнгларни босиб, ўз йўлларини шулар орасидан топиб юриб, натижада бошқа ернинг йилқисидан “бўри юриш” деган ўзига хос юриш тарзи билан фарқ қилиб, анча юқори баҳода сотилади. Қўйлари қорабош, гавдаси оқ бўлади. Бир-икки ёшдан кейин, буларнинг тирик вазни юз килодан ошади. Бўрдоқичилар шу Юлдуз қўйидан боқадилар. Жуни ниҳоятда майин бўлади. Ва яна Юлдуз ерларида суғур жуда кўп. Буни уйғурлар қўлда ясаган милтиқ билан отиб овлайдурлар. Суғурни овлаш мавсуми майдан августгача бўлиб, ундан кейин инига кириб кетадур. Ов қилиш натижасида ҳамма мерган бўлиб, ўқ-дориларини ўзлари ясаб оладилар. Ўққа қўрғошин дорисини ёғоч кўмири ва шўрдан тайёрлар эканлар. Қайси уйга кирсангиз, шу уйда суғур мўйнасини кўрасиз. Ва яна ерига ҳаддан ташқари кўп қўзиқорин чиқар экан. Буни хитойлар “мўгу” деб ёқтирар экан. Қоп-қоп қилиб териб, қуритиб, яхши пулга сотар эканлар.
Биз борган пайт яйлов вақти бўлиб, қимизлари жуда кучли, халқи тамоми билан қалмоқ эди. Ўзларининг айтишларича, қалмоқнинг турғовут уруғидан, бу ерта Астрахандан келган зканлар. Отамизнинг айтишларича, Амир Темурдан қочиб Юлдузга келганлар.
Аҳоли олтмиш беш сумул(Аҳолиси юзга яқин бўлган қишлоқ (мўнғ.).), уларда юзбоши бўлиб, уни “занги” дер экан. Зангилари “укурдай”га қарар экан, яъни мингбошига. Мингбошилари хонга итоат қилар экан. Хон турган жойи Бўйинбулоқда бўлиб, уни “ургай” деб атар эканлар. Дубан халқни турганда буларнинг хонини ва бошқа обрўлик одамларини қамаб, молларини мусодара қилган.
Биз борганимизда куралари, яъни ибодатхоналарининг ҳаммаси кигиз уйлар, қирқ-эллик чўнг ўтовдан иборат бўлиб, буларнинг ўз олдиларига 100-200 минг қўйи, 10-20 минг қорамоли бўлиб, шу чорва билан роҳиб ва талабалари таъминланар экан. Булар уйланмас, анча озода, аммо қолган раи-омм (оддий халқ - ред.) - кир ва идиш ювиш гўё гуноҳҳисобланар экан. Яъни, тақвосизлик деб билар эканлар. Кийган кийимлари чуриб тушар экан. Пиёласини кўрдим, сирти-ичи кир билан қопланиб, пиёла косага айланибдур.
Буларга савдогарлар тараф-тарафдан ун, туз, чой, кийим-кечак ва бошқа турли хил емак-ичмаклар олиб келиб таъмин қиладилар ва ўрнига йилқи, қўй ва бошқа чорва махсулотлари оладилар. Қалмоқлар суғур гўшти еб, терисини яхши баҳо билан савдогарлар олиб борган нарсаларга айрибош қиладилар. Булар ҳеч бир нарсани излаб юрмайди, уларда бозор йўқ, нима керак бўлса, уйларига етказиб берилади. Ўзлари ёзда сутдан қайнатиб ароқ олиб, ҳар куни маст ҳолда от чопиб юриб, бир-бирларига бориб ароқ ичадилар. Булардан биров ўлса роҳибларига бориб китоб очқизар эканлар. “Куйдир” деса куйдирар экан ёки “Итга ташла” деса, бир нарсага ўраб итга ташлар эканлар.
Буларда ер ҳайдаш гуноҳ бўлармиш. Буларнинг қўйларини қўйчилар боқмас экан. Бир овул билан бошқа овул оралиғиға ҳайдаб қўяр эканлар. Итлари қўйлари билан бирга юриб, йироқ-йироқлардан кўриниб турар эан. Кечга яқин қўй эгаларидан биттаси от билан чопиб бориб, қўйларни ўз овули томонига буриб ташлаб, ўзи яна чопганича чиққан жойига қайтиб келиб ётар эди.
Буларда тириклик учун ҳеч қандай ҳаракат йўқ. Ўзларининг ичларида ўғри йўқ. Сиртдан ўғри келиб ҳеч нарса оломайди. Чунки буларнинг итлари одам еб ўрганган бўлиб, унинг устига жуда ҳам баҳайбат, ҳаммаси қора рангда. Савдогарлар у ерга фақат кундузлари борадилар. Борганда ҳам яхши от устида қамчининг учига темир гайка боғлаган бўлиб, шу билан ит ҳужумидан сақланиш мумкин. Бўлмаса, от-поти билан ағдариши ҳеч гап эмас.
Шундай қилиб, ҳамма нарса булар учун муҳайё, табиат бойлиги орасида ҳаёт учун курашмасдан яшайдилар. Ҳеч нарсани ўйламай, ҳар куни ароқ ичиб, маст бўлиб, кундан-кунга тухумлари озайиб бормоқда. Бутун Юлдузда 65 сумул бўлиб, буларда 6,5 минг қалмоқ яшар экан. Ўқув-ўқитиш ўз эътиқодларича бўлиб, янги маорифдан ҳеч нарса йўқ.

Алихонтўра Соғунийнинг
"Туркистон қайғуси" китобидан

 
Баннер