Темурбекнинг балоғат даври Кешда, унинг теварак-атрофларида жойлашган отаси мулкларида кечади. Соҳибқироннинг илк оилавий ҳаёти ҳақида тарихий манбаларда кишини қониқтирадиган маълумотлар берилмайди. 1360 йилга қадар Амир Темурнинг иккиўғли – Жаҳонгир ва Умаршайх Мирзолар бўлганлиги далили мушоҳада этиладиган бўлса, Темурбекнинг 16-17 ёшларида уйланганлигини тахмин қилиш ўринли кўринади. 1377 йилда кенжа фарзанди Шоҳруҳ Мирзо таваллуд топганда Соҳибқирон Амир Темурнинг ёши қирқ бирга тўлиб, пири бадавлатлик рутбасига кўтарилган, тўрт ўғил, икки қизнинг отаси бўлган эди. Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғиллари Жаҳонгир, Умаршайх, Амироншоҳ, Шоҳруҳ Мирзолар тўғрисида Шарафиддин Али Яздий, Ғиёсиддин Али Яздий, Муиниддин Натанзий, Абдураззоқ Самарқандий, Фасиҳ Хавофий, Хондамир, ибн Арабшоҳ асарларида етарли маълумотлар берилади. Бироқ, Амир Темурнинг қизлари Султон Бахт бегим, Оғо бегимлар борасида зикр этилган манбалардаги хабарлар йўл-йўлакай, кам ёхуд зиддиятли йўсунда эканлигини қайд этмай бўлмайди. XV асрга тааллуқли манбаларнинг айримларида Амир Темур қизларининг унинг синглиси тариқасида кўрсатилиши, туғилган йиллари айтилмаслиги, қайси бири катта-кичик эканлиги, оналарининг кимлиги баён этилмаслиги каби мавҳумликлар учрайди. Соҳибқирон қизларининг сиёсий ҳаётга фаол аралашмаслиги уларнинг тарихий асарларда етарли талқин этилмаслигига сабаб бўлганми, деган мушоҳада кўнгилдан кечади. Яна, отанинг қизларига меҳри ўғилларига қараганда сустроқ бўлганлиги, эҳтимол, шундай оқибатларга олиб келганмикан, деган андиша ҳам хаёлда жонланади. Амир Темур қизларининг саройда қандай мавқе тутганлигини инкишоф этадиган далиллар кам бўлишига қарамай, уларни бутунлай йўқ деб бўлмайди. Ота меҳри, қизларини қанчалик яхши кўриши хусусида гап борадиган бўлса, Амир Темурдаги бу фазилатни алоҳида қадрлаш, ибрат қилиб кўрсатишга тўғри келади. Бу ҳақдаўрни билан сўз юритилади. Амир Темурнинг Султон Бахт бегим исмли қизи унинг суйикли хотини Улжой Туркон Оғодан туғилади. Улжой Туркон Оғо Амир Қазағоннинг набираси эди. “Зафар йўли” китобида бу ҳақда шундай дейилади: “Бир куни мен улусдагиларнинг маслаҳати билан Амир Қазағоннинг мажлисига бордим, чунки отам қариб, улус билан муомала қилишга ожиз эди. Унинг ўрнига Амир Қазағон билан суҳбат қилдим, сўзларим таъбига мос тушди ва мен билан узоқ гаплашди, сўнг, тўсатдан менгаўз набирасини никоҳлаб берди”. “Зафар йўли” – таржимаи ҳолни Амир Темур ёзган эмас, кейинчалик яратилган асар, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Шундай бўлган тақдирда ҳам, унда келтирилган воқеаларнинг тарихан тўғрилигини инкор этиб бўлмайди. Чунки 1346-1347 йилда Қаршида Чиғатой авлодининг сўнгги ҳукмдори Қозонхонни мағлуб этиб, мўғулларнинг асрлар оша давом этиб келган истибдодига чек қўйган ваўн икки йил мустақиллик яловини кўтариб, ҳокимиятни бошқарган Амир Қазағон барлосларнинг мавқеини эътиборга олиб, Амир Тароғайнингўғли Темурбекниўзига яқин қилишни мақбул кўради. Амир Қазағон 1357-1358 йилда суиқасд қурбони бўлади. Шунга қараганда, Темурбекнинг Амир Қазағон набирасига уйланиши 1356-1357 йилда бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Бу вақтда Амир Темур 22-23 ёшга кирган эди. Улжой Туркон Оғо Амир Ҳусайннинг синглиси эди. Қазағон авлоди билан қариндошлашиш амалга ошгандан кейин, Амир Темур ва Амир Ҳусайн мўғулларга қарши биргалашиб курашадилар. Бу кураш йилларида машаққатлар, қийинчиликлар,ўлим билан юзма-юз келишлар рўй беради. Улжой Туркон Оғо ҳамиша эри билан бирга бўлади, оғир кунларни бошданўткаради. Мўғулларга қарши кураш йилларида Амир Ҳусайн феълидаги худбинлик, давлатга, бойликкаўчлик,ўзим бўлайчилик қутқуси баланд кела бошлайди. Икки амир ораси кун сайин бузилиб боради. Шу орада Улжой Туркон Оғо фарзандлик бўлади. Соҳибқирон қизалоғига Султон Бахт бегим деб исм қўядилар. Шарафиддин Али Яздий бу ҳақда “Омадли Соҳибқироннинг салтанат насабли фарзандларидан улуғворлик ва салобат ҳуққасининг дури бўлмиш Султон Бахт бегимўша Балқис (Улжой Туркон Оғо-О.Р.) сифат русумли Бону иффат ва улуғлигининг натижаси эрур”, деб ёзади. 1365-1366 йиллар Амир Темур учун ниҳоятда ташвишли ва таҳликали кечади. У 1366 йилнинг ёзида лашкар йиғиш билан банд бўлиб юрганида Туркон Оғо бегим хасталаниб, вафот этади. Султон Бахт бегим онасидан айрилганида эсини таниб қолган қизалоқ эди. Унинг туғилган йили ҳеч бир манбада эслатилмайди. Ҳарҳолда, у 1360 йилдан олдин таваллуд топган ва Жаҳонгир, Умаршайх Мирзолардан сўнг, тўнғич қиз бўлиб дунёга келган. Жаҳонгир Мирзонинг онаси Амир Тароғай амакиларидан бўлган Амир Жокунинг қизи Нурмиш (Нурмушк) Оғо дейилади баъзи манбаларда. Умаршайх Мирзонинг онаси исми шарифи эса эслатилмайди, чамаси, унинг волидаси эрта вафот этган Қутлуғ Оғо бўлганлиги тахмин этилади. Улжой Туркон Оғо Амир Қазағоннинг яхши нияти билан унга севикли ёр бўлган эди. Онадан олти-етти ёшлигида айрилган Султон Бахт бегим тарбияси билан Амир Темур ҳарамининг яқин аёллари шуғулланган. Темурбек қизалоғига алоҳида меҳр кўрсатган, унинг эркинўсишига шароит яратган. Кўнглиўксимаслиги учунўғиллари каби машқлар қилишга ҳам рухсат берган. Султон Бахт бегим, шу сабабли, жасур ва мардона бўлиб улғаяди, сафарларда, жангу жадаллардаўзини тута оладиган, ҳарб-зарб ишларидан хабардор, чиниққан қиз бўлиб вояга етади. Ибн Арабшоҳ “Темур аскарлари ичида аёллар ҳам кўп бўлиб, улар жанг тўс-тўполонлари ва шиддатли тўқнашувларда матонат кўрсатардилар. Улар душман эркакларига қарши туриб, мардонавор уруш қилардилар, жангда найза санчишда, қилич билан зарба беришда ва камондан отишда моҳир эркаклардан кўра ҳам ортиқроқ иш қилардилар”, дейди “Амир Темур тарихи” асарида. Амир Темурга нисбатан адоватда бўлган Ибн Арабшоҳ шу асарида Соҳибқироннинг “Султон Бахт деган қизи бўлиб, у ўзини эркакча тутиб, уларни хуш кўрмасди. Бу Самарқандга келган Бағдод аёлларининг таъсири остида” бўлганлигини айтишни ҳам унутмайди. Бағдод аёллари Самарқандга XV асрнинг бошларида олиб келинган, бу вақтда Султон Бахт бегимнинг ёши қирққа яқинлашган, иккинчи эри Сулаймоншоҳ билан яшаётган эди. Бағдод аёлларининг унинг “эркакча” феъл-атворига таъсири амалда бўладиган гап эмасди. Султон Бахт бегим чинакамига жасорат руҳида тарбияланган ва бу сифатлари билан танилган. Ибн Арабшоҳ унинг ҳақида эшитганлариданўзига мақбул хулосалар чиқарган. Султон Бахт бегим Амир Темурнинг сафдошларидан бири, Амир Ҳусайн томонидан қатл этилган Шер Баҳромнингўғлига узатилган эди. Шер Баҳром Хутталон амирларидан бўлиб, кўп жангу жадалларда Соҳибқирон томонидан турган эди. У Амир Ҳусайннинг алдови билан қўлга тушиб,ўлдириб юборилган эди. Амир Темур 1370 йилда Амир Ҳусайнни орадан кўтариб, Туркистон тахтини қўлга киритгач, Шер Баҳромнингўғли Муҳаммад Миракниўз тарбиясига олади. Шарафиддин Али Яздий бу ҳақда “Муҳаммад Мирак ҳукмдор билан яқинлашиш бахтига муяссар бўлган-у Соҳибқироннинг куёви эди, юксак бахт соҳибаси Султон Бахт бегим унинг хотини эди. У Соҳибқирон томонидан, унинг назар-эътибори сояси остида бўлиб, Хутталон мулки ва аҳолиси унга тўлиқ бағишланган эди”, деб ёзади. Султон Бахт бегимнинг Муҳаммад Миракка теккан йили аниқ эмас. Уларнинг тўйи 1370 йилдан кейинроқ бўлган. Султон Бахт бегим ва Муҳаммад Мирак (Мирко деб ҳам ёзилади – муал.) 1388 йилга қадар бирга турмуш кечирганлар. Шарафиддин Али Яздий айтганидек, “Одам бойиса исён кўтаради”, Муҳаммад Мирак ҳам Амир Темурга қарши хиёнат йўлига киради. Фасиҳ Хавофий 1388 йил воқеаларини ҳикоя қилар экан, шу йили Соҳибқироннинг Хоразмга бешинчи марта қўшин тортганлиги ҳақида сўз юритади. Лашкар йўлда эканлигида Муҳаммад Миракнинг укаси Абулфатҳ сафдан қочганлиги хабари Амир Темур қулоғига етади. Абулфатҳ қидириб топилади ва қочиши сабаблари аниқланади. У акаси амир Муҳаммад Миракнинг қўшиндан ажралиб исён кўтарганлигини, ўзининг ёнига чорлаганини айтади. Абулфатҳ қатл этилади, хиёнаткор куёв Муҳаммад Мирак ҳам Умаршайх Мирзо томонидан 1388 йилнинг баҳорида ўлдирилади. Хиёнаткор куёв қатлга етказилганда Султон Бахт бегим ҳали 25 ёшга тўлмаган эди. Орадан икки йилга яқин вақт ўтгач, Султон Бахт бегим Амир Довудбек Дўғлатнинг ўғли Сулаймоншоҳга узатилади. Бу тўй 1390 йил қиши охирларида бўлади. Сулаймоншоҳ Соҳибқирон Амир Темурнинг жияни, унинг онаси Қутлуғ Туркон Оғо Амир Темурнинг опаси бўларди. Қутлуғ Туркон Оғо Самарқандда яшар эди. Мўғуллар тажовузи ва таъқиби кучайган йилларда Темурбек улардан яшириниб, опаси уйида қирқ саккиз кунлаб қолиб кетган пайтлар бўлганди. Соҳибқирон опаси ва синглиси Ширин бекани қаттиқ ҳурмат қилар, уларни жонига жойларди. Фасиҳ Хавофий “Мужмал-и Фасиҳий” (1441) асарида Султон Бахт бегимнинг Сулаймоншоҳга эрга берилиши санасини ҳижрий 791 йил (мил. 1388-1389 й.) деб кўрсатади. Муаррих Шарафиддин Али Яздий шу даврда Сулаймоншоҳнинг обрўси ва мавқеи юксак бўлганлигини таъкидлайди. У 1390 йил бошларида Худойдод Ҳусайн, Шамсиддин Аббос, акаси Амир Усмон ва бошқа қўшин бошлиқлари билан Мўғулистонга қилинган юришда 20 минг лашкарга бошлиқ қилиб тайинланади. Сулаймоншоҳ Дашти Қипчоққа, Тўхтамишхонга қарши амалга оширилган юришларда ҳам Амир Темур ишончини қозонади, баҳодирлик кўрсатади. Соҳибқирон Ҳирот мулкларини идора қилишни кенжа ўғли Шоҳруҳ Мирзога топширганида, Амир Сулаймоншоҳбек, Амир Мизроб Жоку сингари улуғ бекларни унинг хизматига ўткаради. Кейинчалик Сулаймоншоҳ Соҳибқирон фармонига кўра, Ҳиротдан Кач ва Макрон тарафларга лашкар тортади. У ҳамиша улуғ ҳукмдор эътиборида бўлади. Сулаймоншоҳнинг кейинги тақдири Соҳибқирон вафоти билан боғлиқ воқеалар ривожида кечади. 1405 йилда у Шопургон ва Андхой мулкларини идора қилиб турган эди. Тахтга даъвогарлик қилаётган набиралардан бири Султон Ҳусайн мағлуб бўлиб, Сулаймоншоҳ ҳузуридан бошпана топади. Пир Муҳаммад эса қочқин бўлган Султон Ҳусайнни унга топширишни талаб қилади. Талаб адо этилмагач, Сулаймоншоҳга қарши 3 минг кишилик қўшин юборилади. Лашкари оз бўлганлиги сабабли Сулаймоншоҳ Султон Ҳусайн билан Ҳиротга, Шоҳруҳ Мирзо ҳузурига қочиб борадилар. Султон Ҳусайн Амир Темурнинг иккинчи қизи Оғо Бегимдан туғилган эди. Унинг ҳақида кейинроқда фикр юритилади. Ҳиротда яхши қабул қилинмаган, жангларда омади юришмаган Сулаймоншоҳ Самарқандга, Халил Султон ҳузурига кетишга мажбур бўлади. Халил Султон уни илиқ қаршилайди ва ўз қўшинининг илғорига бошлиқ қилиб қўяди. Халил Султон билан Шоҳруҳ Мирзонинг Соҳибқирон тожу тахти учун олиб борган курашида Сулаймоншоҳ Халил Султон тарафида туради. Шоҳруҳ Мирзонинг қўли баланд кела бошлайди. Тарихий манбаларда 1406 йил воқеаларидан кейин Сулаймоншоҳ номи учрамайди. Султон Бахт бегим бу йилларда эри билан бирга бўлган, қисмат тўлқини уни Жайҳуннинг гоҳ у қирғоғига, гоҳ бу қирғоғига улоқтириб турган. Сулаймоншоҳ тахт талабгорлари жангу жадалларида ҳалок бўлган кўринади. Султон Бахт бегимнинг кейинги ҳаёти ҳақида ҳам аниқ хабарлар сақланмаган. Бир нарса аниқки, Султон Бахт бегим эри Сулаймоншоҳ қарашларига содиқ қолган. Сулаймоншоҳ Халил Султонга садоқат билан хизмат қилгани каби, Султон Бахт бегим ҳам унинг йўлидан бориб, Амироншоҳ Мирзо ёнида бўлади. Амироншоҳ Мирзо Халил Султоннинг отаси эди. Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” (1470) асарида 1405-1406 йилда юз берган “Ироқ ва Озарбайжон воқеалари ҳикояти” ҳақида сўзлар экан, “Мирзо Мироншоҳ ва Мирзо Абу Бакрлар Хуросон чегарасидан қайтиб, Ажам Ироқи ерларига кирдилар ва Султон Бахт бека ҳам улар билан бирга эди”, деган фикрни айтади. Мироншоҳ Мирзонинг омади юришмайди. Эронликлар босқин уюштирадилар. Ўғли Абу Бакр Мирзо қўнолғаси талафот кўради, “Исфаҳонликлар ҳаммани тўс-тўполон қилиб, хотинлар, болалар, канизаклар, отлар, хачирлар ва туяларни ўлжа олдилар ҳамда Султон Бахт бегимни ва Мирзо Мироншоҳнинг бир ҳарамини кўчиртириб, Райнинг Сориқамиш мавзеидан орқага қайтдилар”, дейди Абдураззоқ Самарқандий. Шоҳруҳ Мирзо тахт талабгорларини мағлуб этиб, салтанатни эгаллайди. Мироншоҳ Мирзо 1408 йилнинг 21 апрелида Қора Юсуф қўшини билан бўлган жангда ўлдирилади. Орадан уч йил ўтиб, Халил Султон ҳам 1411 йилнинг 3 ноябрида оғир хасталикдан вафот этади. Султон Бахт бегим ўтган йиллар давомида Амироншоҳ Мирзо, Халил Султонлар ҳузурида ҳаёт кечиради. У истаса, ҳукмдор Шоҳруҳ саройидан жой, марҳаматидан умид кутса бўлар эди. Шоҳруҳ Мирзо отасининг хотинларига эътибор ажратган, уларнинг кўпчилигини Ҳиротга кўчириб келиб, молу мулк тайин қилган эди. Аммаси, буюк Соҳибқироннинг қизи Султон Бахт бегим Шоҳруҳ Мирзо назаридан четда қолган деб бўлмайди. Айниқса, бегимнинг ҳомийлари Халил Султон ва Амироншоҳ вафотидан кейин шундай эътибор тақозо этилган. Афсуски бу ҳақда тарихий асарларда гап йўқ. Султон Бахт бегим Эронда, умрининг сўнгги йилларида Нишопурда яшаган. Фасиҳ Хавофий бу ҳақда китобининг 833-1429-1430-йиллар воқеалари акс этган қисмида маълумот беради, “Нишопурда улуғвор хотун, Амир Соҳибқирон Амир Темур қизи Султон Бахт бека вафот этди”, деб ёзади у. Ибн Арабшоҳ қайд этганидек, феълида эркакларга хос мардлик, қайсарлик бўлган Султон Бахт бегим салтанатдан кўра, ундан олисда яшашни, камтарона ҳаётни афзал билган, чоғи. У тахминан 66-67 йил умр кўрган.
|