
Ҳижратнинг 94-йили бўлди. Кутайба Шош ва Фарғонага юриш қилди. У Марвдан ўтди. Ироқнинг чегарасидан ўтиб йўлга тушди. Кеш, Нахшаб ва Хоразмдан қўшин тўплади. Бу қўшин 20 000 кишидан иборат эди. Кутайба Сиғдага келди. У 20 000 аскарни Шош шаҳрига юборди. Ўзи эса Фарғона шаҳрига йўл олди. Фарғоналиклар ҳам жамланиб, унга қарши жанг қилиш учун чиқдилар. Араблар тўхтамасдан жанг қилишди. Лекин ҳеч қандай ғалаба ва имконият қўлга кирита олишмади.
Охирида, араб аскарларининг қалбида қаттиқ алам пайдо бўлди. Фарғоналиклар яна жанг қилишни хоҳлаган бир кунда, икки араб аскари баланд жойда туриб Ислом қўшинига назар ташладилар ва уларнинг пароканда ҳолатда эканини кўрдилар. Улардан бири:
— Агар бугун ҳам Фарғоналикларга ҳужум қилсак, мағлуб бўламиз, — деди.
Иккинчиси эса:
— Сен бундай сўзларни айтма. Биз шундай бир қабиламизки, Авф ибн Ҳазраж бир шеърида шундай деган: "Бизга душман билан келиш жанг ёқади, Гоҳ ўнгга учинг, гоҳ чапга югуринг."
Яъни, арабларнинг урф-одати шундай эдики, қачон жанг қилиш ёки овга чиқмоқчи бўлсалар, агар ўнг томонларидан қуш учиб кетса, улар буни яхши аломат деб билиб, хурсанд бўлардилар. Аммо қуш чап томонларидан учса, қайғуга тушиб:
— Орзумизга ета олмаймиз, — деб хавотирланардилар.
Бу шахснинг "Биз Авф ибн Ҳазраж айтганидекмиз" деганидан мақсади шундай эдики, Авф ибн Ҳазраж шундай бир қавмни мақтаганки, улар бундай нарсаларга аҳамият бермас эдилар, қуш ўнгларидан ҳам, чапларидан ҳам учса, улар ҳар доим душман билан жанг қилишни яхши кўрар эдилар.
Шундан кейин Кутайба у ердан кўчиб, Кашанга келди. У Шош шаҳрига юборган 20 000 аскар кўплаб жойларни забт этди ва ғаниматлар билан қайтишди. Кейин Кутайба у ердан қайтиб, Марвга етди.
Тарихи Табарийдан Абу Муслим таржимаси
|