Никколо Макиавелли. ҲУКМДОР МАКИАВЕЛЛИ (Machiavelli) Никколо ди Бернардо (1469.3.5. — Флоренция – 1527.22.6.) – италиялик жамоат арбоби, сиёсий мутафаккир, ёзувчи, тарихчи, ҳарбий назариётчи. Флоренцияда камбағаллашиб қолган патрициан оиласида таваллуд топган. Макиавелли Флоренция республикасида 14 йил давомида ўнлар Кенгашининг котиби бўлиб, муҳим дипломатик вазифаларни бажарган. Сиёсий тўнтаришдан кейин Медичи оиласи ҳокимиятни қайта эгаллагач, Макиавеллини ҳокимиятга қарши фитнада гумонсираб ишдан четлаштирган ва Флоренцияга яқин бўлган мулкига бадарға қилинган. Бунинг давомида Макиавелли баракали ижод қилди. Унинг теологик қарашларига зид ҳолда давлат масаласига дунёвий нуқтаи назардан ёндошган; ижтимоий тараққиёт қонунларини тарихий маълумотларга, реал фактларга асосланиб тушунтиришга ҳаракат қилган. Макиавелли республикани давлатчиликнинг энг маъқул шакли деб ҳисоблаган, чунки у бошқарувнинг энг мақсадга мувофиқ шакли бўлиб, ҳар бир фуқарони давлатнинг тақдири учун масъул қилиб қўяди. Аммо республика бошқарув шакли доим ҳам мумкин эмас, чунки агар халқда фуқароликнинг яхши, эзгу сифатлари ҳар томонлама ривожланмаган бўлса, эркин сиёсий ташкилотларни сақлаб бўлмайди. Макиавелли учун сиёсий идеал бўлган Рим республикаси ўзининг пудратига римликларда республикачилар руҳини тарбиялаганлигининг натижасида эришганди деб таъкидлайди. Макиавелли Италия шароитида якка ҳукмдорлик ўрнатиш тарафдори бўлди. Унингча, кучли ҳукмдоргина миллий жиҳатдан бирлашган ягона мустақил италиян давлатини туза олади. Макиавелли ўзининг машҳур “Ҳукмдор” асарида халқда фуқаролик хислатлари камол топмаган шароитда кучли давлат барпо этишнинг усулларини баён этади. Макиавеллининг фикрича, давлат асосини ҳар қандай ахлоқий тамойиллардан холи бўлган зўрлик ташкил этади. Шунинг учун, сиёсий мақсадга эришишда ва давлатни мустаҳкамлашда хиёнат, сурбетлик. Ҳатто зарур пайтда куч ишлатиш каби турли воситалардан фойдаланиш мумкин деб ҳисоблайди. Ахлоқ қонунларини назар-писанд қилмайдиган бундай сиёсат кейинчалик м а к и а в е л л и з м деб атала бошланган. Асосий асарлари: “Тит Ливийнинг биринчи декадасига доир мулоҳазалар” (1513), “Давлатпаноҳ” (1513), “Флоренция тарихи” (1520-1525), “Ҳарбий санъат ҳақида” (1520). |
|