Афшин ва Бобак Хуррамий ҳодисаси | ||||
|
Бобак Ҳамирий номли кофир, зиндиқликка яқин бўлган бир фирқани пайдо қилди. Унинг назарида ҳаром ва ҳалол бир хил эди. У одамларни шароб (хамр) ичишга, зино қилишга ва ноҳақ равишда бировнинг молини тортиб олишга чақирар эди. Исломдан узоқлашган бир қанча бахтсиз ва жоҳил одамлар унинг фирқасини қабул қилдилар. Улар кўплаб шаҳар ва юртларни вайрон қилдилар. Арманистон тоғларида мустаҳкамланган, қўлга киритиш мушкул бўлган бир қалъа бор эди. У ерга олиб борувчи йўл фақат тор дара орқали ўтар эди. Фақатгина ўта тор йўлак ва баланд тоғлардан ўтиб бориш мумкин эди. Бу ўрмонлик жойлар шундай эдики, у ерга аскар етиб бориши амри маҳол эди. Шунинг учун ҳеч ким Бобак устидан ғалаба қозона олмасди. Вақт ўтиши билан Бобакнинг аскарлари кўпайди. Улар ҳар томондан мусулмонларнинг йўлига тўсқинлик қилиб, уларга ҳужум қилишарди. Шундай қилиб, кўплаб шаҳарлар ва қишлоқларни вайрон қилдилар. Мусулмонларнинг амирлари орасида бу кофирни тўхтатадиган бирорта одам топилмади. Бу ҳолатдан Муътасим жуда изтиробга тушди. Бироқ Муътасимнинг ҳузурида Ҳорасан амирлари орасида катта бир амир бор эди. Уни Афшин деб аташар эди. У Мовароуннаҳрдан эди. Муътасим унга истаганича аскар бериб, кофир Бобак устидан юборди. Афшин Аллоҳ таолога таваккал қилиб, Бағдоддан йўлга чиқди. Бир ойда ўша водий ҳудудига етиб борди. Бобак унга қарши чиқиб, Афшиннинг амирлари билан дарбанд оғзида жанг қилди. У мусулмон аскарларини мағлуб этиб, кўпларини ўлдирди. Кейин ўз қалъасига қайта кириб кетди. Афшин етти ой давомида ўша водийда турди. Ундан олдинга боришга кучи етмади. У Ердабил ва Арманистондан ўша жойни яхши билувчи кишиларни чақиртирди ва жосуслар юборди. Йўлларни текширтирди. Улар шундай хулоса бердилар: — У ерларга аскар олиб бориш ва Бобакка етиш амри маҳол! Афшин ночор қолди. Бобак эса ҳийла ишлатиб, мусулмонлар учун камин қўйди. Афшиннинг кўплаб амирларини ўлдирди. Ўзи гўё кўриниб қолар, кейин эса қочиб кетгандек бўларди. Мусулмонларни ўз ортларига тортар, кейин эса каминдан чиққан аскарлари билан уларни қириб ташларди. Афшин охири шундай фикрга келди: — Дарага аста-секин тушиб бориш лозим! Унинг ёнида халифа Муътасимнинг бир қули бор эди. Уни Бужай-Буҳур деб аташар эди. Унга 5,000 аскар бериб, олдинга юборди. Ортдан 3,000, 4,000, 5,000 аскарлар келди. Ниҳоят, у аста-секин дара ичкарисига кирди. Шу кун улар юриш қилдилар. Қалъа ёнига етиб бордилар. Бобак неча бор қалъадан чиқиб, тунги ҳужум уюштирди. Кўплаб мусулмонларни шаҳид қилди. Охирида мусулмонлар қалъага етиб бордилар. Улар бу ерда ғалаба қозониш мушкуллигини тушуниб етдилар ва бутун икки йил давомида қалъани муҳосара қилдилар. Бобак эса қалъа буржларига чиқиб ўтирар эди. Унинг одамлари мусулмонлар қаршисида рубоб чалар, рақс тушар ва шароб ичишар эди. Келган мусулмон аскарларидан ҳеч қўрқишмасди. Икки йилдан кейин Афшин макр ишлатиб, бир тоғнинг ичига туннел қаздирди ва у ерга камин қўйди. Унинг ўзи эса ғоятлаб чекиниб кетгандек бўлди. Бобак эса бу вазиятдан хавфсизлик ҳис қилди. Мусулмонларни орқадан уриш учун қалъадан чиқди. Каминда ётиб турган аскарлар тўсатдан пайдо бўлиб, Бобакни қамал остига олишди. Унинг аскарларини қириб ташладилар ва қалъани қўлга киритдилар. Бобакнинг ўзи, унинг акаси, ўғли ва хотини асирга олинди. Муътасим Бобакнинг қўлга тушганини эшитиб жуда хурсанд бўлди. Ҳар бир бекатда Афшинга хилъатлар, совғалар ва бебаҳо моллар юборди. Кейин Бобакни ҳузурига олиб келишни буюрди. Унинг оёқларини кесиб ташлашни буюрди. Кўкрагини дорга осдирди. Бошини кесиб, турли юртларда айлантирди. Бобак ўлдирилгандан кейин, ўша минтақа мусулмонлари хотиржам бўлдилар. Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий "Тарих ат-Табарий" китобидан Абу Муслим таржимаси
|