Саналар
06.10.2024
Баннер
Баннер
Бекасултон Бегим
PDF Босма E-mail

(1488 й. в.э.) - Марв ҳокими Санжар Мирзонинг қизи, Бадиъуззамон Мирзонинг онаси. Султон Ҳусайн Марвга келганида (1457 й.) Бекасултон Бегимга уйланган. Лекин орадан кўп ўтмай қайнота-куёвнинг ораси бузилиб, Султон Ҳусайн Марвни тарк этган.

1458 й. Султон Абусаъид Санжар Мирзони қатл қилган. Ўша вақтда отасиникида бўлган Бекасултон Бегим ҳибсга олиниб, зиндонга солинган. Астрободни эгаллаган Султон Ҳусайн Султон Абусаъиднинг ҳокимиятини тан олиб, унинг номига хутба ўқитган. Бунга жавобан Султон Абусаъид Бекасултон Бегимни озод қилиб, Астрободга жўнатган (1459 й.)
Султон Ҳусайн Хуросон тахтига ўтиргандан кейин Бекасултон Бегим билан ажрашган: “Кўп кажхулқ эди. Султон Ҳусайн Мирзони кўп оғритур эди. Кажхулқлиғидин Мирзо батанг келди, охир қўйди ва халос бўлди, не қилсун, Ҳақ Мирзо жониби (тарафида) эди”. Бобур шу муносабат билан Саъдий Шерозийнинг ”Гулистон” асаридан “Яхши кишининг уйида ёмон хотин унинг бу дунёдаги дўзахидир” мазмунидаги байтни келтиради (“Б.”, 169а).

"Бобур Энциклопедияси" китобидан

 
Баннер