
КАШҒАР ШАҲРИНИНГ ФАТҲИ ВА КУТАЙБАНИНГ ЧИН БИЛАН ЖАНГИ
Шундай қилиб, Валид ибн Абдулмалик вафот этгач, халқ Сулаймонга байъат қилди. Қутайба ундан қўрқиб, қўшин тўплади ва Бела дарёси ортига ўтди. У ўз аҳлини Самарқандга олиб кетишни истади. У ўша жойни мустаҳкамлашни хоҳлади. Дарёдан ўтгач, Қашғар томон йўл олди. Қашғар Чинга яқин шаҳар эди. У ўша ерга етгач, Чин ҳоқони бу ҳақда хабар топди. У элчи юбориб:
— Сенинг амалдорларингдан бир кишини юбор, сизларнинг динингиз ҳақида баъзи нарсаларни сўрай, — деди.
Бу сўз устига Қутайба мусулмонлардан 12 кишини танлади. Улар ҳайбатли, қудратли, бақувват, покиза, диндор ва чиройли ибодатли, сўз айтишни билган кишилар эди. Уларни энг яхши қуроллар ва хилма-хил кийимлар ҳамда отлар, зийнатлар ва безатилган эгарлар билан тайёрлаб, Чин ҳоқонига юборди. Уларнинг бири Ҳубайра эди, у ширинсўз одам эди. Қутайба уларга шундай деди:
— Сиз Чин ҳоқонига менинг номимдан шундай дейинглар: — "Қутайба сизнинг ерларингизга оёқ босмагунча, амалдорларингизнинг бўйнига занжир тақмагунча ва сиздан хараж олмагунча қайтмайди."
Улар йўлга чиқиб, Чин юртига етдилар. Чин ҳоқони ҳам одам юборди. Улар ҳаммаси оппоқ кийим кийишган эди. Оппоқ матолар боғлашган, оёқларига мос пойабзал кийишган эди. Чин ҳоқони ҳузурига кирдилар. Чин подшоҳи:
— Ўтиринглар! — деб буюрди. Улар ҳам ўтирдилар. Бутун Чиннинг зотли кишилари ва амалдорлари ҳам ўтирган эдилар. Ҳеч ким оғзини очиб гапирмади. На улардан, на булардан сўз айтувчи бор эди. Охирида мусулмонлар туриб кетдилар.
Улар чиқиб кетгач, Чин ҳоқони амалдорларига юзланиб:
— Бу келган кишиларни қандай топдингиз? Қандай кўрдингиз? — деб сўради.
Улар эса:
— Аёлларга ўхшаган қавм экан! — деб жавоб беришди. Вақт ўтиб, эртаси куни бўлди. Чин ҳоқони уларни яна чақиртирди. Эрталаб бўлганда, араб элчилари бу гал ниҳоятда гўзал матолар ва нозик кафтанлар, латофатли ва юмшоқ ипаклар ўраб, чиройли жилитлар ичида ҳоқон ҳузурига кирдилар. Ўша куни ҳам ҳеч ким гапирмай, яна қайтиб кетилди. Чин ҳоқони яна амалдорларига юзланиб:
— Бу қавмни қандай кўрдингиз? — деб сўради.
Улар эса:
— Бу сафар улар авлиёларга ўхшаб туришди! — деб жавоб бердилар.
Вақт ўтиб, эртаси кун бўлди. Чин ҳоқони уларни яна чақиртирди. Бу гал улар ўзларини жанг қуроллари билан безатиб, ҳашамдор қилиб тайёрландилар. Ораларига кафтанлар кийиб, белларига олмос билан безатилган қиличлар ва бошқа қуроллар тақдилар. Бошларига пўлатдан ясалган қалқонли жилдлар кийдилар.
Елкаларига кўплаб камонлар ва найза учлари олдилар. Ва яхши тайёрланган отларга миниб, Чин ҳоқони ҳузурига чиқдилар. Ҳоқон уларни узоқдан кўриб, қўрқиб кетди. Улар унинг ҳузурига етмасдан:
— Орқага қайтинглар! — деб буюрди. Улар ҳам орқаларга қайтиб кетдилар.
Чин ҳоқони яна амалдорларига юзланиб:
— Уларни қандай кўрдингиз? — деб сўради. Чин амалдорлари:
— Қасамки, биз ҳеч қачон бундай эр юрак одамларни кўрмагандик. Ва улар каби қаҳрамонларга дуч келмагандик, — деб жавоб бердилар.
Шунда Чин ҳоқони уларга бир одам юбориб:
— Ичингиздан энг доно ва фазилатли бўлганингиз келсин! — деб буюрди. Араб элчилари ораларидан Ҳубайрани юбордилар. Ҳубайра Чин ҳоқони ҳузурига кирди. Ҳоқон:
— Сиз менинг мамлакатим ва салтанатимни кўрдингиз. Ҳали ҳам менинг шаҳримда турибсиз.
Энди сиздан бир нарса сўрайман. Агар шу саволга жавоб берсангиз, яхши. Агар жавоб бера олмасангиз, сизни ҳам, ёрингизни ҳам ўлдираман, — деди. Ва кейин Ҳубайрага шундай савол берди:
— Биринчи куни менинг ҳузуримга битта кийимда келдингиз. Иккинчи ва учинчи кунлар эса бошқа хилда келдингиз. Бунга сабаб нима?
Ҳубайра шундай жавоб берди:
— Биринчи куни кийимларимиз билан келдик. Яъни, болалар ва аёллар ҳузурига уруш қилиш учун келгандик. Иккинчи куни эса эркаклар ҳузурига чиқиш учун шундай кийимда келгандик! Учинчи куни эса қаҳрамонлар ҳузурига чиққандик, — деди.
Хитой хоқони бу сўзларга ҳайрон бўлиб қолди. Охирида: — Яхши чора ўйлаган бўлсангиз керак! — деди. — Энди ортга қайтинг. Подшоҳингизга боринг ва унга: — Ортга қайтишини айтинг. Мен унинг аскарларининг озлигини биламан. Акс ҳолда одам жўнатаман, сизларни ҳам, уни ҳам ҳалок қиладилар! — деди. Ҳубайра: — Эй подшоҳ, айтганинг бу қандай гап? Ана шу аскарки, бир учи сенинг шаҳриңдадир, иккинчи учи эса неча манзил жойдадир. Ҳамда Қутайба шунча ғалаба қозонди, шунча шаҳарларни эгаллади, унинг ичидан янада кўпроқ ғалаба ва фатҳ ҳирси бўлмаслиги мумкинми? Энди у сенинг устингга ғазот қилишга келди.
Аммо сенинг бу ҳолда бизни ўлдириш билан қўрқитишинг кўзимизни ҳам қимирлатмайди. Чунки бизнинг учун белгиланган ажал мавжуд. Агар у ҳозир, шу вақтда тугалланган бўлса, биз учун ўлим ҳеч ҳам жирканч эмас, — деди.
Хитой хоқони ҳам: — Қутайба мендан нима билан рози бўлади? — деб сўради.
Ҳубайра жавоб берди: — У бу ердан қайтмасликка қасам ичган. Унинг оёғи сенинг ерингга қадам қўймасдан, амирларингнинг бўйнига занжир тақмасдан ва сизлардан жизя (ҳараж) олмасдан ортга қайтмайди! — деди.
Хитой хоқони: — Мен уни ўша қасамдан халос қилай! — деди. — Бу шаҳарнинг тупроғидан унга берай. Ва оёғини у… ўша тупроқ устига боссин. Ва амирларимдан ҳам бир нечтасини унга жўнатай, токи уларга занжир тақсин. Ва ҳамда мол жўнатишни ҳам қабул қилай. Токи юртимдан чиқиб кетсин, — деди.
Дарҳол буйруқ чиқарди. Жуда кўп мол олиб келинди. Шаҳар тупроғидан ҳам бироз тупроқ олиб келдилар. Уларни тўрт хитойлик билан Қутайбанинг ҳузурига олиб бордилар. У тупроқ ва моли кўрсатилди. Қутайба ҳам ўша молни қабул қилди. Ва буюрди. Ўша тўрт кишига занжир тақдилар. У тупроқни ерга ёздилар. Қутайба эса туриб, ўша тупроқ устида юрди. Кейин ўша тўрт кишини Хитой хоқонига қайта юборди. Сўнгра у ердан қайтди. Марв шаҳрига келди.
ҚУТАЙБАНИНГ ХУРОСОН ВИЛОЯТИДА ИСЁН КЎТАРИШИ
Қутайбанинг исён қилиши шундан келиб чиққан эдики, аввалги халифа Валид ибн Абдулмалик Сулеймонни валийаҳдликдан чиқариб, ўз ўғли Абдулазизни валийаҳд қилишни хоҳлаган эди. Ва шу фикр билан барча мусулмон шаҳарларига мактублар жўнатган эди. Ва барча халқни ўғлига байъат беришга чақирган эди. Аммо бу буйруққа Ҳажжож ибн Юсуф ва Қутайбадан бошқа ҳеч ким бўйсунмаган эди.
Ундан кейин Валид узоқ ўтмай дунёдан ўтди. Халқ Сулеймонни халифа деб тан олди. Сулеймон эса унутмаган нарсалардан бири — Қутайбанинг Абдулазизга байъат бергани эди. Ва Сулеймон Язид ибн Муҳаллабни жуда яхши кўрар эди. Хуросон эса Язиднинг хаёлидан чиқмас эди.
Шунинг учун Қутайба: — «Сулеймон Хуросонни Язидга беради», — деб ўйлади. Ўз ёрларидан бирини Нишопурга юборди, у Сулеймон ва Язиддан хабар олиб келсин деб. Ўша киши Нишопурга борди. Кўрганларини бир мактуб ёзиб, Қутайбага хабар берди. Мактубда шундай ёзилди:
— Ироқ вилоятини Сулеймон ростдан ҳам Язидга берди. Ҳамда унга Сулеймон шундай буйруқ берди: — Ақийл Сақафий, ки Ҳажжожнинг қариндошидандир, уни хоҳласа, ўз ҳукмига олсин.
Қутайба: — «Агар Сулеймон Ироқни Язидга берган бўлса, маълумки, Хуросонни ҳам унга беради», — деб ўйлади. У Хуросондан Хоразмга кетишни хоҳлади. У ерни ўзига қалъа қилиб, қўлида ушлаб турмоқчи эди.
Бу хабар Сулеймонга етгач, у Язид ибн Муҳаллабни Басрадан олдирди. Ва унга: — «Билгинки, сенинг Ироққа вали бўлишинг Қутайбага оғир келди», — деди.
Язид эса: — Олиб бориладиган чора шундаки, сен унга мактуб ёз. Юмшоқ муомала қил ва унинг Фарғонага боришини қабул эт. Унга ўша атрофларда қалъаларни фатҳ қилишни буюр.
Унга мактубни олиб борадиган элчига ҳам шундай буюр: — Амирул-мўминнинг сизларнинг вазифангизни кўпайтирди. Ҳамда, қачон юртингизга қайтишни истасангиз, Қутайба сизларни мутлақо тўсмоқда.
Шунингдек, ўша элчи халққа шундай десин: — Агар сизлар ўз юртингизга қайтишни хоҳласангиз, подшоҳ сизга рухсат берди!
Бу иш шундан келиб чиқдики, аскарлар ўз уйларига қайтишни хоҳлар ва яхши кўрар эдилар. Сулеймон шу фикр билан иш тутди.
У мактуб Қутайбага етгач, у мактуб муҳрини очди. Ёзилганни ўқиди. Тамомлаганидан сўнг, элчи ўрнидан турди ва халққа шундай деди: — Эй мусулмонлар! Халифа сизларнинг маошингизни кўпайтирди. Ва кимки ўз юртига қайтишни хоҳласа, уларга ҳам рухсат берди.
Шунда Қутайба бу сўзлар халқни алдаш ва уларни Сулеймондан рози бўлишларини таъминлаш учун айтилганини англади. Дарҳол: — Эй халқ! — деди. — Билингизки, бу элчи сизларга бу сўзларни ёлғон гапирди ва унинг мақсади, сизларни Сулеймонга осий бўлмасликка чақиришдир, — деди.
Сўнгра у ўрнидан туриб, уйига борди. Ва Сулеймонга учта мактуб ёзди. Биринчи мактубда ўзининг Абдулмалик ибн Марвонга садоқати ва итоатини, ундан кейин эса Валидга итоати ва унга бўлган дўстлигини баён қилди ва: — Агар мени Хуросондан азл этмайдиган бўлсанг, уларга қандай итоат қилган бўлсам, сенга ҳам шундай итоат қиламан, — деди.
Иккинчи мактубда эса, ўзининг мусулмон душманлари билан жанг қилгани ва улардан қанча шаҳарларни олганини, ўзининг Ажам юртида ҳайбатга эга эканини баён қилди. Ва Муҳаллабнинг насабини таҳқирлади. Ва: — Агар Язид Хуросонга амир бўлса, мен ҳам Сулеймон ибн Абдулмаликни халифаликдан тушираман ва унга қарши исён қиламан, — деди.
Сўнгра у учта мактубни ўз қулига топширди. Унга: — Бу мактубларни Сулеймонга олиб бор. Биринчи мактубимни ўқиб бўлгандан кейин Язиднинг қўлига берса, сўнг иккинчи мактубимни бер. Агар уни ҳам ўқиб Язидга берса, унда учинчи мактубни ҳам бер. Агар биринчи мактубни ўқиб, Язидга бермаса, сен ўша икки мактубни сақла ва ҳеч кимга кўрсатма! — деди.
Қутайбанинг одамлари Шомга халифа Сулеймоннинг ҳузурига етиб келдилар. Язид ибн Муҳаллаб ҳам у ерда эди. Ўша киши биринчи мактубни Сулеймонга топширди. У ҳам уни ўқиб, Язидга узатди. Ўша киши кейин иккинчи мактубни ҳам Сулеймонга берди. Сулеймон уни ҳам ўқиб, Язидга узатди. Ўша киши учинчи мактубни ҳам Сулеймонга берди. Сулеймон уни ҳам ўқиб, Язиднинг олдига ташлади ва: — Қутайба билан яхши иш қилмадинг. У сенларга керакли киши эди. Биз уни ранжитдик, — деди. Ва буюруқ бериб, ўша кишини ўз меҳмонхонасига жойлаштирди.
Эртаси куни у кишини чақиртирди. Унга бир кисса олтин берди ва Хуросон вилоятини яна Қутайбага бағишлади. Сўнг Сосон исмли бир кишини ўша киши билан бирга Қутайбага юборди.
Улар йўлга чиқиб, Ҳилвонга етганларида, қарши томондан бир гуруҳ одамларнинг келаётганини кўрдилар. Улардан Қутайбанинг исён хабарини эшитгач, Сулеймоннинг элчиси ортга қайтди.
Қутайбанинг ҳам одамлари унинг ҳузурига келиб, унга шундай деди: — Сулеймоннинг элчиси мен билан бирга сенинг ҳузурингга келаётган эди. У сенга Хуросон ҳукмдорлиги ҳақидаги аҳдномани олиб келаётган эди. Ҳилвонга етганимизда у сенинг Сулеймонга осий бўлганингни эшитди. Ва сени ўлдирилган деб ўйлади. У ўша аҳдномани менга омонат қилиб, ўзи ортга қайтди, — деди.
Қутайба бу гапни эшитгач, қилган ишидан пушаймон бўлди. Одам юбориб, ака-укаларини чақиртирди. Улар билан маслаҳат қилди. Ака-укалари: — Энди Сулеймонга ишонмаслик керак! — дедилар.
Сўнгра у Бахтарий ибн Абдуллоҳни ҳам чақирди. У Хуросонликлар ичида танилган ва ақл соҳиби киши эди. Унга: — Эй Бахтарий! Мен сени кўп ишларимда синаб кўрдим, текширдим, сен ақлли киши эканингни билдим. Мен шундай-шундай иш қилдим. Энди Сулеймондан қўрқаяпман. Сен нима дейсан? Қайси йўлни кўрсатасан? — деб сўради.
Бахтарий ибн Абдуллоҳ шундай деди: — Сулеймон сенинг итоатингни, яхши хислатларингни ва душманлар билан бўлган жангларингни билади. У сени ўлдирмайди!
Қутайба эса: — Сен менинг ўлимдан қўрқишимни ўйлама. Менинг қўрқишим Сулеймоннинг Хуросонни Язидга бериши ва мени азл қилиб, ўз ҳузурига чақириб, халқ орасида хор ва ҳақир қилишидадир. Аммо, менинг назаримда ўлим хор ва ҳақир бўлишдан яхшироқдир, — деди.
Бахтарий шундай жавоб берди: — Мен, Сулеймоннинг бундай иш қилишига ишонмайман. Менинг умидим шуки, унинг элчиси келиб, сенга Хуросон ҳукмдорлиги аҳдномасини олиб келади.
Қутайба эса: — Эй Бахтарий! Сен айтган нарса аллақачон содир бўлган. Сулеймоннинг элчиси Ҳилвонгача келган, менинг Сулеймонга қарши чиққанимни эшитгач, ортга қайтган, — деди.
Шундан сўнг Қутайба унга: — Эй Абу Муҳаммад! Мен Хуросондан хотиржам бўлиш учун бир иш қилмоқчиман, — деди. У эса: — Эй амир! Ўша иш нима? — деб сўради.
Қутайба жавоб бериб: — Соғур йўналишига бир қанча отлиқ жўнатмоқчиман. Улар қўрққан йўлларга кириб, кузатиб турсинлар, — деди.
Ҳошим эса: — Эй амир! Бир йўл борки, агар уни муҳофаза қилсанг, барча йўллардан хотиржам бўласан! — деди.
Қутайба: — У қайси йўл? — деб сўради.
Ҳошим: — Бу ажал йўлидирки, у пешонага ёзилгандир, — деб жавоб берди.
Қутайба қаттиқ ранжиди. Тожини бошидан олиб, ерга улоқтирди. Ва бир бор нафас олди.
Ҳошим эса ўз-ўзига: — Яхши гап айта олмадинг, — деди. Ва йўлга тушиб кетди.
Шундан кейин Қутайба яна акаси Абдураҳмонни чақиртирди. У билан маслаҳат қилди. Абдураҳмон шундай деди: — Менинг хаёлимга келган нарса шуки, сен Самарқанд йўлидан юриб, халққа: — Кимки мен билан қолса, уни яхши тутаман ва у нима хоҳласа, имкон қадар бериб тураман. Ва кимки уйига ёки шаҳрига қайтишни хоҳласа, марҳамат, кетаверсин. Ҳеч ким уни тўсмасин, ман этмасин.
Агар сен билан кетмайдиганлар бўлса ҳам, сен ўз дўстларинг ва ихлосли кишиларинг билан йўлга чиқасан. Шундан кейин бориб, Сулеймонни тахтидан туширасан! — деди. Абдуллоҳ Муслим ҳам унга: — Сулеймонни тахтдан тушир ва халқни ҳам шу ишга бирликка чақир! — деди.
Қутайба эса: — «Қилинадиган иш шу!» — деб, халқни ҳам шу ишга бирликка чақирди ва минбарга чиқиб, хутба ўқиди. Ва Аллоҳ таолога ҳамду сано айтди. Кейин шундай деди:
— Эй халқ! Сиз билурсизки, мен сизларнинг амирингиз эдим. Ғанимат молларини сизларнинг орангизнида тақсим қилдим, маошларингизни тўлиқ бердим. Сиз мендан олдин келган амирларни синаб кўргансиз. Аввал Умайя ибн Абдуллоҳ амир бўлди. У бирон душман билан жанг қилмади, ғанимат молини ҳам олмади. Уни итоатли ёки итоатсиз деб ҳам билмадик. Ва Абдулмалик:
— «Бу Хуросон менинг ошхонамга етмайди», — деб мактуб ёзди.
Ундан кейин Муҳаллаб ибн Аби Суфра амир бўлди. Ва унинг ҳукми остида бутунлай ҳайратда қолдингиз. Уни ҳам итоатли ёки итоатсиз деб билмадик. Ва у сизларнинг молларингизни олиб қўярди. Ва танангиздан кийимларингизни ечиб оларди. У ҳам ғанимат олиб келмади, бирон душманни ҳам тута олмади.
Ундан кейин унинг ўғиллари келдилар. Уларнинг бири Язиддир. Унинг қайси йўлда ҳукм қилганини ҳам биласиз. Менинг ҳукм ва ҳукмдорлигимни ҳам биласиз. Ва адолатимни кўрдингиз. Шундай экан, менга ҳар йўлда итоатли бўлинг! — деди.
Бутун халқ жим турди. Ҳеч ким жавоб бермади. Шунинг учун Қутайба ғазабланди ва шундай бақириб юборди:
— Аллоҳ таоло сизлар ёрдамчи бўладиган кишини азиз қилмасин! Бизларни бир гуруҳ қолдириб кетишингиз мумкин. Бизларни ёлғиз ташлаб кетганларга лаънат бўлсин! Улар муфлис бўлиб турганларида, мен уларни ажам амирларининг ва турк амирларининг ғаниматлари билан бой қилдим. Валлоҳи, агар сизларнинг амирингиз Язид ибн Муҳаллаб бўлганда, у сизларни шу темир билан тошни уриб синдирганидек синдирган бўлар эди! — деди.
Бу сўзлар халқнинг кўнглига ёқмади. Ҳамма яна жим қолди, жавоб берувчи бўлмади. Ҳаммаси тарқалиб кетишди. Қутайба ҳам уйига борди. Унинг ака-укалари ва уй аҳли унинг ҳузурига кириб: — Эй Қутайба! Бугун қандай иш қилдингки, улуғ кишилар ва дўстларни ўзига душман қилдинг? Энди бутун халқ сендан безиб қолди, — дедилар.
Қутайба: — Мен уларга хитоб қилдим, улар эса менга жавоб бермадилар. Шунинг устига қалбимни ғазаб олови қоплади. Кейин нима деганимни ҳам билмай қолдим. Валлоҳи, мен бу кундан кейин буларга амир бўлолмайман. Уларни танқид ҳам қилмайман, — деди.
Халқ у ердан тарқалгандан кейин, Қутайба билан орасида душманлик бўлган Абдураҳмон Қасрийнинг ҳузурига келишди. Унга: — Бугун Қутайба халққа қандай сўзлар сўзлади! — дедилар.
У эса: — Эшитдим. Энди нима хоҳлайсизлар? — деб сўради.
Халқ: — Унинг ҳузурига боришингни ва бизга уйимизга қайтишга рухсат олишингни хоҳлаймиз! — дедилар. — Ундан кейин у нима қилишни ўзи билади. Ҳоҳласа, Сулеймонни тахтидан ағдарсин, ҳоҳласа, унга бўйсунсин. Агар бизга рухсат бермаса, ўзимиз кетаверамиз, — дедилар.
Абдураҳмон Қасрий шундай деди: — Эй қавм! Сизлар мен билан у орасида қандай душманлик борлигини биласизлар. Ҳозир мен унинг ҳузурига бора олмайман. Аммо, унинг акаси Абдураҳмоннинг ҳузурига бораман. У уларнинг каттасидир, — деди.
У дарҳол ўрнидан туриб, Абдураҳмон ибн Муслимнинг ҳузурига борди. Ҳамма воқеани уқтириб берди. Абдураҳмон эса: — Менинг акаим Қутайба бу сўздан қўрқмайди ва ҳеч ҳам ҳайрон бўлмайди. Ҳозир мен одамларимни жўнатаман, у қавмни тарқатсинлар ва тоғлар бошига ҳайдасинлар, — деди.
Абдураҳмон Қасрий бу гапга ғазабланиб: — Валлоҳи, агар сен шундай қилсанг, улар ҳам йиғилиб, сени оламга шармандали ва русвой қиладилар! — деди ва ўрнидан туриб, чиқиб кетди.
Абдураҳмон ибн Муслим ҳам Қутайбанинг ҳузурига борди. Ҳамма воқеани баён қилди. Қутайба: — У ким бўпти-ю, унинг гапидан қандай маъно чиқади? — деди.
Бу хабарни Абдураҳмон Қасрий эшитгач, ўша қавмга шундай деди: — Энди нима қилишни ўзингиз биласиз. Нима иш қилсангиз, ҳаммаси ўз қўлингизда. Уни амалга оширинг!
Халқ ҳам Қутайбани унинг мансабидан ағдаришга қарор қилди. Бу хабарни ўша вақтда Убод ибн Ийяс эшитди. Дарҳол Қутайбанинг ҳузурига бориб: — Эй амир! — деди. — Нега бундай иш қилиб, халқни ўзингга душман қиляпсан? Ҳозир уларни чақир, ҳар бирига ўз уйларига кетишга рухсат бер. Шунда душманларинг уч кунда тарқаладилар. Кейин эса ўз тадбириң нима бўлса, шуни амалга ошир! — деди.
Қутайба: — Энди нима қилиш керак? — деб сўради.
Убод шундай жавоб берди: — Ўзинг ишонч қилган халқни йиғ. Шундай сўзлар айтки, халқ жангга тайёргарлик кўришни билсин. Ва душманларингдан ҳар бирини олиб келиб, бўйнини олдир. Кўрганлар бу ҳолатдан даҳшатга тушиб, сен билан иттифоқ тузсинлар!
Қутайба эса: — Уни қила олмайман! — деди.
Убод эса: — У ҳолда, халқни чақир! Ҳар бирларига пул улуш қилки, сендан рози бўлсинлар ва сенга бўйсунсинлар, — деди.
Қутайба: — Уни ҳам қила олмайман. Уларга яхшилик фойда бермайди, — деди.
Шунда Убод, қалбидан: — Валлоҳи, улар сени ўлдирадилар, — деб, Қутайбанинг ҳузуридан чиқиб кетди.
Шундан кейин Қутайба халқнинг бир ерда йиғилиши учун мунодийларга элон қилдирди. Ва уларга хутба қилди. Аввал Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, сўнг халқнинг олдида туриб, сўз сўзлади:
— Мен бу ерга келган вақтимда сизларнинг кийганларингиз чул ва гилам эди. Еган таомларингиз қуруқ нон эди. Ҳеч қандай қатиқ ҳам йўқ эди. Мен сизларга чиройли ва лаззатли таомлар еб бердим. Гўзал кийимлар кийдирдим. Ва билмаган нарсаларингизни сизларга ўргатдим. Ва сизларни олам ичида улуғ ва машҳур қилдим. Қачон Эшъаснинг ўғли билан қўл бирлаштириб, осий бўлдингиз, қўлингиздан ҳеч нарса келмай қолгач, менинг ҳузуримга келдингиз. Мен сизларни Ҳажжожнинг ғазаби ва қиличидан қутқардим. Ҳар йўлда неъматга ва роҳатга эришдингиз. Лекин охирида шу мукофотни кўрсатишингиз керакмиди? — деди.
Сўнгра яна: — Қаерда ўқлари беҳуда тушмайдиган камончиларингиз?! Ҳам у ажам подшоҳларининг ўғиллари ва турк амалдорлари, Самарқанд амирлари ва Хуросон амирлари, уларнинг сони ўн мингдан ортиқ эди.
Йиғилишдагилар тик туришар эди. Қутайба сўзини давом эттириб: — Уларнинг ҳеч бирининг ўқи адашиб кетмади, — деди.
— Мана, буларнинг ҳаммаси подшоҳ фарзандларидир. Душманга қарши туришда ва қилич силлашда сизлардан кўра яхшироқдирлар. Ва ҳар ишни араблардан яхшироқ битирадилар! — деди.
Қутайба тўғри ёки нотўғри нимани айтган бўлса ҳам, ҳеч ким унга яхши ёки ёмон бирон нарса демади. Шунда Қутайбанинг ғазаби янада ортди. У жисмонан чарчади. Деярли ақлдан озиш даражасига етди. Уйига қайтди. Халқ ҳам тарқалди. Ҳамманинг қалбида пайдо бўлган туйғу — Қутайбага қарши жанг қилиш эди.
Шу вақтда улар яна йиғилишди. Ҳошим ибн Мунзирнинг ҳузурига келиб: — Эй Абу Муҳаммад! — дедилар. — Қутайба энди чегарадан ўтди. Халқни жуда кўп озор берди. Шундан кейин, сенинг амиримиз бўлишингни хоҳлаймиз. Бизнинг ишларимизни сен бошқар, то ўша вақтга қадарки, Сулеймон ибн Абдулмаликдан бир амир келсин.
Лекин Ҳошим ибн Мунзир бу ишга рози бўлмади.
Шунда халқ Ҳошимни ташлаб, Абдуллоҳ ибн Жаводаҳнинг ҳузурига борди. Ҳошимга айтганларини унга ҳам айтдилар. У эса: — Мен сизнинг айтганларингизни қабул қилмайман, — деди.
Улар яна Ҳошимга қайтиб келишди. Унга қаттиқ туриб талаб қилишди ва шундай дедилар: — Бакр ибн Вайл ҳам сенга мухолиф бўлмайди.
Ҳошим шундай жавоб берди: — Мен бу ишга рози бўлолмайман. Яна бир кишини топинг. Чунки Мудар авлодлари кўпчилик. Ва улар Қутайбанинг тарафдорларидир. Улар ўз амирларининг ҳалок бўлишини истамайдилар. Ва ўзларининг азл қилинишига рози бўлмайдилар. Ҳамда биз уларга қарши тура олмаймиз! — деди.
Шундан кейин улар Ҳошимни ҳам ташлаб, Ҳайём ибн Аёшнинг ҳузурига келишди. Ва унга: — Сен бизнинг билан Ҳошим ибн Мунзирнинг ҳузурига бор. Ва бу йўлда унга бир неча сўз айт! — дедилар.
Шунда Ҳайём ўрнидан туриб, Ҳошимнинг ҳузурига келди ва унга шундай деди: — Қутайбани ўриндан ағдаришга нега рози бўлмайсан? Ва нега бизнинг устимизга амир бўлишни истамайсан? Биз сенинг раҳбар бўлишингни хоҳлаймиз!
Ҳошим эса унга: — Эй Абу Маъмар! Валлоҳи, бу гапни айтишга ҳам, эшитишга ҳам тоқатим йўқ! — деди.
У ўрнидан туриб, яна ўтирди. — Валлоҳи, тик туришга ҳам қувватим қолмади. Бирдан, бу сўз Қутайбанинг қулоғига етмаса деб қўрқаман! — деди.
Ҳайём унинг ҳузуридан чиққач, Мудар авлодидан бўлган бир кишига одам жўнатди. Бу киши уларга тобе бўлган шахс эди. У қавмни йиғиб, шундай деди: — Бу иш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Лекин битта арабий борки, бу иш фақат унинг қўлидан келади. У эса Вакий ибн Абу Асваддир. Чунки у жуда жасур одамдир. Жангчи. Ишнинг оқибатига қарамайди. Ҳеч нарсадан қўрқмайди, қайтармайди. Ҳамда унинг одамлари ва қабиласи кўп. Ўз яқинларидан ҳеч ким унга мухолиф эмас. Ва у Қутайба билан душманлиги бор. Чунки Қутайба унинг тиморини (ерини) қўлидан олиб, Дирор ибн Ҳасинга берган.
Шу заҳоти ўрнидан туриб, Вакийнинг ҳузурига борди. Бу йўлда у билан гаплашди.
Вакий: — Эй Ҳайём! — деди. — Қўлингни узат!
Ҳайём ҳам қўлини узатди. Шу йўлда Вакий билан келишиб олди. Шу заҳоти Қутайбага хабар етказдилар. Қутайба: — Валлоҳи, қачонки унга суғурилини (ишончини) берганимда, Ҳажжож менга: — «Ҳайёмдан ўзингни эҳтиёт қил, у сенга зарар етказади», — деган эди, — деди.
Сўнгра ўз қабиласидан бир кишига Ҳайёмни ўлдиришни буюрди. Бу ҳолдан Ҳайём ҳам хабар топди. Қутайба эса унга одам юбориб, уни ҳузурига чақиртирди. У эса: — Мен касалман! — деб баҳона қилди ва чақирувга бормади.
Бу орада халқ Вакийга юзланиб, у билан махфий байъат қилишди. Халқ кўпайди. Шу кунларда Хуросонда Басрадан 40,000 киши бор эди. Улардан 9,000 киши Али авлодидан эди. 7,000 киши Бакрийлардан эди. Уларнинг бошлиқлари Ҳошим ибн Мунзир эди. 10,000 киши Тамим авлодидан эди. Уларнинг бошлиқлари Дирор ибн Ҳасин эди. Ва 4,000 киши Абдулқайс қабиласидан эди. Уларнинг бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жавдан эди.
Бу 40,000 кишидан ташқари яна 7,000 киши Куфадан бўлиб, уларнинг бошлиқлари Жаҳм ибн Зажрид эди. 7,000 киши эса Маволийлардан эди. Уларнинг бошлиқлари Ҳайён ибн Ийяс эди.
Баъзи кишилар: — Ҳайён Хуросондан эди, — дейишар эди.
Бошқалар эса: — У Дайламий эди, — деб айтган эдилар.
Шу вақтда Ҳайём Вакийга: — Агар мен Қутайбага қарши урушда сенга ёрдам берсам, сен ўшанда дарёнинг нариги томонидаги шаҳарларни менга берасанми? — деди.
Вакий: — Бераман, — деди. Бир гуруҳ халқ ўрнидан туриб, Қутайбанинг ҳузурига келди ва унга: — Ҳушёр бўл ва ғафлатда қолма! Чунки халқнинг кўп қисми Вакий билан байъат қилди, — дедилар.
Қутайба бу гапга ишонмади. Шу кеча Вакий Абдуллоҳ ибн Муслимнинг уйига келган, у ерда шароб ичган эди. Абдуллоҳ ҳам ўша ерда ҳозир эди. У Қутайбага: — Бу гаплар ёлғон. Ва Вакийга туҳмат қилишмоқда. Вакий бу кеча мен билан эди. Ва менинг уйимда шароб ичиб, ўзини билмай қолгунча маст бўлди. Кейин уни менинг уйимдан ўзини билмайдиган ҳолатда чиқариб, ўз уйига олиб кетишди. Уларнинг шундай гапирган сўзлари ботил ва ёлғондир. Бу иш умуман бўлмаган, — деди.
Халқ Вакий билан байъат қилганларида унга шундай дедилар: — Эй Абу Мутриф! Биз сен билан байъатни Сулеймон ибн Абдулмалик учун қилдик. Шу шарт биланки, сен унга бўйсунасан. Ва унинг юборган амирини қабул қиласан!
Вакий ҳам: — Қабул қилдим! — деди. — Ҳар ким Сулеймоннинг ҳузуридан келса, мен унга итоат қиламан! — деди.
Қутайба сўнгра Дирор ибн Синон исмли бир кишини гап-сўз олиб бориши учун Вакийга юборди. Бу гапнинг ҳақиқатини билишни хоҳлади. У киши Вакийнинг ҳузурига борди. У билан байъат қилди. Кейин Қутайбанинг ҳузурига қайтиб, воқеаларни маълум қилди.
Шунда Қутайба яна Вакийга одам юбориб: — Кел, сен билан гаплашайлик. Сирли сўзларим бор! — деди. У одам Вакийнинг ҳузурига келганида, Вакий ўзини касал кўрсатиб: — Оёғимда чичи чиқди, — деди. Унинг ёнидаги икки киши ярасини даволашар эди. Шунинг учун у гаплашмади.
Келган киши: — Эй Абу Мутриф! Амирга жавоб бер, — деди.
Вакий эса: — Нима деб жавоб берсам? Ҳолимни кўриб турибсан, — деди.
Бу киши Қутайбанинг ҳузурига қайтиб, бу ҳолатни хабар берди.
Қутайба: — Яна бор! — деди.
Дирор ибн Синон эса: — Мен унинг оёғида бир озор кўрдимки, у ҳатто қимирлай олмайди. Мен хоҳлайманки, у шу касалликдан ҳам қутулмасин, — деди.
Қутайба: — Бор, ташлаб қўйма, мутлақо олиб кел! Агар келмаса, бир нарига (носилка) қўйиб олиб кел! — деди.
Дирор борди ва Вакийга: — Амир шундай буюрдики: — «Агар у кела олмаса, бир нарига қўйиб, мутлақ олиб келинг!» — деди.
Вакий: — Агар халқ мени қўзғатса, ярам ҳам кучаяди, хасталигим ҳам зўрайиб кетади, — деди.
Дирор қайтиб, бу хабарни Қутайбага етказди.
Қутайба бу сафар Шарик ибн Самитни Дирор билан бирга юбориб: — Вакийни тезда менга олиб келинг! — деди.
Тамама исмли бир киши Вакийнинг ҳузурига келиб: — Тайёрлан! Қутайба сени ушлаб олишни истамоқда! — деди. Ва ўзи ҳам Вакийнинг олдида қолди.
Вакий бу Тамамага: — Ҳозир мунодийлар чиқиб, чақирсинлар. Бизнинг билан байъат қилганлар қуролларини тайёрлаб, бизнинг ҳузуримизга келсинлар! — деди.
Тамама бу буйруқ бўйича иш қилди.
Биринчи бўлиб Вакийнинг ҳузурига Темим авлодидан 8,000 киши билан Ҳарм ибн Абу Тахма келди.
Вакий қуролини тақиб, уйидан чиқди. Байъат қилган халқ дарҳол Вакийнинг ҳузурига келдилар. Вакий келганларнинг барчаси тайёр эканини кўриб, Қутайбанинг саройи томон юзландилар.
Қутайбанинг одамларидан бир гуруҳ Вакийнинг рўпарасига келиб: — Эй Абу Мутриф! — дедилар. — Аллоҳдан қўрқ! Бу қандай ишки, сен шундай қиляпсан? Қутайба ҳеч қачон сенга ёмонликни ўйлаган эмас!
Вакий ўз тарафдорларига шундай деди: — Бу кишилар, агар мен Қутайбанинг ҳузурига борсам, менга ҳеч нарса қилмасликларини айтяпти. Валлоҳи, улар ёлғон гапиряптилар! Шу вақтдан кейин, ё унинг боши менга келтирилади…
— Ёки менинг бошим унга етказилади, — деди Вакий.
Шу заҳоти тўрт тарафдан кўплаб халқ қуролланган ҳолда етиб келдилар. Вакий ҳам ўрнидан туриб, Қутайбанинг саройига йўл олди.
Қайс авлодидан бўлган қабила ҳам йиғилиб, Қутайбага ёрдам беришни истади. Лекин ўзларида Вакий билан жанг қилишга қувват топа олмадилар.
Шу пайтда Қутайба ўтирган эди. У эшик олдидаги тўпланишни кўриб: — Бу қандай тўпланиш? — деб сўради.
Унга: — Вакий, аскар йиғиб, сенинг устингга келмоқда, — дедилар.
Шу пайт Қутайба чиқиб, тахтига ўтирди. Унинг танасида фақат кўйлак ва елкасига ташланган ридоси бор эди. Онаси унга бир сарғич ҳам жўнатган эди. Унга ўраб, қиличини кўкрагига осиб олди. Ака-укалари ва ўз одамлари билан сарой эшигига чиқди.
Бу воқеадан аввал Қутайба ўз одамларидан бири — Язид ибн Муслимни танқид қилган эди. Бу киши эса шу ҳолда Қутайбага қарши халқни қўзғатишни бошлади.
Қутайба унинг овозини эшитиб: — Бу чақираётган ким? — деб сўради.
Унга: — Язид ибн Муслим. У халқни сенинг устингга қўзғатмоқда, — дедилар.
Қутайбанинг ёнида Муҳфир исмли бир киши бор эди. Унга: — Амир фарзандларини чақир, менинг ҳузуримга келсинлар, — деди.
Қутайба уларни ҳам танқид қилган эди. Муҳфир: — Улар ҳам ўша одамлар қаторидадир. Чунки сен улардан юз ўгирган эдинг, — деди.
Қутайба: — Аллоҳ таолога қасам, орамизда бунчалик яқинлик бор! — деди.
Муҳфир эса: — Сен биздан юз ўгирдинг. Аллоҳ таоло кечирмаса, биз қандай кечирамиз?! — деди.
Бу сўз Қутайбага жуда оғир ботди. Ва у қаттиқ ҳузнга чўмди. У шундай байт ўқиди:
"Эй нафс! Сенга келган аламга сабр қилиш лозим! Чунки менга самимий бўладиган бир дўст топилмади."
Унинг ёрларидан бири бор эди. Уни Майсара ал-Жадалий деб аташар эди. У киши: — Эй амир! — деди. — Агар хоҳласанг, ҳозироқ Вакийнинг бошини сенинг ҳузурингга олиб келай, — деди.
Қутайба эса: — Қўлингдан келмайдиган ишни айтма! — деди. — Тургандан жойингда тур!
Шу пайт Ҳайён ан-Нибтий, ажамлардан бир гуруҳ кишилар билан келди. Қутайбанинг олдида тўхтади. Ва Абдуллоҳ ибн Муслим ҳам ҳозир эди.
Абдуллоҳ Ҳайёнга: — Ҳужум қил! — деди.
Ҳайён: — Ҳали вақти эмас, — деди.
Бу сўз Абдуллоҳга ёқмади: — Мени шубҳада қолдирдинг! — деди.
Ҳайён эса: — Бу вақт шубҳа қилиш пайти эмас! — деди.
Вакий Ҳайёнга одам юборди: — Биз қилган аҳд қайда қолди?! — деди.
Чунки иккаласи аввал аҳдлашган эдилар. Ҳайён аввал ўзига ўғлига: — Қачон мен юзимни Вакий томон бурсам, сен ҳам ўз қавминг билан ортимдан кел, — деб тайинлаган эди.
Шундан сўнг, Ҳайён ўз аскарлари билан Вакийнинг ҳузурига борди. Унинг ўғли ҳам унинг ортидан келди. Вакийнинг ёрлари қувониб, такбир айтдилар.
Қутайба ўз акаси Муслиҳ ибн Муслимни ҳузурига чақирди. Уни жангга юборди.
Муслиҳ ибн Муслим жангга киришди. Дабба авлодидан бўлган Сулаймон исмли бир киши уни бир ўқ билан ўша заҳоти ўлдирди.
Уни олиб, Қутайбанинг ҳузурига келтиришди.
Бу Муслиҳ, барча Муслим авлодининг энг кексаси эди.
Қутайба унинг олдига борди. Унинг боши олдида бир соат ўтириб, йиғлади.
Шундан сўнг, унинг яна бир акаси Абдураҳмон ибн Муслим эди.
У олдинга чиқди ва жанг қилишни истади. Ҳанифа авлодидан бўлган бир қул уни бир ўқ билан ўлдирди.
Шу пайт Язид ибн Анам ал-Аздий ўз қавмига шундай деди: — Эй қавм! Валлоҳи, мен Қутайбанинг қулоғидан эшитдим. У: — «Валлоҳи, агар имконият топсам, Аздийларни шундай синдираманки, улардан биронтаси қолмайди!» — деган эди.
Шундан сўнг Аздийларнинг барчаси бир йўла Қутайбанинг саройига юриш қилди.
Қутайбанинг одамларидан Жаҳм ибн Зажр олдинга чиқиб, жанг қилишни истади. Унинг қўлида камон ва ўқ бор эди. Ҳайём ибн Ийяс уни кўриб, олдинга юрди ва қилич билан шундай зарба бердики, отининг боши ерга тушди.
Жаҳм ўзини отдан ташлади ва Ҳайёмнинг устидан ҳужум қилди. Ҳайём унинг олдидан йўл бериб, Вакийнинг ҳузурига келди.
Вакий: — Қутайбанинг отхоналарини ёқинг! — деб буюрди.
Оташ ёқилди. Отконалар ёнганда, катта ғалаён бошланди. Отконадаги отлар қўрқиб, ҳаммаси тарқалиб кетди.
Қутайба от қидирди. Минмоқчи эди, лекин от топа олмади.
Ўзича: — Балким, пешонамизга буюк иш ёзилгандир... — деди.
Шу пайт Қутайбанинг муаззини олдинга чиқиб: — Эй амир! Жангни қандай қилайлик?! — деб сўради.
Қутайба: — Аллоҳ ва Унинг расули учун! — деди.
Муаззин ҳам жангга кирди. У ҳам ўлдирилди.
Вакийнинг аскарлари Қутайбанинг ҳузурига етиб келганида, Ийяс ибн Баҳман, Абдуллоҳ ибн Валид ва Абдулазиз ибн Ҳориб Қутайбанинг ёнида эдилар.
Лекин улар ҳам тезда тарқалиб кетди.
Қутайба ёлғиз қолди.
Ҳайсам ибн Мунҳал аввал Қутайбанинг қабиласидандир.
Қутайба унинг юзини кўриб, Вакийга тобе бўлганини ва ўзига қарши келаётганини тушунди.
Шунда у ушбу байтни ўқиди:
"Халқ энди шуни танлади, ишлар очиқ, Кун қаердан чиқса, юзини ўша томон боради."
Шундан кейин Аздийлар ва Бакрийлар қабилалари тезлик билан Қутайбанинг устидан юриш қилди.
Ҳар бир киши Қутайбани ўлдириш учун борди.
Улардан бири Саъид ибн Баҳр ал-Аздий ва бири Жаҳм ибн Зажр ал-Жуфий эди.
Жаҳм Қутайбани бир ўқ билан урди.
Кейин Саъид ибн Баҳр ал-Аздий унга қилич билан зарба бериб ўлдирди.
Қутайбанинг 11 та укаси бор эди.
7 нафари отаси Муслимдан туғилган, 4 нафари эса ўгай ака-укалар эди.
Отаси Муслимдан туғилган фарзандлар: 1. Қутайба 2. Абдураҳмон 3. Амр 4. Абдуллоҳ 5. Муслиҳ 6. Ясар 7. Муҳаммад
Қутайбанинг бошини кесиб, Вакийнинг ҳузурига олиб келишди.
Вакий бошни олиб келган кишига 1000 дирҳам берди.
Сўнгра бу кесик бошни Басит ибн Абдулкарим орқали халифа Сулеймон ибн Абдулмаликка юборди.
Бу воқеа ҳижрий 96-йилда содир бўлган эди.
Ушбу йили Сулеймон ибн Абдулмалик, Халид ибн Абдуллоҳни Макка ҳокимлигидан четлатиб, Макка ҳокимлигини Талҳа ибн Довудга берди.
Шу йили Маслама ибн Абдулмалик яна Византияга ғазот қилди ва Ҳисн-Авн (Ҳисари)ни фатҳ қилди.
Тарихи Табарийдан Абу Муслим таржимаси
|