Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Ахалтеке воҳасидаги туркманларга қарши русларнинг ҳарбий юриши ва Гўктепадаги қонли уруш
PDF Босма E-mail

Русия томонидан қарам қилингунча туркман уруғлари Бухоро ва Хива хонликлари ерларида яшар эдилар. Уларнинг бир қисми уруғчилик асосини сақлаган ҳолда хонликнинг бир четида яшасалар, бир қисми ҳеч бир давлатга тобе эмас эдилар. Бу уруғлар(Энг машҳур туркман уруғлари ва улар тарқалган ерлар - жондор

 

- Хива билан Каспий орасида, ёвмудлар - Каспийнинг жануби ва Хиванинг жанубий-ғарбида, гўклар - Эрон чегараларида, Текелар - Ахал-теке воҳаси ва Марвда, сариқлар - мурғобнинг ўрта оқимида; соларлар
- Марв тевараги ва Хуросонда, эрсарилар - Амударёнинг ўрта оқимида, қиёсланг: Craplicka, The Turks.of Cental Asia, Oxford, 1918, 34-6. Салар, ёвмуд, жондор ва текелар XVIII асрдан бери Хива хонлигига қарар эдилар. Қиёсланг: Брегель, Хоразмские туркменм, Bregel, Kharezmskie. Turkmeny, 23-6. Уруғ бошлиқлари мўйсафидлардан ёки жасур, ақлли ёшлардан ҳам сайланар эди. Уруғларнинг кичик бўғинларга бўлиниши ҳақида қаранг: Галкин, 6-12-6; Franzis von Schwarz, Turkestan, 46-6.) яшаб қолиш учун ўзаро урушишлари каби бошқа давлатлар билан урушда ҳам қатнашардилар. Ўзаро бирлашмаслик уларнинг мудофаа қобилиятини заифлаштирган эди.
Руслар Красноводск ва Шарқда мавқеларини мустаҳкамлаб олгач, туркманларни бўйсундириш асосий мақсад бўлиб қолди. Хива босиб олингач, генерал Горлвачев бошчилигидаги ҳарбий қисм туркманларга қарши отланди, асосан ёвмудларга қарши қаратилган бу куч уларни Хива хонлиги доирасида 1874 йили буйсундирди. Русиянинг мақсади Эрон чегараларига етиш эди. Бунга фақат туркманларни рус асоратига солиш билан эришиш мумкин эди. Генерал Ломакин қўмондонлигидаги яна бир қисм 1871 йилдан 1879 йилгача узлуксиз таке туркманлари билан уруш олиб бориши ҳам натижа бермади(М.Анненков, Ахал-Текинский, 4-6.). 1872 йилдан полковник (албай) Морозов бошчилигидаги рус кучлари Қизил Арват томонга ҳаракат қиларди. Улар бу шаҳарни фақат 1877 йил майида ишғол қила олишди, аммо Красноводск таянч базасидан анча узоқ бўлганлиги учун уни ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар. Бунинг ҳисобига ҳаракатни шиддатли давом эттиришни таъминлаш учун 1878 йили Атрек ирмоғи бўйида Чат қалъаси қурилди. Яна 1876 йили 14 январда Кавказдаги Тоғ ўлкаси доираси амири Франклин, Ахалтеке туркманлари юртида Русия нуфузини кучайтиришнинг яна бир режасини таклиф қилди. Кавказ бош қўмондони бу режани маъқуллаган бўлса ҳам Петербург хоҳламади. Бундан ташқари, 1877 - 1878 йилларда рус қўшинининг ҳаракатни давом эттиришига тўсиқ бўлган ҳодиса Русия билан Усмонли турк давлати ўртасидаги уруш эди. Англиянинг 1878 йилда Кобул, Қандаҳор, Ғазнага кириши Русиянинг босқинчилик режасига бир ҳамла эди. Ахалтеке воҳасини ишғол қилиш билан руслар Хуросон чегараларига яқинлашиб, бу ердан Англияга қарши унумли ҳаракат қилишни мўлжалларди. 1879 йил 21 январда Ахалтеке воҳаси муаммосини ҳал қилиш борасида музокара олиб бориш учун Кавказ волиси йиғилиш уюштирди. Бу мажлисда ҳарбий нозир Милютин, Ташқи ишлар нозири ёрдамчиси Н.К.Гирс, бош штаб бошлиғи Геядин ҳамда В.В.Гуртшин, А.И.Глуховский, А.Н.Куропаткин каби генераллар иштирок этдилар. Бу йиғилишда Чат қалъасидаги бирликларни 1879 йил илк баҳорида ҳаракатга келтиришга қарор қилинди. Фақат Марв шаҳри ишғол қилинмайдиган бўлди(Халфин. Присоединение., 344-6.). Мақсад Гўктепени кўлга олиш эди.
Руслар Ахалтеке воҳаси учун қилган урушда қатъий жанглар бошлангунча, бир неча бор мағлубият заҳрини тотиб кўришга мажбур бўлдилар. 1877 йил 9 сентабрда Гўктепага ҳужум қилдилар. 177 мурда ва 268 ярадор қолдириб, чекинишга мажбур бўлишди. 28 сентабрь 1877 йили 23 бўлинма, 14 суворий бўлинма ва 16 тўп билан яна ҳужум бошладилар ва орқага улоқтириб ташландилар(Von Vartenberg, 84-6., Тихомиров, 42-6. Жанг 28 август 1879 йилда бошланди. Руслар 12000 аскар билан ҳужум қилди ва 464 жасад қолди-риб чекинди.). Тахминан бир йил кейин 1879 йилда 27 августда рус қисмлари Ломакин қўмондонлигида Денгилтепага хужум қилишди. Уларнинг қаршисида Бердимуродхон бошчилигида силоҳли ва силоҳсиз мудофаачилар турарди. Улар 2000 шаҳид бериш ҳисобига босқинчиларни орқага чекинишга мажбур қилишди. Русларнинг генерал Тергуказов бошчилигидаги Бендесен қалъасига қилган ҳужуми ҳам тўхтатилди(Тўлиқ маълумот Abaza, 264 - 276-бетларда.). 1874 - 1879 йиллар орасида руслар Ахалтеке воҳасини босиб олиш учун 9 батальон, 10 суворий бўлинмаси ва 16та тўп билан қилган хужумлари муваффақиятсизликка учради(Макшеев, 314-6.). Рус манбаларидан 1879 йилда Гўктепа урушида 18 943 рус аскарларининг шикаст еганлигини биламиз(Гродеков, IV, 310-6.). Бу рақамлар аслида, руслар тўплаган кучнинг қай даражада кўп эканлигини кўрсатади.

Жуда кўп ва муваффақиятсиз тўқнашувлардан сўнг

1880 йил 1 мартда рус раҳбарияти Русиянинг Оврўпода ва ислом дунёсидаги обрўсини сақлаб қолиш учун ҳар қандай қурбон эвазига бўлса ҳам, Ахалтекени ишғол қилишга қарор қилди. Гўктепа ҳаракатининг раҳбарлиги Ҳазар денгизи атрофи ҳарбий ноҳияси қўмондони генерал Скобелевга берилди. Туркистонда «кўзи қонли» лақабини олган бу генерал(Сагое 2-нашр, 80-6.) Қўқон хонлиги сафарларида алоҳида кўзга ташланган эди. У кучларининг ҳаракати ҳақида берган фармонида шундай дейди: «Руслик шарафи» урушда ўлган қуролдошларининг интиқомини олишга чорлайди»(Тихомиров, 46-6.). Шундай шараф ва интиқом ҳислари билан қуролланган 10 000 аскар, 18 тўп, 5394 тўп ўқи ва 1786 от билан 1880 йил 18 майда Гўктепа томон юра бошлади(Abazara биноануларнинг миқдори 11000 эди. (64 бўлинма, 8та казак юзлиги ва 97 тўп) 217-6; Гродеков бўйича эса аскарлар атиги 4570 нафар (25 бўлинма)дир. Война, II. 1-2-бетга кўра (86-6) 31 бў-линма, 12 казак юзлиги ва 48 тўпдан иборат эди.).
Скобелев аскарларини ҳал қилувчи урушга ундашдан аввалроқ 1880 йил 18 июнда генерал Куропаткинга шундай деб ёзади: «Осиёни фақат асоратга солиш керак, жуда бўлмаса уни эсидан чиқмайдиган қилиб савалаш керак»(Тихомиров, 47-бет.). Така туркманлар ҳам ўзларига Скобелев ўртага ташлаган «Бизнинг икки йўлимиз бор: «ё ўлим, ё ғалаба(Abaza, 304-бет.)ни айнан қўллаб, уруш ҳозирликларини кўрдилар. Афсуски, халқнинг назари тушган хон Нурберди 1880 йил 28 апрелда ҳаётдан кўз юмади. Унинг ўрнига ўғли Маҳтумқули сайланди. Айни замонда Ўроз Мамедхон бош вакил, Қурбон Муродхон бош ҳоким ва Тикма Сардор Денгилтепа қўмондони этиб сайландилар. Сўнгги икки шахс(Тикма сардор Мамед Назар ўғли, 13 ёшидан жангларда қат-нашган, 15 ёшида эронийлар томонидан асир қилиниб, 6 ойдан сўнг қочиб кетган. 17 ёшидаёқ юзбошиликка кўтарилди. 1843 йили Машҳадга кирган туркман қисмларининг бош қўмондони бўлди. 1867 йили Ҳайдарободда (Эрон] туркман жангчиларининг етакчиси бўлди. 1869 йили Қизилсув (Красноводск)да русларга қарши жанг ) мудофаа жангида юксак жасорат билан урушни бошқариб, шуҳрат қозонди.
Жанглар натижасида ҳимоячиларнинг иқтисодий аҳволи оғирлашди. 1879 йили қўшинни озиқ-овқат би-лан таъминлаш учун Эрон билан учрашувлар бўлиб, Хуросоннинг шимолидан озиқ-овқат олишга рухсат берилди. Бироқ Эрон туркманларга емак сотмасликка қарор қилди. Шундай қилиб, мудофаачиларнинг ўз иқтисодий имконларига суянишдан бошқа чораси қолмади. Ҳар тарафдан қуршаб олингани учун ҳам бошқа умид йўқ эди. Қурол ҳам етарли даражада эмас эди. Қалъада фақатгина битта тўп бор эди. Баъзи уруғлар орасида ихтилофлар ҳам кўрина бошлади. Эрали бошчилигидаги Отабой уруғи урушнинг давом этиши тарафдори бўлса, хон Явмудский (рус қўшини полковниги] мансуб бўлган Қўшли раҳбарлигидаги Жафарбей уруғи урушнинг тўхтатилиши тарафдори эди. Скобелев Қўшлини қабул қилиб унга: «Бир томчи рус қони учун душман қонини дарё каби оқизишини... Туркманлар уларга ёрдам берса, ўзлари учун яхши бўлишини, акс ҳолда уларни йўқ қилишини» айтди. Бунга қарши бутун туркман орасида ўз озодлиги ҳимояси учун етарли жасорат хукмрон эди. Урушнинг натижасини ҳал қиладиган жанг бошланишидан олдин Скобелев 1880 йил 10 майда тенглик шартнома матнини эълон қилди(Гродеков, Война, II 44-6.). Бу матн қуйидаги шартларни ўз ичига оларди:

1.    Сумбар-Арчман темир йўлининг қурилиши.
2.    Туркманлар русларга 10 000 от беришлари керак.
3.    Яна туркманлар уруш товони сифатида ярим миллион сўм тўлашлари керак.
4.    Нуфузли оилаларнинг аксарият ёшлари гаров сифатида Русияга жўнатилади.
5.    Қизил Арват, Арчман, Гўктепа, Ашхабод ва бошқа муҳим ўлкалар ишғол қилинади.
6.    Ахалтекега оид ерлар оқ подшонинг ўз мулки деб эълон этилади ва оқ подшо хоҳиши билан идора қилинади.
7.    Бутун тарихий хужжатлар, қўлёзмалар ва китоблар русларга берилади.
8.    Озиқ-овқатларни туя ёрдамида воҳадаги рус қисмларига тортиқ қилинади.
9.    Эшон ва Сардор (ҳарбий қўмондонлар) оилаларидан бирмунча кишилар гаров сифатида русларга таслим қилинади(Гродеков, Война, II, 11, 71 - 72-6.).- Туркманлар бу тинчлик шартномасини қатъий рад этдилар. Бундай тинчлик шартномасидан сўнг мудофаачилар учун фақат бир йўл қолганди: «ўлим ё урушни давом эттириш».

Скобелев туркманларга қарши тадбирлар бошлашдан аввал яширин чоралар кўрди. 1880 йил 17 майда ишбоши полковник Гродековга шундай буйруқ берди: «Отабой ва Жафарбей оилалари ва нуфузли сиймоларининг рўйхатини тайёрланг. Уларни кўрмоқчи ва совғалар қилмоқчиман. Сиз мени кузатиб борасиз. Сиз уларни меҳмондўстлик одати ва туя сайили баҳонасида ҳадялар топширилиши муносабати билан бир жойга тўпланг. Бунда бир сир ва жуда фойдали иш бор».
Ҳақиқатан ҳам, чақирилганларнинг бир қисми «таклиф»га(Асирлар орасида: Эрали, Кўсдели, Аба Ҳожи, Мусахон, Танҳаб Мурат Сатлиқ, Дурди, Ризоқул, Назарбой, Ота Муродлар бор эди. Қаранг: Гродеков., Война., 60-61-6.) ишониб келди. «Меҳмонларнинг» ҳаммаси қатл қилинди.
1880 йил 6 июлда руслар Еген ботир қалъасига ҳужум қилди. Улар қалъани ишғол қилишни уддалай олмадилар. Мудофаачилар уч йўналишда хужумга ўтишди. Тикма Сардор қалъадан, Аваз дурди Сардор саҳро томондан, Нурмуҳаммад Сардор тепадан ҳужум уюштиришди. Русларнинг йўқотишлари аниқланмади. Фақат руслар така туркманларнинг 15 000 нафарини ўлдирганликларини баён қилдилар. Бу қирғинбарот урушда мудофаачиларнинг мумтоз қўмондонларидан Худоёрхон, Оллоҳнур, Нефес Карабелоҳ ва Беркалихонлар шаҳид бўлдилар(Гродеков, Война, П., 145-146-6.).
1880 йил 20 декабрда 52 тўп, 2 минг отувчи билан 6 300 рус аскари Янги қалъага юрдилар. Жанглар 23 декабргача давом этди. Генерал Петрусевич қисмидан фақат 60 нафари тирик қолди. 27 декабрда руслар Денгилтепага хужум қилдилар. Денгилтепа Гўктепа мустаҳкам бўлимида ҳақиқий бош қалъа эди. Гўктепа жуда кўп кўчалар, каналлар, полиз ва қалъаларни (буларнинг орасида Денгилтепа ҳам бор) ўз ичига олган минтақа эди. Ўша куни руслар беш нафар штаб офицери ва 91 нафар аскар йўқотгани айтилди. 30 декабрдаги ҳамла ҳам улоқтириб ташланди. Бу ерда мудофаачилар қўлларида тош, таёқ, ханжар ва болта каби қуроллари билан 1200 киши қарши хужумга ўтдилар. 1881 йил 4 январда руслар қалъа деворидан тешик очиш учун 65 158 та енгил қурол ўқлари, 625 тўп ўқлари ва 42 та ракета отдилар, аммо натижага эриша олмадилар. Жанглар 6 январгача узлуксиз давом этди. 6 январда Скобелов мудофаачи-ларга ўликларни йиғиб олиш учун рухсат берди. Воситачиликни полковник Хан Явмудский бажарди. Бироқ мудофаачилар Скобелевнинг бу таклифини рад этиб, шундай дедилар: «Руслар билан ҳеч қанақа музокара олиб борилмайди ва ўт очиш учун ҳар ким ўз истеҳкомидан ўрин олсин». Воқеалар шоҳиди бўлган бир рус кейинроқ шундай ёзади: «Душман жуда мард ва номусли эди»(Гродеков, Война II, 264 - 265 б.). 1881 йил 8 январда руслар қалъа деворлари-ни яна ўққа тутдилар. Бир ёриқ очишга муваффақ бўлдилар, аммо қалъага кира олмадилар. 11 январда 200 757 ўқ, 1772 снаряд, 264 ракета билан ўт очдилар, 13 мурда қолдириб ва 52 нафари ярадор бўлиб чекиндилар. 12 январда тўрт томондан кўп қисмлар билан (11,5 бўлинма билан Куропаткин, 8 бўлинма билан Коселков, 4 бўлинма билан Гайдаров ва 21 бўлинма билан Скобелев қалъага ҳужум қилдилар. У кунги ҳужумга 221 офицер, 6627 аскар, 88 тўп ажратилди. Улар 286314 ўқ, 5604 тўп ўқи ва 224 ракета қўлладилар. Мудофаачилар 6000 киши қурбон берди. Қалъа қўлдан кетди. Қимматбаҳо ашёлар талон-торож қилинди, руслар 6000000 сўмлик ўлжага эга бўлдилар(Гродеков, Война, III., 293-6.). Русларнинг берган маълумотларига кўра, Денгилтепа қамалида гўё 1104 рус аскари ўлган эмиш(Куропаткин, Geschichte des Feldruges, 190-6.). Бу катта жангнинг бошланишида қалъада (1880 йил июлига қадар) 5000 қуролли кишилар билан тахминан 30 000 киши бор эди. Қалъа таслим бўлгач, унда фақат 5000 хотин ва болалар тирик қолди, аммо улар ҳам қочаётган вақтларида зарбага учрадилар. «Текеликлар қамалнинг бошланишидан бери ўлим учун курашдилар. Ҳужумлари, айниқса, даҳшатли эди. Кечалари мушук каби сакраб, арслонлар каби ҳамла килардилар»(Тихомиров, 54-6.; Antagonismus, 44-6: «Қамал қилувчилар қўлига тушган барча мудофаачилар қатли ом қилинди Markov, 292-бетга кўра, «Тўктепада 23 мингга яқин аёллар бор эди, аммо булардан ҳеч бири қочишни истамади».). Скобелев Денгилтепа ичида 6400 жасад кўрди, бошқалари қарши хужумда шаҳид бўлган эдилар. Соғ қолганлардан таъқиб юзасидан 200 киши ўлдирилди. Хотинлар ва болалар яна очликдан ўлдилар(Abaza, 289-6.).
Қаҳрамон мудофаачиларнинг йўлбошчилари Тикма Сардор, Қул Боти, Аваз қули 1881 йили 21 мартда асир олиниб, 9 апрелда Петербургга жўнатилди. Денгилтепа қўлга киргач, руслар 28000 верст2 ерни ишғол этдилар. Эронга қарши мавқени мустаҳкамлаб, Тажан водийсида навбатдаги истилолар учун фурсат кутдилар. Теҳрондаги Русиянинг бош элчиси 1881 йил 14 январда шоҳ Насриддинга Гўктепа ишғол қилинганини билдирди(Гродеков, Война, IV, 52-бет.). 1881 йил 9 декабрида Русия билан Эрон орасида чегара шартномаси тузилди. Атрек дарёси икки давлат орасидаги қатъий чегара сифатида белгиланди(Битимнинг русча матни учун қаранг: Гродеков. Война, IV, 107 - 110 6.).
Гўктепа уруши дунё тарихининг андуҳли ва даҳшатли қисми бўлган XIX юзйилликнинг энг қонли ариғи бўлди. Гўктепа мудофаачилари алоҳида бир характер соғломлигини кўрсатдилар. Генерал Ломакин шундай деди: «Уларнинг орасидан миқдори қанча бўлишидан қатъи назар пул учун жосуслик қиладиган одам топиш мумкин эмас. Улар ўз миллатларига содиқ инсонлардир. бу садоқатни на ҳадялар ва на таҳдидлар билан қимирлатиб бўлмайди»(Тихомиров, 42-6.).
Фақат шундай кишилар топилдики, улар бу қонли урушда савдогарлик қилиб пул ишлади: русларга туя сотиш(1880 йил 23 январда Нургелди Мурод билан рус ҳарбий қисмлари вакили Тероганов орасида Муроднинг русларга 8000 туя сотиши ҳақида хужжат тузилди. 1880 йил 15 майда рус илғор қисмларини 1881 йил 1 январигача гўшт эҳтиёжини қондиришга доир туркманларнинг вакиллари Ҳакимбек, Ниёзмамбет, Мулла Нургелди билан Скобелевнинг мингбошиси Епифонов орасида савдо битими тузилди. Қиёсланг: Гродеков, Война, II., 55-6.) билан аслида, уларга фойда келтирди(Гўктепа жанги тарихини ўрганиш юзасидан муҳим адабиёт-лар: Н.И. Гродеков, Война в Туркмении. Поход Скобелева в 1880 -1881 годах, СПб. 1883 - 1884, бу асар 4-жилддан иборат, Куропаткин, Завоевание Туркмении. Поход в Ахал Теке в 1880 - 1881 годах с очерками военнмх действий в Средней Азии с 1839 по 1876 годах. Спб. 1889, 224 бет. (немисчаси: 79 - 197 бетлар); К.Гейнс. Очерк боевой жизни Ахалтекинского отряда 1880 - 1881 годах, СПб. 1882.). Уруш тугагач, 1881 йил 19 январда Скобелев қалъа деворла-рини бузиб ташлаш ва Гўктепани омоч билан ҳайдашни буюрди. Буйруқ бажарилди. Гўктепа фожиаси турклар учун ғоят аламли бўлса, рус лашкарининг «порлоқ зафари» бўлиб, тарафларнинг маънавий ҳаётида хотираси унутилмасликка лойиқ бир ҳодиса сифатида қайд қилинган. Гўктепанинг қўлга киритилиши русларга Ҳазар денгизи ҳавзасидаги бошқа ерларга кириши учун кенг йўл очиб берди. 1881 йил 17 январда 89 офицер бошчи-лигида 2689 аскар Ашхободга юрди ва шаҳарни ишғол қилди. 4 апрелда 5000 аскар Тажан дарёсини тўғри кечиб ўтди. Навбатдаги режа Марвни Россияга кўшиб олиш эди. Инглизлар ҳам Марв муаммоси устида бош қотирар эдилар. Инглизлар сиёсати Марв масаласи бўйича «Марв келажакда нима бўлади(Тўлиқ маълумот учун қаранг: Boulger, Central Asian questione, 147- 165-6.) саволига жавоб бериши керак эди. Улар русларнинг Марвга киришидан хавотирда эди. Рус раҳбарияти ҳам инглизларни ортиқча таҳликага туширмасликка интилар ва Марвни «сулҳ воситасида Россияга қўшиб олиш учун баҳона изларди». Аммо рус қаҳрамони Скобелевнинг қарашича; «Марвни сулҳ йўли билан Русия қарамоғига ўтказиш, хурматта-лаб бир тушунча эди. Марв билан фақат тўплар ёрдамида музокаралар олиб бориш» мумкин(Халфин. Присоединение, 307-6.). Рус бошлиқлари Скобелевнинг бу тавсиясини жуда аниқ тушунар, бироқ янги бир Гўктепа воқеаси содир бўлишидан чўчиб, аввал тайёргарликни кучайтиришни лозим топди. Хукумат босиб олишни аста-секинлик билан амалга оширишни кўзларди. Русҳарбий қисмларинингҳаракатлари Марв аҳолисининг осойишталигини бузди. 1881 йили 3 февралда Марв оқсоқоллари тўпланишиб, русларга қаршилик кўрсатишга қарор қилди. Айни пайтда ёрдам сўраб, 30 кишилик ҳайъат Қандаҳорга жўнатилди, аммо ёрдам бўлмади. 3 февралда карвончилар қиёфасидаги 3 нафар рус офицери лашкар ўтадиган йўлларни ўрганиш учун Ашхободдан Марвга жўнатилди. Бу «карвон» 25 февралда Марвга етиб келди(Коншин Н.Н. номигагина карвон раҳбари эди. Субайлар (қў-шинбек - офицер) қуйидагилар эди: Соколов, яширин исми Платон оға Космх (Северинбек), Алиханов (Қозонли Мақсуд), қаранг: Тихомиров, 113-6.). Бек уруғи оқсоқоли Қорақулихон бу «карвон»дан шубҳа қилди ва офицерлар аниқ маълумот тўплай олмадилар. Март ойида эса 29 кишилик Марв ҳайъати Ашхободга кетди. Бобохон раҳбарлигидаги бу ҳайъат Марвда мустақил бир хонлик тузиш борасида руслар билан музокаралар олиб борди, лекин бирор натижага эриша олмади.
1883 йил баҳорининг охирларида Тажан водийсида рус харитачиларининг бир гуруҳи пайдо бўлди. Уларни туркманлар бартараф қилишди. 1883 йил ноябрида полковник Муратов бошчилигида рус қисми «Русларга тажовуз қилган варварларни (ваҳшийларни) жазоламоқ учун Тажан дарёси водийсига юрди ва Марвдаги энг муҳим ҳаракат таянчларидан бири бўлган Kappa Бандни ишғол қилди. Муратовга бир гуруҳ аскарни таржимон билан Марвга юбориш буйруғи берилди. 22 декабрда улар кавказлик Алиханов ва Пасто Плиер, 20 казак ва 12 туркман кузатувида Марвга келишди. Алиханов туркман катталари (вакил уруғидан Муҳаммад Юсуф, бахши уруғидан Сари ботир ва бек уруғидан Мурод) билан музокара олиб борди ва уларни Марв ҳокимияти қабул қилишини талаб қилди. Яна шу нарса алоҳида таъкидландики, агар талаб қабул қилинмаса, халқ бошига Гўктепадагидан ҳам даҳшатлироқ мусибат ёғдирилишидан қутулиш мумкин эмас.
1884 йил 1 январида Марв катталари 300 кишидан кўпроқ вакиллар иштирокида йиғин уюштиришди. Бу йиғинда ҳам Алиханов русларнинг талабларини қабул қилдиришга уринди. (Алиханов ўртоқларига шундай эътироф қилади: «Отам 40 йил русларга астойдил хизмат қилди, мен эса 20 йилдан бери итдек хизмат қиляпман. Худога шукр, биз иккаламиз хдм мусулмонмиз. Тихомиров., 142-6. Алиханов Аварский (у авар эди) кейинроқ полковник сифатида туркманлар орасида бир замонлар Тевкелов қозоқлар орасида ўйнаган ролни ўйнади.) Шу ерда у ўзининг мусулмон эканлигини тасдиқлашга ҳаракат қилди. Мажлис Марвнинг келажагини ҳал қилиш учун Ашхободга бир ҳайъат жўнатишга қарор берди. 1884 йил 31 январда Ашхободда ўруслар билан марвликлар орасида 10 моддадан иборат шартнома тузилди. Бу шартнома бўйича туркман хонлари мухторликка эга бўлиш ҳамда бир рус офицери томонидан назорат этилиши қабул қилиниши лозим эди. Битим тузилган заҳотиёқ генерал Комаров бошчилигидаги рус ҳарбий қисмлари (4 бўлинма, 2 та казак юзлик (рота)лари, 20 нафар туркман, 6 батарея, 6 та тўп билан Марвга юриш қилди. Бу қисмлар 1884 йил 24 февралда Марв атрофидаги Ғариб отага етганларида 4000 туркман билан тўқнашишди. Ҳимояни туркманлардан Кужархон ва Сиёҳ Пушлар бошқардилар. Уламолар мусулмонларни, халқни ватан учун жангга киришга даъват қилди. 1884 йил 2-3 мартда тахминан 2000 туркман Комаров қисмларига хужум уюштирди. Комаров бирликлари қаттиқ қаршилик кўрсатди. 3 март 1884 йили рус бирликлари Мурғоб дарёси бўйлаб юриб, 14 мартда Марвни босиб олдилар. Бахтга қарши така туркманлар хони мархум Нурбердихоннинг беваси Гулжамол урушга қаршилик қилди. Ўғиллари - Гўктепа мудофааси сардори Маҳтумқулихон ва Юсуфхон Гўктепа қўлдан чиққач, Марвда макон топган эдилар. Улар оналарининг гапидан чиқа олмади. Туркманлар умидсиз бир ҳолатга тушдилар. Уларнинг Эрондан ёрдам кутиши (қирқ кишилик Бақохон бошчилигидаги ҳайъат ана шу мақсадда 1881 йил июлида Машҳадга кетганди) ҳам беҳуда эди. Теҳрондаги Русиянинг бош элчиси Эрондан Тажан ва Марв туркманларининг ишларига аралашмасликни талаб этди ва бунга муваффақ бўлди ҳам. Марв масаласи юзасидан инглизлар жуда кўп гапирган бўлсалар ҳам ҳеч қандай ҳаракат қилмадилар. 1884 йил 4 мартда Марв ишғол қилиниши билан русларнинг таъбири билан айтганда «Марв ва теварагини сулҳ йўли билан Русияга қўшиб олиш» тамом бўлди(Марвнинг Русия томонидан босиб олиниши мавзусида энг муҳим тадқиқотлардан бири Тихомировнинг иши ҳисобланади. Рус тилидаги бошқа манбалар: А.А.Семенов, Очерки из истории присоединения вольгое Туркмении (1881 - 1885 й.) Ташкент, 1909., Халфин. Присоединение 354-370 б. Рус тарихчилари инглизлар ҳақида муболаға билан ёзишни яхши кўрадилар: Фотима Юлдашбаева. Из истории английской колони-альной политики, 125-бетда: Марвнинг руслар томонидан босиб олиниши туркманларнинг бу вохдсини гўё азалдан қўлга киритиш хдқидаги инглизларнинг режасини бузиш билан боғланар эмиш.). Марв истилосидан кейин руслар 1884 йил 31 январь шартномасидаги туркман хонларига мухторият бериш хуқуқини амалга оширмадилар. Аксинча, Тажан воҳаси идорасини Маҳтумқулихонга бердилар. Айни замонда Алихонов Марв шаҳрининг ҳокими қилиб тайинланди. Туркманлар алданганликларини сездилар. Фақат рус қўшини ўз хоҳишича иш юритаётганидан янги бир шартнома тузишни таклиф қилишнинг имкони йўқ эди.
Русия фақат Марв Тажан воҳасини босиб олиш билан қаноат қилмади, оқ подшонинг 1887 йил 6 август қарори билан маркази Байрам Алида бўлган Мурғобнинг ўнг соҳилидаги 103908 десятина ер ҳам Русиянинг ўз мулки деб эълон қилинди. Бу «мулклнинг идораси қўшин ҳимоясида амалга оширилиб, тўғридан-тўғри оқ подшога бўйсунар ва даромад рус подшолигининг шахсий хазинасига бориб тушар эди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер