Гулбаҳор Моҳидаврон-Султон (тахм. 1500 йил - 3 февраль 1580/1581 йил, Бурса, Усмонийлар империяси) - шаҳзода Мустафонинг онаси, Усмонийлар Султони Сулаймон I нинг асосий канизаги.
Баъзи тарихчилар Моҳидавроннинг «Султон»унвонини олган деб ҳисобласа, бошқалар унинг норасмий «кадин» унвонига эга бўлган жеб ҳисоблайди. Лесли Пирснинг сўзларига кўра, Моҳидаврон «хатун» унвонини олди, чунки Сулаймон I ва Хуррем ўртасидаги никоҳ ва «хасеки-Султон» унвони жорий қилинишидан олдин Султонларнинг барча канизаклари «хатун» унвонида бўлган.
Келиб чиқиши Тахминлардан бирига кўра, Моҳидаврон келиб чиқиши черкеслардан бўлган; баъзи манбаларга кўра, у аслзода князлар Бесленеевларнинг Кануковлар оиласига мансуб бўлган ва катта князь Маашук Кануковнинг синглиси эди. Моҳидаврон албанлардан, черногориялик ёки ва абхазлардан эканлиги ҳақида тахмнилар ҳам бор. Турли хил ҳарам ҳужжатларида унинг отаси Абдураҳмон ва Абдулманнон деб кўрсатилган; Бурсада шаҳзода Мустафонинг турбаси ҳақидаги ҳужжатларда Абдуллоҳ исмли киши Моҳидавроннинг отаси сифатида қайд этилган.
Сулаймон I нинг канизаги Моҳидаврон Сулаймоннинг Маниса санжакбейи лавозимида бўлган даврида ўн етти канизакларидан бири эди; ўша пайтда у шаҳзоданинг асосий канизаклари қаторига кирмасди ва Сулаймоннинг бошқа иккита севимлиси сингари кунига атиги 4 ақча маош олган (учта асосий канизак бир ақча кўпроқ оларди). 1515 йилда у биринчи ўғли Мустафони туғди. 1520 йилда Султон Селим I вафот этди; Сулаймон Султон бўлди ва оиласи билан Истанбулга кўчиб ўтди. Бир йил ўтгач, Сулаймоннинг икки ўғли - тўққиз ёшли Маҳмуд ва икки ёшли Мурод чечакдан вафот этди; Султон ўғилларининг ўлими Моҳидавронни тахтнинг ягона меросхўрининг онасига айлантирди ва анъанага кўра унга ҳарамда волида-Султондан кейин иккинчи ўринда турадиган бош хотин (баш-кадин) унвонини олиб келди. Ҳарамда Моҳидавроннинг нуфузли рақиби, Султоннинг севимлиси Хуррем Султон бор эди. 1521 йилда Хуррем биринчи ўғлини, шаҳзода Меҳмедни туғди; 1522 йилда шаҳзода Абдуллоҳ туғилди, тарихчилар Моҳидавронни ҳам, Хурремни ҳам унинг онаси деб ҳисоблашади. 1524 йилда Хуррем яна бир ўғил - шаҳзода Селимни туғди, бир йилдан сўнг Абдулла вафот этди; Моҳидаврон тахтнинг ягона меросхўрининг онаси сифатида ўз мавқеини йўқотди. Сулаймон иккала канизакка ҳам тенг ҳурмат билан муносабатда бўлган, аммо 1526 йилга келиб у эътиборини бутунлай Хурремга қаратган. Охир-оқибат, элчи Пьетро Брагадин хабар берганидек, Моҳидавроннинг ягона қувончи унинг ўғли Мустафо эди. Хуррем яна ўғиллар туғишда давом этгани сари, Султонга кўпроқ таъсир кўрсатиш имконига эга бўларди. Сулаймоннинг онаси Ҳафса-Султон ўғлининг икки канизаги ўртасидаги рақобатни йўқотишга ҳаракат қилди, лекин муваффақиятга эриша олмади. 1533 йилда венециялик элчи Бернардо Наважеронинг хабарларига кўра, аёллар ўртасидаги кураш Хуррем жароҳатланган муштлашувга олиб келди; оқибатда Моҳидаврон Султондан узоқлаштирилди. 1533 йилда Моҳидаврон ўғли билан Манисага жўнаб кетди ва кўп ўтмай Хуррем Сулаймоннинг қонуний хотинига айланди; Моҳидавроннинг ўзи бош хотин мақомини йўқотди.
Мустафонинг Маниса ва Амасьядаги ҳукмронлик даврида Усмонийлар анъаналарига кўра, ҳамма шаҳзодалар вилоятлардан бирида губернатор (санжакбей) лавозимини эгаллаб, мамлакатни бошқариш борасида сабоқ олишлари талаб қилинарди; кўпинча тўнғич ўғил ва валиаҳд шаҳзода Манисада санжакбей бўларди; валиаҳд онасининг мажбуриятлари қаторига вилотда ўғлига ҳамроҳлик қилиш ва унинг ҳарамини бошқариш кирарди. Мустафо 1533 йил тантанали маросимдан кейин онаси билан бирга Манисага йўл олди. Венециялик дипломатлардан бири 1540 йилда шаҳзоданинг саройи ва унда онасининг ролига қуйидагича таъриф берган: «бу ажойиб ва шукуҳли сарой отасининг саройидан кам эмас» эди ва «у билан бирга бўлган онаси одамларнинг меҳрини қандай қозонишни ўргатарди». 1541 йилда шаҳзода Мустафо ва Австрия элчиси ўртасидаги музокаралар туфайли Сулаймон ниҳоят ўғлини ўзидан узоқлаштирди ва уни Амася губернатори лавозимига ўтказди ва Хуррамнинг тўнғич ўғли шаҳзода Меҳмедни Манисага тайинлади; Амася пойтахтдан узоқроқда эди, бу Султон вафот этган тақдирда тахтни эгаллаш борасида Моҳидавроннинг ўғли имкониятларини пасайтирди. Шаҳзода Меҳмед 1544 йилда вафот этди ва Моҳидаврон Мустафо Манисага қайтади деб умид қилди, аммо Султон Хурремнинг бошқа ўғли — шаҳзода Селимни у ерга юборди. Хуррамнинг яна бир ўғли шаҳзода Баязид дастлаб Коняга, кейин Кутахяга юборилганди, бу ҳам Истанбулга Амасяга қараганда яқинроқ эди. Тахтга учта даъвогардан иккитаси Ҳуррем Султоннинг ўғиллари бўлган вазиятда Мустафонинг ҳаёти хавф остида эди: 1553 йилда Наважеро «Мустафонинг онаси ўғлини заҳарлаб қўймасликлари учун кўп ҳаракат қилади ... ва у онасига чексиз ҳурмат ва эҳтиром билдирарди». Мустафо халқ орасида жуда машҳур эди. У тўққиз ёшлигида венециялик элчи шундай деб ёзган эди: «у ажойиб истеъдодга эга, у яничарлар жуда яхши кўрадиган жангчи бўлади ва катта жасорат кўрсатади». 1553 йилда Мустафо 38 ёшга тўлганида Наважеро «уни қанчалик севишларини ва тахт вориси сифатида исташларини тасвирлаб бўлмайди» деб ёзган. Ўша даврдаги миш-мишлар ва тахминларга кўра, Сулаймон I ҳукмронлигининг охирига келиб, унинг ўғиллари ўртасидаги тахт учун кураш аниқ бўлди; бундан ташқари, Хуррем ва унинг куёви, Буюк вазир Рустем Пошо Султонни Мустафога қарши гиж-гижладилар, уни Султонга қарши фитна уюштиришда ва Сулаймон I. ни ағдариш учун тартибсизликлар уюштиришда айбладилар, 1553 йилда форсларга қарши уруш пайтида Мустафо фитна айблови билан қатл этилди; бир неча кундан кейин, Мустафонинг етти ёшли ўғли Меҳмед ҳам қатл этилди. Мустафо ҳақиқатан ҳам Султонни ағдариб ташламоқчи бўлганми ёки унга туҳмат қилинганми, номаълум. Ўғлининг ҳаётининг охиригача Моҳидаврон уни сиёсий душманлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилди ва, эҳтимол, бу мақсадда кенг хабарчилар тармоғини ташкил қилди ва қўллаб-қувватлади. Элчи Тревизано 1554 йилда ўғли қатл этилган куни Моҳидаврон Мустафога отаси уни ўлдирмоқчи бўлганлиги ҳақида огоҳлантириш хати юборганини ёзган, аммо Мустафо онаси ва дўстларининг огоҳлантиришига эътибор бермаган.
Мустафонинг қатл этилиши, бевалик Ўғли ва набираси қатл этилганидан кейин бир неча йил давомида Моҳидавроннинг ҳаёти жуда оғир кечди. Моҳидаврон ўғлининг беваси билан бирга Мустафо дафн этилган Бурсага сургун қилинди. Моҳидаврон Султоннинг ғазабига йўлиққан шаҳзоданинг онаси бўлиб, барча нафақалардан маҳрум бўлди, ўзини ва келинини уй-жой билан таъминлаш учун ҳар қандай моддий қийматга эга бўлган ҳамма нарсасини сотишга мажбур бўлди. Вазият фақат Сулаймон вафотидан кейин, ўша пайтда унинг ягона ўғли Селим II тахтга ўтирганида ўзгарди. Селим Моҳидавроннинг барча қарзларини тўлади, унга Бурсада уй сотиб олди ва бева аёлга нафақасини тайинлади. Барқарор ва етарли даромадга эга бўлган Моҳидаврон ўғлининг мақбарасини қўллаб-қувватлаш учун фонд ташкил қила олди Моҳидаврон Султон 1580/1581 йил 3 февралда, Сулаймон, Хуррем ва уларнинг барча фарзандларидан кейин вафот этди. У Бурсадаги шаҳзода Мустафо мақбараси Мурадие масжидида дафн қилинган.
Болалари Моҳидаврон бир нечта шаҳзоданинг, жумладан, Мустафо (1515-1553), Абдуллоҳ (гўдаклик даврида вафот этган, Хуррем Султон ҳам унинг онаси ҳисобланади) ва эҳтимол, Аҳмаднинг онаси эди. Шунингдек, Моҳидавроннинг Разие-Султон исмли қизи бўлган деб тахмин қилинади. Моҳидаврон Павель Загребелнийнинг «Роксолана» романи, шунингдек, бир нечта телесериаллар қаҳрамонлардан бири: «Роксолана» (Украина, 1996-2003); ролни Наталья Гончарова ўйнаган. «Ҳуррем Султон» (Туркия, 2003); роли Хатиже Аслан ўйнаган. «Муҳташам юз йиллик «(Туркия, 2011-2014); ролни Нур Феттаҳоглу ўйнаган.
Абу Муслим тайёрлади |