Саналар
07.07.2024
Баннер
Баннер
Қўқон Мухториятига алоқадор воқеалар
PDF Босма E-mail

Энди бу ердан умидсизланганим сўнгида Афғонистон, Ҳиндистон чегаралари бўшлигидан фойдаланиб у томонларга ўтишимни ўйлаган бўлсам ҳам, ёлғиз бош қайғусида бола-чақалардан ажраб, суюкли ватанимни душман қўлига ташлаб кетишни ўзимга лойиқ топмадим. Айниқса, йўлдошларим дунгонлар ичида жонфидо шогирдим Довудҳожи мендин ажрамасга шарт қилиб, қолишимга қаттиқ қаршилик кўрсатмиш эди. Бунинг устига, Вақтли Керенский(Русияда чорлик 1917-иил февраль ойида йиқилгач, ўрнига Керенский раислигида қурилган ҳукумат.) ҳукумати қурилган сўнггида Фарғонага мухторият берилиб, Польша мусулмонларидан Оғаев исмли бир юрист раислиги остида ўн икки кишидан иборат аъзо сайланмиш эдилар. Шулардан бирови акамиз Олимхонтўра жаноблари эди. Бу ишга тиш-тирноғи билан қарши туришган большевиклар мусулмонларнинг энг кекчил душманлари саналган арманилардан тўпланган аскарларнитўлиққуроллантириб,халқустигакелтирдилар. Буларнинг бошчи қўмондонлари эса турк қонига чанқаган, қоничкич Дошноқ фирқа(Дошноқ фирқаси (арманича “Ташнак цутюн”) - 1890 й. Тифлис-да тузилган партия бўлиб, программасида Ғарб давлатлари ва Русия кўмагида қуролли исён ва террор йўли билан Туркия территорияси-да “Буюк Арманистон” давлати қурмоқ мақсади қўйилганди.) аъзолари бўлганликдан Қў-қон шаҳри устида кўрсатган ваҳшийликлари ўрта аср йиртқичларидан Чингиз ваҳшатларини ортда қолдирмиш эди. Онгсиз халқ буни унутган бўлсалар ҳам, душман сунгу найзаларининг зарбаларидан юраклари парчаланмиш, кўз қонлари билан кўнгил саҳифаларига даҳшатли зулм хатларини ёзмиш тарихчилар бу каби фожиаларни ҳеч қачон унутмайдилар. Халқ кўзини қўрқитиб, уларга даҳшат солиш учун бир томондан отиш-чопиш бошланган бўлса, иккинчи ёқдан ўт қўйиб, бутун шаҳар бозор расталарини куйдирмиш эдилар. Бу воқеадан беш-олти йил кейин Хўқандга борганимизда бузилиб, вайрон-толқони чиққан кўп иморатларни, куйдирилган бозор расталари ўрнида тўдалашб ётган ҳисобсиз култепаларни кўзимиз кўрди.
Мана шу Хўқанд мухторият ҳукуматига раис сайланган киши польшалик Оғаев аталган поляк мусулмонларидан эди. Чор ҳукумати йиқилган сўнгида Польша бошлиқ бутун Болтиқбўйи миллатлари ўз ҳуқуқларига эга бўлиб, мухторият олмиш эдилар. Бунга тушуниб ҳақ, талаб қилувчи ва ҳам бу ишни бошқарувчи бу ўлкамизда киши йўқлигини билган мусулмон зиёлилари диний ҳислари қўзғолиб, Туркистонда қардошларининг биринчи мартаба янгидан қурилаётган ёш давлатларига ёрдам еткуруш учун буни юбормиш эдилар. Ўзи юрист бўлиб, чор ҳукуматига қарши мусулмон полякларнинг миллий инқилобчиларидан эди. Ҳўқандга келиши биланоқ оз-кўп тушунган кишилар буни тақдирлаб, янги қурилаётган миллий мухторият ҳукуматига раис сайламиш эдилар(Аслида бош котиб сайланганлиги фикри мавжуд.). Бу эса бутун ишларни тартибга солиб, ўн икки кишидан иборат ҳукумат ҳайъати тузилиб, эндигина ишга киришаётган чоғда бало-қазодек келиб большевиклар босдилар. Қочишга улгурган кишилар қутулган бўлса хам, улгура олмаган аъзолардан қўлга тушган бахтсизлар ҳам оз эмас эди. Ана шу бизга ёрдам учун оиласи, ватани, балки бутун бахти-тахтидан кечиб келган польшалик дин қардошимиз ерлик бахтсизлар қаторида қўлга тушиб, биз учун қурбон бўлди. Эшитишимизча, буларнинг ваҳшийлик маслагидан хабари йўқ бўлиши керак. Бутун дунё бўйлаб ҳар ердаги инсонлар ўз ҳуқуқларига эришаётган йигирманчи аср даврида ўтган ваҳшийларча отиш-чопиш билангина иш олиб бормасалар-ов, булар билан кўришиб сўзлашайликчи, мақсадлари нимадур, уни билайлик деб, юристлик қилиб, ҳуқуқшунослик йўли билан бу йиртқичларга сўз ўтказмоқчи бўлиб, қўлга тушиб қолди. Йўқ эса, бошқа “жон қутқазган - ботир”лар каби фурсатдан фойдаланса, қочиб қутулиши мумкин эди.
Бу қаҳрамон қўлга олингандан сўнгра бутунлайин хорлик, зулм остида туришдан ўлимни ортиқ кўриб, очлик билдирмишдурки, бу каби энг сўнгги даҳшатлик чорадан инсоният оламида фойда бериши кутилур эди. Булар олдида эътиборсиз қолганликдан ўн беш кунлаб оч қолдирилмишдур. Ақли озиб, ўлар ҳолга келганда бошқа ёққа олиб кетганлар. Ундан кейинги тақдири бизга номаълумдир.
Инсоният ҳуқуқининг ҳимояси учун қурбон бўлиб, шундайин олийжаноблик кўрсатмиш бу қардошимизга бутун инсоният томонидан ёлқинлик кўнглимдан чиқарган ташаккуримни билдирган сўнгида унинг муқаддас руҳига абадий раҳматларимни йўллайман. Бу каби инсоният қаҳрамони оз учраганлиқцан хақлик қурбони бўлмиш кишининг хизмати кўмилиб кетмасин учун виждоним талабича бу ўринда ёзиб қолдиришга мажбур бўлдим.
Янаўз сўзимизга келайлик. Энди шуни билмак керакким, Қуръоннинг ҳукмига Расулуллоҳнинг йўлига яхши тушунмай динга хиёнат қилган, икки дунёсидан ажраб, ўз ватанида хорлик билан яшаган ёлғон мусулмонлардан илм, фан, маданиятни ўзлаштириб бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар албатта ортиқдир. Бутун Уйғуристонни қоплаган шу ўхшаш онгсизлик офатини кўргач, у ердан умидим узилиб, ночор, янгидан ўт олаётган фитна ўчоғи ичидаги ўз юртим Тўқмоққа қайтиб келдим.
Қарасам, соясидан қўрққан қуёндекҳар ерда қочиб-писиб юриб кун кўраётган ҳақсиз кишилар ҳам оз эмас эканлар. Шулар қаторида мен ҳам шаҳардан четроқ Шўртепа деган дунганлар қишлоғида туриб, деҳқончилик билан кун кечирмоқчи бўлдим. Марҳум отамиз насиҳатларича имом бўлишдан сақланиб, бир-икки йил ўз ишим билан шу ерда куйманиб юрдим. Лекин ўлкада қорасаводлик ёки саводсиз масжид имомлари бўлса-да, динга асоси билан тушунган олимлардан бирорта ҳам йўқ эди. Бунинг устига большевик ҳукумати динсизлик асосига қурилганликдан Худосизлар жамияти(Худосизлар жамияти (русча “Обшесгво безбожников”) - 1921 й. да Москвада тузилган ижтимоий ташкилот ниқоби остидаги давлат муассасаси. “Безбожник” (“Худосиз”), “Атеист”, “Антирелигиозник” (“Динга қарши”), “Воинствуюший атеизм” (“Ҳужумкор атеизм”) каби расмий матбуот органлари бўлган. Бу тоифа Ўзбекистонда “Худосиз” деган журнал чиқарган.) томонидан ҳар жойда динга қарши ташвиқот тарқалиб, диндорларга ҳужум бошладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтишларича, бундай вақтда олимнинг сукут қилиб қараб туриши ўз динига хиёнат қилиши демакдир.(Нисоий, Байъат, 37 даги ҳадисдан мулҳам ифодадир.) Бундан сақланиш учун марҳум отамизнинг “Имом бўла қўрма” деган васиятларига қарамай, халқ талабини қабул қилиб, Тўқмоқ шаҳри катта масжидига имом бўлдим. Шу биринчи жумъасидаёқ минбар устидан оз деганда бир минг кишига қарата ақлий-нақлий далиллар келтириб, динсизликка қарши ўткир бир ваъз сўзладим. Масжид халқи бундан таъсирлангач, диллари эриб, кўзлари ёшланди. Ҳар жойдан “оҳ-воҳ” товушлари кўтарилиб, йиғи-сиғи бошлангани турди. Албатта бундай улуғ диний жамият мажлисларида
у вақтнинг раҳмсиз жаллодлари - уч ҳарфлик ГПУ(ГПУ (русча ‘Тлавное политическое управление”нинг қисқарт-маси) - Бош сиёсий бошқарма, чекистлар идорасининг ўша вақтдаги оти, яъни маҳфий давлат сиёсий полицияси.) куйдурги жосусларидан сўз тингловчи бир неча кишилар борлиги маълум эди. Шундай бўлса ҳам бирор томондан бу ишга очиқ равишда тўсқинлик кўрилмагач, диний руҳ қизғинлиги билан ўз ишимда давом этиб турдим.
Шу орада 1922 йиллари Отбоши, Норин қозоқ руслари(Қозоқ рус (казачий, казак)лар - Булар Сибирия ва Ўрта Осиё истилосида рус давлатига фидокорона хизмат кўрсатганлари учуи катта имтиёзларга соҳиб бир рус қавмидир.) томонидан Бондуруф(Аниқроғи Бондарёв К.А.; расмий манбаларда қўзғолон тарихи ноябрь 1920 йилдир.) қўл остида қаттиқ бир қўзғолон кўтарилмиш эди. Дарҳол буларга қарши отланса отасини аямаган қора туркманлардан бир бўлук(Полк, қисм (чиғ. туркча).) қуроллик аскар келтирилди. Ёрдам олғудек таянчлари бўлмаган қўзғолончилар буларга қарши туриша олмай, Кошғар томонга чекинишиб қочдилар. Буларнинг касофатига Тўқмоқ, Пишпакдаги бой савдогар ёки халқ ичида кўзга кўринарлик саксон неча кишини бир кечада босиб, текшириш-суриштириш йўқ, шу кечанинг ўзидаёқ қўллари сим билан орқаларига боғланган ҳолда шаҳар ташқарисидаги Қораёғчилик боққа олиб бориб отдилар. Бу гуноҳсиз мазлумларни ўлдириш учун қазилган чуқур четига келтирилгач, отиб-чопиб ташлай берганликдан кўплари чала жон эди. Шу ерлик кўрган кишилар айтишларича, уларнинг устиларига жонлари чиқмай туриб тупроқ тортганликдан уч кунгача тупроқ усти тўхтовсиз лўмуллаб ётмишдир. Бу каби юраклар титраб, жонлар ачинарлик, сўзлашга тил сесканиб, ёзишга қалам жирканарлик бу “маданий” йиртқичларнинг қилган ваҳшийликларини ёзиб қолдиришга мажбурмиз. Чунки тарихда кўрилган ишларнингяхши-ёмони демай, кўрган-билган нарсаларнинг барини қолдирмай қаламга олиш тарихчи устига юкланган муқаддас вазифа ҳисобланади. Бу эса динсиз даҳрийлар ҳокимиятининг янгидан бўлаётган бошланғич давриларига хирмондан бир ҳовуч, денгиздан бир чўмич каби кўрсаткичдир. Кўзлаганим қуруқ сўз достони сўқиб, ҳикоя-воқеа тўплами ёзиш эмас, балки асл мақсад келгуси ватан болаларимиз бундан ибрат олиб, энди келажакда қандоқ яшамоқ керак эканлигини билишларидур.
Тарихнинг айтишича, шу ватанимиз, Ўзбекистон ўлкасини шарқдан, шимолдан чиққан бало селлари қоплаб, неча мартаба ҳароб қилганлиги маълумдир. Шунинг учун бизнинг илгариги порлоқ маданиятимиз вайронликка учраб, наслларимиз хам табиий ўсишдан тўхталганлиги кўз олдимизда туради. Чунки, бизга чегарадош хитой халқи ҳисоб бўйича етти юз миллионга етган ҳолда биз Туркистон халқи буларга замондош бўлсак ҳам нега буларнинг юздан бирига тенг бўлиб, шу кунга довур ўн миллионга ета олмадик? Бунинг сабабларини ҳар ёқлама текшириб кўрилганда турликча бўлиб чиқиши кўнгилга келади. Лекин ўтган улуғ файласуфларнинг айтишларича, тарихий тажрибаларнинг кўрсатишича, қайси бир миллат ўз миллий давлатидан ажраб, унинг ҳукумати йўқолар экан, ҳукумат эгаси бўлган келгиндилар ҳисобига йил сайин насллари озайиб бориб, энг сўнггида бутунлай ютилиб кетади. Ўз ҳокимиятидан ажради демак - инқироз демакдир. Шу сабаблик дунёдаги онглик, маданий миллатлар ўз ҳокимиятларини сақлаш учун неча миллионлаб қурбон беришга тайёрдурлар. Ҳолбуки, ҳар бир миллатга имон-исломини сақлаш “Қуръон ҳукмича қандай фарз бўлса, шу ўхшаш ўзлигини ва ўз миллатини сақлаш ундан ҳам фарзрокдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси бир киши ўз отасини ташлаб, бошқа бировнинг боласиман деса ёки бир миллат тили, дини, расм-одати бошқача иккинчи бир миллатга ютилса, буни қораладилар(Ибн Саъд, Табақот, 1) ва мана шундай ишга норозилик билдириб, уларга лаънат ўқидилар. Миллий ҳиссини йўқотиб, ўз миллатидан ажраш Қуръон ҳукми бўйича ҳаромдир.
Ер усти ужмоғи(Жаннат (чиг. туркча).) бўлғудек, жаннат каби ноз-неъматлик, яйловлари кўп, оқар сувлари мўл, боғ-бўстонлик гўзал ватанимиз Ўзбекистон ўлкаси атрофимиздаги очкўз ғанимлар томонидан ҳар вақт ҳужум остида бўлиб турганлиги машҳур тарих китобларда ёзилмишдир. Ҳозирги кунимиздан етти юз саксон йиллар аввал бутун дунёга даҳшат солган, ўрта аср йиртқичлари бўлмиш, қуюндек коплаган Чингиз аскарининг биринчи зарбаси биз Туркистон улусининг устига тушган эди. Шу ўхшаш Ер юзи инсонлари учун яхшилик кутилган йигирманчи асрда чиққан большевикларнинг биринчи навбатдаги оғир зарбаларига яна биз Туркистон мусулмонлари учрадик.
Чунки, юқорида айтилганича, бу маданият даврининг тотлик емишларидан фойдаланиб, дунё инсонлари ўз ҳуқуқларига бутунлай эга бўлдилар. Ва ҳам бу орқалик илм, маданият, ҳунар-саноат ер юзига тарқалиб, Африка чўлларигача кира бошлади. Бизлардан бошқа ҳар ердаги озу кўп миллатлар эса ватанлари босқинчиларидан қутулиб, ўз эрклик миллий ҳукуматларини қуриб олдилар. Биз бўлсак, ҳақиқатда большевиклар ҳукумати қурилган кундан бошлаб ёлғиз миллий, диний, ватаний ҳақларимиз эмас, балки инсоний ҳуқуқларимиздан ҳам бутунлай ажраган, сўнггида эрксиз ҳайвонлар қаторида ишламакка мажбур бўлдик. Бир миллатнинг ўз ҳуқуқлари бутунлай ўз қўлига топширилмагач, Ўзбекистон оти қоғоз устида ёзилиши билан ёки бошқаларнинг юкини кўтарган, аравасини тортган эшак-отлардек бир мунча ўзбек номидаги виждонсиз, қуруқ ҳайкалларни ўз мақсадларини қўлга келтириш учун ўриндиқ устига ўтирғизиб қўйиш билан у миллат қандай озодликка чиқдик дея олади?
Балки бундай миллатлар шу каби хиёнат пардалари остида бутун ҳиссиётларидан ажраган ҳолда ем бўлиб ютилиб, охири инқироз чуқурига юзтубан йиқилиб ҳалок бўлишлари шубҳасиздир. Ўтмишдаги Ўзбекистон ўлкасида минг неча юз йиллар давом этган мустақил давлатимиздан 1865 йили чор Русиясининг босқинчилиги билан ажраган бўлсак ҳам бошқа ишларимиз ўз қўлимизда эди. Бунинг устига Бухоро, Хоразм хукуматлари эса 1920 йил ўрталаригача сақланиб келмиш эдилар. Бутун шароит қўлларида бўла туриб, онгсизлик офати, сиёсат кўрлигидан юзларча йиллаб кутилмоқда бўлган бу каби қулай фурсатни бекорга қўлдан чиқардилар. Йўқ эса бу икки ўлка бирлашиб, унинг устига халқ бойлиги ва ер бойлиги қўшилар экан, ватанимиз Туркистонда миллий ва маданий кучлик бир давлат қуриш қобуси келмиш эди. Бироқ бахтимизга қарши бизда мудофаа қуввати йўқлигидан ўз еримизда ғариб бўлиб, ўз меросимизга эга бўла олмадик.
Энди бу ўриндаги мудофаа қуввати нимадан иборат эканлигини ўқувчиларга билдириб ўтмишимиз лозим бўлади. Босқинчиларга қарши қўйилган мудофаа қуввати эса шу ҳозирги замонавий илм-фан, қурол-жабдуққа эга бўлишдан бошқа нарса эмасдир. Ялиниб-ёлвориб булардан шафқат-марҳамат тиламак шайтондан инсоф-тавфиқ умид этмак кабидир. Шунга кўра ватан болалари олдимиздаги келажак кунларни эскариб, замонавий илм ўқишга чин кўнгиллари билан киришиб, ҳалол мерос, ўз ватанларини эгаллаш учун мудофаа тайёрлашга тиш-тирноқлари билан ёпишсинлар.

Алихонтўра Соғунийнинг
"Туркистон қайғуси" китобидан

 
Баннер