Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Шарқий Туркистонда коммунизм ва антикоммунизм
PDF Босма E-mail

Коммунистлар ҳокимият тепасига келгунча, миллат-чи хитойларнинг Шарқий Туркистонда коммунизмга қарши курашиш истаклари йўқлиги очиқ кўриниб турарди. Натижада, коммунизмга қарши курашиш яна фақат туркистонликлар зиммасида қолди. Усмон ботир бу сафар ҳам хитой, ҳам рус коммунистларига қарши курашни давом эттирди. Унинг бу курашига Шарқий Туркистондаги коммунистик қўшинларга қарши ҳаракатда бўлган дунган генерали Ма Бу Фангнинг аскарлари ҳам қўшилди.

Усмон ботир бу кураш йўлида бирмунча сафдошлар орттирди. Уларнинг орасида Кумул (Хоми) қозоқлари сардори Шарифхон, Кумул шаҳри волиси генерал Йўлбарс, Шарқий Туркистон жумҳурияти собиқ молия нозири Жонимхон ҳожи, узумчил Ўрозбек, Или ўлкасидан Ориф Раҳмон, Корашаҳар теварагидан Алибек Раҳим ва бошқалар бор эди.
Коммунистлар билан туркистонлик миллатсевар-лар орасидаги тўқнашув аёвсиз суръатда кечди ва кўп қон тўкилди. Шунга қарамай, коммунистлар устунлиги кўриниб турарди, чунки қурол-аслаҳа, озиқ-овқат ва кийим-кечакдан улар ҳеч бир қийинчилик сезмасди. Миллатсеварларнинг на керакли миқдорда озиқ-овқати ва на замонавий қуроллари бор эди. Мужоҳидлар 1947 йилдан то 1949 йилгача Урумчидаги Америка консуллиги орқали Америкадан ёрдам олишга уриндилар, лекин ҳаракатлари зое кетди. Мужоҳидларнинг ўз кучларидан бошқа бирон-бир суянчиғи йўқ эди. Қаршилик ҳаракатининг салоҳиятли йўлбошчиларидан бири Жонимхон ҳожи 1950 йил 12 декабрда асир олиниб, Урумчига келтирилди. Юзи қорага бўялган, қўл-оёқларига занжир урилган ва бўйнига «Коммунизмга қарши курашган хоин» деган ёзув осилган ҳолда у кўчалардан олиб ўтилди ва 1951 йил 4 апрелда ўлдирилди. Мустақиллик ҳаракатининг энг машхур курашчиси бўлган Усмон ботир Кансудаги жангда (1951 йил 6 февраль) асир олинди ва Урумчида осиб ўлдирилди (1951 йил 29 апрель]. Усмон ботир асир тушишидан аввал сафдошлари коммунистлар билан курашда энди зафарга эришишнинг иложи йўқлигини айтдилар ва чет элга кетишни тавсия қилдилар. У ўз мамлакатидан чиқиб кетиш ҳақидаги гапларни эшитишни ҳам хохламади. Усмон ботир(Усмон ботир (1889 - 29. 4. 1951) ҳақида қаранг: Hizir Bek Gayretullah, Osman Batur, Istanbul. 1966.) доимо зафар қозонишига ишонди. Шу билан бирга у мамлакатни тарк этмоқчи бўлган ҳар бир шахсга бутун имконияти доирасида ёрдам берди.
1951 йилда коммунистлар барча миллий исёнларни бостирдилар. Коммунистик ҳокимиятни мустаҳкам ўрнатиш учун ҳамма ерда «Ҳарбий назорат қўмиталари» тузилди. Урумчидаги мустабид коммунистлар 1951 йил апрелигача Шарқий Туркистонда коммунистларга қарши курашган 72805 кишини ўлим жазосига хукм қилдилар. Уларнинг орасида 93 нафар Шарқий туркистонлик машхур антикоммунист ҳамда Шарқий Туркистоннинг энг биринчи туркистонлик бош волиси Масъуд Сабрий ҳам бор эди. Фақат Қошғар шаҳрида 1951 йил 1 сентабргача 15000 га яқин туркистонлик қўлга олиниб, улардан 5000 дан ортиғи отиб ташланди.
Қатағон Туркистондан оммавий равишда қочиш бошланиб кетди. Коммунистлар ҳокимиятга келгач, Шарқий туркистонлик 150 000 дан ортиқ киши ўз ватанидан қочишга мажбур бўлди. Уларнинг кўпчилиги коммунист аскарлар томонидан отиб ташланди, катта қисми Ҳиндистон томон йўл олар экан, даштда, тоғда очликдан, сувсизликдан ва касалликлан ҳалок бўлди. Шарқий Туркистондаги ўша даҳшатли фожиа ҳақида ҳозир ёзма манбалар ҳам мавжуд(Шарқий Туркистондан қочқин ҳақида қаранг: 1961. Хитойдаги коммунистик қатли ом ва Шарқий Туркистоннинг коммунистик тузумига қаршилик юзасидан қаранг: Lias, Biiyiik Karak Gdfii; Hasan Oraltay, Hiirriyet Ugrunda Dogu Tiirkistan Kazak Tiirkleri, izmiz 1961. M.Refik Han, Islam in Chins, 53-121; Alptekin, Temir perde arkasindaki $arki Tiirkistan, MT 1951, 75 A сони. 23 - 27 6.). Ватандан кетишнинг аччиқ азобини тотган ҳар кимса даҳшатли ҳақиқат ҳақида, яъни бутун бир миллатнинг қўрқинчли фожиаси ҳақида ёзилган ҳар қандай ҳикоядан кўра унинг кўрган-кечирганлари таъсирлироқ эканлигини билади.
Коммунистлар зулм йўли билан Шарқий Туркистонда ҳокимиятни ушлаб қолгач, ўз ваколатини келажак авлод учун ҳам мустаҳкамлаш учун тадбирлар кўра бошлади. Хитой ва Русиянинг кўп йиллар давом этиб келаётган орзуси Шарқий Туркистон нефти ва бошқа ерости бойликларига эришиш эди. Энди 1940 ва 1949 йиллардаги эски аҳднома лойиҳалари шўролар ва Хитой коммунистик тузуми раҳбарлари орасида музокара асосига айланди.
1950 йил 27 мартда Хитой билан Шўро иттифоқи орасида икки номсиз ширкат қурилиши хусусида Москвада шартнома имзоланди. Бу ширкатларнинг бири нефть учун, иккинчиси турли маъданлар учун тузилган бўлиб, 30 йилга мўлжалланган эди.
Бу шартномага кўра шўролар ва хитойлар Шарқий Туркистоннинг нефть ва бошқа маъданларини ташиб кета бошлади. Ўз ғараз мақсадларини амалга ошириш учун ҳар икки томон жон-жахди билан ҳаракат қилди. Хитойнинг нефтга бўлган эҳтиёжини батамом қоплашга ҳисса қўша оладиган Қорамой нефть конларида 1954 йилда тезлик билан бурғулар ўрнатилди.
Шарқий Туркистондан ерости бойликларини ташиб кетишда Хитойлар билан руслар гўё ҳамжиҳатдай кўринарди. Лекин Хитой 1954 йил 12 октабрда ҳар икки ширкат ёпилгани хдқида хабар берди. Шўро мутахассислари ва масъуллари орқага чекинишга мажбур бўлди. Ерости бойликларидан воз кечиш ҳарбий мавқеидан ҳам воз кечиш дегани эди. Шўро ҳарбий қисмлари Олой, Или ва Тарбағатой ўлкаларидаги хукмронлигини ҳозирги кунга қадар ўз қўлида сақлаб қолишга интилмоқда.
Гарчи Шарқий Туркистон номига Хитойга қарам бўлса ҳам, аслида, 1952 йилгача келиб чиқиши Ғарбий туркистонлик шўронинг ишончли одамлари томонидан бошқарилиб келинади. Масалан, Шарқий Туркистон коммунистик партияси раиси Сайфиддин Азизов Ғарбий туркистонлик шўро одами эди. Кўринадики, Хитой коммунистлари Шарқий Туркистонда ҳокимият идораларини майдонга келтиришда бу ерда 1933 йилдан бери катта тажриба орттирган шўроларга кўп жиҳатдан қарздордир.
Шўро ўқув дастурлари ва ўқиш китобларидан бу ерда 1955 йилгача кенг қўлланилди. Дарсликларнинг аксарияти Ғарбий Туркистонда яратилган эди. Шўро иттифоқи тараққиёти тарихини ўрганишга Хитой давлати тарихини ўқиб-билишдан кўра кўпроқ аҳамият берилган эди. 1957 йили Хитой маориф нозирлигининг бир комиссияси мактабларда Маонинг суратларидан кўра Ленин ва Сталин суратларининг кўпроқ осилганлигини ва кўпинча болалар «Яшасин Шўро иттифоқи!» деб хитоб қилишларини таъкидлаб ўтган. Урумчидан радиостанциялар турки тилда жуда кам эшиттириш бергани ҳолда шўролар Фрунзедан, Олмаота ва Тошкентдан кунига бир неча марта Шарқий Туркистонга эшиттириш ташкил қилган эди. Шўроларнинг радиоэшиттиришлар ва ташвиқот шиорларидан мақсади Шарқий Туркистон халқининг ўзига мойиллигини орттиришдир.
1954 йилда араб ёзуви ўрнига рус ёзуви қабул қилинди. Фақат бу ёзув 1956 йилдан бошлаб бекор қилинди.
Шўроларнинг Шарқий Туркистондаги турли тадбирлари билан хитойлар чиқиша олмас эди. Бу, айниқса, халқнинг шўро мафкураси ва сиёсати таъсирига тушиши мавзусида кўзга яққол ташланади - ҳар икки давлат ҳам муштарак давлат тарзи учун бир асос таъминлашга ҳаракат қиларди. Мисол учун 1954 йил 12 октабрда Ланчау - Урумчи - Олмаота темир йўли қурилиши юзасидан шартнома имзоланди. Бу темир йўл «Коммунизмнинг пўлат йўли» сифатида Хитойни Оврўпо билан ва Русияни Хитойнинг шарқий соҳиллари билан боғларди. Бу лойиҳага «Абадий дўстликнинг йўли» номи берилганди. Шўролар 1960 йил охирларида режада кўрсатилган ўз темир йўл қисмини - Оқтўғайдан (Туркистон - Сибирь темир йўли) Хитой чегарасигача (Жунғор қопқаси] - қуриб битказди. Хитойлар эса бунга муқобил равишда фақат Урумчигача бўлган қисмини қуролдилар. Мўлжалда эса темир йўли 1959 йили тўлиқ ишга туширилиши лозим эди. Қизиғи шундаки, хитойлар қурилиш бошланишида кўпроқ ғайрат-шижоат кўрсатган бўлса, фурсат ўтиши билан ҳаракат тескари томонга ўзгарди. Шу сабабдан Шўро иттифоқи ва Хитой Шарқий Туркистонда темир йўл орқали боғланмай қолди.
Маълумки, Шарқий Туркистондаги Русия-Хитой чегарасининг узунлиги 2600 км дан ортиқроқдир. Ҳар икки давлатнинг ўз чегараларини мустаҳкамлаш учун сарф-харажатларини кўрсангиз, ёқа ушлайсиз. Бу хатти-ҳаракатлар ҳар икки давлат Туркистон ерларига тез ва мустаҳкам ўрнашиб олиш учун интилганларини кўрсатади. Шўролар 1953 йилдан бери Ғарбий Туркистонга сурункали равишда русларни кўчириб келтирмоқда. Ҳозир аҳвол шундайки, Туркистондаги барча чегара чизиқларида руслар кўпчиликни ташкил қилади. Бундан ташқари бу ерларда кўплаб захирадаги аскарлар ушлаб турилади. Бунга муқобил равишда хитойлар ҳар нима қилиб бўлса ҳам Шарқий Туркистонга жойлашиб олишни бошладилар. Ҳатто шунга бориб етдики, Хитойнинг шимоли-шарқий ўлкаларига ва унга ёндош бўлган Шарқий Туркистонга имкони борича қисқа муддатда 90 миллион хитой кўчирилиб жойлаштирилиши режалаштирилди. Ҳозиргача бу ерларга кўчириб келтирилган хитойлар орасида «ҳимоячи деҳқонлар» сифатида сон-саноқсиз хитой аскари ғарбий чегараларда ўтроқлаштирилди. Чегара бўйлаб эркин ҳаракат чеклаб қўйилди. Чегара икки томондан ҳам қаттиқ назорат қилинмоқда ва икки тарафга ўта хушёрлик тавсия қилинмоқда.
Шу нарса аёнки, Шарқий Туркистонда коммунизм мафкуравий жиҳатдан яхлит ғоядек кўриниши билан, сиёсий куч сифатида таъсирга эга эмас. Марксизм ва ленинизм назариясининг Шарқий Туркистонга тарқатиш борасида ҳар икки куч иттифоқ бўлишига қарамай, ҳокимият доирасини кенгайтириш ва коммунизм ғояси таъсири хусусида ихтилоф мавжуд. Уларнинг ҳар бири иккинчисини Шарқий Туркистоннинг мутлақ ҳокими сифатида тан олишни истамайди.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шарқий Туркистонда коммунистик тузум қуриш жуда илгарилаб кетди. Коммунизмни халқ учун тушунарли ҳолатга келтириш учун аввало, маъмурларни маҳаллийлаштириш масаласига алоҳида эътибор берилди. 1954 йили Урумчида «Кичик миллатлар олийгоҳи» ташкил этилди, унда 860 талаба таҳсил олиши ҳисобга олинган.
Шарқий Туркистон давлат маҳкамаларида 30500 маъмур ишлаб, унинг 57,7% ини маҳаллий мутахассислар ташкил қилади. 1952 йили Шарқий Туркистондаги Хитой коммунистик партияси маъмурларининг 22,3 % ерлик аҳоли вакиллари эди. 1957 йили идоралардаги маҳаллий маъмурлар миқдори ҳамма маъмурларнинг 54 % ни ташкил этиб, умумий сони 6700 га етди. Хитой коммунистлар партияси Шарқий туркистонликлар ҳисобига ўз сонини кўпайтиришга интилди. 1957 йили Шарқий Туркистонда 92000 дан ортиқ коммунист бўлиб, уларнинг 44000 дан ортиғи маҳаллий аҳолидан эди. Фақат коммунистик қараш ва тадбирларни ёритиш учун 44 газета фаолият олиб боради.
Кенг тадбирлар қўлланилиб, деҳқонлар коллектив-лаштирилди. Коллективлаштиришдан олдин ислом дини аҳкомчиларини бу тадбирларга жалб қилиб, 1949 йилдан 1953 йилгача ер ислоҳоти ўтказилди(Хитой коммунистик партияси МК Синкианг бюроси котиби Ван Енмао Қошғарда 1953 йил 5 январида шундай деди: Синкианг каби кўп миллатли ва аҳолиси исломга боғлиқ ўлкада ер ислоҳотини амалга ошириш учун дин ахдини ёлғиз бир антифеодал жабҳага тўплашга уринишимиз, ер ислоҳотининг муҳофазасини кутиш каби ижобий бир ниятдир». Қиёсланг: Вахамов, Кооперирование сельского хозяйства Синцяно-Уйгурского автономного района, «Труди сектора востоковедения», Алма-Ата, 1959,12-бет.). 1957 йилнинг охирига келиб, қишлоқ оилаларининг 95,9 % (834 571 оила) 10 781 ишлаб чиқариш кооперативла-рига бириктирилди. 1960 йили 532 та кооперативга «532 халқ коммуналари» номи берилди. Бундан ташқари, 74та давлат мулки ташкил қилинди. 1961 йилда (10.11.1961) Урумчи радиоси ахборотига кўра фақат аскарларнинг ўзи 1,6 миллион гектарни ўзлаштириб, 146 та қўшин мулки ташкил қилган. Уларнинг ёрдамида 1950 йилдан 1960 йилгача 2 миллион гектарга яқин ер очилган. Бу ерларда давлат (қўшин билан бирга) замонавийлашган феодал ҳокимиятини такомиллаштирди. Яна 1956 йили ўз ҳолича мавжуд бўлган тижорат ўрнига 23875 давлат савдо муассасалари қурилди. Натижада, тижоратнинг 95,64 % давлат якка ҳокимлиги (монополия) қўлида бўлиб қолди.
Хитойлар Шарқий Туркистонда ўзларига хос миллий сиёсат олиб бордилар. Улар бу ерда 13 та «миллат кашф этишди. Уларни «Шинг-Жонг уйғур мухтор ўлкаси» номи билан бирлаштириб, қайтадан 10 мухтор ноҳия-ларга тақсим қилишди. Бу билан яхлит мамлакат парча-парча бўлиб бўлиниб кетди. Оқибатда коммунистлар Шарқий Туркистондаги турк халқи уруғларини - уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқаларни бир-биридан ажратиб, Хитой ҳокимияти остида бошқариш ҳақидаги бош воли Шенгнинг бир пайтлар амалга оширолмаган ниятини рўёбга чиқардилар. Парчалаш ва мухторият сиёсати йўли билан Хитой халқ жумхурияти, гўё Хитой императорлиги яхлитлигини йўқ қилмоқчи бўлди. Шўролар ва хитойлар пролетар диктатурасини ёйиши, хусусий мулкни йўқ қилиш ва маҳаллий аҳолини давлат ҳамда партия идоралари хизматига олишдан кутган натижалари борасида бир-бирига жуда ўхшашдир. Ҳар икки давлат ҳам ўз миллий сиёсатида тараққийпарвар ва ўзгарувчан бўлиб кўринади. Хитойлар бир давлат ичида мухторлик берилиши миллатлар учун энг яхши йўл, деб биладилар. Руслар эса шўро федерализми фақат мулк ва идоравий ҳуқуқлардан ташқари миллат учун сиёсий ҳуқуқларни ҳам беради(Котов, Местная национальная автономия, 64-6.: «Хитой халқ жумҳуриятидаги маҳаллий мухториятнинг хусусиятларидан бири асосий кўпчиликни ташкил қилувчи халқ демократияси сифатида Хитой давлати доирасида тузилишидир. Бу мухторият Шўро иттифоқида миллий давлат бунёд қилиш федератив давлат шароитла-ри доирасида амалга оширилаётган бир замонда юзага келмоқда». Синкианг уйғур мухтор ўлкасининг ташкил топганлиги расман 1955 йил 30 сентабрида эълон қилинди. Ўлка учун яратилган (9 июль 1956 й.) низомномада: Синкианг уйғур мухтор ўлкаси марказий давлат (Хитой давлати назарда тутиляпти - таржимон) органлари қонунларига, қарорларига тамомила мос бўлиши ва уларни сўзсиз бажариши лозим», деб ёзилган. Қиёсланг: Котов, Местная национальная автономия, 81-6. Шарқий Туркистоннинг собиқ волиси Шенг Шарқий Туркистонни «жонли этнографик музей» деб таърифлаган. Қиёсланг:
156-6. Шарқий Туркистон коммунистик Хитой қўл остида ҳам бу «сифатияни сақлаб қолишига тўғри келди, чунки амалда мухторият берилмади. Маҳмуд Қутлиев, Народа не обмануть, «Правда Востока», 17.9. 1964, 3-бетдаги мақоласида шундай ёзади: «Хитой раҳбарияти 1955 йилда Синкиангни Уйғур мухтор ўлкаси деб эълон қилди. Бу бир қабиҳ алдов эди». Муаллиф Пекиннинг Шарқий Туркистон раҳбарларига уйғурлар, ўзбеклар, қирғиз ва татарлар хитой миллатининг уруғлари, қавмлари эканлиги уқдирилган яширин китоб юборилганлигини баён қилди. Хитой коммунистлари ҳудди ўзининг рус ўртоқлари каби хитой бўлмаган миллатлар мустақиллиги хдқидаги ваъдаларини амалга оширмадилар. Мао Цзе Дун 1931 йил 1 декабрда шундай ёзган эди: «Хитойдаги коммунистлар озодлик ғоясини, яъни ҳар қандай кичик қавмнинг Хитойдан ажралиб мустақил давлат қура олишини тан олади». Буни қарангки, 1949 йилги Хитой Халқ жумхурияти ўқйўриғи энди бошқачароқ ёзади: «Хитой Халқ жумхурияти янгича Бирлашган миллатлар давлатидир. Бу миллатларнинг ерлари Хитой Халқ жумҳуриятининг ажралмас бир бўлагидир».).
Фарқли қарашлар қандай бўлса бўлаверсин, аммо шу нарса ҳақиқатки, Туркистоннинг ҳар икки бўлаги (Ғарбий ва Шарқий Туркистон) ҳам коммунизм йўли билан иқтисодий мустақиллик ҳуқуқини қўлга кирита олмади. Коммунистик ҳокимият остидаги Шарқий Туркистон идора усулида бирор бир ўзгариш содир бўлмади. Бу идора усулига кўра Шарқий Туркистон бир қанча миллат вакили (ташқи кўринишида), Халқ қўмитаси (хукумат) ва 15 бошқарма (деҳқончилик, соғлиқ, маданият, халқ таълими, ички ишлар, хавфсизлик, адолат, суғориш, давлат назорати, молия, озиқ-овқат, саноат, ички ва ташқи савдо, чорвачилик ва ўрмончилик, 10 идора маҳкамаси, 4 қўмита ва 3 бошқарма (ташқи ишлар, диёнат ва радио) воситасида бошқарилди.
Коммунистик партия ва Хитой давлати туркистонликларнинг миллий мустақиллик учун кураш ғояларини мутлақо йўқ қила олмадилар. Миллатпарварлар мухторият талаби билан майдонга чиқар ва Хитой хукмронлигини рад этар эди. Улар мухтор ҳокимият тузилиши давлатнинг сиёсий хужжатларида кафолатланган бўлиши кераклигини кўрсатишар ва Шарқий Туркистонда Хитой давлат тарзи юритилишини, қабул қилинишини қоралар эди. Ана шу боис Хитой хукумати миллатпарварлик нишоналари билан ҳам кураш олиб боришга мажбур эди. Бинобарин, Шинг Чанг КП раиси Сайфиддин Азизов 1957 йил декабрь ва 1958 йил апрель йиғилишларида: «Маҳаллий миллатчиликка қарши қатъий курашга киришамиз» мавзусида суҳбат ҳам уюштирган эди.
Хитой коммунистик партияси раҳбарияти Шарқий Туркистон коммунистик партияси етакчиларидан бир қисми (ҳозир миллатчи деб тушунтирилади) бутун хукуматни ерлик халқ ҳисобига тўлдиришни талаб қилганидан шикоят қилишди. Пекиннинг шикоятига кўра бу раҳбарлар Шингжонгдаги жуда кўп хитой мутахассисларига шубҳа билдирар ва мустақил бўлишга интилиб, коммунизмга қарши чиқдилар. Маҳаллий миллатпарварлар мустақиллик учун курашни Шўро иттифоқидан ўрганганини қайд қиладилар. Уларнинг баъзилари «ғайриинқилоб» қўзғолонларини «халқ қўзғолонлари» деб баҳолаб, ўзларини «ғайриинқилобчи» деб кўрсатардилар. Улар динни ҳамма нарсадан устун деб билардилар. Маҳаллий миллатчилик буюк хитойчиликнинг таъсири ва нуфузи натижаси сифатида майдонга келганлиги баҳонасида доимо партияга қарши бўлиш ва хитой миллатини сиёсий ҳодисалардан четга суришга интилдилар. Улар, бундан ташқари, миллатларнинг аралашиб кетишига ҳам қарши эдилар.
Можаристондаги 1956 йилги инқилобга Хитойнинг лоқайд, бефарқ бўлиши ва шўро сиёсатини қоралашига жавобан шўролар Или ва Олой ўлкаларида фитна, тўполонлар уюштирди ва маҳаллий амалдорларни бўйсунмасликка ундадилар. Оқибатда Хитой руслар билан келишишга мажбур бўлди. Яъни шўролар Шарқий Туркистондаги мустақиллик ҳаракати ҳақида, ўз навбатида, хитойлар Можаристондаги инқилоб ҳақида оғиз очмайдиган бўлишди. 1957 йил декабрда Қоҳирадаги Осиё ва Африка миллатлари конференцияси куни Пекин радиоси қуйидагича овоза тарқатишга мажбур бўлди: «Миллатчи унсурлар Шингжонгни, Хитой халқ жумхурияти бирлигини қўпоришга уриндилар». Бундай ҳаракатлар энди на Хитой хукуматининг ва на Шўро иттифоқининг хабари бўлмасдан ҳам юзага чиқа бошлади.
1959 йил мартида Шарқий Туркистонни мустақил бир жумхуриятга айлантирмоқчи бўлганлиги учун 78 нафар маҳаллий маъмур ҳибсга олинди. 1960 йилнинг ўрталарида халқ коммуналари сиёсатига қарши бўлганликлари учун 500 дан ортиқ дин ҳомийлари кўл-оёқларига занжир урилган ҳолда Урумчи кўчаларида сазойи қилинди. Туркистонликлар билан хитойлар орасидаги тўқнашувлар шу зайлда давом этди. Шўро иттифоқи Шарқий Туркистон коммунист маъмурларидан ўз сиёсий мақсади йўлида фойдаланишга интилди. Шўроларни ёқтирувчилар оғзидан тез-тез Сайфиддин Азизовнинг: «Шингжонг халқлари Шўро иттифоқининг холисона ёрдамини ҳеч қачон унутмайдилар. Бу ўлкада нефть саноати, ҳар хил маъданлар ишлаб чиқариш, электр иншоотлари ва автомобиль таъмирхоналари Совет иттифоқининг ёрдами билан майдонга келганлиги учун миннатдорчилик изҳор қилишга мажбурдирлар» деган гапларини такрорлайдилар. Гарчи бу даражада муболағали бўлмаса ҳам, Хитойга ҳам камтарона мадҳиялар ўқиб турилади.
Шўролар иттифоқи Шарқий Туркистонни ўзига қўшиб ололмагач, Хитойда ўз «ҳаракат майдони»ни пайдо қилди. Хитой халқ жумхурияти эса зўр бериб Шарқий Туркистон Хитойнинг таркибий қисми деб таъкидлайди. Хитой хукумати Шарқий Туркистондаги барча муаммо ва ҳолатларга шўроларни айбдор ҳисоблаб, Шарқий Туркистоннинг миллий мустақиллигини эътироф қилишдан ўзини олиб қочади. Шу зайлда мухолифларнинг ҳар бири Шарқий Туркистондан кўпроқ улуш олиб қолишга интиляпти. Шарқий Туркистон эса дунё афкор оммасининг эътиборидан четда қолиб, кўп азият чекмоқда.
Хитой халқ жумхурияти ва Шўро иттифоқи бошчилари ўртасидаги 1953 - 1954 йилларда келиб чиққан мафкуравий номувофиқликдан сўнг Хитой шўро русларининг Шарқий Туркистондаги нуфузини таг-томири билан қўпориб ташлашга киришди. 1960 йил ёзида барча шўро мутахассислари Шарқий Туркистондан чиқариб юборилди. Ҳозирга қадар чўзилиб келаётган ихтилофлар хдр икки катта давлатнинг бировлар ерига эгалик қилиш борасидаги ғараз ниятларини очиб ташлади. Хитой раҳбарлари русларни Ўрта Осиёни империалист (босқинчи) сифатида эгаллаб туришда айбласа, рус раҳбарлари эса хитойларни Шарқий Туркистондаги ҳаракатларини қоралайди. Бир-бирига гуноҳни тўнкаш билан ҳар иккала давлат босқинчилик ниятидан воз кечмай, аксинча мустаҳкамроқ ўрнашиб олишга интилмоқда. Н. С. Хрушчевнинг япон парламенти ҳайъатига 1964 йил 15 сентабрида Москвада билдирган фикри рус ва хитой империализмининг ниқобини очиб, ҳақиқий башарасини кўришда катта ёрдам беради. У бу баёнотида ҳар икки давлатнинг тарихий босқинчилигини таъкидлайди ва фақат бу иккала давлатнинг чегаралари «муқаддас»лигини далиллашга уринади(Хрушев 1964 йил 15 сентабрда шундай дейди: «Пекинда Русия чор ҳукумати жуда кўп ерларни қўлга киритгани ва бу ерларни ўз чегараси ичига киритиб олганларини такрор-такрор таъкидлаш одат тусига кириб қолди. Биз Русия подшоларини ҳимоя қилмоқчи эмасмиз. Улар бошқа подшолар каби босқинчилар бўлиб, бегоналар юртини босиб олиб, мулкларини эгаллаб, ўз мулкини, ерини кенгайтиришга уринарди. Фақат рус подшоларининг ва Хитой императорларининг ҳам ўтмишдаги босқинчилик урушлари бир хил усулда ва вазиятда баҳоланиши керак. Рус подшолари истило урушлари билан банд бўлганида, Хитой императорлари нима билан машғул бўлган эканлар? Улар ҳам рус подшолари каби худди шундай босқинчилик ва талончилик урушларини олиб борганлар. Хитой императорлари Қурияни, Мўғулистонни, Тибетни ва Синкиангни босиб олдилар. Мисол тариқасида Синкиангни олайлик. Бу ерда хитойлар қадимдан яшаганми? Синкиангнинг туб аҳолиси хитойлардан ахлоқ ва тил, яна бошқа кўп жиҳатлари билан кескин фарқ қилади. Булар уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа миллатлардир. Хитой императорлари уларнинг бўйнига бўйинтуруқ солиб, «мустақиллигига барҳам берди». Қиёсланг: «Правда Востока», 22.6.1964, 2-6. Шўро муаллифлари кейин яна шуни ҳам ёздилар: «Шарқий Туркистон Хитой босқини эвазига унинг бир ўлкасига айланди». Бу мавзуда яна қаралсин: К. Элчи, унинг бир Шарқий Туркистондаги вазият, МТ, 1965, 106-сон, 30 - 32 бет.).
Бу орада шўро хукумати Шарқий Туркистонни «Анти Мао-Цзе-Дун ўчоғи» ҳолига келтиришга тиришдики, хитойлар бу фаолиятни бузғунчилик деб баҳолайди(Dodin, Territorial Claims, 31-32 б.: «1962 йилнинг апрель ва май ойларида СБКП раҳбарлари Хитой Синкиангидаги бутун маъмурият ва масъулларни ишга солиб, Или минтақасида кенг доирада иғвогарлик хдракати олиб борди ва ўн минглаб Шарқий туркистонликларни Шўро иттифоқига кетишга зўрлади». 28.4.1964, шу хабарни берди: «Шўро катталари Синкиангга қўшни бўлган Олмаота, Тошкент ва Фрунзедаги оммавий ахборот воситаларини сафарбар қилдилар». Шарқий Туркистонда Русия ва Хитойнинг ўтмишда ва ҳозирги тўқнашувлари ҳақида қаранг: Hans Braker, Sinkiangswischen der Sovjetunion und China, koln, 1969; Sinkiang im sowjetisch chinesischen Spannugsfeld, «Das Parlament» 10/70 (7 март, 1970) 3 - 37 б. Хитой Халқ жумҳурияти ташқи ишлар нозири Хен-йи шўро қисмлари 1960 - 1966 йиллар давомида Синкианг ўлкасида 5000 марта чегара дахлсизлигини эътиборга олмаганликларини 1966 йил майида очиқ баён қилди. Қаранг: Erwin Erasmus koch. Sowjetisch-chinesich konflikt, «Das Porlament», 10/70, 60-6.).
Шўро раҳбарияти Шарқий Туркистондаги аввалги чексиз нуфузи тобора кучсизланиб бораётганига кўз юмишга мажбур бўлди. Энди шўролар бу ерда лоақал ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини қайтадан кўлга киритишга ҳаракат бошлади(Тўлиқ маълумот учун қаранг: Horry Hamm, Maskaus Interesse. an Sinkiang, «Frankfurter Allgemeine reitung» 13.12.1967, 2-6.). Хитой ҳукумати ҳам ўзини ҳимоя қилиб, бир вақтлар Шўро иттифоқининг ашаддий тарафдори бўлган, Шингжонг уйғур мухтор вилояти халқ қўмитаси раиси Сайфиддин Азизовни шўроларга қарши ишга солди(Азизов 1957 йилда шундай дейди: «Синкианг Уйғур мухтор ўлкаси миллатлари Шўро иттифоқининг холисона ёрдамини унутмасликлари керак». Қиёсланг: Котов, Местная... 192-бет. Айнан ўша Ashsob 1964 йили яна шундай дейди: «Чор Русиясининг кўрпасига бурканган империалистларнинг ашаддийларини йиғиб олган Хрушчев, Синкианг Хитойга тегишли бўлмай, Или (Синкиангнинг бир қисми) ни шўро мулки деб даъво қилмоқда». Қиёсланг: Dooling Territorial Claims, 1965, 71-6.). Бу икки хукуматнинг ҳар қандай тортишувида Хитой хукумати Шарқий Туркистонни Хитойга берилишини талаб қиларди. Бу хусусда муваффақиятга эришиш йўлини ҳам топди. 1953 йили Уйғуристонда 300 000 хитойлик яшаган бўлса, 1967 йили уларнинг сони 1 791 000 кишига (Хитой мусулмонлари дунганлар билан қўшиб ҳисобланганда 2 062 000) га кўпайди. 1953 йили умумий сони 4 218 000 бўлган туркистонликлар (уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар, ўзбеклар, татарлар, тожиклар) 1967 йили 5 726 000 га етдилар(Drew, Sinkiang in CAR 1968, 3-сон, 208-сон.). Яъни бу қавмлар 14 йил ичида 1,5 миллионга кўпайди. Иккинчи томондан эса бу маълумотлар қанчалик ҳақиқатга яқин ёки узоқлигини кўр-сатувчи аниқ далиллар ҳам мавжуд эмаслигини айтиш лозим.
Шарқий Туркистон ерости бойликлари ва майдонининг катталиги билан ҳам фақат хитойларни эмас, балки кўпдан бери худди Ғарбий Туркистон каби Русияни ҳам қизиқтириб келганлигини кўриб ўтдик. Туркистоннинг ҳар икки қисми Русия ва Хитой учун асосий бойлик манбаи эди. Доимо рақобатда бўлган бу икки даҳшатли куч «ким кимни енгади?» шиори остида иш кўрди. Чунки ҳар икки давлатнинг тазйиқи остида бўлиниб яшашга мажбур этилган ва бу давлатларнинг қўғирчоғи ҳолига тушиб, тил, дин ва бошқа жиҳатдангина ҳамон бир яхлитликни ташкил қилган ҳолда яшашдан бошқа иложи қолмаганди. Туркистоннинг ҳар икки қисмида ҳам коммунистик режим хукм сургани ҳолда, уларнинг ораларидаги келишмовчилик туфайли Шарқий Туркистон Хитойларнинг, Ғарбий Туркистон русларнинг айрим ҳаракатлар марказига айлантирилди. Русия ва Хитой коммунист раҳбарлари империалистик мақсадларини амалга ошириш учун коммунизмни, буюк миллатчиликдан кейин иккинчи ўринда тушунаётганликларини алоҳида эътироф этдилар. Туркистон Русия ва Хитой империализмининг қурбони бўлганини тан олмай, айни пайтда ҳар икки босқинчи бу ўлкада эгаликни сақлаб қолиш орзусида бўлди. Агар вазият бошқача бўлганда эди, ўз миллий мавжудлигини ва мустақиллигини қўлга киритиш учун бир неча бор қўзғалишига ҳеч бир эҳтиёж бўлмас эди. Биз ўрганган манбалардан кўринадики, туркистонликлар озодлик истагидан ҳеч қачон воз кечмаган. Миллий кураш суст ҳолда бўлса ҳам доимо давом этган. Аммо икки «қудратли куч» орасида туркистонликлар чорасиз бир аҳволда қолган. Янги бир қонли урушни бўйнига олиш учун ҳозирги даҳшатли қуроллар даврида, қурол воситасида эмас, сиёсий талабларни кучайтириш лозимлигини идрок қилмоқдалар. Айни вақтда асосий ғояси аввало халқнинг маънавий мавжудлигини сақлаб қолишдан иборат бўлган ҳаракатлар кучаймоқда. Туркистоннинг Русия ваХитой каби қўшни давлатлар томонидан узлуксиз тажовузга учрашида, шубҳасиз, Туркистон зиёлиларининг ноит-тифоқлиги ҳам ўз таъсирини ўтказди. Фақат шу нарса аёнки, Туркистон тортган кўп машаққатлардан сўнг, бу ўлкада сезиларли равишда ўз-ўзини англаш, миллат қадриятларини сақлаб қолишга интилиш кучли. Бу эса туркистонликларнинг ҳаётида бурилиш нуқтасига эришиши ёки эриша олмаслиги бундан кейинги тарихий воқеаларга боғлиқлигини кўрсатиб турибди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер