Москва қандай қилиб, Балтик бўйи давлатларини босиб олган эди? | ||||
80 йил олдин Совет қўшинлари Балтик бўйи давлатларини босиб олди. Шундан сўнг, Литва, Латвия ва Эстониянинг янги «халқ ҳукуматлари» СССР таркибига киришни сўради.
80 йил олдин Совет қўшинлари Балтик бўйи давлатларини босиб олди. Шундан сўнг, Литва, Латвия ва Эстониянинг янги «халқ ҳукуматлари» СССР таркибига киришни сўради.1940 йил 17 июн куни Совет қўшинлари Латвия ва Эстониянинг муҳим нуқталари ҳамда стратегик объектларини эгаллади. Совет Иттифоқи Литва ҳудудига икки кун олдин кирган эди. Шу тариқа, 1939 йил август ойида тузилган Молотов-Риббентроп пакти натижасида СССР таъсир доирасига тушган Балтик давлатларининг босиб олиниши якунланди. Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан кейин, Совет Иттифоқининг босими остида Балтик ҳукуматлари ўзаро ёрдам пактларини имзолади, 1940 йил ёзида эса СССР Литва, Латвия ва Эстонияни келишувларни бузганликда айблаб, уларга ультиматум қўйди — Москва томонидан тасдиқланган янги ҳукуматни ташкил этиш ва Совет қўшинларининг чекловсиз киришини таъминлаш. Қон тўкилишнинг олдини олиш учун Балтик давлатлари бу шартларни қабул қилди. 1940 йил июль ойи ўрталарида учта давлатда ҳам парламент сайловлари ўтказилди, уларда Совет тарафдорлари ғалаба қозонди. Август бошларида янги парламентлар ўз мамлакатларини СССР таркибига гўйёки қўшишни “сўради”. Балтик давлатлари мустақиллиги масаласи 1939 йил августда ҳал бўлган эди. Ўша пайтда фашастик Германия ва СССР Молотов-Риббентроп пактини имзолаган. Ушбу келишувга кўра, Балтик давлатлари Совет Иттифоқи таъсир доирасига киритилган. Илк келишувда Литва Германия таъсирида бўлиши керак эди, лекин кейинчалик Сталин уни немислар босиб олган Польша ҳудудлари эвазига «алмаштирган». Литванинг собиқ раҳбари Витаутас Ландсбергис бу ҳақда шундай деган: Совет Иттифоқи ташқи ишлар комиссари Вячеслав Молотовнинг ўз сўзлари билан: Балтик давлатларини босиб олиш босқичма-босқич амалга оширилган. 1939 йил сентябрида Совет ҳарбий кемалари Балтика соҳилларида пайдо бўлди, самолётлар эса ушбу давлатларнинг ҳаво ҳудудини бузиб разведка ўтказа бошлади. 1939 йил октябрига келиб, Эстония, Латвия ва Литва СССР билан ўзаро ёрдам шартномаларини имзолашга мажбур бўлди. Бу шартномаларга мувофиқ, Совет Иттифоқи Балтик давлатларида ҳарбий-денгиз, ҳаво ва қуруқлик базаларини яратди ҳамда 75 мингдан ортиқ аскар жойлаштирди. 1940 йил апрель-май ойларида фашистик Германия Дания, Норвегия, Бельгия, Нидерландия ва Люксембургни босиб олганида, Совет матбуоти Балтик ҳукуматларини «дўстона муносабатларга путур етказишда» айблай бошлади. Совет Иттифоқи ўз ҳаракатларини баҳона қилиш учун провокациялар уюштирди. 1940 йил май ойининг охирида СССР Литвани икки совет аскарини ўғирлашда айблади. Июнь ойи бошида Ленинград, Калинин ва Беларус ҳарбий округларида хавфсизлик ҳолати жорий қилинди. Совет қўшинлари Балтика давлатлари чегарасида тўплана бошлади. Уларнинг сони 435 минг нафар аскарни ташкил этарди, 8 мингдан зиёд зирҳли техника, 3 мингдан ортиқ танк, 500 дан зиёд бронемашина ва 2 600 самолёт жалб этилди. 14 июнь куни немис қўшинлари Парижга кирган пайтда, СССР Литвани шартномани бузганликда айблади ва ультиматум қўйди: Москва тасдиқлаган янги ҳукумат тузиш ва Совет қўшинларини чекловсиз киритиш. Икки кундан сўнг, худди шундай ультиматум Латвия ва Эстонияга ҳам берилди. Шу вақтга келиб, Балтик давлатлари денгиз ва ҳаводан тўлиқ муҳосирага олинган эди. Совет қўшинлари латиш ва литван чегара постларига ҳужум қилиб, уларни жавоб ҳаракатига ундашга ҳаракат қилди. Литва президенти Антанас Сметона Совет қўшинларига қарши кураш ташкиллаштиришни талаб қилди, лекин ҳукуматнинг кўпчилиги уни қўллаб-қувватламади. У Германияга қочди. Латвия ва Эстония президентлари — Карлис Улманис ва Константин Пятс ультиматумни қабул қилишга мажбур бўлди. Кейин улар қўлга олинди ва Совет лагерларига жўнатилди, у ерда ҳалок бўлди. Совет оккупацияси қонунийлаштириш учун сохта сайловлар ўтказилди. 1940 йил 14-15 июль кунлари Литва, Латвия ва Эстонияда парламент сайловлари ўтказилди. Барча уч давлатда ҳам Совет тарафдорлари ҳисобланган «Меҳнаткаш халқ блоки» номзодлари ғалаба қозонди. Сайлов қонунларига фақат уларнинг номзодлари мос келади деб топилган, шунинг учун ҳеч қандай рақобат бўлмади. Ҳатто шундай шароитда ҳам сохталаштиришлар амалга оширилди. Латвиялик тарихчи Инесис Фелдманиснинг таъкидлашича: «Совет ахборот агентлиги ТАСС Латвияда овозларни санаш бошланишидан 12 соат олдин натижаларни эълон қилган.» Шундан сўнг, янги парламентлар СССР таркибига қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилди ва август ойида Москва бу «илтимосни» қондирди. Бунинг натижасида НКВД Балтик давлатларида оммавий «тозалашлар» ўтказиб, 130 мингга яқин инсонни ҳибсга олди ёки депортация қилди. Совет тарихчилари ушбу воқеаларни «социалистик инқилоб» деб атаб, Балтик давлатлари СССРга «ихтиёрий қўшилган» деб таърифлаган. Лекин латвиялик журналист Алекс Григорьевс бундай қарашга қўшилмайди: «Менинг онам бу “ихтиёрий қўшилиш”ни шундай тасвирлаган: “Мен ишга кетаётган эдим, кўчада танклар турган эди”. Ҳеч ким бунга ихтиёрий қўшилиш деб қарамаган, ҳатто буни қўллаб-қувватлаганлар ҳам.» Абу Муслим
|