Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Нуржаҳон бегим
PDF Босма E-mail

Нуржаҳон бегим Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Бобурий шаҳзодалардан учинчиси — Жаҳонгиршоҳ (Салим, 1569—1627)нинг иккинчи хотинидир.
Тарихий манбаларнипг берган маълумотига кўра, Нуржаҳон бегимнинг ҳақиқий исми Меҳринисо бўлиб, асли келиб чиқиши Эрондан эди. Унинг ота-онаси йўқчилик оқибатида ўз ватанидан Ҳнндистонга кўчиб келиб, Акбар подшоҳ саройида хизматга ёлланади.
Кунлардан бир кун шаҳзода Салим (кейинчалик Жаҳонгир подшоҳ) Меҳринисони бозорда кўриб қолади ва унга ошуфта бўлиб, фироқида ўртанади. Бу даврда Меҳринисо балоғат ёшига етган, сарв қомат, ўн тўрт кунлик ойдек қиз эди. Шаҳзода Салим Меҳринисо ишқида куйиб, ҳаловатини йўқотади. Ниҳоят, унга уйланишга қарор қилади. У ўз қарорини отаси Акбаршоҳга (1542—1605) айтиб, ундан ижозат сўрайди. Акбаршоҳ эса ўз ўғлининг бу қизга уйланишига қатъиян қаршилик кўрсатади. Акбаршоҳ ўғлининг кўнглини совутмоқ учун Меҳринисони сарой аъёнларидан бири — Али Қули Истажлий (Шерафкан)га турмушга чиқишга мажбур қилади. Шерафкан Меҳринисога уйлангач, уни қўшинларга сардор этиб Бенгалияга кўчириб юборади.
1605 йилда Акбаршоҳ вафот этади. Тахтга унинг валиаҳд ўғли шаҳзода Салим ўтиради ва ўзини Жаҳонгиршоҳ деб атайди. Тақдир тақозосини қарангки, 1611 йилда Шерафканхон Бенгалия ҳокими Қутбиддиннинг қабулига кирганида муҳим масала устида ҳоким билан жанжаллашиб қолади ва уни пичоқлаб ўлдиради. Фожиа устига етиб келган соқчилар Шерафканхонни ҳам ўлдирадилар. Шундан сўнг бева қолган Меҳринисони Аграга — Жаҳонгиршоҳ саройига жўнатадилар. Шу воқеадан бир неча муддат ўтгач, Жаҳонгиршоҳ Меҳринисони ўз никоҳига олади.
«Мунтаҳаб ут-таворих» асарининг муаллифи Ҳакимхон тўра Меҳринисонинг Жаҳонгиршоҳ никоҳига кириши ҳақида олдиндан башорат қилинган бир қизиқ туш тафсилотини келтиради. Гўё Меҳринисо тунларнинг бирида туш кўради. Тушида осмондан қуёш тушиб келиб, кўрпаси ичига киради. Шунда уйғониб кетади ва кўрган тушини эри Шерафканхонга сўзлаб, ундан таъбиринн сўрайди. Шерафканхон туш таъбири бўйича билимдон бўлгани туфайли, дарҳол хотинининг тушига қуйидагича таъбир айтади: «Сенинг тўшагингга подшоҳ кирар экан».
Меҳринисо ўз гўзаллиги, зийраклиги, фаросатли ва тадбиркорлиги туфайли фақат Жаҳонгиршоҳнигина эмас, балки сарой аҳлини ҳам ўзига ром қилади. Эндиликда уни Меҳринисо эмас, Нурмаҳал (саройнинг нури) деб атайдилар. Кейинчалик эса жаҳоннинг нури, яъни Нуржаҳон деб атайдилар. Нуржаҳон бегим нозик таъб шоира ҳам эди. У Махфий тахаллуси билан ғазаллар битган. Жаҳонгиршоҳ салтанатида Нуржаҳоннинг отаси Эътимод-уд Давла номи билан бош вазирлик лавозимигача кўтарилган. Унинг ўғли, яъни Нуржаҳон бегимнинг акаси Осафхон эса сарой бошқарувчиси мансабида қойим бўлган.
Нуржаҳон бегим Жаҳонгиршоҳ салтанатида доно маслаҳатчи эди. Нуржаҳон бегим мамлакатнинг ижтимоий, маданий ҳаётига доир кўпгина эзгу тадбирларни бажарган. У ихтирочи ҳам эди, чунончи, гулоб ва «атри Жаҳонгирий»ни кашф этган. Шу билан бирга, бир неча хил хуш таъм, лазиз таомлару хона безакларини яратди. Сарой аъёнлари орасида унинг ҳурмат эътибори кун сайин ошиб борарди. Тарихий манбаларнинг берган хабарига кўра, Жаҳонгиршоҳ суюкли хотини Нуржаҳон бегим шарафига «Нури Жаҳонин» деб аталган 12 граммли олтин танга зарб эттирган.
«Мунтахаб ут-таворих» муаллифи Нуржаҳон бегимнинг шоҳ билан қилган мушоираларидан (Жаҳонгиршоҳ ҳам ғазаллар битган) бир нечасини кўрсатиб ўтган. Бу шеърларни ўқиган кишн Нуржаҳон бегим замонасининг истеъдодли шоираси бўлганлигига шубҳа қилмайди. Ғазаллардан бири қуйидагидир:
Ҳадиси ҳоли гу дар нома сабт мекардам,
Сикандвор куқат бар сари сухан месўхт.
Шаҳиди ишқи туро шаб ба хоб медидам,
Ки ҳамчу шуълайи фонус дар кафан месўхт.
Зи сўзи синайи Махфий шуд он қадар маълум,
Ки ҳамчу хас, мижааш дар гиристон месўхт.
Мазмуни: Сенинг номайи аъмолингни ёзарканман, сўз устидаги нуқталар исириқ доналаридек ёнарди. Ишқингда шаҳид бўлганларни кечалари тушимда кўрардим. Улар худди фонус шуьласидек, ўз кафанлари ичида ёнардилар. Махфий қалбининг ёниши шу қадар эдики, йиғлаганда киприклари худди хасдек ёнарди.
Сўнгги вақтларда Жаҳонгиршоҳ бот-бот касал бўлиб, давлат ишларига қарамай қўяди. Ана шундай пайтларда Нуржаҳон бегим салтанат ишларини бошқариб туради. Нуржаҳон бегимнинг салтанат ишларидаги фаолияти ва унинг тутган мавқеи Жаҳонгиршоҳнинг ўғилларига, айниқса шаҳзода Хуррам (Шаҳобиддин Шоҳ Жаҳон)га ёқмасди.
Жаҳонгиршоҳ саломатлиги ёмонлаша бошлагач, 1616 йилда шаҳзода Парвез (Жаҳонгиршоҳнинг иккинчи ўғли)ни тахтга валиаҳд этиб тайинлайди. Жаҳонгиршоҳнинг тўртинчи ўғли шаҳзода Шаҳриёр иродасиз ва қатиятсиз киши эди. Нуржаҳон бегим қўғирчоқ сифат шаҳзода Шаҳриёрни тахтга валиаҳд этиш мақсадида ўзининг авалги эри Шерафкандан бўлган қизи — Лодила бегимни шаҳзода Шаҳриёрга никоҳлаб беради. Жаҳонгиршоҳнинг учинчи ўғли шаҳзода Хуррам (Шоҳ Жаҳон) 1612 йилда 21 ёшида Нуржаҳон бегимнинг акаси Осафхоннинг 19 ёшли қизи Аржуманд бонуга уйланган эди. Бинобарин, Осафхоннинг мақсади, ўз куёвини шаҳзода Ҳуррамни валиаҳдликка тайинлатиш эди.
Шаҳзода Хуррам ўз отаси Жаҳонгиршоҳдан ҳам, валиаҳд акаси шаҳзода Парвездан ҳам, укаси шаҳзода Шаҳриёр ва унинг ҳомийси малика Нуржаҳон бегимдан ҳам хафа эди. Отасидан сўнг тахтга ўтиришга ҳаракат қиларкан, бу йўлда асосий ғов деб Нуржаҳон бегимни биларди. 1622 йилда Нуржаҳон бегимнинг отаси вазир Эътимод-уд Давлат вафот этгач, Нуржаҳон бегим билан шаҳзода Хуррам орасида аёвсиз зиддият кучайди. Бу даврда касалманд Жаҳонгиршоҳ салтанат ишларига қарамай қўйган, бинобарин, давлатни бошқариш асосан Нуржаҳон бегим қўлида қолган эди.
Шаҳзода Хуррам ўз келажаги ҳақида тараддудланиб, 1622 йилда отаси Жаҳонгиршоҳ томонидан ўз қарамоғига топширилган ногирон (кўр қилинган) акаси — шаҳзода Хусравни пинҳона бўғиб ўлдиртиради, отаси Жаҳонгиршоҳга эса «санчиқ азобидан вафот этди», деб хабар юборади. Шу зайлда сарой ичида гуруҳбозлик авж олиб, кундан-кун салтанатдан путур кета бошлайди. Ана шундай қулай вазиятни кўпдан бери кутиб турган Эрон ҳукмдори Шоҳ Аббос тўсатдан Қандаҳорни қамал қилади ва қирқ кунлик қамалдан сўнг шаҳарни қўлга киритади. Жаҳонгиршоҳ шаҳарни қайтариб олиш мақсадида шаҳзода Хуррам бошчилигида катта қўшин тўплаб, Қандаҳорга юбормоқчи бўлади. Лекин шаҳзода Хуррам саройдаги нотинч вазиятда тахтдан узоқлашишии истамай, Қандаҳорга боришдан воз кечади ва тез кунда отаси Жаҳонгиршоҳга қарши қўзғолон кўтаради. Қўзғолон бостирилади. Аммо саройдаги гуруҳбозлик, махфий фитналар мамлакатнинг ички ва ташқи мавқеига салбий таъсир кўрсатади.
Салтанатни вақтинча Нуржаҳон бегим бошқарарди. У ўз ниятларини амалга ошириш мақсадида Жаҳонгиршоҳга содиқ лашкарбоши Маҳобатхонни саройдан четлатиб, Бенгалияга жўнатади ва мол-мулкини рўйхатга олдиради. Бундан норози бўлган Маҳобатхон салтанатга қарши бош кўтаради. Шу воқеадан сал вақт ўтгач, Жаҳонгиршоҳ Нуржаҳон бегим билан бирга пойтахтдан Қобулга қараб сафарга чиқади. Маҳобатхов ражпутли қўшини билан йўлга чиқиб, Шоҳ қофиласини (карвон) ўраб олади. Маҳобатхоннинг барча шартлари Жаҳонгиршоҳ тарафидан ночор қабул қилинади. Нуржаҳон бегим Маҳобатхонга қаршилик кўрсатмоқчи бўлади, лекин кучлар тенг эмаслигига кўзи етгач, макр-хийла йўлини қидиради. Шоҳ карвони Маҳобатхон назорати остида Қобулга қараб йўл олади. Қобулга кирилгач, Нуржаҳон бегим Жаҳонгиршоҳни Маҳобатхон соқчилари қўлидан қутқариб олади ва Кобул қўшинини Маҳобатхонга қарши қўяди. Энди Маҳобатхон учун кочишдан бошқа чора қолмайди. У Қобулдан қочиб Деканга боради ва шаҳзода Хуррамга қўшилади.
Аммо бу вақтда шаҳзода Хуррамнинг аҳволи оғирлашиб, Эронга қочиб ўтиш фикрида юрарди. Бироқ, 1626 йил октябр ойида акаси валиаҳд шаҳзода Парвезнинг тўсатдан вафот этиши унинг сўнган умидларини яна жонлантириб юборади. 1627 йили Жаҳонгиршоҳ Кашмир бўйлаб саёҳатга чиқади. Саёҳатдан қайтаётиб, хасталаниб йўлда вафот этади ва Лоҳурда дафн этилади. Бу хабарни эшитган шаҳзода Хуррам тахтни эгаллаш учун Декандан Аграга йўл олади.
Шаҳзода Хуррам Аграга етиб келгунга қадар унинг қайнотаси Осафхон муваққат равишда марҳум шаҳзода Ҳусравнинг ўғли Довар Бахшни тахтга ўтқазади. Шаҳзода Шаҳриёрни ушлатиб, кўзига мил торттириб, кўр қилади. Куёви шаҳзода Хуррамнинг Аграга яқинлашгани хабарини эшитган Осафхон тахт соҳиби қўғирчоқ Довар Бахшни турли-туман васвасалар билан қўрқитиб, тахтдан воз кечиши ва ўзини панага олишини маслаҳат беради. Довар Бахш тахтни ташлаб қочади ва Эрон шоҳи ҳузурига паноҳ истаб боради.
Шаҳзода Хуррам 1628 йил феврал ойида Аграга кириб, айтарлик қаршиликсиз тахтга ўтиради. У салтанатни ўз тасарруфига киритгач, ўзини «Шоҳ Жаҳон» номи билан аташнн буюради. Ниятларига ета олмаган малика Нуржаҳон бегим 1645 йилда вафот этади ва қабри Лоҳурнинг Шоҳ Дара қабристонига қўйилади. «Тазкират ул-ҳавотин»да ёзилишича, Нуржаҳон бегимнинг қабр тошига ўзи битган қуйидаги байт ёзилган экан:
Бар мазори мо ғарибон на чароги, на гули,
на пар парвона ёби, на садойи булбули.
Мазмуни: Биз ғарибларнинг мозоримизда, на чироқ, на гул, на булбул садосию, на бирор парвонани топмайсан.

Турғун Файзиев

 
Баннер