Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Фарғона. Қўқон хонлиги
PDF Босма E-mail

Фарғона водийси Темур салтанати тарқалиб кетгандан сўнг мустақил бўлди. 1467 йилдаёқ Темурнинг жияни Умаршайх Фарғонанинг мустақил хукмдори эди ва Ахсикент(Ахси, Ахсикет, Аксикас деб манбаларда кайд қилинадиган шаҳар X асрдан бери Фарғонанинг йирик марказларидан бири сифатида тилга олинади. Қаранг: Бартольд, 1-ж., 226-6; 1934 йили бу қадимий шаҳар харобаларини кўриш шарафига муяссар бўлдим.

Шаҳар деворларидан фақат харобаларгина сақланган. Сирдарё ўз ўзанини ўзгартириб туриши сабабли харобаларнинг бир қисми дарё остида қолганлигини айтдилар. Бу ер ҳозир хдм бир қишлоқдир. Бу қишлоқни унинг аҳолиси Ахси дейдилар. Археологик изланишлар ҳақида қаранг: И. Ахроров, «Новые археологические материалы», 79 - 81-6.) шаҳрини ўзига бошкент қилди. Унинг ўлимидан сўнг ўғли Бобур бошкентни Андижонга(Андижон қачон шаҳар сифатида шакллангани маълум эмас. Араблар келган вақтда ҳам бу ер Андижон деб номланарди. Бу шаҳар «ипак карвонлари йўлидаги марказлардан бири эди». «Бобурнома»да Андижон 60 ўринда қайд қилинади. Андижон ҳақида тўлароқ маълумот учун қаранг: Mirza Bala, Endican (Андижон), 268 - 270-6.) кў-чирди. Бобур Шайбонийларга қарши курашда Фарғонани бой берди. Бу ўлка 1597 йилга қадар Шайбоний ўзбекларининг ҳукмронлиги остида бўлди. Кейинроқ Фарғонада яна мустақиллик учун ҳаракатлар бошланди. Халқ орасида Бобурнинг хотини Саид Оппоқхоним қочиш арафасида бир ўғил туққанлиги ҳақида ривоят тарқалди. Ривоятга кўра, Бобур ва унинг хоними болани бир олтин бешикда қолдириб кетишга мажбур бўладилар. Халқ бу чақалоқни топиб, исмини Олтин бешик деб қўяди. Чақалоқ ўзбекларнинг минг уруғи қўлига ўтади. Олтин бешикнинг Тангриёр исмли бир ўғли бўлади. Тангриёр улғайиб Фарғона беги бўлади. Бу хил афсоналар воситасида минг уруғи, балки Фарғонада ўз ҳокимиятини ёймоқ мақсадида бўлгандир... 1579 йилдан, яъни Шоҳруҳнинг (1649 в.) сиёсий майдонга чиққунига қадар содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида ишонарли аниқ манбалар мавжуд эмас(«Kokand, Russia and Buchara» номли (муаллифи, нашр қилинган жойи - тарихи ноаниқ) Берлиндаги Прусия давлат кутубхонасининг ўқув залида мавжуд, Ҳиндистонда босилган бир асар (эҳтимол, расмий характерда 1865 йил февралигача Туркистонда содир бўлган муҳим воқеалар қисқача баён қилинган)нинг иккинчи саҳифасида Олтин бешикнинг шажараси қуйидагича кўрсатилади:
Олтин бешик - Тангриёр - Муҳаммадаминбий - Абдулкарим - Убайдуллабий - Шоҳмастбий (Чамашбий) - Ҳожихон - Аширқул - Шоҳруҳ (Оталиқ) - Абдулкарим - Абдурраҳмон ва бошқалар. Олтин бешикдан кейин 24 насл келган.). «Тарихи Шоҳрух» номли қўлёзманинг муаллифи Муҳаммад Хўқандий Шоҳрухни Фарғона давлатининг асосчиси, деб ёзади(Мулла Ниёз Муҳаммад бин Мулла Ашур Муҳаммад Ҳўқандий. Тарихи Шоҳруҳ, ношир Н. Н. Пантусев (русчага таржима қилинмаган), Қозон, 1885 й., 15-6.). Бартольд Шоҳруҳга қадар Шарқий Туркистон Чадақ(«Чодак» деган ер ҳозирги Фарғона водийсида бўлиб, тахминан Уйчи ноҳиясининг шимолида (12-15 км масофада) Наманган билан Учқўрғон орасидаги Чоҳартоғ [Тўрттоғ] - халқ тилида Чортоғ деб номланган бу ерни 1939 йилгача тез-тез зиёрат қилиш имконига эга бўлдим. Шаҳар, сарой ва қалъалари шу ердаги тўрт тепаликка қурилган бўлиб, эски шаҳардан фақат харобалар сақланиб қолган. Шаҳар девори қолдиқлари ҳамон яхши сақланган. Халқ фикрига кўра бу ер бир замонлар хонларнинг хукумат маркази бўлиб, ҳозир кичик бир шаҳарчадир.) шаҳрилик хўжалар томонидан идора этилганлигини зикр этади(Barthold. Ferghana, V-ж., 563-6.). Фақат Фарғонадаги хўжалар даври ҳақида аниқ маълумотлар берувчи манбалар кўзга ташланмайди. Шоҳруҳдан сўнг Рустамбек (Ҳожи Султон деб ҳам номланади), Аширқул ва Шоҳруҳ ибн Аширқул (1621 йил) Фарғона хукмдорлари сифатида маълум.
Бобурнинг тасвирлашига кўра Фарғона водийси Шарқда Қошғар, Ғарбда Самарқанд, Жанубда Бадахшон тоғлари ва Шимолда Олмалиқ ва Олмаота шаҳарлари ва ўлкалари чегаралари билан қуршалган эди(«Бобурнома», русча таржимаси, М. Салье нашри, С. Азимжонова, - Тошкент: 1958, 5-бет.). Хонлик ташкил бўлмасдан аввал Фарғона водийсида машхур ва Туркистон тарихида, хусусан, тарихда маданият ривожланган катта роль ўйнаган Андижон, Ахсикент, Косон, Ўзганд, Марғинон (Марғилон), Исфара, Воруҳ, Конибодом, Хўжанд ва Ўш каби шаҳарлар бор эди.
Шоҳруҳ ибн Аширқулнинг вориси Абдураҳим анча вақт «Раҳим қалъаси» деб аталган ҳозирги Қўқон (Хўқанд) шаҳрини қурди. Қишлоқ ичидаги қалъа XVIII аср ўрталарида Фарғона хонлигининг маркази бўлган бир шаҳарга айланди(В. Наливкин, Краткая история кокандского ханство. - Казань: 1886, 56-6; Бартольдга кўра бу қалъа Абдулкарим томонидан бунёд қилинган.). Фарғона салтанатини бутун водийга ёйиш истаги мана шу ерда натижа бера бошлади. Абдураҳим Самарқандни, Каттақўрғонни ва Шаҳрисабзни ўз салтанатига қўшиб олди. Бу зафарлари асносида 1739-1740 йилда Хўжандда ҳаёт билан видолашди. Эҳтимол, у Бухоро аъёнлари томонидан ўлдирилди. Вафотидан сўнг номи тилга олинган ўлкалар Бухоро амирлиги тарафидан қайтариб олинди. Абдураҳимнинг ўрнига унинг биродари Абдулкарим тахтга ўтирди. Абдулкарим қалмоқлар билан урушишга мажбур бўлди. 1760 йили қалмоқлар Косонни ишғол қилдилар. Фақат Қўқон учун жангни бой бердилар. Бироқ қалмоқлар ўрнида хитойлар пайдо бўлди. Хонлик қисқа муддат Хитой нуфузи остида қолди. Абдулкаримнинг халафи Эрдонбек (Абдураҳимнинг ўғли ислом давлатларининг иттифоқини тузишга ҳаракат қилди, бироқ бирон-бир натижага эриша олмади. 1763 йилда афғонистонлик Аҳмадшоҳ Дурроний ўз лашкарлари билан Қўқон ва Тошкент орасида кўринган бўлса ҳам ўлкасидаги нотинчликлар сабабли ўша йили орқага қайтишга мажбур бўлди.
Эрдонбекнинг ўлимидан сўнг 1778 йилда Султонхон отаси тириклигида бошланган Чуст, Андижон, Тўрақўрғон ва Хўжанд бекларининг қўзғолонини бостиришга киришди. Мақсадига эриша олмай, ҳалок бўлди. Унинг ўрнига Абдулкаримнинг ўғли Норбўта ўтирди (1807 - 1878) ва бекларнинг қўзғолонини шиддат билан бостиришга муваффақ бўлди. Норбўтанинг ўғли ва халафи Олим (1807 ёки 1816 йилга қадар салтанатда бўлди) «хон» унвонини олди. Бухоро амирлигидан Ўратепа ва Жиззахни олиб, ҳар икки шаҳарни ўз салтанатига қўшди. Олимхон Юнусхўжа мустақил идора этаётган Тошкентни ишғол қилишга астойдил киришган бўлса ҳам 1799 йилдаги Тошкент сафари натижасиз тугади.
Бошқа томондан Юнусхўжа Чуст ва Хўжанд бекларининг қўзғолонидан фойдаланиб, Фарғонани осонликча фатҳ этишга умид қилар эди. 1800 йили Юнусхўжа Қўқонга юриш қилди. Фақат унинг қўшини Хўжандда мағлубиятга учради. Шундай қилиб, Олимхон Тошкентга янгидан юриш қилиш фурсатини қўлга киритди. Бирмунча жанглардан сўнг Қўқон қўшини Тошкентни таслим қилди. Қўқон хонлиги секин-аста Туркистон (Ясси) шаҳрига қадар кенгайди. Олимхон Дашти Қипчоққа (Сирдарёнинг қуйи оқими) қилган сафаридан Қўқонга қайтишида (1809 ёки 1816) дарвешлар томонидан ўлдирилди(BSE,1930, С.ХХХ 270-6; Hayit, Die nationalen Regierungen, 59-6., dipnot 229.).
Норбўтанинг ўғли Умар (22.11. 1785 туғ.) хон этиб тайинланди. Умархон 1818 йилга қадар Орол денгизининг жанубий қисмини ишғол этди ва Сирдарёнинг қуйи оқимида Оқмасжид қалъасини қурдирди. Тошкентга қайтгандан сўнг мусулмонларнинг бош қўмондони (амирал мўъминин) бўлди. Табиатан шоир бўлган Умархон шеърларини «Озорий» тахаллуси билан битган(Spuler, Yeschichte, 259-6.). У бирмунча шоирларни атрофига тўплади. Ҳатто Нодира ва Увайсий бир шоира сифатида адабий суҳбатларда иштирок этишарди. Уларнинг асарлари ҳозирга қадар ўзбек адабиётида ўзига хос ўрни борлиги билан эътироф этиб келинмоқда.
Умархон салтанатни бошқарган даврда ички осойишталикни сақлади, ватандошлари манфаати йўлида хизмат қилди. 1819 йили Хўжанд беги Умархон салтанатини йиқитишга қаратилган қўзғолон кўтарган бўлса ҳам хон тарафидан бостирилди.
Умархоннинг ўлимидан сўнг 1822 йилда унинг 12 ёшли ўғли Муҳаммад Али тахтни эгаллади. Унинг замонида Қўқон Хитойга қарши фаол сиёсат йўлини излади. Қошғар Хитойлар томонидан ишғол этилганда, Оппоқхўжа авлодидан бўлган Жаҳонгирхўжа (1758 йилдан бери) Қўқонда яшамоқда эди. Бу зот Қўқон саройидаги илм кишиларига ва таъсирли бекларга ўз режаларини таништириб, уларнинг ёрдами билан Қўқон қўшинларини Шарқий Туркистонга киритишни ташвиқ этарди. Жаҳонгирхўжа атрофига 3000 ҳарбий тўплаб Андижоннинг собиқ қўмондони Исо додҳонинг бошчилигида 1826 йили Қошғарга жўнади. Хитойликларга қарши қўзғолон ташкил қилиб, шаҳарни забт этди. Олимлар илтимосига кўра, ёш хон Муҳаммад Али 1824 йили лашкарига бош бўлиб Қошғарга кирди. Хонлик ўрдасининг Қошғарда пайдо бўлиши билан Жаҳонгирхўжа хукмдор деб эълон қилинди. Фақат хитойликлар Қошғар қалъасидаги истеҳкомларини ўз қўлларида сақлаб қолдилар. Муҳаммад Алининг у ерда кўриниши Жаҳонгирнинг хушига ёқмаган воқеа бўлди. Зеро, Қўқонни фақат ўзи тўлиқ қўлга олиши шубҳали қарор эди. Жаҳонгир бир вақтлардаги ўз ҳомийсини от устида ўтириб қаршилади(В. Hayit, Die jungste Ozbekische Literatur, «Central Asiatic journal» Vol. VII, N 2 (1962), 122-123-6.). Гулбоғ қалъасида ўрнашган хитойликларга қарши Қўқон қўшини хужум қилди. Жаҳонгир ўз кучлари билан хитойликларга бас келиш умиди билан урушнинг томошабини бўлиб қолди. Қўқон лашкари қалъани забт этди ва айни шу йили Қошғардан орқага чекинди. Шундай қилиб, Жаҳонгир хитойликлар билан фақат ўзи ҳисоблашишдан бошқа чораси қолмади. 1827 йили март ойида хитойликлар 20000 аскар билан Қошғарга юриш бошладилар. Жаҳонгир тўққиз ойгина тахтда ўтирди, сўнг қочишга мажбур булди, ва хитойликлар 1 апрелда шаҳарни ишғол қилдилар(Жаҳонгирхўжа раҳбарлигидаги исён ва Қўқон билан Шарқий Туркистон хонликлари сиёсати ҳақида қаранг: Корнилов, Кашгария или Восточный Туркестан, 15-бет; Наливкин, 129-6., Bellew, «Report», 182-6.).
Муҳаммад Алихон 1830 йилда 40000 аскар билан Қошғарга юришни амр қилди. Қўмондонликни ўрда қўмондони Ҳаққули ва Жаҳонгирхўжанинг биродари Матюсуфхўжа қўлга олдилар. Қўқон лашкари хитойларни Қошғардан 45 км масофадаги Мингйўлда енгдилар ва устунликдан фойдаланиб, Қошғар томон юрдилар. 1830 йил ноябрда Қўқон ўрдаси Қошғарни ишғол этди. Бу ердан Ёркент, Хўжанд ва Оқсув томон силжиди. Бухоро Хонининг Қўқонга юриш қилиши хавфи борлигидан Қўқон Ўрдаси Қошғарни тарк этишига тўғри келди. Қўқонликлар 1831 йилда хитойлар билан қуйидаги шартномани тузиб, сўнг орқага чекиндилар:
1. Шарқий Туркистоннинг олти шаҳрида божхона даромади Қўқон хонлиги тасарруфидадир.
2. Божхона назоратига хон ҳар шаҳар учун Қошғар оқсоқоли розилиги билан давлатнинг бир маъмурини тайин этади.
3. Олти шаҳардаги муҳожирлар хоннинг маъмурлари томонидан назорат қилинади.
Хоннинг хитойларга нисбатан олган мажбурияти: Қўқондан хўжаларнинг Қошғарга келишини рағбатлантирмаслик. 1832 йили Олим Паша Қўқондан Қошғарга келиб, божхонанинг бош тафтишчиси вазифасини эгаллади. Қўқоннинг бу устунлиги 1847 йилда Шарқий Туркистонда хўжаларнинг сиёсий майдонга чиқиши билан якунланди (Кенгроқ маълумот учун китобнинг кейинги қисмига қаранг). Фақат 1858 йилда Худоёрхон 1831 йилдаги шартноманинг қайтадан кучга киришини таъминлай олди. У Насриддин додҳони божхона ишлари назоратчиси сифатида Қошғарга юборди. Бу назоратчининг ваколати 1864 йилда Бузрукхўжа билан Яқуббек Қошғарда пайдо бўлгунига қадар давом этди.
Муҳаммад Алининг салтанати даврида ҳам хонлик ерлари кенгайди. Қўқон ўрдасининг қўмондони Ҳаққули Шуғнон, Дарвоз, Қоратегин, Рушан, Ваҳан ва Помир ҳавзасидаги Кўлобни давлатига қўшиб олишга муваффақ бўлди. Бу билан хонликнинг чегаралари XIX аср бошларида Помирдан Или дарёсига қадар ва Олой тоғларидан Сирдарёнинг қуйи оқимига қадар кенгайди(Иванов, Очерки, 186-6; Филлип Назаров, Записки о некотормх народах и землях части Азии. Москва, 1968, 37-6. (НАЗАРОВ 1813 -1814 йилларда Ўруссиянинг Қўқондаги элчиси эди. Хотираларини 1821 йилда Петербургда ёйинлади). В. Абдуллаев, ўзбек адабиёти тарихи, Тошкент, 1964 йил, II жилдга кўра хонлик ҳали ХVIII аср ўрталаридаёқ Тибет, Қошғар ва Дашти Қипчоққача ёйилган эди.). Қўқон хонлиги юксалган даврда Бухоро билан бўлган муносабатлари шунчалик ёмонлашдики, Туркистоннинг бу икки давлати фақат курол воситасида гаплашадиган ҳолга келди. Олимхон замонида Бухоро билан Қўқон орасида Ўратепа учун 13 марта жанг бўлди. Амир Насруллоҳ 1839 йилги ҳарбий юриши натижасида ҳар икки хонлик учун асосий стратегик база бўлган Жиззах, Хўжанд ва Ўратепа шаҳарларини забт этди.
1840 - 1841 йилда Амир Насруллоҳ Қўқон шаҳрини эгаллади. Кўқон хони Муҳаммад Алининг ўгай онаси Нодирани ва биродари Султон Маҳмудни қатл қилдирди. Амир Иброҳим Хаёл парвоначини Қўқон волиси этиб тайинлади. Фақат Бухоро, Фарғонада узоқ вақт хукмини ўтказа олмади. Наманган атрофи беклари Бухоронинг хукмронлигидан қутулиш учун Юсуфбекнинг раҳбарлигида Таласда истиқомат қилаётган Олимхон билан биргаликда Умархоннинг ўгай укаси Шералибекни хон деб эълон қилишни таклиф қилди. 50 ёшли Шералибек бу таклифни қабул этиб, Қорасувга (Андижон билан Ўш орасида) келди ва бу ерда хон этиб сайланди. 1842 йилнинг июнь ойида Қўқонга юриш бошлади. Қўқон ва Бухоро аскарлари орасидаги бўлган жангда 3000 га яқин Бухоро сипоҳилари ҳалок бўлди. Қўқондаги 1500 бухоролик ҳибсга олинди. Шералихон Фарғонага янгидан мустақиллик берди ва Бухоро қўшинининг чекиниши асносида Хўжандни ҳам забт этди. Қўқон хонлиги аскарлари 1843 йили Муллабек қўмондонлиги остида Тошкентни Бухоро хонлигидан қайтариб олди. Қўқон билан Бухоро орасидаги бу душманлик 1865 йилга қадар давом этди. 1865 йилда амир Музаффар Қўқон шаҳрини яна забт этди. Музаффарнинг бу ҳаракати руслар Тошкентни босиб олиш учун Қўқонга қарши урушаётган бир вақтда ҳар икки давлат учун (Қўқон ва Бухоро учун) фожиадан бошқа нарса эмас эди.
Қўқон хонлиги ҳам ички тўқнашувлардан холи эмас эди. 1865 йили Мусулмонқул итоатидаги қипчоқлар Шералихонга қарши қўзғалдилар. Унинг аскарлари Қўқон хони сипоҳиларини Чуст билан Тошкент орасида енгиб, Қўқон шаҳрини ишғол қилдилар. Қипчоқлар минг уруғи хонадони салтанатини тугатиш мақсадида эдилар. Шералихонни қайтадан тахтга чиқарсалар ҳам Мусулмонқулнинг бошвакил (мингбоши) мансабига эга бўлиши хуқуқини қўлга киритдилар. Бу аслида давлат идораси қипчоқлар қўлига ўтди, деган ran эди. Бу ҳолат эса ўзбекларнинг минг уруғи вакиллари норозилигига сабаб бўлди ва 1845 йилда Олимхоннинг ўғли Муродбекни Қўқонга жўнатдилар. Муродбек Қўқонни фатҳ этгач, Шералихонни ўлимга маҳкум этди. Муродбек атиги ўн кун хонлик қилди, зеро, у ҳам ўша йили қипчоқлар томонидан қатл қилинди. Мусулмонқул ноиб бўлди ва Наманганда яшаётган Шералихоннинг учинчи (кенжа) ўғли Худоёрни хон этиб тайинлади. Худоёрхон мамлакатни идора эта биладиган даражага етмаганди. Шунинг учун у рақиб гуруҳлар орасида ўйинчоқ ҳолига тушди. Уч дафъа тахтдан туширилди ва Бухоронинг ёрдами билан (1845 - 1858, 1862 - 1863 ва 1866 - 1875) уч марта такрор хон этиб тахтга ўтирди. Бу «хон ўйинида» ва ички келишмовчиликлар асносида Қўқон хонлиги Ўрусиянинг тўғридан-тўғри хужуми, босқини остида қолди,
Хонлик билан 23 йиллик урушдан сўнг Русия урушда ғолиб чиқди ва 1876 йили Кўқон хонлиги давлат сифатида тугатилди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер