Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Муҳаммад Раҳим
PDF Босма E-mail

Муҳаммад Раҳим ибн Муҳаммад Ҳакимбий
(1709-1758-йил 24-март),
(1756-1758)

Муҳаммад Раҳим оталиқ, манғитлар сулоласининг асосчиси, қушбеги, 1756-1758-йилларда расман Бухоро хони (1747-йилдан амалда), отаси – Муҳаммад Ҳакимбийнинг кўмаги билан аштархоний ҳукмдор Абулфайзхон саройида бош вазирлик лавозимида ҳизмат қилган. Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг Бухорога ҳужумидан кейин унинг мамлакатда мавқеи янада ошган ва Абулфайзхоннинг қизига уйланган. Бухоронинг обрўли кишилардан 12000 нафарига бош бўлиб, уларни оқ уйлик сифатида Эрон пойтахти – Машҳадга олиб келган. У 1745-йилдаги каттақўрғонлик Ибодуллоҳбий бошчилигида хитой-қипчоқ қавмлари кўтарган исённи бостириш учун Нодиршоҳнинг буйруғига кўра Бухорога қайтади ва қушбеги- бош вазир лавозимини эгаллайди. Айнан шу пайтдан бошлаб у Бухоро хонлигининг амалдаги ҳукмронига айланган. Муҳаммад Раҳимбий буйруғи билан 1747-йилда Абулфайзхон Мир Араб мадрасаси ҳужраларидан бирида ўлдирилади. Тахтга Абдулмўминхон (1747-51), Убайдуллахон ИИИ (1751-54), Шерғози (1754-56) ни ўтқазиб, бу қўғирчоқ хонлар даврида марказий ҳокимиятга бўйсунишни хоҳламаётган Миёнкол, Нурота, Ургут, Жиззах, Ўратепа, Хўжанд, Тошкент, Шаҳризабз, Бойсун, Ҳисор, Қубодиён ва бошқа бекликларини тўрт йил давомида устига юриш қилиб уларни ўзига бўйсунтиради. Бурқут, баҳрин, кенагас, қипчоқ, юз, сарой бошқа қавмларни мамлакатнинг турли ҳудудларига кўчириб хонликнинг яхлитлиги ва ҳавфсизлиги учун изчил курашган. Урушлар туфайли вайрон бўлган Дарғон каналини қайта тиклаттирган. Бухоро шаҳрининг мудофаа девори мустаҳкамланиб, 1752-53-йилларда баландлиги икки метрли янги девор қурилган. 1756-йил 16-декабрда Муҳаммад Раҳимбий Бухоро тахтига расмий равишда хон бўлиб ўтиргач, Бухорода ҳокимят тепасига янги сулола - манғитлар сулоласининг ҳукмронлиги бошланди ва бу сулола мамлакатни 1920-йилгача идора қилган.
Муҳаммад Раҳимхон мамлакатда ўзининг мутлақ ҳукмдорлигини ўрнатиш ҳамда ички бош-бошдоқликни тугатиш сиёсатини тутди. Бундай сиёсатдан кўзланган мақсад – марказлашган давлатни тиклаш эди. Муҳаммад Раҳимхон бу сиёсатни рўёбга чиқаришга қатъий киришди ва барча маҳаллий ҳукмдорларни ўз ҳузурига чорлаб, уларга ўзининг асл мақсадини, ўз дастурини маълум қилди. Қайси маҳаллий ҳукмдор марказий ҳокимиятга бўйсунмаса, ундайларни аёвсиз жазога тортилишини огоҳлантирди. Хива хонлигидаги сиёсий низолардан фойдаланиб, тахтга ўз одамларини ўтқазган.Муҳаммад Раҳимхон йирик ер эгаларининг давлатни бошқариш ишларида шу вақтгача давом этиб келган аралашувларини кескин камайтиришга эришган. Шундай бўлса-да, у барча бекликларнинг марказий ҳокимятни тан олишларига тўла эриша олмаган. Бухоролик тарихчи Мирзо Абдулазим Сомий Бўстонийнинг ёзишича Муҳаммад Раҳимбий Ғиждувон туманидан қайтаётганида йўлда вафот этган. Бухородаги Шоҳруд анҳори бўйида, Мозор дарвозасидаги Абу Бакр тархон қабристонида дафн этилган.

 
Баннер