Темур тузуклари (4) | ||||
ЎРУСХОННИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ ВА ДАШТИ ҚИПЧОҚНИ БОСИБ ОЛИШДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ [Дашти Қипчоқ] хони Тўхтамиш хонлик талашиб Ўрусхондан енгилиб, менииг паноҳимга қочиб келган эди. Унинг билан қўшин юборсаммикин, ё ўзим борсаммикин деб турганимда Ўрусхоннинг элчиси келиб қолди. Кенгашиб, элчининг кўнглини овлаб, [сўнг] кетишига рухсат беришни, ўзим эса Дашт томон юзланиб, элчининг кетидан лашкар жўнатишни мўлжалладим, токи элчи хотиржамлик билан бўлган воқеалардан Ўрусхоннинг мажлисида баён қилсин, эртаси куни менинг қўшинларим қўққисдан уларнинг устига бостириб борсин. ГИЛОН, ЖУРЖОН, МОЗАНДАРОН, ОЗАРБАЙЖОН, ШИРВОН, ФОРС ВА ИРОҚ МАМЛАКАТЛАРИНИ ЗАБТ ЭТИШ БОБИДА ҚИЛГАН КЕНГАШИМ Ироқ аҳблисининг музаффарийлар ва турли тоифадаги ҳукмдорлар зулмидан шикоят қилиб ёзган аризалари қўлимга тушгач, Ироққа юриш тадоригини кўришга жазм қилдим.
Широзни музаффарийларга қолдириб, Исфаҳонда эса уч минг одамимни тайинлаб, ўзим Тўхтамишхонни дафъ этиш учун Дашти Қипчоққа лашкар тортиб борганимда, Исфаҳон аҳолиси доруғани ўлдирди. Шу вақтнинг ўзида Широз аҳолиси ҳам менга бўйсунмай қўйган эди. Шу сабабли, уларни жазолаш мақсадида яна Ироққа юриш қилишга тайёрлана бошладим. Саксон минг отлиқ аскар тўпладим. Лекин бу катта қўшин билан бир йўла Ироқ ўлкасига кирсам, у ерга сиғмай қолиши мумкинлигини мулоҳаза қилиб, лашкаримни фавжларга бўлиб, уларни Ироқ мамлакатини босқин қилишга бирин-кетин юборишни фикрладим. Шу қарорга келиб, лашқаримни уч фавжга бўлдим ва ўзимдан олдинда боришни тайин қилдим. Ироқнинг ҳар ер-ҳар ерида тўпланган ғаним аскарларининг ҳаммаси тарқалиб кетди. Сўнг Широз устига қўшин тортдим. Шоҳ Мансур Жанг майдонида мен билан тўқнашиб, жазосини топди. ТЎХТАМИШХОНГА ШИКАСТ ЕТКАЗИШ ҚИЛИНГАН КЕНГАШ Лашкарларим беш ой давомида Тўхтамишхоннинг ортидан қувиб юргани сабабли кўпинча оч қола бошладилар. Чунончи, бир неча кун бошбалмоқ ўти, ов гўшти, саҳро паррандаларининг тухуми билан кун кечирдилар. Қўшиним бундай оғир аҳволга тушиб қолганини эшитган Тўхтамишхон фурсатдан фойдаланмоқчи бўлди ва чумолию чигирткадан ҳам кўп аскари билан устимизга ёпирилиб келди ва мен билан тўқнашди. Менинг аскарларимнинг очликдан тинкаси қуриганди. Тўхтамишхон аскарлари эса, тўқ ва осуда эдилар. Фарзандларим ва набираларим ҳузуримга келиб, тиз чўкиб, мен учун жон фидо қилишга тайёр эканликларини билдирмагунларича, саркардаларим, ва аскар бошлиқларим жанг қилишга рўйхушлик бермадилар. Шу пайт Тўхтамишхоннинг байроқдори мен билан тил бириктирди — уруш бошлаганимда ва икки томон қўшини юзма-юз келганда, байроқдор байроғини тубан қилиши ҳақида у билан келишиб олдим. Амирларим ва нўёнларим, фарзандларим [ва набираларим] олдимга келиб, тиз чўкканини эшитгач, жасурлиги тутиб, қўрқмай жангга кирдилар. Шунда мен амирзода Абу Бакрни саккиз минг отлиқ билан ҳировул этиб тайинладим. Савашу чопиш қизишиб, жангу жадал ўти кўкка кўтарилганда, [лашкарларга] чодирлар тикиб, таом тайёрлашга киришишни буюрдим. Худди шу пайт Тўхтамишхоннинг байроғи тубан бўлди ва Тўхтамишхон саросимага тушиб қолди. У Жўчи улусини талон-торожга ташлаб, жанг майдонига орқа ўгириб қочди. ДОРУССАЛОМ (БАҒДОД) НИ ВА ИРОҚИ АРАБНИ ЗАБТ ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ КЕНГАШИМ Ироқи ажам ва Форсни забт этганимдан кейин, қутб ул-ақтоб пиримдан менга «Араб ва Ажам Ироқининг буюк қаҳрамонига [тангри таоло] Ироқи араб билан Ироқи ажамни тортиқ қилди», деган мазмунда мактуб келди. ТЎХТАМИШХОННИ ЙЎҚОТИШ УЧУН ҚИЛГАН КЕНГАШИМ [Тўхтамишхон мендан енгилиб] Жўчи улусини талон-торожга ташлаб, ўзи қочган эди. Кейинроқ менинг йўқлигим фурсатидан фойдаланиб, Дарбанд ва Ширвон орқали Озарбайжонга кўп сонли лашкар юбориб, фитнаю фасод кўтарди, Бу вақтда мен ҳар иккала Ироқни ҳам эндигина забт этиб бўлгандим. Тўхтамишхонни йўқотиш учун беҳисоб лашкар билан Дарбанд йўли орқали яна Дашти Қипчоққа юришни маслаҳат кўрдим.
|