Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Темур тузуклари (11)
PDF Босма E-mail

АМИРЛИК ВА ҲУКМДОРЛИК ТУЗУГИ

Хос ул-хос навкарларимдан уч юз ўн уч кишига амирлик мансаби беришни буюрдим, чунки улар асли тоза, пок насллик, ақл-фаросатлик, баҳодир, довюрак, тадбиркор, сергак, эҳтиёткор, олдини ва орқасини ўйлаб иш тутадиган кишилар эди. Уларнинг ҳар бирига ўринбосар тайинладим. Агар амирлардан биронтаси вафот этса, у ҳолда, ўринбосари унинг ўрнига ўтиради ва уни «амирликка номзод» (мунтазир ул-аморат) деб атайдилар. Менинг бу уч юз ўн уч амирларимнинг бариси ақл-ҳуш эгалари, базму разм шерлари, маҳоратли саркарда, лашкар тўпини бузиб, уни мағлуб этувчи кишилар эди.
Тажрибамдан синаб билдимки, жангнинг сир-асрорини, ғаним аскарларини синдириш йўлини билган, уруш қизиганда ўзини йўқотмасдан, қўл-оёғи бўшашмасдан, лашкар фавжларини жангга бошлай оладиган, агар қўшин сафига раҳна тушса уни тезда тузата оладиган кишигина амирлик ва ҳукмронликка лойиқ ҳисобланади..
Шундай киши амир ул-умаро бўла оладики, мен йўғимда базм-размда ўринбосарим бўлиб, шон-шавкат ва маҳобат билан бутун сипоҳга буйруқ бериб, унга қаршилик қилганларни. жазолай оладиган бўлсин.
Уч ю.з ўн уч кишидан тўрт нафарини бегларбеги этиб, бир кишини амир ул-умаро қилиб тайинлашни буюрдимки, унинг ҳукми юришларда, урушларда амирлар ва бутун сипоҳ томонидан сўзсиз ижро этилсин. У ўзим боримда йўлдошим, йўғимда эса ўринбоса-римдир.
Ғайратли, ор-номусли бўлган яна ўн икки кишига ушбу тартибда амирлик даражасини бердим:
Биринчи амирга минг кишига буйруқ бериш ҳақини бериб, уни амир қилиб тайинладим. Иккинчи амирга икки минг кишига буйруқ бериш ҳақини бериб, мазкур икки минг аскарга амир этиб қўйдим. Шунга ўхшаш учинчи амирни — уч минг, тўртинчисини — тўрт минг, бешинчисини — беш минг ва шу тартибда ўн иккинчи амиргача кўпайтириб бориб, олти мингдан ўн икки миютача аскарга амир этиб белгиладим. Амирлик тартибига қараб, бирини иккинчисига ноиб этдим. Масалан, биринчи амирни иккинчи амирнинг ноиби, иккинчи амирни учинчи амирнинг ноиби, шу тартибда ўн биринчи амирни ўн иккинчи амирнинг ноиби қилиб белгиладим. Ўн иккинчи амир эса амир ул-умаронинг ноиби бўлди. Амир ул-умаро эса менинг ноибим ҳисобланади. Қайси бир амирга бирор кор-ҳол бўлса, ўрнига ноиби ўтирсин.
Яна буюрдимки, ўша уч юз ўн уч кишидан юзтаси — ўнбоши, юзтаси — юзбоши, юзтаси — мингбоши бўлсин. Жанг пайтида амир ул-умаро — амирларга, амирлар — мингбошиларга, мингбошилар — юзбошиларга, юзбошилар — ўнбошиларга бошлиқ деб буйруқ бердим. Шунингдек, ўнбошининг ишини — юзбошига, юзбошининг ишини — мингбошига, мингбошининг ишини — амирга, амирнинг ишини — амир ул-умарога буюрмасинлар. Ўнбоши билан битарлик ишни юзбошига, юзбоши битирса бўладиган ишни мингбошига юкламасинлар. Амирлардан қайси бири ўзи қизиқиб иш сўрар экан, унга буюрса бўлур.

 
Баннер