Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Бевафо бойликлар
27.12.2011 08:38    PDF Босма E-mail

«Худоёрхон (Қўқон хони) ҳижрий 1292 йили шошилинч ҳолда ўттизта казакдан иборат рус отряди ҳимоясида Тошкентга кетишга мажбур бўлди… Қўқон шаҳридан Худоёрхон хотин, бола-чақаларини олиб, хизматкорлари билан олтин, кумуш, лаъл, жавоҳирлар тўла сандиқларни ортиб, Хўжанд орқали чиқиб кетди. Шаҳардан саккиз чақирим юрилгач, хон ҳамроҳларига дам беради. Шунда унинг 1000 пиёда, 2000 сипоҳи, 68 замбараги бор эди. Танаффусдан сўнг йўлга чиқилганида қанотида 500 сипоҳи қолган, бошқалари эса хонни ташлаб кетганди. Кейинроқ сандиқдаги бойликлар ҳам изсиз йўқолди» («Таснифи Ғариб» қўлёзма китоби, шахсий кутубхона).

Бухоро амири хазинасида у тахтдан кетиши олдидан қуйидаги бойликлар бўлган: 1 миллион 148 минг 380 дона Бухоро тилласи, 4 миллион 365 минг дона рус тилласи, 17 тонна 728 кило ёмби ҳолатидаги Гамбург тилласи, 45 тонна 494 кило Гамбург ёмби кумуши, 22 тоннадан зиёд рус кумуш тангалари ва жами 34 номдаги бошқа қимматбаҳо буюмлар рўйхатга олинган. Уларнинг умумий қиймати 73 миллион 252 минг сўмдан ошган. Бунга амир ва унинг оиласига тегишли 3 миллион 300 минг сўмликдан ортиқ қимматбаҳо тақинчоқлар ва инжу-марваридлар кирмаган (Бу пулларнинг қанчалигини билиш учун солиштириб кўринг: ўша пайтда бир пуд (16 кило) ун – 95 тийин, бир пуд писта – 35 тийин, шунча бодом – 70 тийин, бир бош семиз қўй 2 сўм бўлган). Ана шунча бойликнинг тақдири ҳанузгача маълум эмас  (Ҳ. Узоқов, С. Холбоев, «Бухоро амирининг олтинлари», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1991 йил).


«Ўзбеклар иши»ни ташкил этиб амалга оширган Т. Х. Гдлян ва Н. В. Иванов каби терговчилар юқори мартабали шахслар ва уларнинг оила аъзоларидан тортиб олган, мусодара қилган бойликлар 40 миллион сўмликдан ошиқ эди. Бундан ташқари бошқа терговчилар ва ҳуқуқ органлари томонидан мусодара қилинган пул ва бойликлар 100 миллион сўмга етган эди. Ана шу миллион-миллион пуллар, олтин, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо магнитафон, соат каби буюмлар, заём облигатсияларининг бари Москвага олиб кетилди ёки нопок терговчилар томонидан гумдон қилиниб, ўзлаштирилди (Изоҳ: тўқсонинчи йиллар бошида ВАЗ-2106 маркали «Жигули» автомобили 8 минг сўм турарди)  (В. Илюхин, «Қабоҳат ёхуд…», Тошкент, 1993 йил).

Бизнинг изоҳ: катта пул-бойлик ҳеч қачон вафо қилмаслигини билса ҳам одам боласи уни йиғиб-босаверар экан-да!

 
Баннер