«Қанчадан-қанча қишлоқ-шаҳарлар борки, ўз Парвардигорлари ва Унинг пайғамбарлари амридан бош тортгандирлар, бас, Биз улардан қаттиқ ҳисоб-китоб олганмиз ва ёмон азоб билан азоблаганмиз. Бас, у (қишлоқ-шаҳарларнинг) аҳли ўз иш-қилмишларининг зиёнини тотдилар ва бу ишларининг оқибати зиён тортиш – ҳалокат бўлди». (Талоқ сураси, 8-9)
Бу даҳшатли фожиа ёз кунларининг бирида рўй берди. Тинимсиз пишқираётган Везувий оғзидан отилиб чиққан қайноқ кул ва лава одамларни тириклайин жизғанакка айлантирар, қочишга улгурмаган жонзот борки, мислсиз азобга дучор бўлар эди. Помпейликларнинг тўкин-сочин ва шод-хуррам ҳаётлари якун топди, улар қурган ахлоқсиз жамият ер юзидан йўқ бўлиб кетди.
Помпейга эрамиздан аввалги ВИ асрда асос солинган. Савдо йўлида жойлашганлиги шаҳарнинг қисқа муддат ичида ривож топишига туртки бўлди, муҳим савдо-сотиқ ва саноат марказига айланди. Шаҳар бир неча даҳалардан иборат бўлиб, илғор меъморчилик услубларидан фойдаланилган ҳолда барпо этилган эди. Турли маъбудларга бағишланган ҳашаматли ибодатхоналар, театрлар, 20 000 томошабинга мўлжалланган амфитеатр шаҳар кўрки ҳисобланарди. Помпейда ўттиздан ортиқ новвойхоналар ишлар, у ерларда ёпилган нонлар сотиш учун ён атрофдаги шаҳарларга ҳам жўнатиб турилган. Шунингдек, бу ерда жун газламалар ишлаб чиқариш ҳам яхши йўлга қўйилган эди.
Помпейликлар айш-ишратга муккасидан кетган халқ эди, фоҳишахоналар очиқ ишлар, баччавозлик ва ахлоқсизликнинг ҳар қандай кўриниши уят саналмасди. Қазишмалардан маълум бўлишича, помпейликлар хонадонлари эшигига шаҳвоний расмлар илиб қўйишни жуда яхши кўришган экан, бундан ташқари, уйларини турли ҳайкаллар билан безашган, кундалик ишлатадиган буюмларини ҳам шаҳвоний кўринишда ясаттиришган. Помпейнинг донғи бутун Рим империясига, қўйингки, қўшни салтанатларга ҳам ёйилган эди. Ишрат излаган одамлар бу ерга оқиб келарди. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, машҳур саркарда Ганнибал Италияга ҳужум қилган пайт унга Помпейни ҳам ишғол қилишни таклиф қилишади. Саркарда йўлга тушади, аммо манзилнинг ярмига етганида ортга қайтишга қарор қилади. Чунки Помпейни ҳеч бир қўшин ишғол қила олмаган эди. Ишғол қилганлари ҳам кейинчалик жанг қилишдан бош тортиб қолишарди. Сабаби оддий – ҳеч бир аскар «лаззат макони»ни ташлаб кетгиси келмасди. Одамлар бу кайфу сафо ҳеч қачон тугамаслигини жуда-жуда исташар эди.
Эрамизнинг 62 йилида Помпейда кучли зилзила юз берди, кейинги йиллар давомида бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Бу эса ўз навбатида юз йиллардан бери ухлаб ётган Везувийнинг яқин орада уйғонишидан дарак эди. 79 йилнинг 24 август тонгида Помпей осмонида кул булути пайдо бўлди. Ҳа, Везувий ўз қаҳрини ён атрофга соча бошлаган эди. Шундоққина вулқон этагида жойлашган Геркуланум шаҳри қайноқ лава остида қолди. Дам-бадам ернинг титраши, осмонда қора булутларнинг сузиб юриши помпейликларни кўпам ташвишга солмади. Улар ўзларини фалокатдан узоқ санаб, бу ваҳималар тез орада ўтиб кетишига ишонишган эди. Шунинг учун ҳам барча ўз юмуши билан овора бўлди: новвойлар нон ёпишга тушиб кетишди, сотувчилар савдога тайёрланишди, фоҳишалар эса мижоз кутиб олишга. Ана шу ғафлат уларни ҳалокат томон етаклаб келди. 25 август тонгида Помпейда тирик жон қолмаган, шаҳар уч метрли кул қатлами остига кўмилиб қолган эди. Одамларнинг қочишга улгурмаганидан тушуниш мумкинки, ҳалокат жуда қисқа муддат ичида юз берган.
Помпейда олиб борилган қазишма ишлари бу шаҳарда яшаган одамларнинг ахлоқан тубан қиёфасини очиб берди: фалокат яқинлашганини билса ҳам одамлар айш-ишратни тарк этишмаган эди. Кўпчилик – ёшлар (ҳатто болалар) ҳам, қарилар ҳам бузуқчилик устида тошдай қотиб қолган эди.
Аброр Машарипов тайёрлади.
|