Намруд, Нимро́д, Нимврод, Невро́д, Не́мврод (қадимги ибронийча נִמְרוֹד – сўзма-сўз "қўзғаламиз", Септуагинтада, қадимги юнонча Νεμβρωδ) - Танахда, аггадик анъаналар ва Ўрта Шарқ афсоналарида қаҳрамон, жангчи-овчи ва шоҳ. Ибтидо китобида келтирилган насабномага кўра, Хушнинг ўғли ва Хомнинг набираси, "Парвардигор олдида кучли овчи" (Ибт. 10:9) ва "Бобил, Эрех, Аккад ва Сеннар юртида Халне" шаҳарлари подшоси (Ибт. 10:10). Араблар Месопотамиянинг турли қадимий шаҳарлари харобаларини Намрудга мансуб деб билишган. 19-асрда археологлар томонидан қадимий Калҳу шаҳрида топилган вайроналардан бири Нимрод — Нимруд номи билан аталган. 13-асрда айюбийлар томонидан Хермон тоғида қурилган қалъани друзлар 19-асрдан Нимрод қалъаси деб аташган. Турли ривоятларда золим ва Худога қарши курашувчи Намруд образи таъкидланади; у Бобил минорасининг қурилишида, Иброҳим алайҳмччаломнинг таъқибида, бутпарастликда ва Худо билан рақобатда қатнашган ҳисобланади. Агада уни биринчи овчи ва биринчи бўлиб гўшт ейишни бошлаган, шунингдек, бошқа халқлар билан жанг қила бошлаган биринчи одам деб ҳисоблайди; унинг исми "бутун халқни Худога қарши исён қилган" деб талқин қилинади. Айтишларича, унга теридан тикилган, Худо томонидан Одам Ато ва Момо Ҳавонинг яланғоч жойларини ёпиш учун тикилган кийимлар овда омад олиб келарди; ҳайвонлар Намруднинг олдида тиз чўкарди ва уларни ўлдириш унга қийин бўлмасди. Буни кўрган халқ уни енгилмас қаҳрамон, деб қарор қилди ва уни ўз подшоси деб эълон қилди. Агада унинг ўлимини Исав билан боғлаб, икки овчининг ўзаро ҳасадлари ҳақида гапиради. Христианликда Намруд Бобилнинг қурувчиси сифатида баъзи муаллифлар томонидан Дажжол ғурурининг рамзи ва Дажжолдан олдин келувчи деб ҳисобланган. Баъзилар Намрудни улкан овчи Орион билан, "Клементин" апокрифида у Заратуштра, шунингдек, Бобилнинг афсонавий шоҳи Нинус, Гераклнинг эвараси ва Семирамиданинг эри билан бир деб ҳисобланган, ислом олими Абу Довуд (9-аср) Нимродни Сатурнга тенглаштириб, уни Римнинг асосчиси деб таърифлаган. 19-аср Библия танқидчилари Намруд образини Халдей қаҳрамони Издубар ёки аккад худоси Мардук билан боғлашган. Намруд ва Гилгамиш ўртасида ҳам параллеллик мавжуд ҳисобланган. Руҳоний Димитрий Ростовский Намрудни "эфиопиялик" деб атайди. Эҳтимол, Намруд образида буюк Оссуриялик босқинчи Тукулти-Нинурта (милоддан аввалги XIII аср) сиймоси шумер-аккад уруш ва ов худоси Нинурта тимсоли билан уйғунлашган. Шунингдек, Намруд Иброҳим алайҳиссалом даврида Ханаан мамлакатига ҳужум қилган ва унинг жияни Лутни асир олган тўртта шоҳдан бири бўлган Амрафел билан бир деб ҳам қаралади. Бундан ташқари, Намруд маълум бир шахсни эмас, балки Месопотамиянинг қадимги аҳолисини ифодалайди деган фикр ҳам мавжуд.
Намруд ва Бобил минораси
Библиияда Намруд Бобил шоҳи сифатида тилга олинади, аммо Бобил минорасининг қурилиши унинг номи билан боғлиқ эмас. Намрудни Бобил минораси қурилиши билан боғлаган анъана Иосиф Флавий томонидан ёзилган "Яҳудийларнинг қадимий асарлари"да мавжуд. У Намрудни Худога қарши курашувчи, одамларни Худодан воз кечишларига интилаётган ва агар У яна ерга тўфон юбормоқчи бўлса, Ундан ҳимоя қиладиган киши сифатида тасвирлайди. Намруд уларга сув кўтарилиши мумкин бўлмаган даражада баланд минора қуришни ва шу орқали ота-боболарининг ўлими учун қасос олишни маслаҳат берди. Агада Бобил минорасини "Намруднинг уйи" деб атайди. Намруд ўз кучини илоҳий деб эълон қилган, унга худди Худога хизмат қилгандай хизмат қилишни буюрган ва халқининг тўлиқ бўйсунишига эришган мисли кўрилмаган даражада шафқатсиз ва мағрур ҳукмдор сифатида тасвирланган. Намруднинг Бобил минораси мағрурлик ва Худони инкор этиш рамзи сифатида тавсифланган.
Намруд ва Иброҳим алайҳиссалом
Агада адабиётида айтилишича, Иброҳим алайҳиссаломнинг туғилиши самовий аломатлар билан бирга бўлган, улар туфайли Намруд Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси Фаррага боланинг ўлими учун ҳар қандай бойликни таклиф қилган. Фарра болани ўлик деб эълон қилди ва уни уч йил давомида ғорда яширди, у ерда Худо мўъжизавий равишда болани асал ва мой билан озиқлантирди. Ўзининг донолиги билан машҳур бўлган Иброҳимни Намруд минора қуришга жалб қилмоқчи бўлди, ўзига ёки табиат кучларига сиғинишни талаб қилди ва қаршиликка дуч келди ("Худо қуёшни шарқдан кўтаради, сен эса уни ғарбдан кўтариб кўр" - Пушкиннинг "Қуръонга тақлидлар" асарида акс эттирилган), Иброҳимни оловли печга ташлади ва унинг авлодларини йўқ қилишга ҳаракат қилди. Ривоятнинг бир вариантида, Иброҳим мўъжизавий тарзда ўчоқдан қутқарилгандан сўнг, Намруд туш кўриб, уни яширинча ўлдиришни буюрди, бу тушни у Иброҳи алайҳиссаломдан таҳдид солаётган хавф ҳақида огоҳлантириш сифатида таъбир қилганди; шундан кейин патриарх Ханаанга йўл олди. Қуръонда айтилишича, Иброҳим алайҳиссалом "оловли ўчоқ" дан қандай зарарсиз чиққанини кўрган (Анбиё сураси, 68-69), Намруд Иброҳим алайҳиссаломнинг Худосининг қудратини тан олди ва унга меҳмондўстликни таклиф қилди. Патриарх унга Худа унга муҳтож эмаслигини беҳуда исботлашга уринди. Пода-пода моллар ва қўйлар сўйилди, лекин Худо Намруднинг қурбонлигини қабул қилмади ва у шармандаларча ўз саройига яширинди. Қуръон каримда келтирилган Иброҳим алайҳиссалом ва номаълум суҳбатдош ўртасидаги қуйидаги суҳбат одатда Намрудга ишора қилади: «Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: «Менинг Роббиим тирилтиради ва ўлдиради», деганда, у: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи», деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас» (Бақара, 258). Мусулмон ривоятларида, Иброҳим алайҳиссалом чивинлар булутини чақириб, бир ўзи Намруднинг улкан қўшинини мағлуб этгани ҳикоя қилинади.
Ислом анъаналарида
Араб адабиётида Намруд (Намруз) золим тимсолидир. Араб ривоятларида унинг насабномаси жуда чалкаш ва қарама-қаршидир: кимдир уни семит деса, бошқалар уни Хомнинг авлоди деб билишади. Унинг ҳукмронлиги 500 йил давом этган деб ҳисобланади. Тарихчи ал-Масудий уни биринчи Бобил шоҳи ва Ироқда кўплаб каналлар қазишда унга ҳисса қўшган деб ҳисоблайди. Бир ривоятга кўра, Бобил минорасида муваффақиятсизликка учраган Намруд тўртта бургут қўшилган «арава»да осмонга чиқишга ҳаракат қилган. У осмонга ўқларни отди, уни бош фаришта Жаброил қонга бўялган ҳолда қайтарди. Намруд Иброҳим алайҳиссаломнинг Худосини яралай олганига ишонди. Қайтиб келганда арава ерга шундай қаттиқ урилдики, тоғлар силкиниб кетди. Бу ривоят Иброҳим сураси 47 ояти билан боғлиқ: "Ёмонларнинг ҳийлалари ва ихтиролари тоғларни титратади". 400 йиллик ёвуз ҳаётдан сўнг, фаришта Намрудга қилган ишларидан тавба қилишни буюрди. У Худонинг жангга янги чақируви билан жавоб берди. Намруднинг қўшини яна чивинлар томонидан йўқ қилинади. Битта чивин унинг бурнига, кейин эса миясига кириб, унга ақл бовар қилмайдиган азоб-уқубатларни келтирди, бу эса фақат болға билан сандонга зарба бериш билан ўчириларди. Бу азоб 40 йил давом этди.
Арман мифологиясида
Арман мифологиясида Намруд Арманистонга бостириб кирган чет эл подшоҳи Немрут номи билан машҳур. Афсонага кўра, у ўзини юксалтириш учун тоғ чўққисида ғайриоддий баландликдаги муҳташам сарой қурган. Унинг ўрнини эгаллаш учун Худони ўлдиришга қарор қилган Немрут сарой томига чиқиб, камонини осмонга қаратди. Худо Немрут отган ўқнинг остига катта балиқ қўйди. Қонни кўрган Немрут ва унинг атрофидагилар Худонинг ўлдирилганига ишониб, хурсанд бўлишди. Худо ғазабланди ва чақмоқ чақди. Немрут саройи билан бирга кутилмаганда очилган тубсизликка қулаб, унинг ўрнида кўл ҳосил бўлган. Тоғ Немрут деб атала бошланди (Ван кўлининг ғарбий қирғоғида жойлашган вулқон, кратерида худди шу номдаги кўл бор). Афсонанинг бошқа вариантига кўра, Немрут унга кўтарилиш ва Худо билан жанг қилиш учун ердан тоғ яратган, аммо Худо уни ер қаърига улоқтирган. Қадимги арман адабиётида Хайкнинг рақиби Бэлнинг Библиядаги Намруд билан бир деб қаралиши афсонанинг пайдо бўлишига олиб келди, бу ерда Немрут ўрнига Бэл пайдо бўлади. Золим Бэл кўп сонли қўшинлари билан Арманистонга бостириб кирди, аммо мағлубиятга учради. Хайк камон билан ўлдирган Бэлнинг жасади тоғ чўққисига олиб чиқилиб, ёндирилган. Худонинг иродаси билан ундан қолган кул сувга айланди, Бэлнинг жангчилари ва туялари карвонлари қўрқувдан тошга айланди.
Маданиятда Адабиётда
Данте "Илоҳий комедия"да Намрудни дўзахнинг тўққизинчи доирасини қўриқлаётган дев сифатида тасвирлайди. У доимо тушунарсиз тарзда бир нималарни валдираб юради, бу Бобил минораси қурилиши натижасида келиб чиққан тиллар чалкашлигига ишора қилади. Волтер ўзининг "Бобил маликаси" фалсафий ҳикоясида малика қўли ва қалбига даъвогарлар ундан отишлари керак бўлган Намруднинг камонини эслатиб ўтади.
Тасвирий санъатда
Қироллик либосидаги Намруд Питер Брюгелнинг "Бобил минораси" (Вена варианти) расмида тасвирланган. Намруд - 1939 йилда исроиллик ҳайкалтарош Ицхак Данцигер томонидан Нубия қумтошидан ўйилган ҳайкал. Ҳайкал Қуддусдаги Исроил музейининг ҳайкалтарошлик коллекциясида.
Абу Муслим
|