Саналар
23.11.2024
Баннер
Баннер
УСМОНИЙЛАР ДАВЛАТИ (18-20 асрлар)
PDF Босма E-mail

Усмон III (1699 йил 2 январ – 1757 йил 30 октябр) – усмоний ҳукмдор (1754-1757). Мустафо II нинг ўғли, Маҳмуд I нинг укаси. Тахтга чиқарилгунча 50 йилга яқин “Қафас”да сақланган. Усмон III мусиқани ва мусиқачиларни жуда ёмон кўрган ва уларни саройдан қувишга буйруқ берган. Шунингдек аёлларни ҳам ёқтирмаган, у яқинлашганида сарой канизаклари қочиши учун махсус пошнали пойафзал кийиб юрган. Усмон III ҳукмронлиги даврида 7 та вазир алмашди ва уларнинг мол-мулки султон фойдасига мусодара қилинган. Усмон III яҳудий ва христианларни кийимларига мусулмонлардан ажралиб туришлари учун махсус белги қўйиб юришга мажбурлаган.

Мустафо III (1717 йил 28 январ – 1774 йил 21 январ) – усмоний ҳукмдор (1757-1774). Аҳмад III нинг ўғли. Ҳукмронлик даврида Ғарб ва Россиядан ортда қолмаслик учун давлат аппарати ва қўшинда ислоҳот ўтказишга уринди. Унинг ислоҳотларига яничарлар жуда қаттиқ қаршилик кўрсатишди.
Усмонийларнинг ҳарбий жиҳатдан заифлашганини англаган Мустафо III катта миқёсдаги ҳарбий ҳаракатлар олиб бомади. Қримнинг Екатерина II томонидан аннексия қилинишига ҳам қаршилик кўрсата олмади. Бироқ Польшада Россиянинг олиб бораётган ҳаракатлари уни ўлимидан бироз олдин Россияга қарши уруш эълон қилишга мажбур қилганди.

Абдулҳамид I (1725 йил 20 март – 1789 йил 7 апрел) – усмоний ҳукмдор (1774-1789). Аҳмад III нинг ўғли. Унгача оғир аҳволга тушиб қолган давлат яничарларга ҳам маош тўлашга қурби етмай қолди.
Россияга қарши олиб борилган урушда Колужа жангида мағлуб бўлишди ва 1774 йил 21 июл куни Кичик-Қайнаржа битими имзоланди. Битимга кўра, Россия қора денгизда Ҳарбий-денгиз флотига эга бўлиши ҳамда Усмонийлар давлатига тобеъ Болқон ва Қримда ўз таъсирини ёйиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Оғир мағлубиятлар Абдулҳамид I ни маъмурий ва ҳарбий ислоҳот ўтказишга мажбур қилди.
Сурия ва мореядаги қўзғолонларни бостириш йўқотилган Қримнинг ўрнини тўлдира олмади. 1783 йили Россия Қримни аннексия қилди.
1787 йил Россияга қарши уруш бошланди. Бу урушда 1788 йилдан бошлаб Австрия ҳам қатнашди. 1788 йил Очаков қалъаси руслар эгаллади.
Султон Абдулҳамид I Очаков қулагандан сўнг орадан 4 ой ўтгач вафот этди. 

Салим III (1761 йил 24 декабр – 1808 йил 28 июн) – усмонийлар ҳукмдори (1789 йил 7 апрел – 1807 йил 29 май). Мустафо III нинг ўғли.
1792 йили Россияга қарши уруш тугади ва Усмонийларни ён беришга мажбур қилган Ясса тинчлик битими имзлоланди.
1798 йили Наполеоннинг Мисрга юриши сабаб французларга қарши уруш олиб боришга мажбур бўлди. Салим III 1802 йил сулҳ тузилгандан кейингина давлатнинг ички муаммолари билан шуғулланишга киришди. Султонларни яничарларга қарамлигидан қутулиш мақсадида уларга қарши кураши ҳам натижа бермади. Охир-оқибат яничарлар Истамбулда исён кўтариб Абдулҳамидни тахтдан ағдаришди ва тутқун қилишди. Бир йилдан сўнг Мустафо Байроқтўра бошлиқ унинг тарафдорлари Истамбулга киришди, лекин Салимни қутқара олишмади. Салим III ни амакиваччаси қатл эттиришга улгурганди.  

Мустафо IV (1779 йил 8 сентябр – 1808 йил 16 ноябр) – усмонийлар ҳукмдори (1807 йил 29 май – 1808 йил 28 июн). Абдулҳамид I нинг ўғли. Салим III га ва унинг ислоҳотларига қарши яничарлар томонидан уюштирилган исёндан сўнг тахтга чиқарилган. Ғаламислар бошлиғи Мустафо пошшо Қобоқчи вазири аъзам лавозимини эгаллади. Ҳарбий ислоҳот ҳақидаги “Низоми жадид” бекор қилинди ва кўплаб ислоҳот тарафдорлари қатл этилди.
Мустафо IV даврида Россияга қарши уруш давом этди. Дарданелга ёриб ўтмоқчи бўлган усмонийлар флоти Афон денгиз жангида тор-мор этилди. Руслар Дунай князликларини истило қилаётган пайтда 1807 йил август куни сулҳ тузилди.
1808 йили Рушук ноиби Мустафо пошшо Байроқдор ўзга содиқ жангчиларни олиб Салим III ни тахтга тиклаш мақсадида Истамбулга юриш уюштирди. Мустафо IV тарафдорлари унга муносиб қаршилик кўрсата олишмади. Саройга ҳужум қилинаётган пайтда Мустафо IV Салим III ни ва ўзининг кичик укаси Маҳмудни ўлдиришга буюрди. Лекин қотиллар Маҳмудни топа олмадилар. Мустафо пошшо Мустафо IV ни ҳибсга олди ва ўша вақтда топилган Маҳмуд тахтга чиқарилди.
1808 йил ноябрда навбатдаги яничарлар фитнаси бўлди. Улар Мустафо IV ни тахтга тиклашмоқчи эди. Бу исён пайтида Маҳмуд II буйруғи билан Мустафо IV қатл этилди.

Маҳмуд II (1785 йил 20 июл – 1839 йил 1 июл) – усмоний ҳукмдор (1808-1839). Абдулҳамид I нинг иккинчи ўғли. Маҳмуд II давлатни сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли Салим III бошлаган ислоҳотни давом эттириш деб билди. Маҳмуд II ҳукмронлиги даврида Россияга қарши иккита оғир уруш олиб борди (1806-1812 ва 1828-1829-йиллар), шунингдек унинг даврида Усмонийлар давлати  Греция, Сербия, Молдавия ва Валахияни бой берди. Миср устидан назоратни йўқотди.
Маҳмуд II 1826 йили яничарлар корпусини батамом тугатди.

Абдул Мажид I (1823 йил 23 апрел – 1861 йил 25 июн) – усмоний ҳукмдор (1839-1861). Маҳмуд II нинг катта ўғли. 1839 йил 24 июнда Mиср қўшинининг Нусайбиндаги мағлубиятидан кўп ўтмай 1 июл куни тахтга чиқди.
Абдулмажид отаси бошлаган “Танзимот” ислоҳотини давом эттирди. Унинг даврида мусулмон бўлмаганларнинг ҳарбий хизмат ўташларига рухсат берилди. Миллий байроқ ва мадҳия қабул қилинди. Қонунчилик Наполеон кодексларига асосан янгиланди. Темирйўл ва телеграф ишга туширилди.
Султон Абдулмажид I 1839 йил 3 ноябрда Рашид Мустафо пошшо маслаҳатига биноан “Хатти шариф”ни имзолади. Унда Усмонийлар давлати фуқароларига тенг муносабатда бўлиш белгиланганди.
1840-йилларда султон Британия ҳукумати қаршилигига қарамасдан очарчиликдан қийналаётган Ирландия аҳолисига пул ва нон билан ёрдам берди.
1850 йилда Англия қувватлаётган Усмонийлар давлати Австрия ва Россияга давлат жиноятчиларини топширишдан бош тортди, бунга жавобан Австрия 1852 йили туркларни Черногориядан сиқиб чиқарди.
Қрим уруши. Ўша вақтда Қуддусдаги христиан зиёратгоҳлари юзасидан тортишув келиб чиқди ва Россия кутилмаганда 1853 йили уруш эълон қилди. Шундай қилиб Қрим уруши бошланди.  Англия ва Франция Усмонийлар давлатига иттифоқчи бўлди. 
1856 йил 18 февралда Хатти Ҳумоюн ислоҳот қонуни ишлаб чиқилди.
1856 йил 30 мартда Париж битими.
1858 йили султон хазинаси банкрот бўлгани маълум қилинди.
Султон Абдулмажид I 1861 йил 25 июн куни сил касалидан вафот этди.

Абдул Азиз (1830 йил 9 феврал – 1876 йил 4 июн) – усмоний ҳукмдор (1861-1876). Маҳмуд II нинг иккинчи ўғли. 1861 йил 25 июнда акаси Абдулмажид вафот этгач тахтга чиққан. Султоннинг асаб касаллигига йўлиққани учун давлатни 1862 йилдан  1871 йилгача вазир бошқарди.
1866 йили Кандия қўзғолони.
1867 йили Белграднинг Сербияга ўтиши.
1868 йил Грециянинг дипломатик ғалабаси.
Абдул Азиз 1867 йили Ғарбга йўл олди. 30 июн куни Парижда дабдабали кутиб олинган Абдул Азиз Бутунжаҳон кўргазмасини бориб кўрди. 12 июлдан 23 июлгача Лондонда бўлди. 24 июл куни Кобленцда Пруссия қироличаси таклифини қабул қилди. 5 кун Венада бўлди ва 1867 йил 7 августда Истамбулга қайтиб келди.
1871 йили Али пошшо ўлгач давлатни мустақил бошқаришга киришди. Давлат маблағини талон-тарож қилиб ўз ҳисобига ўзлаштиришга уринди.
(1873 йили 21 млн эвазига Миср хадивини мустақил ҳукмдор деб тан олди. )
1876 йил 11 майдаги қўзғолон вазири аъзам Маҳмуд Надимнинг лавозимидан олиб ташланиши билан тугади. Муҳаммад Рушдий ва Ҳусайн Авнийлар юқори лавозимга кўтарилдилар. Улар 1876 йил 30 май куни Абдул Азизни тахтдан воз кечишга мажбур қилишди. Орадан бир неча кун ўтгач қамаб қўйилган Чироғон саройида ўлдирилди.

Мурод V (1840 йил 21 сентябр – 1904 йил 29 август) – усмоний ҳукмдор (1876 йил 30 май-31 август). Абдулмажид I нинг ўғли. Абдул Азиз ағдарилгач Муҳаммад Рушдий, Ҳусайн Авний ва Мидҳат пошшо томонидан тахтга чиқарилган. Мурод V тахтга чиққач бир қанча вазирлар ўлдирилди, жумладан Ҳусайн Авний Абдул Азиз қариндошлари томонидан Мидҳат пошшо уйида ўлдирилди. Узоқ вақт ўлдирилишидан қўрқиб яшаган Мурод V нинг асаблари ўта чарчаган эди. Мурод V ни даволаш учун Венадан психиатр Лейдерсдорф чақирилди. У султоннинг касали оғир эканлигини ва уни узоқ даволаш талаб қилинишини тушунтирди. Лекин Мидҳат пошшо шайх ул-ислом томонидан Мурод V ни давлат бошқаришга яроқсиз деб чиқарган фатвосига таяниб 31 август куни султонни тахтдан туширди ва  уни Босфор соҳилидаги Чироғон саройига қамаб қўйди. Унинг кейинги тақдири бироз вақт номаълум бўлди. 1878 йил 20 май куни исёнчилар Мурод V сақланаётган жойга бориб уни тахтга чиқаришни кўзлашди. Лекин Мурод V улар билан бирга кетишни истамади. У ерга ҳукумат қўшинлари етиб келиб исёнчиларни жазолади. Мурод V асирликда 1904 йил 29 август куни вафот этди.

Абдулҳамид II (1842 йил 22 сентябр – 1918 йил 10 феврал) – усмоний ҳукмдор (1876-1909). Абдулмажид I нинг иккинчи ўғли. Акаси Мурод V руҳий касал деб топилиб қамоққа олингач, 1876 йил 31 август куни тахтга чиққан.
Абдулҳамид тахтга чиққач 1876 йил 23 декабрда конституция қабул қилди. Унда Усмонийлар давлатининг барча фуқароларининг тенглиги айтилганди. Лекин 1878 йил февралда конституцияни бекор қилди ва кейинчалик “зулм” деб номланган мустабид тузум ўрнатди.
1877-1878-йиллардаги рус-турк уруши. Султоннинг славян халқларга муносабатини ўзгартирмагани учун Россия 1877 йил 24 апрелда усмонийларга қарши уруш эълон қилди.
1878 йил 3 мартда Руминия, Сербия ва болгар провинцияларнинг мустақиллиги тасдиқланган Сан-Стефано битими тузилиб урушга якун ясалди. Россия, Сербия ва Черногорияга сезиларли ҳудудлар берилди, ҳарбий харажатларни қоплаш учун контрибуция солинди.
1878 йил 13 июл куни Берлин конгрессига мувофиқ султон Боснияни Австрияга, Кипрни инглизларга, Фессалия ва Эпирнинг бир қисмини грекларга топширди.
Берлин конгресси давом этаётган пайтда Абдулҳамид халқнинг эътибори ички аҳволдан чалғиганини кўриб парламент сессиясини тарқатиб юборди. Парламент 1908 йилги инқилобгача қайта чақирилмади. Султон ҳокимиятни ўз қўлига олди. У тахтдан қулатишларидан қўрқиб ўзига кўплаб соқчиларни хизматга олди ҳамда мамлакатни махфий полиция ва жосусларга тўлдирди. Абдулҳамидни тахтга олиб чиққан “Турк конституцияси отаси” Мидҳат пошшо фитнада айбланиб ўлимга ҳукм қилинди. Оқлангач Арабистонга сургун қилинди, ва у ўша ерда вафот этди.
1882 йили Усмонийлар давлати ўзини банкрот деб эълон қилди ва займларга фоиз тўлашни тўхтатди. Чет эл кредиторлари томонидан “Усмонийлар давлати қарзлари бўйича кенгаш” номли комиссия тузилди. Бу кенгаш давлатнинг баъзи даромадлари устидан назорат ўрнатди. (комиссия 5 аъзодан иборат бўлиб 5 йил муддатга тайинланарди: Лондонда чет эл облигациялари синдикати, Рим савдо палатаси ва Вена, Париж ва Берлинда Усмонийлар давлати кредиторлари синдикати).
Абдулҳамид қуролли кучларни ғарбий европаликлар каби даражага етказиш учун чоралар кўрди. Қўшинда бир қатор ислоҳотлар ўтказилиб аскар ва зобитлар тайёргарлиги яхшиланди. Мусулмонлар учун умумий ҳарбий мажбурият юкланди. Ҳарбий таркибни кучайтириш учун германиялик генерал Кольмар фон дер Гольц таклиф этилди ва унинг жуда катта ёрдами тегди. Зобитлар тайёрлаш учун 4 босқичли ҳарбий мактаблар ташкил этилди. Таълим тизими замонавий талабларга жавоб берарди. Ҳарбий мактаблар ўқитувчилари чет элликлар бўлиб, асосан немислар эди. Таълим олаётган зобитлар чет тилини ўрганишлари шарт эди.
Бу мактабларни битирган зобитлар Усмонийлар давлатининг энг зиёли ва европача таълим олган кишилари эдилар. Натижада зобитлар орасида султонга нисбатан мухолифлик пайдо бўлди. Бир нечта инқилобий партиялар тузилди, улардан энг йирик ва кучлиси  ёш туркларнинг “Иттиҳод ва адолат” партияси эди.
Зулм. Ёш турклар инқилоби ва султонни ағдариш. 1877 йил бошида Мидҳат пошшонинг лавозимидан олиб ташланиши, “янги усмонийлар”га қарши қатағонлар, 1878 йил февралда парламентнинг тарқатиб юборилиши яккаҳукмронлик тизимини – зулм ўрнатди
1890-йиллар охирида зулм турк жамиятида, аввало ёш турклар томонидан мухолиф кутиб олинди. 1908 йилги ёш турклар инқилоби натижасида Абдулҳамид 1876 йилда бекор қилинган конституцияни тиклашга мажбур бўлди.
1909 йил 27 апрелда ёш турклар томонидан аксилинқилобий исён бостирилгач султон тахтдан туширилди ва ҳибсга олинди. 1912 йилгача Салоникида сақланди, кейин Истамбулга олиб борилди ва ўша ерда 1918 йили вафот этди.

Муҳаммад V (1844 йил 2 ноябр – 1918 ил 3 июл) – усмоний ҳукмдор (1909 йил 27 апрел – 1918 йил 3 июл). Абдулмажиднинг ўғли, Абдулҳамид II ёш турклар томонидан ағдарилгандан сўнг тахтга чиқарилган. Муҳаммад V Усмонийлар давлати тарихида биринчи конституцион монарх бўлди. Султонда фақат шайх ул-исломни ва вазири аъзамни тайинлаш ҳуқуқи қолди. Муҳаммад V даврида ҳокимиятни амалда “Иттиҳод ва тараққиёт” партияси марказий кенгаши, 1913 йилдан “триумвират” – Анвар пошшо, Талъат пошшо ва Жамол пошшо бошлиқ гуруҳ бошқарди.
Триполитан уруши.
Биринчи болқон уруши.
1914 йил ноябрда Усмонийлар давлати Биринчи жаҳон урушига кирди.

Муҳаммад VI (1861-1926) – сўнгги усмоний ҳукмдор (1918-1922). Биринчи Жаҳон уруши якунланаётган пайт (1918 йил 4 июл)да тахтга чиқарилган. Собиқ султон 1926 йилда Сан-Ремода вафот этган, сўнгра Дамашқда дафн этилган.
Усмонийларнинг асосий кучлари 1918 йил сентябр-октябрда Фаластин, Сурия ва Ироқда инглизлар томонидан мағлуб этилди. Болгариядаги Салоники фронтидаги қўшин таслим бўлгандан сўнг, иттифоқчилар Константинополга бостириб киришга тайёрлана бошлашди. 1918 йил 31 октябрда Мудрос бўғозида ёш туркларнинг вакиллари иттифоқчиар таклиф этган сулҳни имзолашди. Бунга кўра, турк қўшини қуролсизланиши шарт қилинди. Ироқ, Сурия, Фаластин, Трансиордания, Миср, Арабистон ярим ороли мамлакатлари ва Ливия Усмонийлар давлатидан ажратилиши ва у ҳудудларда Антанта давлатларининг мандати ўрнатиладиган бўлди. Урушдаги мағлубият ёш туркларнинг ўн йиллик ҳукмронлигига барҳам берди. 1918 йил 3 ноябрда ёш туркларнинг раҳбарлари  Германияга қочиб кетишди, “Иттиҳод ва тараққий” партияси эса ўзини тарқатиб юборганини маълум қилди. 13 ноябрда иттифоқчилар қўшини Истамбулга яқинлашди, 14 ноябрда эса шаҳарга кириб келди.
Муҳаммад VI 1918 йил 21 декабрда парламентни тарқатиб юборди ва Домод Фарид пошшони вазир этиб тайинлади. Бу вақтда Усмонийлар давлати Истамбулдаги Антанта вакилларига тўла қарам бўлиб қолганди. 1919 йил май ойида греклар қўшини Измир ва унга қўшни ҳудудларни истило қилди. Мустафо Камол пошшо 1919 йил давомида Онадўлидаги озодлик ҳаракатига раҳбарлик қилди. 1920 йил январда янги парламент чақирилди, парламент аъзоларининг кўпчилиги Мустафо Камол тарафдорлари эди. 16 мартда эса инглиз қўшини парламентни тарқатиб юборди. Бунга жавобан Мустафо Камол тарафдорлари Анқарада “Буюк миллат мажлиси” деб номланган янги парламент ташкил қилишди. Бу парламент ўзини мамлакатдаги қонуний ҳокимият деб эълон қилди. Парламент султонга бўйсунмасликка тарғиб қилди. Бунинг учун султон Мустафо Камолни исёнчи деб эълон қилди ва уни ўлимга ҳукм қилди.
1919 йи бошида ёш туркларга мухолиф бўлган ва инглизлар манфаатини ҳимоя қилувчи партия вужудга келди. Бироқ улар фақат Истамбул атрофини назорат қилишарди холос.
1920 йил 16 март куни султон Муҳаммад VI нинг розилиги билан Истамбулга инглиз қўшинлари кирди ва шаҳар оккупация қилингани расман эълон қилинди. Парламент тарқатиб юборилди, депутатлар эса ҳибсга олиндилар. Бунга жавобан 1920 йил апрелда Анқарада Мустафо Камол пошшо бошчилигида миллий мажлис чақирилди. 3 май куни Мустафо Камол бошлиқ ҳукумат ташкил қилинди. Туркларнинг бу ҳаракатини инглизлар исён деб баҳолашди ва буни бостиришни Грецияга юклашди. 1920 йил июнда греклар Измирдан Онадўли ичкарисига юриш бошлашди. Улар бир ойдан сўнг Эдирнани олишди. 10 августда Севр (Париж яқини)да султон ҳукумати ва иттифоқчилар ртасида сулҳ имзоланди. Бунга кўра, Шарқий Фракия ва Эдирна, шунингдек Измир Грецияга, Мосул Англияга ўтиши белгиланди.
1922 йил 18 сентябрда турклар мамлакатни греклардан озод қилишди. 1922 йил 1 ноябрда мажлис томонидан султонлик тугатилгани маълум қилинди. Шундай қилиб, олти асрдан ошиқроқ давом этган Усмонийлар империяси тарихи якунланди. 16 ноябр куни Муҳаммад VI британ маъмурларига мурожаат қилиб ўзини Истамбулдан олиб чиқиб кетишларини сўради. У 17 ноябр куни инглизларнинг “Малайя” линкорида Истамбулни тарк этиб Мальта соҳилларига ўрнашди.
1923 йилда Лозанни шартномаси бўйича Туркиянинг ҳозирги чегаралари белгиланди. 1923 йил 29 октябрда Туркия республика деб эълон қилинди ва Мустафо Камол Туркиянинг биринчи президенти бўлди (1923-1938).

"ШАРҚНИНГ МАШҲУР СУЛОЛАЛАРИ" китобидан

 
Баннер