Колумбнинг борт дафтарида оролларнинг ҳайратомуз гўзаллиги ва аҳолисининг самимий, бахтиёр ва дўстона экани бир неча марта қайд қилинган. Биринчи алоқадан икки кун ўтиб, журналда мудҳиш ёзув пайдо бўлади: “Уларнинг ҳаммасини босиб олишимиз ва уларга ўзимиз истаган нарсани қилдиришимиз учун 50 та аскар етади... Ерли аҳоли бизга истаган жойимизда юришимизга рухсат берди ва истаган нарсаларимизни муҳайё қилмоқда”. Европаликларни ҳайратга энг кўп солган нарса бу халқнинг очиқ қўллиги бўлган. Ва бу ажабланадиган нарса эмас. Колумб ва унинг шериклари бу оролларга ҳақиқий жаҳаннамдан сузиб келишган эди. Ўша вақтда Европа шундай сифатга эга эди. Улар эса, Европа дўзахидан чиққан бало эдилар (аксар ҳолатларда тубанликка (разолатга) ботган кишилар). Европада капиталистик ҳаёт учун курашнинг қонли тонгги отмоқда эди. Бу ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
«Европа» деб номланган жаҳаннам
Европа жаҳаннамида дахшатли синфий кураш авжига чиққан, доимий қора чечак, вабо ва ўлатлар бутун бошли шаҳарларга қирғин олиб келар ва ундан ҳам кўп учрайдиган очарчиликлардан одамлар қирилиб кетаётган эди. Бироқ, 16-аср Испания тарихчисининг сўзига кўра, “фаровонлик йилларида ҳам, ақл бовар қилмас тарзда безатилган тушлик дастурхонларига минглаб очлар тикилиб турганига қарамай, бойлар бўкканича ейишар эди”. Омманинг ҳолати жуда аянчли эди. Ҳатто, 17-асрда буғдой ва сўк нархининг “ўртача” ошиши натижасида Францияда аҳолининг қирилиб кетиши АҚШдаги фуқаролар урушида ҳалок бўлганлар сонидан икки карра ошиб кетган. Колумб саёҳатидан юз йил ўтиб ҳам Европадаги шаҳар ҳандаклари оммавий ҳожатхона вазифасини бажарар, ичида ҳайвонлар жасади ва шаҳар кўчаларининг ахлатлари чириб ётарди. Лондоннинг муҳим муаммоларидан бири “қашшоқлар учун ўралар” бўлиб, “катта, чуқур ва очиқ ўраларда қашшоқларнинг ўликлари қалашиб ётарди. Ўралар бўғзига қадар тўлганидан кейингина устига тупроқ тортишарди”. Ўша замон кишиларидан бири шундай деб ёзиб қолдирган: “Қандай ҳам сассиқ ҳид, тирикларнинг ёдидан кўтарилган ўликларга тўлган ўралардан келаётган бадбўй жазирамада ва ёмғирдан сўнг янада анқийди". Туғилганидан то ўлгунича чўмилмасдан ўлиб кетаётган тирик европаликдан келаётган ҳид бундан кўра анча яхшироқ туюларди. Қарийб ҳар бир кишининг юзида чечакдан қолган доғлар, ўз қурбонларини ғилай, чўлоқ, букри ва бошқа абгор ҳолларга туширадиган юқумли касалликларнинг асоратлари сезилиб турарди. Кишиларнинг ўртача умри 30 ёшга етмасди. Болаларнинг ярми 10 ёшга етмасдан ўлиб кетарди. Жиноятчилар сизни ҳар бурчакдан тақиб қилиши мумкин эди. Жиноятчиларнинг энг оммавий равишда фойдаланадиган усулларидан бири бу ўз қурбони бошига деразадан тош ташлаб, уни тинтув қилиш эди. Ундан ташқари, байрамона кайфиятдаги одамлар ўнлаб тирик мушукларни ёқиб юборишни эрмак қилишар эди. Европада очлик йиллари шаҳарларда исён кўтарилар, ўша пайт аҳолиси ўртасидаги синфий урушлар (масалан, “Деҳқонлар уруши” деб ном олган урушлар) натижасида 100 минглаб одамларнинг ёстиғи қурирди. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи деҳқонларнинг қисмати ҳам дуруст эмас эди. Замонавий тарихчилар томонидан тасдиқланган ва 17-асрда Лабрюер томонидан қолдирилган француз классик ёзмаларида: “Қишлоқ жойларида яшовчи маҳлуқлар, гарчи одамбашара бўлиб кўринсалар-да, ўшшайган ва бадқовоқ ҳайвонлар каби эди. Улар худди тупроқда думалаган эшак каби ифлос эдиларки, уларнинг одамга тегишли ҳусн-ранглари ҳам ҳатто сарғайиб кетган эди. Уларнинг ўзига хос нутқи мавжуд бўлиб, гапларини тўғриласаларгина, одам гапираётганига ишонса бўларди. Улар ҳар тунда қорайиб кетган нонни еб, сув ичиб, ўзлари яшаётган капаларга қайтишар эди”. Лоренс Стоун оддий инглизларнинг қишлоғи ҳақида ёзганлари ҳам ўша давр Европасига тааллуқлидир: “Бу нафрат ва адоватга тўлган жой бўлиб, унда яшовчиларни бирлаштириб турадиган ёлғиз нарса - маҳаллий жодугарни қийнаб, сўнг уни тириклайин ёқиб юбориш учун кўпчилик бирлашиб оладиган оммавий жазава ҳолати эди”. Англия ва қитъада учдан бири жодугарликда айбланган шаҳарлар бўлиб, улар аҳолисининг юзтадан ўнтаси бир йил ичида шу айб билан қатл қилинарди. 16-17-аср мобайнида Швейцариянинг биргина туманида “сатанизм” айби билан 3300 одам қатл қилинган. Кичкинагина Визенштейг қишлоғида бир йил ичида 63 та “жодугар” ёқилган, 700 та одам яшайдиган Обермархталада эча уч йил ичида 54 та одамни ёқиб ўлдиришган. Қашшоқлик Европа жамияти учун шу қадар асосий тушунча бўлганки, 17-асрда Францияда унинг даражаларини тўла ифодалаб бериш учун 20 га яқин сўздан фойдаланилган. Академия луғати “dans un etat d'indigence abolue” иборасининг маъносини қуйидагича изоҳлаган: "... бу шу пайтгача ейдиган овқати, зарурий кийим-кечаги, ёхуд бошпанаси бўлмаган, лекин ҳозирда ишчи оиланинг асосий мақсади бўлган овқат тайёрлаш учун энг оз нарсаларга ва устига ёпиш учун чойшабга эга бўлган кишидир". Насроний Европада қул савдоси гуллаб-яшнарди. Черков бу нарсани қўллаб-қувватлаб, ўзи ҳам йирик қул савдогари бўлган (Америкадаги геноцид кўламини англаш учун черковнинг бу масаладаги сиёсати ҳақида мақола сўнггида тўхталиб ўтамиз). 14-15-асрларда қулларнинг аксарияти Шарқий Европадан, айниқса, Руминиядан келтириларди (тарих ҳозир ҳам такрорланмоқда). Кичкина қизчалар юқори баҳоланарди. Бир қул савдогари ўз мижозига ёзган мактубидан: “Руминиядан кемалар келганида, улар ичида қизчалар ҳам бўлиши керак, бироқ ёш қуллар ҳам катта ёшдаги қуллар каби қиммат нархда бўлади; қандайдир қийматга эга бўлганлар бор бўлса ҳам, улар нархи 50-60 флориндан кам бўлмайди”. Тарихчи Жон Босвеллнинг таъкидлашича, 15-асрда Севильяда сотилган 10 ва 20 фоиз аёллар ё ҳомиладор, ё қўлларида гўдаклари бўлган. Ҳали туғилмаган ёки энди туғилган гўдаклар эса шундайлигича, ҳеч қандай ҳақсиз, қулларни сотиб олувчиларга ўтган. Бойларнинг ўз муаммолари бор эди. Улар ўзларининг илк “салб юришлари” яъни европаликларнинг илк мустамлака юришлари давридан одат бўлиб қолган экзотик нарсаларга бўлган хоҳишларини қондириш учун олтин ва кумушга жуда ташна эдилар. Ипак, зираворлар, ингичка толалар, наркотик воситалар ва дорилар, атир ҳамда қимматбаҳо тақинчоқлар учун мўмайгина пул керак эди. Бир венециялик сўзи билан айтганда, олтин европаликлар учун “давлатда барча учун ҳаёт томири... унинг ақли ва қалби... бутун борлиғи ва ҳаёти” бўлган. Аммо қимматбаҳо металларни Африка ва Яқин Шарқдан ташиб келиш ишончсиз эди. Бунинг устига, Шарқий Европадаги урушлар сабабли, Европа ғазнаси бўшаб қолган эди. Шу сабабли, янги, ишончли ва нисбатан арзон олтин манбасини топиш зарурати туғилади. Бунга яна нимани қўшимча қилиш мумкин? Юқорида айтилганлардан кўриниб турибдики, зўравонлик Европа ҳаётида одатий ҳол бўлган. Лекин муайян вақтларда бу зўравонлик шундай даражага етганки, Ғарбий яримшар аҳолиси (Америка ҳиндулари) хаёлига ҳам келтирмаган ишлар содир бўлган. Сеҳргарларни овлаш ва ўтда ёқиш кундалик манзара бўлган. 1476 йилда Миланда одамлар галаси бир кишига ҳужум қилиб уни бўлакларга бўлиб ташлаган, кейин эса унинг гўштини ейишган. Париж ва Лионда гугенотлар (католик черковидан ажралиб чиққанлар)ни ўлдириб, бўлакларга бўлиб, гўштини очиқчасига кўчаларда сотишган. Бундан бошқа қийноқ турлари, қотиллик ва одам гўштини ейиш (каннибализм) маросимлари ҳам оддий ҳолат бўлган. Ва ниҳоят, Колумб ўзининг денгиз сафарлари учун Европа бўйлаб пул излаётган бир вақтда, Испанияда инквизиция олови авжига чиққан эди. Европанинг ҳамма ерида насронийликдан юз ўгирганликда гумон қилинганларга шафқатсиз азоб берилган, европаликларнинг ҳаёлларига келиши мумкин бўлган барча турдаги жазо чоралари қўлланилган. Баъзилар осилган, гулханда ёқилган, қозонда тириклайин қайнатилган ёки айбдорнинг танасини чўзадиган қийноқ қурилмасига боғланган. Қолганлари янчилган, боши танасидан жудо қилинган, тириклайин териси шилинган, чўктирилган ва чормихга тортилган. Собиқ қулфуруш бўлган Христофор Колумб ва унинг денгизчилари кема қуйруғи ортида қолдирган 1492 йил августидаги Европа дунёси шундай эди. Улар Атлантиканинг нариги қирғоғига ҳам ҳалокатли бациллани олиб борган ва эндиликда ушбу хасталикни миллионлаб одамлар бошидан кечиришга мажбур бўлган ўша Европа дунёсининг оддий вакиллари эди.
Рақамлар
“Оқ танли жаноблар бизнинг еримизга келганларида, улар қўрқинч ва рангларнинг сўлишини ҳам олиб келишди. Улар бошқа халқ рангларининг расвосини чиқариб, ҳалок қилишди... Кундузи ўлган ва ярадорларни таловчи, тунлари эса жиноятчи, тинчлик қотиллари”. (Майя Чилам Балам китобидан) Колумбгача бўлган даврдаги Америка қитъаси аҳолисининг ҳақиқий сонини яшириш бўйича евроамерика илмий доираларининг тил бириктириб олишгани ҳақида Станард ва Черчиль анча маълумотлар қолдиришган. Бу фитналар бошида Вашингтондаги Смитсон институти турган ва туришни давом этмоқда. Уорд Черчиль Европалик яҳудийларга қарши геноцидни ўрганувчи ва замонавий империализм мафкурасининг стратегик йўналиши бўйича шуғулланувчи америкалик олимлар, “прогрессив” тарихчилар Америка қитъаси туб аҳолисига нисбатан уюштирилган геноциднинг халқаро тарихий аҳамияти ҳамда унинг ҳақиқий миқёс-кўламини аниқлаш ва ўрганишга кўрсатаётган қаршилиги ҳақида батафсил гапиради. Жеймс Муни каби ирқчи антропологларнинг 19-аср ва 20-аср бошларида келтирган хулосаларига кўра, Колумбгача бўлган даврда Шимолий Америка аҳолисининг сони 1 миллион 100 минг кишидан ортмаган эмиш. Америка официоз (ярим расмий) фанининг флагмани бўлмиш Смитсон институти бу хулосани шу кунларгача ҳам “илмий” дея баҳолаб, тарғиб этиб келганди. Аммо урушдан кейинги даврда қўллана бошланган қишлоқ хўжалиги таҳлили услуби ўша пайтда аҳоли зичлиги анча баланд бўлганини аниқлаш имкониятини берди. Мисол учун, ҳозирги кунда энг бой ва энг нуфузли евроамерикаликлар дам олишни хуш кўрган Martha's Vinyard оролчасида 17-асрда 3 минг нафар ҳиндулар истиқомат қилган. 20-аср 60-йилларининг ўрталарида Рио Гранддан шимолдаги ҳудудда туб аҳолининг сони европалик мустамлакачилар истилосининг бошланиши аввалида 12,5 миллион бўлгани ҳақидаги хулосага келинди. Биргина Буюк Кўллар атрофида 1492 йилга келиб 3,8 миллион киши, Миссисипи ҳавзасида эса 5,25 миллион киши яшаган. Ўтган аср 80-йилларидаги янги изланишлар натижасида Шимолий Американинг Колумбгача бўлган ҳудудида истиқомат қилган аҳоли сони 18,5 миллионга етгани аниқланган. Икки қитъада эса аҳолининг умумий сони 112 миллионни ташкил этган. (Доббинс) Демограф олим Расселл Торнтоннинг ҳам бу каби изланишлардан кўзлаган асосий мақсади ўша даврда ва ўша ерларда ҳақиқатдан ҳам қанча одам яшаганини аниқлаш бўлган, яъни эҳтимолий эмас, ҳақиқий ҳисоб керак эди. Унинг хулосасига кўра, камида 9-12,5 миллион одам яшаган. Охирги пайтларда аксар тарихчилар Доббинс ва Торнтон ҳисоб-китобларининг ўртасини олиб, Шимолий Америка туб аҳолисининг сони ўша пайтларда 15 миллион атрофида бўлган, деган фикрда тўхталишмоқда. Бошқача сўз билан айтганда, янги қитъа аҳолисининг сони 1980-йилларда Смитсон институти таъкидлаган рақамлардан тахминан ўн беш марта, бугунги кун фаразидан эса етти марта кўп бўлган. Доббинс ва Торнтон келтирган рақамлар 19-асрда ҳам маълум бўлган, бироқ “мафкуравий” талабларга жавоб бермагани учун, рад қилинган эди. Яъни, мустамлакачиларнинг “ҳеч ким тегмаган”, одамлар кўчиб келишини кутиб турган “бўм-бўш қитъа” каби асосий ёлғонларига зид келиб қоларди. Сўнгги, замонавий маълумотларга таяниб шуни айтиш мумкинки, Христофор Колумб 1492 йилнинг 12 октябрь санасида тушган оролни ўз таркибига олган ва тез орада “Янги дунё” дея аталган қитъа аҳолисининг умумий сони 100-145 миллион кишини ташкил этган (Станард). Икки аср ўтиб қитъа аҳолиси 90 фоизга қисқарган. Шимолий ва Жанубий Америкада қачонлардир ҳаёт кечирган энг омадли халқлар бугунги кунга келиб аввалги сонининг 5 фоизидан ошмаган миқдоринигина сақлаб қолишган, холос. Ғарбий яримшар (яъни, Шимолий ва Жанубий Америка)даги туб аҳоли устидан ўтказилган геноцид ўзининг кўлами ва давомийлиги билан шу кунгача мислсиз бўлиб қолмоқда ва жаҳон тарихида бунга ўхшашликларни топиб бўлмайди. Мисол учун, 1492 йилгача 8 миллион таинослар (аравак қабилалари) равнақ топиб яшаган Испаньолада 1570 йилга келиб туб аҳоли яшайдиган атиги иккита ночор қишлоқ қолган эди, холос. Вахоланки, ундан 80 йил илгари Колумб таинослар ҳақида “улардан кўра яхшироқ ва хушмуомалироқ одамлар йўқ”, дея ёзган эди...
Ҳудудлар бўйича баъзи маълумотлар
Биринчи европаликлар пайдо бўлган вақтдан бошлаб 75 йил ичида, яъни 1519 йилдан 1594 йилгача Марказий Мексика, яъни Aмерикадаги одам энг кўп яшаган худуд аҳолисининг сони 95 фоизга камайиб кетди, 25 миллион одамдан 1 миллион 300 минг одам қолди, холос. Ғарбий Никарагуага биринчи испанлар келганидан 60 йил ўтиб унинг аҳолиси 99 фоизга қисқарди, 1 миллион одамдан 10 минг одам қолди. Ғарбий ва Марказий Ҳондурасда ярим аср ичида туб аҳолининг 95 фоизи қириб ташланди. Мексика кўрфази ёнидаги Кардобада 97 фоиз аҳоли йўқ қилинди. Жалапа деб номланган қўшни ҳудудда ҳам аҳолининг 97 фоизи қириб ташланди: 1520 йилда 180 минг киши бўлган бўлса, 1626 йилга келиб улардан атиги 5 минг киши қолди. Бутун Мексика ва Марказий Америкада ҳам аҳвол шундай эди. Европаликларнинг келиши бу ерларда минг йиллар давомида яшаб келган туб аҳолининг бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келди. Ҳозирда Перу ва Чили деб аталадиган ерларга европаликлар бостириб кириши арафасида, у ердаги инклар ватанида 9 миллиондан 14 миллионгача одам яшаган... Ўша аср сўнггида эса Перуда бир миллионга яқин одам омон қолган, холос. Яна бир неча йил ўтиб шунинг ярмигина жон сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Анддаги 8,5 миллиондан 13,5 миллионга етадиган аҳолининг ҳам 94 фоизи қириб ташланган. Ўша пайтларда иккита Америка қитъасида аҳоли энг кўп яшаган ўлка Бразилия бўлган, десак муболаға бўлмас. Португалиялик биринчи губернатор Том де Сузанинг сўзига кўра, туб аҳоли заҳирасининг сони шунчалик кўпки, “уларни бемалол қушхоналарга ҳайдаб олиб борса ҳам тугамайди”. Унинг ҳисоб-китоби хато эди. 1549 йили, колония ташкил қилинганидан 20 йил ўтиб, эпидемия ва плантациялардаги оғир қул меҳнати туфайли, Бразилия халқи қирилиб кетиш даражасигача етиб келди. 16-асрда иккита “Ҳиндустон”га тахминан 200 мингга яқин испанлар кўчиб ўтдилар (Мексика, Марказий Америка ва жануб томонларга). У вақтга келиб, бу ҳудудлардаги туб аҳолининг 60 миллиондан 80 миллионгачаси йўқ қилиниб бўлганди.
Колумб давридаги геноцид услублари
Биз бу ерда нацистлар услуби билан жуда катта ўхшашлик борлигини кўришимиз мумкин. Колумбнинг иккинчи экспедициясида (1493 йил) испанлар маҳаллий аҳолини қул қилиш ва қириб ташлаш учун гитлерчилар каби зондеркоманд услубларини қўллашган. Испан каллакесар гуруҳлари дорлари, кишанлари ва одамларни ўлдиришга ўргатилган итлари билан мунтазам равишда оммавий қотилликларни содир қилиш учун жазо экспедицияларини уюштириб турган. Таъкидлаш лозимки, капиталистик ва нацист геноциди орасидаги алоқа чуқурроқ илдизларга эга. Катта Антиллада истиқомат қилган ва охирги ўн йиллик давомида бутунлай қириб ташланган таинос халқи “Ўрта аср ёвузликлари” ёки христиан фанатизми, ҳаттоки, европалик босқинчиларнинг патологик баҳиллиги қурбони бўлмади. Маълумки, уларнинг барчаси янги иқтисодий рационаллик билан ташкил этилганлиги туфайли геноцид билан якун топган. Испания Куба, Ямайка ва бошқа орол аҳолисини даромад келтириши лозим бўлган шахсий мулк сифатида рўйхатга олган эди. Улкан ва дунёдаги энг йирик оролларга тарқалиб кетган аҳолини Ўрта аср европаликларнинг бир тўдаси томонидан методик равишда қайд этилиши, айниқса, ҳайратланарлидир. Совут кийган, хоч кўтарган испан ҳисобчиларидан бевосита тортилган ришта «Бельгиянинг» Конгосида 10 миллион африкалик қириб юборилган «каучук» геноцидига ҳамда нацистларнинг қулларни қириб юборишга асосланган тизимига қараб борарди. Колумб 14 ёшдан катта бўлган барча аҳолига ҳар уч ойда испанларга олтин қум зарраларини ёки 25 фунт миқдоридаги пахта (олтин бўлмаган ҳудудларда) топшириш мажбуриятини юклаган. Ушбу квота (белгиланган миқдор)ни бажарганлар елкасига охирги ўлпон тўлови санаси кўрсатилган мис нишон осиб қўйилган. Мазкур нишон ўз эгасига яна уч ой ҳаёт кечириш имконини берган. Ушбу нишонсиз ёки муддати ўтган нишон билан қўлга тушганларнинг икки қўл бармоқлари кесиб ташланган, кесилган бармоқлар қурбоннинг елкасига осиб қўйилган ва у ўз қишлоғига ўлар ҳолатда жўнатилган. Колумбнинг губернаторлиги вақтида Испаньоланинг ўзида 10 000 тагача ҳинду ўлдирилган. Белгиланган квота ни бажариш амалда имконсиз эди. Маҳаллий аҳоли олтин қазиш учун озиқ-овқат жамғариш ва бошқа ишларни бутунлай тўхтатиши керак эди. Бу эса, ўз навбатида,очарчилик бошланишига олиб келди. Заифлашиб қолган, тушкунликка тушган ҳиндулар испанлар олиб келган касалликларга осонгина ўлжа бўлишарди. Бу касалликлардан бири Колумбнинг иккинчи экспедицияси вақтида Канар оролларидан Испаньолага олиб келинган чўчқалардан тарқалган грипп эди. Ўн минглаб, балки юз минглаб ҳиндулар америкача қирғиннинг ушбу биринчи босқичида қирилиб кетди. Воқеаларга гувоҳ бўлган киши Испаньола кўчаларидаги ҳолатни шундай тасвирлаган: грипп сабабли ўлган одамларнинг жасадлари кўмилмасдан тўпланиб ётарди. Ҳиндулар кўзлари етган томонга қочишга ҳаракат қилишган: оролнинг чеккароқ қисмларига, тоғларга, ҳатто бошқа оролларга. Лекин ҳеч қаерда қутилиб қолиш имкони йўқ эди. Оналар ўзларини ўлдиришдан олдин болаларини ўлдиришарди. Бутун бошли қишлоқлар ахолиси оммавий тарзда ўзларини қоядан ташлаб, ёки заҳар ичиб ўлдиришарди. Лекин бунданда кўпроқ одамлар испанларнинг қўлида ўлим топарди. Атилладаги геноцид ва қитъадаги инсон тасаввур эта олмайдиган зўравонликларни, оммавий, ғайритабиий, ғайришаҳвоний шаклларда ва ҳеч бир сабабсиз амалга оширилган ваҳшийликларни одамхўрларча тизимли ва текин даромадга эришиш сифатида изоҳлаш мумкин, холос. Колумб давридаги манбалар европалик мустамлакачилар ҳиндуларни сихларда қовурганликлари, гулханда ёққанликлари ва дорга осганликлари ҳақида гувоҳлик беради. Болаларни эса итларга емиш сифатида бўлаклаб ташлаганлар. Таинослар аввалига испанларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаганлар. Улар оммавий шок ҳолатига тушиб қолган бўлсалар, ажабмас. “Испанлар одамни бир зарба ила иккига чопиб ташлаш, бошини танасидан жудо қилиш, ёки қорнини ёриб ташлаш ҳақида гаров ўйнашарди. Улар гўдакларни оналаридан тортиб олиб, норасидаларнинг бошини тошга уриб ёришарди... Қолган болаларни эса оналари ва ўша ерда бўлганлар билан бирга узун қиличларига шода қилишарди”. Булардан кейин, эсэсчилардан Шарқий фронтда янада жидду-жаҳд қилишни талаб қилмаса ҳам бўлаверарди, деб адолатли равишда таъкидлайди Уорд Черчиль. Битта ўлдирилган европалик учун юзта ҳинду қатл қилиниши ҳақидаги қоидани испанлар жорий қилишди. Нацистлар ҳеч нарсани ихтиро қилишлари шарт эмасди, улар фақат нусха олишса кифоя эди.
Кубадаги 16-аср қирғини
Испанияликларнинг садистик ҳатти-ҳаракатлари ҳақидаги далилларнинг сон-саноғи чексиз. Мисол учун, кўп келтириладиган Куба эпизодига кўра, 100 тача аскардан ташкил топган бўлинма қирғоқ бўйида ўткир тиғли тошларни кўриб қолади ва уларнинг ўткирлигини синаш мақсадида эркаклар, аёллар, болалар ва қариялардан иборат бир гуруҳ ҳиндуларни зўравонларча ўша тошларга ташлаб, қорниларини ёра бошлайдилар. Шундай қилиб, ҳиндулардан биронта тирик жон қолмагунича ёвузликни давом эттирадилар. Сўнг, сал нарироқда турган катта хонадонга ҳам бостириб кириб, ўша ваҳший қилмишларини давом эттирадилар. Ўлган ва ўлаётган жабрдийдаларнинг жароҳатларини кўриш даҳшатли манзара эди. Бу хунрезлик Зукайо қишлоғида бошланди. Қишлоқ аҳолиси “конкистадор” деб аталган маҳлуқларни кутиб олиш учун бу воқеалардан озгина вақт олдин уларга ширин таомлар, балиқлар ва мева-чеваларни тайёрлаб қўйишган эди. Бу қирғин ўша жойдан бошқа жойларга ҳам тарқалди. Испанларда садизм шиддати бошланиб, қонга бўлган чанқоқлари қонгунича, уларнинг қанча ҳиндуларни қириб ташлаганининг сонини ҳеч ким билмайди. Лас Касаснинг ҳисоблашича, улар 20 мингдан кам бўлмаган. Европаликлар ақлга сиғмас зуғум ва қийноқларни ўйлаб топишдан роҳатланишар эди. Осилган киши бўғилиб ўлиб қолмаслиги учун оёқ бармоқларининг учигина ерга тегиб турадиган баландликдаги дорга ўттизта ҳиндуни Ийсо масийҳ ва унинг ҳаворийлари шаъни учундек бирин-кетин осиб қўйишди. Ҳиндулар ўлиб улгурмасидан испанлар уларнинг устида ўз қиличларининг ўткирлиги ва чидамлилигини синаб кўрдилар, бир зарб билан кўкракларини ёриб, ички аъзоларини чиқариб ташлашар ёки ундан баттар ишларни ҳам қилишарди. Сўнгра, уларнинг нимталанган баданларини сомон билан ўраб, тириклайин ёқиб юборардилар. Бир аскар икки ёш атрофидаги икки нафар болани тутиб олиб, оғзидан қилич тиқиб, жардан улоқтириб юборган. Вьетнамнинг Май Лай, Сонг Май ва бошқа қишлоқларида содир этилган қирғинлардан хабардор кишилар бу қайдномалар билан танишадиган бўлса, ўзаро таққослаш қанчалик тўғрилигини тушуниб етади. Чунки испанлар ҳам ўз террорларини қайдномаларда "тинчлантириш" деган ном билан атаганлар. (Агар бошқа бир атамани қўллашганида, зулм кўлами қанчалик бўларди?!) Вьетнамдаги уруш ўзининг миқёси билан қанчалик даҳшатли бўлмасин, беш юз йил олдин биргина Испаньола оролининг ўзида содир этилган ишларга тенглаша олмайди. 1492 йили Колумбнинг у оролларга келиши вақтида орол аҳолисининг сони 8 миллион кишини ташкил этарди. Тўрт йил ўтиб, уларнинг учдан биридан то ярмигача қириб ташланган. 1496 йилдан сўнг ҳам уларни қириш тезлиги ошиб борган.
Қуллар меҳнати
Геноциддан кўзланган асосий мақсад ҳаётий ҳудудга эга бўлиш учун маҳаллий аҳолини қириш бўлган Британия Америкасидан фарқли равишда, Марказий ва Жанубий Америкадаги геноцид ҳиндуларни иқтисодий мақсадларда шафқатсизларча эксплуатация қилишнинг оқибати бўлди. Оммавий қотилликлар, қийноқлар камёб ҳолат бўлмаган, уларнинг ҳамммаси маҳаллий аҳолини бўйинсиндириш ва “тинчлантириш” учун террор қуроли бўлиб хизмат қилган. Америка аҳолисига олтин ва кумуш конларида ишлаши керак бўлган ўн миллионлаб текин табиий ишчи куч сифатида қаралган. Уларнинг сони босқинчиларнинг фикрича шунчалик кўп эдики, қуллардан иборат ишчи кучларни ўзларидан кўпайтириш ўрнига уларни бошқалар билан алмаштириш испанлар учун “энг қулай ва рационал иқтисодий услуб” бўлган. “Эскирган” ҳиндуларни янги қуллар тўдаси билан алмаштириш учун аввалгиларини оғир меҳнат билан ўлдиришган. Уларни Анд тоғларидан қуйига, тропик ўрмонлардаги кока плантацияларига ҳайдаб тушардилар. Пастда эса уларнинг организми ўлим билан якун топувчи хавфли касалликларнинг енгилгина ўлжасига айланарди. Бурун, оғиз ва томоқ чиришига олиб келувчи “ута” каби хасталиклардан одам боласи азобли ўлимга дучор бўларди. Бундай плантациялардаги ўлим даражаси шу қадар юқори эдики (беш ой ичида 50% гача), қирол кока ишлаб чиқаришни чеклаш ҳақида фармон чиқаришга ҳам мажбур бўлганди. Бироқ, кўплаб фармонлар каби, бу фармон ҳам фақат қоғоздагина қолиб кетти, холос. Ўша пайтда ёзиб қолдирилганидек, “плантациялардаги кока касалликдан бошқа нарса эмас, бу эса энг даҳшатлисидир. Бу испанларнинг чеки йўқ очкўзлигидир”. Бироқ, кумуш конларига тушиш бундан ҳам ёмон эди. Ишчилар ҳафтасига бир қоп қовурилган маис (жуҳори) берилиб, 250 метр чуқурликка туширилар эди. Оғир иш, ўпирилишлар, носоз вентиляция ва назоратчиларнинг зулмидан ташқари, ҳиндулардан бўлган кончилар мишьяк, симоб ва ҳакозоларнинг заҳарли буғлари билан нафас олишга мужбур эди. “Агар душанба куни 20 та ҳинду шахтага тушадиган бўлса, якшанба куни уларнинг ярмигина мажруҳ ҳолда тепага чиқиши мумкин эди”, деб ёзади ўша замон гувоҳларидан бири. Станарднинг ҳисоб-китобига кўра, кока деб номланувчи ўсимлик теримчилари ва ҳинду кончиларининг умри илк геноцид даврида уч ёки тўрт ойдан ошмаган. Бу аҳволни 1943 йил Освенцимдаги синтетик резина фабрикасида ишлаган асирларнинг ҳаётига ҳам ўхшатиш мумкин. Ацтекларнинг пойтахти Теночетландаги қирғиндан сўнг Испания Кортеси Марказий Мексикани “Янги Испания” деб эълон қилди ва у ерда қулдорликка асосланган мустамлака тартибини ўрнатди. Ҳиндуларни конларда ишлатиш учун “тинчитиш” (юқорида таъкидланганидек, Вьетнамдаги уруш даврида Вашингтоннинг расмий сиёсати ҳам ҳудди шундай аталган) ва қийноққа солиш услуби ўша замонда ҳудди шу тарзда ифодалаган. “Кўп сонли шоҳидларнинг кўп сонли гувоҳликлари ҳиндуларни тоғ конларига тўп-тўп қилиб олиб кетилаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Уларни бир-бирларига бўйинкишанлар билан занжирбанд қилишган. Қулаб тушганларнинг бошини танасидан жудо қилишарди. Уйларга қамаб ёндирилганлар, юришга қийналган кексалар ва юришни билмайдиган болаларнинг бўғизлаб ташлангани ҳақида гапиришади. Аёлларнинг кўкрагини кесиб ташлаш ва уларни кўл ёки кўрфазларга улоқтиришдан олдин оёқларига оғир нарсаларни боғлаб қўйиш одатий ҳолга айланганди. Онасидан юлиб олинган, ўлдириб йўл белгиси сифатида фойдаланилган чақалоқлар ҳақида ҳикоя қилинади. Қочоқ ёки “саёқ” ҳиндуларнинг оёқ-қўллари чопилиб, кесилган кафтлари ва бурунларини ўз бўйинларига осиб, қишлоқларига жўнатилган. Имкони борича кўплаб тутиб олинган ҳомиладор аёллар, болалар ва қарияларни тубига ўткир қозиқлар қоқилган махсус ўраларга улоқтираётганлари ва чуқур тўлгунига қадар ўша ерда қолдирилаётгани ҳақида ҳикоя қилишади. Ва бошқа кўп, жуда кўп нарсалар ҳақида”. (Станард) Натижада, “конкистадор”лар 1595 йили ҳозирги Мексика ҳудудига келган вақтларида у ерда яшаётган 25 миллион аҳолидан 1,3 миллион кишигина қолганди. Тирик қолганлар ҳам асосан кон ва плантациялардаги азобли меҳнатга дучор қилинган эдилар. Пизарро тўдаси қилич ва қамчилар билан иш юритган Анд тоғларида 16-аср охирига келиб аҳоли сони 14 миллиондан қарийб 1 миллионгача камайиб кетди. Бунинг сабаби ҳам Мексика ва Марказий Америкада бўлгани каби эди. 1539 йилда Перуда бир испаниялик ёзиб қолдирганидек, “ҳиндулар бу ерда батамом ҳалок бўлмоқдалар... улар биргина емиш илинжида қўлида хоч билан бўлса ҳам дуо қилишга мажбур бўлмоқдалар. Аммо [аскарлар] барча ламаларни фақат шам ясаш мақсадидагина ўлдириб ташламоқдалар... ҳиндуларга экин ишлари учун ёрдамлашадиган биронта ҳам ҳайвонни қолдирмаяптилар, уларда бошқа ҳайвон ва уни оладиган бошқа жойи бўлмагани учун, ҳиндуларнинг очликдан ўлишдан бошқа чораси қолмаяпти”. (Черчиль)
Геноциднинг психологик жиҳати
Америка геноциди бўйича энг янги замон тарихчилари унинг психологик жиҳатига, ўнлаб ва юзлаб халқлар ва этник гуруҳларни битта ҳам қолдирмай қириб ташлашда депрессия ва стресснинг тутган ўрнига борган сари кўпроқ эътибор қарата бошламоқдалар. Ва бу ерда биз собиқ Совет Иттифоқидаги халқларнинг ҳозирги аҳволи билан бўлган ўхшашликни кўришимиз мумкин. Америка туб аҳолисининг руҳий “дислокацияси”га оид кўплаб далил-исботлар геноцид тақвимида сақланиб қолган. Европалик босқинчилар томонидан қул қилинган халқларни очиқчасига қириб ташлаш мақсадида уларнинг маданиятига қарши юз йиллар мобайнида олиб борилган маданий уруш Янги дунё туб аҳолисининг руҳиятида ақл бовар қилмас даражадаги оқибатларни келтириб чиқарди. Бундай “руҳий ҳужум” туб аҳолида алкоголизмдан тортиб, то сурункали депрессия, кенг миқёсда болаларни ва ўзини ўзи ўлдириш каби оқибатларни келтириб чиқарди. Аксарият ҳолларда эса, одамлар ерга ётганларича жон бера бошладилар. Руҳиятнинг шикастланиши туғилиш даражасининг кескин пасайиб кетишига ва болалар орасида ўлим даражасининг кўтарилиб кетишига сабаб бўлди. Касалликлар, очарчилик, оғир меҳнат ва қотилликлар туб жамоанинг тўлиқ қирилиб кетишига олиб келолмаган бўлса-да, туғилишнинг паст кўрсаткичлари ва болалар орасидаги ўлим даражаси, барибир, эртами-кечми бунга олиб келарди. Ҳиндулар орасида болалар туғилиш даражасининг кескин пасайиб кетганини кўрган испанлар, вақти-вақти билан уларни бола туғишга мажбурлашга ҳам ҳаракат қилиб турардилар. Кирпатрик Сейл таинос қабиласининг геноцидга бўлган реакциясини шундай хулосалайди: "...таиносни катта кемалар эгаси бўлган оқ танли кишилардаги ҳайратга солган нарса – бу уларнинг зўравонлиги ёки очкўзлигию мулкка бўлган ғайритабиий муносабати эмас, балки уларнинг дийдаси қотиб кетганлиги, баҳллиги ва юрагида муҳаббат йўқлиги эди". Умуман олганда, барча қитъалар – Испаньола, Анд ва Калифорниядан тортиб то Экваториал Африка, Ҳинд субқитъаси, Хитой ва Тасманияга қадар чўзилган империалистик геноцид тарихини ўқир экансиз, Уэльснинг “Оламлар урушлари” ёки Брэдберининг “Марс хроникалари” каби асарларни бошқача тушуна бошларкансиз. Ҳолливуддаги ўзга сайёраликлар ҳужумини-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Евроамерика фантастикасининг бу каби даҳшатларининг илдизи ўша ўтмишга бориб тақалмасмикин? Аждодлари Колумбдан то Черчилгача, Гитлердан то Бушгача бўлган шахслар томонидан қириб келинганлар ва ҳозир ҳам қириб келинаётганлар олдида бу ўзини “ўзга сайёраликлар”нинг қурбони қилиб кўрсатган ҳолда айбдорлик ҳиссини йўқ қилишга чақириқ эмасми? (ёки, аксинча, янги геноцидга тайёргарликмикин?!)
Қурбонларни ёвузлаштириш
Америкадаги геноцид махсус тарғибот билан қўллаб-қувватлаб турилар, унинг ўзига яраша “қора пиари” ҳам бор эди. Аслида, бугун ҳам евроамерика империалистлари бундай қора пиардан ўз аҳолисининг наздида бўлғуси қурбонини ёвуз ва қўрқинчли қилиш, уруш ва талончиликка ўзича адолат тусини бериш учун фойдаланишади. 1493 йилнинг 16 январида таиносларни ўлдиришганидан уч кун ўтиб, Колумб ўз кемаларини яна Европага бурди. У ўзининг қайд этиш журналига испанлар маҳаллий аҳолини ва “Кариб оролининг одамхўр ва ёвуз аҳолисини” қандай ўлдиришгани ҳақида битиб қўйди. Замонавий антропологларнинг таъкидлашича, айнан мана шу ёзув Антилл аҳолисини, кейинчалик эса “янги дунё” вакилларини оммавий қирғин қилишга, қайсидир маънода, сабаб бўлди. Мустамлакачиларни олқишлаган ва уларга бўйсунган туб аҳоли вакиллари “ёқимтой таинос” дея ҳисобланган. Қаршилик кўрсатганлар ёки испанлар томонидан ўлдирилганлар эса мустамлакачиларнинг қўлидан келадиган барча жазоларга “муносиб” “ваҳший одамхўрлар” сирасига киритилар эди. Мисол учун, Колумбнинг кундалик журналидаги 1492 йил 4 ва 23 ноябрь куни битилган ёзувларда шундай қаторларни ўқиш мумкин: “...бу ёвуз ваҳшийлар пешонасининг ўртасида кўзи бор... улар ит тумшуқлари билан қурбонларининг қонини ичадилар, бўғизлайдилар ва бичадилар...”. “Бу оролларни инсон гўштини ейдиган одамхўрлар, ёввойи, бўйсунмайдиган ирқ босиб олган. Уларни антропофаглар деб аташ тўғрироқ бўлади. Улар мулойим, тортинчоқ ҳиндуларга қарши уларнинг танаси учун узлуксиз уруш олиб бормоқдалар. Улар ов қилаётган нарса, уларнинг ўлжаси шудир. Улар ҳиндуларни аёвсиз қирмоқдалар ва террор қилмоқдалар”. Колумбнинг иккинчи экспедицияси аъзоси бўлган Команинг бу тавсифи Кариб аҳолисидан кўра европаликларга кўпроқ қаратилгандир. Европаликлар ўзлари аввал кўрмаган, аммо ўз ўлжасига айланиши керак бўлган бу инсонларни олдинданоқ одам ҳисобидан чиқариб юборган эдилар. Булар нафақат узоқ ўтмишнинг, балки бугунги куннинг ҳам ачинарли ҳақиқатидир, афсус. “Ёввойи ва таслим бўлмас ирқ” – Ғарб империализмининг Колумбдан то ҳозирга қадар илгари сурилаётган асосий ўйдирмасидир. “Ёввойи” эканлигига сабаб унинг гўёки “маданиятли” мустамлакачиларга қул бўлишга рози бўлмаганлигидадир, балки?! (Ўз вақтида шўро коммунистлари ҳам “цивилизациянинг ёввойи душманлари” деган тамғадан “унумли” фойдаланиб келганлар). 1493 йилда “пешонасининг ўртасида кўзи бўлган” ва “итга ўхшаган бурунга эга бўлган Кариб одамхўрлари”ни ўйлаб топган Колумб ва 1942 йил ўрталарида эсес раҳнамоларининг мажлисида Шарқий фронтдаги урушни: “Аввалги барча кампаниялар вақтида Германия душманлари “азалий ва маданий... Ғарбий Европача нозиклиги” туфайли кучли рақибга ўз вақтида бўш келиш учун етарлича ақл-идрок ва виждон бор эди” - деб тавсифлаган рейхсфюрер Гиммлер ўртасида узвий алоқа мавжуд. Аслини олганда, мафкуравий инверсия қоидасига мувофиқ, Янги дунёнинг туб аҳолиси эмас, балки мустамлакачиларнинг ўзлари одамхўрлик билан шуғулланишган. Колумбнинг иккинчи экспедицияси Карибга одамларни ўлдириб уларнинг ички аъзоларини ейишга ўргатилган кўп сонли мастиф ва грейхаунд зотли итларни олиб келди. Тез фурсат ичида испанлар ўз итларини одам гўшти билан боқишга ўтдилар. Тирик болаларга эса тансиқ таом сифатида қаралди. Мустамлакачилар ўз итларига ёш болаларни, кўпинча ота-онасининг кўз ўнгида, ғажиб ташлашларига рухсат берар эдилар. Замонавий тарихчилар Карибда бутун бошли “гўшт сотиш”» шаҳобчалари мавжуд бўлган деган фикрга келишмоқда. Бу “савдо расталари”да ҳиндуларнинг гўштлари итлар учун ем сифатида сотилган. Колумбнинг бошқа “мероси” каби одамхўрлик ҳам янги қитъада ривож топди. Инклар юртига бостириб кирган босқинчиларнинг бирининг мактуби сақланиб қолган: «…Карфагендан қайтаганимда Рохе Мартин исмли португални учратиб қолдим. Унинг уй эшиги олдида итлари учун тайёрлаб қўйилган ҳиндуларнинг чопилган гўштлари осилиб турар эди, худди ёввойи ҳайвон гўштларидек...». (Станард) Ўз ўрнида испанлар ҳам олтин ва қулларни излаш вақтида қийин ҳолатга тушганида ва очарчиликка дучор бўлганида одам гўшти билан боқилган ўз итларини ейишга мажбур бўлган ҳолатлари бўлган. Геноциднинг мудҳиш бир истеҳзоси шундай бўлган.
Нима учун?
Черчиль савол беради: инсон номи остидаги мавжудот, ҳатто улар Колумб даврида яшаган ҳамда ёппасига бойлик ва юксак нуфуз иштиёқига чалинган испан бўлсалар ҳам, узоқ вақт давомида ўзга одамларга нисбатан беҳад ваҳшийлик ва ўта кетган ғайриинсоний муносабатни изҳор этишларини қандай қилиб изоҳлаб бўлади?! Америкада илк Ўрта асрлардан “Уйғониш”гача бўлган давргача геноциднинг ғоявий негизларини кузатган Станард ҳам олдинроқ шу каби саволларни кўтариб чиққанди: “Мусулмонлар, африкаликлар, америкалик ҳиндулар, яҳудийлар, лўлилар ҳамда бошқа диний, ирқий ва этник гуруҳларга нисбатан амалга оширилган геноцид ортида онги ва жону дили билан турган ўша одамлар ким ўзи?! Бугун ҳам одамларни оммавий равишда ўлдираётганлар кимлар?! Бундай мудҳиш жиноятларни содир этиш учун одам қандай бўлиши керак экан-а?!”. Станард насронийлар ва ўқувчиларни қадимги даврлардан бери давом этиб келаётган европалик насронийларнинг жинс, ирқ ва уруш ҳақидаги қарашлари билан таништириб қўйишга чақиради. Унинг кузатишича, Ўрта асрлар охирида Европа Янги дунёнинг туб аҳолисига қарши тўрт юз йиллик геноцид учун керак бўладиган барча сабабларни ҳозирлаб қўйган экан. Станард насронийликнинг “нафсоний истакларини” тиймоқ каби буйруқларига, яъни Европа маданиятида черков тарғиб қилаётган ва шаҳватга бўлган репрессив муносабатга ўзининг алоҳида эътиборини қаратади. Ҳусусан, у Янги дунёдаги геноцид билан бутун Европада кузатилган ва баъзи замонавий тадқиқотчиларнинг қарашида халқ орасида машхур бўлган ва черков ҳукмронлиги ва юқори табақали феодалларга таҳдид солувчи матриархал жоҳилият мафкураси вакиллари бўлган “жодугарларга” қарши террор ўртасида генетик алоқа борлигини аниқлаган. У ирқ ва тана ранги ҳақидаги концепциянинг Европадан келиб чиққанлигини ҳам таъкидлайди. Ўрта аср бошларида насронийларни қул қилиб ушлаб туришга қарши бўлгган черков доим қул савдосини қўллаб-қувватлаган. Чунки черков том маънода фақат насронийни инсон деб ҳисоблаган, холос. Бошқалар фақат насронийликни қабул қилиб инсонга айланиши мумкин бўлган, сўнг эса озод бўлиш ҳуқуқига эга бўлган. Бироқ, 14-асрда черков сиёсатида мудҳиш ўзгаришлар рўй берди. Ўрта ер дингизи атрофида қул савдоси гуллаб-яшнаши оқибатида, мўмай даромад олиш имконияти пайдо бўлди. Аммо бу даромадларга насронийлик мафкурасининг ўзига хослигини мустаҳкамлаш мақсадида черков томонидан қўйилган бўшлиқлар хавф солар эди. Аввалги даврдаги мафкуравий асослар энди насроний ҳукмрон табақаларнинг моддий манфаатларига қарши кела бошлади. Ва ниҳоят 1366 йилда Флоренция зодагонлари ўзга динга мансуб қулларни олиб келиш ва сотишга рухсат берди; бунда “ўзга динга мансублик” ҳукми остига “католик оқимига янги кирган, бироқ асл келиб чиқиши насроний бўлмаган барча қуллар” ва “ўзга дин ўлкаси ва ирқига мансуб” барча қуллар кириб кетди. Шу йўсин, черков ўзининг диний эътиқодига асосланган қулдорлик тамойилини ирқий мансублик қоидалари билан алмаштирди, бу эса (арман, яҳудий, лўли, славян ва ҳ.з. каби) ўзгармас ирқий ва этник аломатларга асосланган янги давр геноцидлари томон муҳим қадам бўлди. Европанинг “ирқшунослик илми” бу ўринда диндан ҳеч ҳам ортда қолмади. Зодагонлар табақасининг генетик жиҳатдан тоза бўлиш шарти Европа феодализмининг ўзига хос хусусиятларидан эди. Испанияда limpieza de sangra - “қоннинг тозалиги” тушунчаси 15-аср охири ва 14-аср давомида муҳим аҳамият касб этди. Зодагонликка на бойлик ва на хизмат билан эришиб бўларди. “Ирқшунослик илми”нинг манбаи ўша даврдаги насл-насаб алоқаларини текширувчи бир тўда мутахассисларнинг насл-насабга оид изланишлари натижаси ортида ётарди. Швейцариялик танилган медик ва файласуф Парацельс томонидан 1520 йилга келиб илгари сурилган “Айри ва тенг бўлмаган келиб чиқиш” назарияси айниқса катта аҳамият касб этди. Мазкур назарияга кўра, ҳиндулар ва насроний бўлмаган бошқа “рангли” халқлар Одам ва Ева (Ҳаво)дан эмас, балки паст бўлган бошқа ота-боболаридан келиб чиққан, деб ҳисобланган. Парацельс ғоялари европаликларнинг Мексика ва Жанубий Америкага бостириб кириши арафасида Европада кенг тарқалди. Бу ғоялар 19-асрда псевдоилмий ирқчиликнинг ажралмас қисмига айланган ва ўзича “полигенезис” деб номланувчи назариянинг илк тарзда намоён бўлиши эди. Аслида, Парацельс ёзувлари чоп этилишидан ҳам аввал, геноцидни бу каби ғоявий ўхшаш тарзда оқлаш ишлари Испания (1512 й.) ва Шотландияда (1519 й.) пайдо бўлган эди. Испаниялик Бернардо де Меса (кейинчалик Куба епископи) ва шотландиялик Иоган Мейжер ҳам ўзларича “Янги дунёнинг туб аҳолиси Худо томонидан Европа насронийларига қул бўлиши ирода қилинган ўзига хос ирқ эканлиги” ҳақидаги бирхил “хулоса”га келишганди. Испан “зиёли”ларининг ҳиндулар инсон ёки маймун эканлиги ҳақидаги ғоявий баҳсларининг энг қизиган вақти Марказий ва Жанубий Америкада қўрқинчли эпидемия, ҳайвонларча оммавий қотилликлар ва жуда оғир меҳнат оқибатида миллионлаб аҳоли қирилиб кетаётган 16-аср ўрталарига бориб тақалади. Ҳинду ўлкаларининг “расмий тарихчиси” Фернандес де Овиеда ҳиндуларга нисбатан бўлган ваҳшийликни инкор қилмай, “юлдузлар каби чексиз бўлган даҳшатли ўлим”ларни баён қилади. Бироқ, у бу нарсаларни маъқул ҳисоблаб, “насроний бўлмаган жоҳилларга қарши порох ишлатиш – Худо учун ладан тутатиш кабидир”, деб ўзича изоҳлайди (ладан – шу ном билан аталувчи ва бошқа ўсимликлардан олинадиган ҳамда насронийларнинг диний маросимларида тутатиладиган смола). Лас Касаснинг Америка туб аҳолисига шафқат қилиш ҳақидаги илтижоларига испан теологи Хуан де Сепульведа шундай дейди: “Ким маданиятсиз, жоҳил, гуноҳ ва қабоҳат билан бузилганларни босиб олиши адолат эканига шубҳа қилиши мумкин?!”. У Арастунинг “Сиёсат” асаридан иқтибос келтиради, унда айтилишича, баъзи одамлар “табиатан қулдир” ва “уларга ваҳший ҳайвонлар каби муносабат қилиб, уларни тўғри яшашга мажбур қилиш керак”. Бунга жавобан Лас Касас шундай деган: “Келинг, Арастуни тинч қўяйлик, чунки бахтимизга Масиҳнинг “Ўзгани ўзингни севганинг каби сев”, деган амри бор”. (Бироқ, ҳиндуларнинг Лас Касасдек европалик ашаддий ва инсонпарвар ҳимоячиси ҳам “улар ҳақиқатан ҳам тўлиқ варвардир, балки” деб тан олишга ўзини мажбур ҳисоблаган). Агар черков “зиёлилари”нинг Америка туб аҳолисининг келиб чиқиши ҳақидаги қарашлари бир-биридан фарқ қилганда ҳам, Европа оммаси орасида бу ҳақида ҳамфикрлик ҳукмрон эди. Лас Касас ва Сепульведа ўртасидаги машҳур ўша баҳсдан ўн беш йил аввал испаниялик шарҳловчи шундай деб ёзган: “оддий халқ Америка ҳиндуларини инсон эмас, балки “инсон ва маймун ўртасидаги учинчи тур мавжудот бўлиб, улар Худо томонидан инсониятга хизмат қилиш учун яратилган” дея ишонган кишиларни “донолар” деб ҳисоблашган”. (Станард). 16-асрнинг аввалидаёқ оқ танли евроамерикалик ҳукмрон доирада олдинда турган геноцидни оқлаш учун мустамлакачилик ва супрематизмнинг ирқчиликка асосланган апологияси (ўз-ўзини оқлаш ғоялари) шакллана бошлади. Станард ўз тадқиқотларида Америка туб аҳолисининг испанлар ва англосаксонлар томонидан қирғин қилиниши нацистларнинг яҳудий, лўли ва славян халқлари устидан амалга оширган геноциди билан ғоявий боғлиқ эканини илгари сургани ҳайратланарли эмас. Европалик мустамлакачилар, кўчиб борган оқ танлилар ва нацистларнинг барчаси ғоявий жиҳаттан ягона асосга боғланади. Станарднинг қўшимча қилишича, ушбу мафкура бугун ҳам тирик. АҚШнинг Жануби-шарқий Осиё ва Яқин Шарққа бўлган интервенцияси ҳам шу билан асосланади. Шу он буюк аллома, беназир қомусчи олим, мусулмон диёрининг етук фарзанди, ҳозирда инсоният Америка деб атаётган қитъанинг мавжудлиги эҳтимолини илгари сурган ва ўз қарашларини илмий асослаб берган бобокалонимиз Абу Райҳон ал-Берунийни яна бир бор ёдга олдик...
Абу Муслим, "Янги Дунё" китобидан
|