Милодий I асрда яҳудийлар Рим оккупациясининг барча жозибасини тотиб кўришди. Уларни Рим императори ҳаққига дуо қилиш, унинг номига атаб қурбонлик қилиш ҳамда Қуддусдаги ибодатхона калитларини римлик қоҳинларга топширишга мажбур қилишди. Уларни яна махсус солиқ ва ўлпонлар билан кўмиб ташлашди. Яҳудийлар эътиқодини ҳисобга олмасак, бу зулмларга чидаса бўларди. Аллоҳ ва Унинг ердаги халифасидан бошқанинг ҳукмронлигини тан олиш руҳоний ва диний радикаллар учун чидаб бўлмас ҳолат эди. Ҳукмронлик ва бойлик учун кетаётган кураш билан бу тўқнашувлар янада оғирлашди: синедрион хазинаси ва унга тушаётган пулларни назорат қилувчиларни дунёвий ҳукумат тайинлаши ҳам шулар жумласига киради. Яҳудийлар маҳаллий маъмуриятга ишга киришга муваффақ бўлсалар ҳам диний тақиқлар туфайли улар барибир қийин аҳволда эди.
ҚАДИМГИ ПАРТИЗАНЛАР
Диний мутаассибларнинг ҳаракатлари ҳақида милодий 40-50 йиллардан зикр қилина бошланди. Ўшанда бозорда сикарийлар [лот. sicarii — «ханжарчилар»] катта руҳоний бўлган Ионатанни пичоқлаб кетишади. Сўнг пичоқлаб кетиш амалиёти гуруҳнинг ўзига хос бир белгиси бўлиб қолди: катта маъракалар, маърузалар вақтида ёки шу каби бошқа тадбирларда оломон ичидан чиқиб, ўзлари душман деб билган шахсларга ханжарларини санчиб ўлдиришар эди. Римни тан олишга чақирганларнинг кўпи шу йўл билан ўлдирилди. Сикарийлар қайта тирилишга, танасухга ишонар ва ер юзида руҳонийлар савдогар, ҳарбий ва деҳқонларни бошқарадиган теократик деспотияни қуришни хоҳлар эди.
РИМГА ҚАРШИ ҚЎЗҒОЛОН
Икки юз мингдан ошиқ Қуддус аҳолиси қуйидаги тўрт фирқага мансуб эди: саддукейлар-руҳонийлар, синедрион аъзолари ва шаҳарнинг бой-бадавлатлари; ессейлар-зоҳид ва пацифистлар; фарисейлар-тинчликпарвар васатийчилар; зелотлар-инқилобчи ва миллатчилар. Сикарийлар эса зелотларнинг ҳарбий қаноти эди. Римликларга қарши Биринчи Яхудийлар уруши бошланишидан аввал радикаллар ўз сафини фитначилар, қароқчилар ва бир неча таниқли руҳоний ва даъватчилар билан тўлдирган эди. Кундузи улар император номига атаб қурбонлик қилишга ҳамда унинг ҳайкалларини ибодатхоналарга ўрнатилишига, ватан хоинлари ҳисобланган одамларни руҳоний этиб тайинланишига қарши даъват қилишарди. Тунлари эса хайр-эҳсон, садақаларни йиғувчиларга хужум қилишар ва давлат пулларини ўмаришар эди. 66-йили прокуратор Гессий Флор (Gessius Florus) Қуддус аҳолисини солиқларни тўлиқ тўламаганини баҳона қилиб шаҳар бош ибодатхонаси хазинасини олиб қўйди. Сикарийлар биринчи бўлиб кўчаларда жангларни бошлаб юборади ва шоҳнинг собиқ саройини қамал қилишади. Сикарийлар шаҳар бўйлаб тарқалади ва ўзлари душман деб билган ўз диндошларини қатл қилишга киришиб кетади. Рим гарнизонига хавфсизлик ваъда қилинади, бироқ легионерлар қуролларини топшириб бўлгач, ҳаммасини аёвсиз сўйиб ташлашади, сўнг жасадларини кўчаларда судраб юришади. Қўзғолончилар иккита ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлишади (римликлар тор довон орқали чекинаётганида олти мингга яқин аскарларини йўқотади). Қўзғолончилар бир-бирлари билан ҳокимият учун курашиб, урушнинг охиригача армияни шакллантира олмайди. Одатда бўладигани каби, инқилоб зелотлар қўли билан қилинади, бироқ Иудеяда Рим ҳукмронлигига чек қўйган ҳокимият руҳоний Ханнан бошчилигидаги фарисей ва саддукейлар қўлига ўтади. Икки йил эркинлик ва тинчлик ҳукмронлик қилади. 68-йил Римнинг жазоловчи легионлари бостириб келади. Улар тез орада Қуддус шаҳридан бошқа аввал йўқотган барча ерларини қайта босиб олишади. Катта озиқ-овқат заҳираларига эга кучли қалъа йиллаб қамалга бардош бериши мумкин эди, аммо шаҳар аҳолиси ўртасида чиққан ихтилоф ва низолар уларни заифлаштириб қўйди.
ҲАММА ҲАММАГА ҚАРШИ
Зелотлар мудофаадаги муваффақиятсизликларда мўътадил фирқаларни айблашади ва террор бошланиб кетади. Рим босқинчиларига қарши қўзғолон фуқаролар урушига айланади, яъни яҳудийларнинг турли хил фирқалари ўз фирқаларига мансуб бўлмаган бошқа миллатдошларини қиришга тушади. Жазоловчи учта легион эгаллаган Галилеядан ўз мол-мулклари ва қариндошларидан айрилиб келган қочқинлар сулҳ ҳақида оғиз очадиган бўлса, шафқатсиз тарзда дарҳол ўлдирилар эди. Кўчада даъватчилар лаънатга дучор бўлдик, охир замонга жуда яқин қолди, дея даъват қилишар эди. Қўзғолонни янада радикаллаштириш учун сикарийлар озиқ-овқат заҳираларини йўқ қилиш ва қудуқларни заҳарлашга тушди. Фарисей ва саддукейларнинг юзлаб аъзолари ўлдирилди.
ИБОДАТХОНАНИНГ ҚУЛАШИ
70-йил императора Веспасианнинг ўғли Тит бошчилигидаги римликлар Қуддусни ишғол қилиш учун шаҳарни қамал қилдилар. Шаҳарни босиб олиш учун қуллар ва хизматчиларни ҳисобга олмаганда, 40 минг аскар тўпланди. Қамал ҳақида алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Манжаниқлар уч деворни тешиб ўтди ва олти ой давомида легионлар маҳалла кетидан маҳаллаларни ола бошлади. Шаҳар ва ибодатхона олов ичида қолди. Асирлар аёвсиз қириб ташланди. Қуддус қулади ва унинг аҳолиси қул қилиб сотилди. Тит катта олтин ўлжасини қўлга киритди, ҳатто ўша вақт олтин кўплигидан бутун империяда олтин қадри тушиб кетганмиш. Омон қолган зелот ва сикарийлар подшоҳ Ироднинг қадимий қалъасига чекинишди. Қалъа номи Масад бўлиб чўллар ўртасидаги қоя устида жойлашган эди. Шу ерда улар энг сўнгги жангларини кутиб олишди. Римликлар қалъанинг тошдан бунёд қилинган ташқи мудофаа иншоатларини йўқ қилганидан сўнг барча умидлар йўққа чиқди. Минглаб қалъа ҳимоячилари ўз оилалари билан ўзларини ўзлари ўлдиришди. Хотинлари фарзандларини ўлдиришди, эрлари эса хотинларини. Қуръа ташлаш орқали ўнта эркак танлаб олинди ва қолганларни шулар сўйиб ташлади. Озиқ-овқатлар ва бошқа нарсаларни ёқиб, сўнг улар ҳам ўзларини ўлдиришди. Римликлар Масад қалъси ичидан фақат жасадлар ва ёниб кул бўлган қулларни топишди, холос. Радикаллар гуруҳи ҳам йўқ қилинди. Жуда оз қолган бошқа сикарийлар Мисрга қараб қочишди. Фуқаролар уруши ва Римнинг жазоловчи амалиётларида умумий ҳисоб билан миллиондан ошиқ одам ҳалок бўлди.
Мана орадан икки минг йил ўтиб ҳам, яҳудийларнинг баъзи экстремистик фирқалари ўзларини сикарийлармиз, дейишади.
Тарихий манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади
|