Саналар
06.10.2024
Баннер
Баннер
1930-50-йилларда зиёлиларнинг таъқиб қилиниши
PDF Босма E-mail

Миллий адабиёт ва санъатнинг аҳволи қийин ва номутаносиб ҳолатда эди. Шахсга сиғинишнинг рутубатли иқлимига қарамай ижодий ҳаёт сўнмади, ёзувчилар ва адабиётшунослар қатори кенгайди. 1934 йил мартда Тошкентда Ўзбекистон ёзувчиларининг съезди бўлди ва унда Республика Ёзувчилар уюшмаси ташкил қилинди.

 

Ўзбек ёзувчиларининг номлари жаҳонга кенг ёйила бошлади. Ғафур Ғулом, Ойбек, ўайратий, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Ойдин Собирова, Усмон Носир, Комил Яшин ва бошқаларнинг асарларида халқнинг ижтимоий ҳаёти ва анъаналари, меҳнат қаҳрамонлари, шижоати каби хусусиятлар ўз бадиий ифодасини топган.
Лекин 30-йилларда кучайган маъмурий буйруқбозлик тизими ва шахсга сиғиниш мафкураси ижод аҳлини, қолаверса республиканинг маданий ҳаётини бўға бошлади. Ижодни партиявийлик ва ягона мафкурага бўйсундирилиши ҳаётни бадиий тасвирида вулгар-социал кўринишларга кенг йўл очди. Партия томонидан янги ҳаётни куйлашга бўлган чақириқ ва мажбурий чеклашлар ижодий жараёнда тарихий ўтмишни бир томонлама тасвирлашга олиб келди.
Адабиётда борлиқни, мураккаб ижтимоий муаммоларни бўяб кўрсатиш, хато ва камчиликлар ҳақида сукут сақлаш зарурий шарт бўлиб қолди.
Миллий маданият 30-йилларда қаттиқ фожиага учради. Инсон ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилиниши кучайди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Шокир Сулаймон, Зиё Саид, Элбек, Боту, Аъзам Аюб, Усмон Носир, Қосим Сорокин каби миллатнинг етук зиёлилари қатағон қилинди ва халқимиз уларнинг асарларини ўқишдан узоқ вақт маҳрум бўлди.
40-йиллар охирларида фан ва маданият ходимларини қатағон қилишлар давом этди. ВКП (б) МКнинг 1946 йил «Звезда» ва «Ленинград» журналлари ҳақидаги қарорлари қатағонлар янги тўлқинининг ғоявий асоси бўлиб хизмат қилди. Шу пайтдан бошлаб адабиёт ва санъатда ижодий демократик ривожланиш узоқ йиллар давомида сунъий таъқиб қилинди, жойларда ҳурфикрлилик сиқувга олинди.
Марказнинг кўрсатмаларига асосланиб, республиканинг партия органлари ижодий зиёлиларга қарши кураш олиб бордилар. Уларнинг асарларидаги миллий ғоялар уларни айблаш учун фойдаланилди. Ёзувчи ва шоирларнинг асарларида ўрта аср ва инқилобгача бўлган даврдаги халқ тарихини, маданиятини бадиий тасвирлаш-ўтмишни қўмсаш, идеаллаштириш деб айбланди ва уларга «миллатчи» деган тамғалар ёпиштирилди. Шу қабилда Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода ва бошқа ўзбек ёзувчилари қораланди.
1951 йил августда республика матбуотида «қатор шоир ва ёзувчиларнинг ижодида мафкуравий оғишлар» мавзусида мақола чоп этилди. Унда Туроб Тўла, Камтар Отабоев, Миртемир, Собир Абдулла, Ҳабибий каби ижодкорлар миллатчиликда ва пантуркчиликда айбланиб, танқид қилиндилар. Шунингдек, Ойбек, Х. Зарифов, Х. Ёқубов, Саид Аҳмад, И. Султонов ва бошқалар «ўзбек совет адабиёти вазифаларидан четда туриш»да ва «жиддий ғоявий хатоликлар»га йўл қўйганликда айбландилар.
1951 йилда Мақсуд Шайхзода, Шукрулло Юсупов, ўулом Алимов ва бошқа бир қатор ижодкорлар «антисовет миллатчилик фаолияти» да айбланиб қамоққа олиндилар ва 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Шу йиллари жамиятшунос олимлардан бир гуруҳи, чунончи, файласуф В. Зоҳидов, иқтисодчи А. Аминовлар пантуркизмни ташвиқот қилишда ва буржуа-миллатчиликда айбланиб, таъқиб қилинди.
Қатағон қилинган санъат, фан ва маданият арбоблари мустабид тузум даврида ҳақ-ҳуқуқсизлик қурбони бўлдилар.
Адолат бир қадар қарор топиб, шахсга сиғиниш ва унинг оқибатларини тузатиш учун олиб борилган курашлардан кейин асоссиз қатағон қилинган маданият ва фан арбоблари оқландилар.

 

 
Баннер