Саналар
06.10.2024
Баннер
Баннер
Самарқанд истилоси
PDF Босма E-mail

Мўғуллар буюк Бухоро шаҳрини хонавайрон, унинг халқини қирғин қилиб, масжид ва мадрасаларини ёқиб, сўнгра қўшни шаҳар Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Такашнинг пойтахти Самарқанд шаҳрига отланишди. Мўғуллар бу икки шаҳар орасидаги Зарафшон ирмоғи бўйлаб йўл юришди. Йўлга чиқаркан, Бухоро шаҳридан асир қилиб олган мусулмонларнинг катта жамоасини ўзлари билан олишган эди. Ибнул Асирнинг асирлар ҳақида айтган сўзлари киши баданини жунжитиб юборади: «Энг хунук, энг разил суратда асирларни олиб кетишар, йўлда ҳушидан кетган ва йўл юришдан ожизлик қилганларни ўлдиришар эди».

Шундай экан, нима учун Бухородан Самарқандгача бу асирларни ўзлари билан олиб кетишар эди? Асирларни Бухородан Самарқандгача олиб кетилишидан бир қанча мақсадлар кўзланган бўлиб, қуйида айримларига ишора қиламиз:
Биринчидан: Ҳар ўнта асирдан биттасига мўғул байроғини кўтартириб қўйишарди, ҳатто узоқдан кўрганлар буларнинг барчаси мўғул қўшини деб ўйлашлари ва жангчиларнинг саноғи ададсиз, қўрқинчли бўлиб кўриниши, дилларни қўрқув чулғаб, уларга қарши чиқиш амримаҳол экан, деб урушсиз таслим бўлиш учун эди.
Иккинчидан: Асирларни ўзлари билан бирга жанг қилишга мажбур этар, бирга жанг қилишдан бўйин товлаганни ва куч билан қаршилик қилганни ўлдиришар эди. Шу зайлда мусулмон асирлар биродарларига қарши мўғуллар сафида мажбуран жанг қилишар эди.
Учинчидан: Асирлар жонли қалқон вазифасини бажариб берарди, уларни сафнинг олдига қўйишиб, ўзлари уларнинг ортига беркинишарди. Агар мусулмонлар мўғулларга қарата ўқ отсалар, мусулмон асирларга тегарди.
Тўртинчидан: Бостириб келган шаҳар дарвозаси олдида уларни қатл қилишарди, бу билан душманининг қалбига қўрқув солиш ва мўғулларга қарши чиқишнинг оқибати мана шундай бўлишини эълон қилар эдилар.
Бешинчидан: Жангларда душман қўлига тушган мўғул асирларига бу асирларни алмаштирар эдилар. Гарчи бундай ҳолат нодир бўлган бўлса ҳам. Чунки мўғуллар жуда оз енгилгандир.  
Самарқанд Ислом жуда тараққий этган ва ўша пайтлар энг бой бўлган буюк мусулмон шаҳарларидан бири эди. Самарқандда кўплаб қўрғонли қалъалар бор бўлиб, шаҳар атрофи баланд деворлар билан ўралган, нафақат саройлар, балки ҳар бир хонадоннинг ҳам боғчали ҳовлиси бўлиб, бир сўз билан айтганда, жаннатмакон жой эди.
Хоразмшоҳ, онаси Туркон Хотун билан муроса қилолмагани сабаб онасига пойтахт Урганчни қолдириб, ўзи Самарқандни пойтахт қилиб олганди.  Шунинг учун Хоразмшоҳ шаҳар ҳимоясига 50 минг , ҳатто баъзи манбаларда шаҳарда турк, ғурли ва хуросонли 110 минг Хоразм аскарларини қолдиргани айтилади.  Тарихчилар Жувайний ва Рашидуддин 110 минг аскарнинг 60 мингги турк, қолган 50 мингги тожик миллатига хослиги ва шу билан бирга баҳайбат, ортга чекинмайдиган қилиб тарбияланган 20та филлари бўлганини ривоят қилишади.  Аскарлардан бўлак Самарқанд шаҳрида юз мингларча аҳоли истиқомат қиларди.
Чингизхон Самарқанд шаҳрига етиб келди ва шаҳарни ҳар томондан қамал қилди, аммо шаҳар ҳимояси учун Хоразм қўшинлари ўрнидан қўзғалмади. Қалбларини қўрқув чулғаб олган, шармандаларча ҳаёти дунё илинжида бўлгандилар, яъни дунё ҳаётини афзал кўрдилар. Шаҳар аҳолиси бир жойга тўпландилар ва кучсиз, тўғрироғи, руҳияти синиқ қўшиннинг мўғулларга қарши жангга чиқиш оқибатида мағлуб бўлиши ва мағлубиятдан кейин нималар содир бўлиши ҳақида баҳс қилишди. Омма инсонлар ичида қалбларида ҳамияти, ғурури бор етмиш минг самарқандликлар мўғулларга қарши жангга чиқишга қарор қилишди, фақиҳлар ва уламолар ҳам улар сафида эди. Улар душманга қарши от-уловсиз, аскарлик қалқонлари ва совутларсиз пиёда ҳолатда жангга чиқишди. Лекин ҳали ҳануз уйқудан уйғонмаган масъулиятсиз, совуққон аскар қилиши керак бўлган вожибни булар қоим қилишди. Самарқанд халқининг жангга чиқиб келаётганини кўрган мўғуллар хатарли ҳарбий ҳийла ишлатишди, шаҳар деворларидан орқага чекинишди, бу билан уммат жонкуярларини шаҳардан узоқлаштиришни мақсад қилдилар. Улар бирин-кетин Самарқанддан узоқлашиб борар ва ортларига пистирмалар қўйиб кетардилар. Мўғуллар режаси натижа берган, жанг сирларидан бехабар мусулмонлар уларни таъқиб қилиб, шаҳардан анча узоқ жойга бориб қолишган эди. Шунда мўғуллар уларни ҳар томондан ўраб, қуршаб олишди ва Самарқанднинг фақиҳлари, олимлари ва мужоҳидларидан иборат энг афзал рижолларини даҳшатли суратда қирғин-барот қила бошлади, шаҳардан чиққан 70 минг кишидан биттаси ҳам қолмай барчаси шаҳид бўлди,  иншаоллоҳ. Самарқанд бир лаҳзада энг афзал рижолларидан айрилди, субҳоноллоҳ!
Ҳижрий учинчи йил шаввол ойида юз берган «Уҳуд жанги»да шаҳид бўлган 70 саҳоба, шунингдек, шу йилнинг сафар ойида «Биъру маъуна»да шаҳид бўлган 70 саҳобанинг фожиаси мусулмонлар учун улкан мусибат бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саҳобаларнинг қотилларини бир ой мобайнида дуои баъд қилган эдилар. Бу ерда эса, бир неча лаҳзалар ичида 70 минг мусулмон ўлдирилди, улар Самарқанд халқининг энг афзаллари эди. Бу 70 минг кишининг мўғуллар қўлида ўлдирилиши кутилган ҳол эди, чунки мусулмонлар молларини жангга тайёргарлик учун сарфламади, фарзандларининг аскарий тарбиясига эътибор бермади, давлатини ўраб турган катта куч — мўғуллар кучи борлиги хаёлларига ҳам келмади. Мўғул давлати 14 йилдан буён оёққа туриб, секин-аста ҳудуди кенгайиб, уларнинг давлатларига ҳам яқинлашиб келгани аниқ эди, шундай экан, бу кун учун тайёргарлик қаерда қолди?!
Мўғуллар мусулмон жонкуярларни қириб ташлагандан сўнг, Самарқандга қайтди ва уни қамал қилди. Хоразмнинг мунтазам армияси тубан ва шарманда бир қарорга келди, шаҳар дарвозасини мўғулларга очиб бериш эвазига улардан омонлик сўради. Ибнул Асирнинг таъбирига кўра: «Мўғуллар билан биз айни ирқданмиз, улар бизни ўлдирмайдилар», дейишди. Ваҳоланки, улар мўғуллар аҳду паймонга риоя қилмасликларини, иттифоқчилик қилмасликларини яхши билишарди. Зотан, «Бухоро ҳодисаси» юз берганига ҳам кўп бўлмаган эди. Лекин улар энг тубан ҳаётга рози бўлдилар. Мўғуллар уларга омонлик беришга аҳд беришди ҳамда зимдан келишувни бузишга ва унга хилоф қилишга азму қарор қилишди. Оддий халқ ва омма инсонлар армияга қарши чиқа олмасдилар, чунки Хоразм армияси ўз халқига шер каби, душманига эса, қўрққанда бошини ерга тиқиб оладиган туяқуш каби эдилар, десак балки ўринли бўлар.
Хуллас, мунтазам армия мўғулларга шаҳар дарвозаларини очиб беришди ва таслим бўлган ҳолатда чиқишди. Мўғуллар уларга: «Қуролларингни, мол-давлатларингни ва от-уловларингни бизга топширасиз, эвазига омонлик берамиз», дейишди. Мусулмон аскар қаттиқ камситилган, хорланган ҳолатда айтганларини қилишди. Вақтики мўғуллар уларнинг қуролларини, от-уловларини олиб бўлганида ўзларидан кутилган ишни қилдилар, қиличлар ялонғочланди ва бир неча лаҳзада Хоразмнинг мунтазам армиясини битта қолдирмай қириб ташлашди.  Хоразмнинг мунтазам армияси ўзларига хорликни сотиб олган ва бу учун эваз беришган эдилар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.
Сўнгра мўғуллар кўҳна Самарқандга кириб, илгари Бухорода қилган ишларини такрорладилар. Беҳисоб эркак, аёл ва болаларни ўлдиришди, юртнинг мол-мулкини талон-тарож қилишди, аёлларнинг ҳурматини тўкишди ва мисли кўрилмаган хунук азобларни беришди, катта сондаги аёллар ва болаларни асир, қул қилишди. Қулликка ярамайдиган заифларини ва кексаларини ўлдиришди, катта масжидларга ўт қўйишди, шаҳарни буткул хонавайрон ҳолатда тарк қилишди. Бу ҳодиса Бухоронинг кули кўкка совурилгандан бир ойдан кейин, яъни 617 йил муҳаррам ойида/1220 йил март ойида содир бўлди. (Ибнул Асир «ал-Камил фит-Тарих» (12/369), Ибн Касир «ал-Бидаяту ван-Ниҳоя» (17/91), Саллабий «ал-Мўғул» (119-бет), Аҳмад Ўздемир Жузжонийдан нақл қилади «Мўғул истилоси» (170-бет).)
Ўша вақтда мусулмонлар наҳот бу ҳодисаларни эшитиб, жим қараб турдилар?!
Мусулмонларнинг ҳурмати, обрўси топталаётганини билатуриб, нимага мўғулларга қарши бир ёқадан бош чиқармадилар?!
Дин, нафс, обрў ва молга тажовуз бўлаётганини кўратуриб, мусулмонлар қандай яна тарқоқ ҳолда юрдилар?!
Мусулмон амирлар кичик бир жойга, бир давлатга ҳокимлик қиларди, ўша ҳокимга-да бу ҳодисанинг хабари етганди, лекин чегараланган мамлакатим тинч, омон, уруш бўлмаяптими, демак омондамиз, деган эътиқодда эдилар. Бу нисбий омонлик билан ўзларини-ўзлари овунтирар, билмаган ҳолда ўзларини-ўзлари алдар эдилар. Агарчи уруш уларнинг юртларидан анча узоқ масофаларда бўлаётган бўлсада, тез кунларда ўзларининг бошига ҳам бу мусибатлар келишини бу ҳокимлар ўйламасдилар. Самарқанд ва Бухорода бўлган воқеалар қолган мусулмон давлатларидаги қонли ва аламли кунларнинг кириш қисмидир, унда на яқиндаги ва на узоқдагилар омон қолади. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.
Тарихда юз берган бу ҳодисаларда уммат учун, ақл эгалари учун улкан ва беҳисоб ибратлар бордир...

 

Абу Абдуллоҳ Шоший

 
Баннер