1919 йил охирларида Пишпакка (Ҳозирги Бишкек, 1926-1991 йиллар орасида Фрунзе номи билан аталган.) қарашли Қораболта, Оқсу бўлиб, ўн саккиз рус қишлоқлари бирлашган ҳолда коммунистларга қарши қўзғолон кўтаришди. Бойликка ботиб ётган Пишпак, Сўқулуқ дунганлари ҳам тушунмасликдан бу ишга қўшилиб қолдилар. Натижада тортқилик бутунлай улар устларига тушиб, энг оғир зарбалик калтаклар бошларида ушатилди. Шундоқки, беш юз уйликка етмаган Пишпак, Сўқулук дунганларидан саккиз юз кишини ҳайдаб келиб, бозор ўртасида пулемётга тутдилар. Шулар ичидан ўқ тегмай қолган ёки ярадор бўлиб жони чиқмай турганларини қизил аскарлар оралаб юриб, найзалаб ўлдирдилар. Қўзғолончилар маркази бўлган беш минг чамали аҳолиси бор Оқсу қишлоғи русларидан, илгари-кейин бўлиб, ўлим жазоси кўрганлари ўттиздан ошмаган эди. Оллоҳ сақласа бало йўқ дегандай, шу йили Сўқулуққа боришдан мени сақлаб, бу каби натижасиз қонли қўзғолон офатларидан Ўзи асрамишдир. Шу воқеа бўлишида мен Тўқмоқдан саккиз чақирим шимол тарафдаги дунган қишлоғи Қоракўнғиз масжидида турган эдим. Пишпак, Сўқулуқ қочоқлари қилич, милтиқ каби борлиқ қуролларини осинган ҳолда таниган-танимаган аралаш, мени қора тортиб, устимга тушдилар. Буни кўришган масжид қавмлари ўз бошларидан қўрқишиб ва яна мени аяшганларидан уларни бу ерда қўндирмаслик учун маслаҳат кўрсатган бўлсалар ҳам, унга мен розилик бермадим. Бу каби улуғ офатлардан мени неча мартабалар асраб ўргатган меҳрибон Тангрим илтифотига ишонганлигимдан бу мазлумларни эрларча очиқ юз билан қарши олиб, синиқ кўнгилларини кўтардим. Бу ерда яшириниб қолиш имконияти йўқлигидан, бош-оёғи икки-уч кун туришгандан сўнг Олмаота, Ёркент чегаралари орқалик Ғулжага ўтмоқчи бўлиб кетдилар. Сўқулуқ дунганларининг тузларини тотиб, яхшиликларини кўп кўрган эдим. Уларнинг ичида ишонимлик шогирдларим ва дўстларим кўп эди. Бундай вақтларда бориш хатарлик бўлса ҳам чидаб туролмай, уч-тўрт шогирдларим билан бир арава киши бўлиб, Сўқулуқ томонга йўл тортдим. Пишпакка келгач, дунган қалъаси(Бу ерда кент маъносида.) йўл устида бўлганликдан, оралаб ўтишга тўғри келмиш эди. Яқинлашиб борган сайин бундаги кўз кўрган кўнгилсиз нарсаларни тил сўзлаб, қалам ёзиб чидаёлмайди. Интизомлик аскарларга, қуроллик кучга, тили бўлак, дини бўлак бир қанча йиғинди, қўли қуруқ қора куч кишилари қандай қарши турсинлар? Табиат оламига Илоҳий томонидан юборилган улуғ пайғамбарлар ҳам шу табиат қонунига бўйсунмасдан бошқа ҳеч чоралари йўкдир. Уруш фанларининг қонуни бўйича аскарнинг сон-саноқлари, қурол-жабдуқ ва аскарий интизомлари энг бўлмаганда душманникидан тубан ва оз бўлмаслиги биринчи шартдир. Агар шу шароит қўлга келар экан, у ҳолда диний, миллий ҳақоратга бўйсунмасдан душманга қарши қуролга қўл суниш албатта фарз бўлур. Агар бундай бўлмаган такдирда ўзини ўринсиз ўтга уришдан сақланиб, вақтинча сабр қилишдан бошқа чора йўқцир. Биз ҳозирданоқ шундай шароитсиз оғир аҳвол устида турамиз. Маҳалла кўчасидан ўтаётганимизда йўл бўйлаб талон-булон қолдиқлари, сочилиб ётган нарсалар, куйдириб-ёндирилган иморатлар ичида вайрон-толқони чиқиб ётган томлари кўзга чорпилмоқда эди. Буларни кўргач, кўз ёшимиз қуримасдан шу юрганимизча юриб мазлумлар қонлари билан бўялган Сўқулуқ қишлоғига кирдик. Бу воқеа ўтиб ортидангина борганлигимиз учун мусулмонлар отилган-чопилган кўчалардаги қонлар тозаланган бўлса ҳам, бошқа белгилари йўқолмаган эди. Соқчи кишилари бизни бошқа ёқдан келганимизни кўргач, олдимиздан тўсиб идораларига бошладилар. Ўлганларнинг хотин-қиз, етим болаларига аталган бир қанча буюм, кийим-бошларни кўрсатиб, ёрдам учун келганлигимизни билдирдик. Сўнгра йўлхатларимизни12текшириб,бизгарухсатқилганбўлсалар ҳам яна орамизда ишонмаслик пайдо бўлиб, анчагина сўз ўтмиш эди. Маълумдирки, маҳкумиятда эзилган куролсиз дудуқ тиллар ғолибият зулми билан ғурурланиб турган, ҳар бирининг тумшуғидан тўнғиз қурти тушган, қуроллик шахдам тиллар олдида нима дея олардилар? Шу билан ғолиб душман олдидан қандайдир қутулиб чиққанимиздан сўнгра ёрдамга келтирган оздир-кўпдир нарсаларимизни тарқатдик. Ўлганлар оилаларига кўз ёшимиз билан Қуръон ўқиб, кўнгил айтдик. Бу фойдасиз фитнада менингўз шогирдларимдан йигирмадан ортиқроқ киши шаҳид бўлмиш эдилар. Булардан энг катталарининг ёши ўттиздан ошмаган эди... Шундай қилиб, бу жойда икки-уч кун турганимиздан ке-йин, у ердан қайтиб, яна Тўқмоққа келдик.
Алихонтўра Соғунийнинг "Туркистон қайғуси" китобидан
|