Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Оролтепа
PDF Босма E-mail

Оролтепа, Ғулжанинг кун чиқиш ўзани бўлган Кунас дарёси ёқасига жойлашган бир хушманзара жойдир. Ғулжадан Или дарёсининг ўнг қўлимизга олиб, кун чиқишга қараб юрганимизда, биринчи Қорадўнг маҳалласи, Ғулжа шаҳрининг кун чиқиш чети, ундан кейин Жирголонг сойи - бу ерлар кўклам ойларида хушманзара, хушбўй жийда гуллари билан буркаладур. Ва ҳам Или дарёсининнг бўйлари чечак отиб ям-яшил бўлганда, ҳамма учун дам олиш жойига айланади. Бу ердан Жирғолонг сувига (солинган) Сотиболдибой кўпригидан ўтиб кун чиқишга қараб юриб Азизбектом деган қишлоққа борасиз. Бундан кейин - Ўймонбойтўқай, кейин яна - Бойтўқой, ундан кейин - Қишлоқтом, сўнгра Ёмоту қишлоғи келади. Бу ердан сим тортилган кема билан Или дарёсининг кун чиқиш томонига ўтганда дарё чап қўл томонимизда бўлиб, юқорига қараб юрганимизда Тўққизторо деган қишлоқ шаҳрига борасиз. Қишлоқлари ҳаммаси уйғур, икки томон тоғлари қозоқ, булар чорва билан машғул. Уйғурлар деҳқончилик қиладурлар. Умуман олганда, Ғулжа вилоятининг ерлари ниҳоятда серҳосил бўлиб, қирга эккан бенам буғдойнинг бирига қирқ-элликдан ҳосил оладурлар. Сувлик экиндан ҳам бирга 20-30 дан кам ҳосил олмайдурлар. Икки томон тоғлари турли хил олма, ўриклар, дўлана, малина, қулупнай ва ҳар хил қорағатлар билан тўла ва хилма-хил лолақизғалдоқлар билан ясанган тоғлар орасидан ўтган йўллар билан юриб, Гўржилға, Мўюнгузар деган жойга борганингиздан кейин олдингиз - Қапчиғай тоғи, бу ердан Текас дарёсининг суви чиқадур. Бундан сим тортилган кема билан ўтиб, Саримсоқнинг бели билан юриб ўлтуриб Чегирбулоқ, бундан кейин Шўрбулоқ, Толди - бу ерлар қўй-моллар учун кўклов ва қишлов бўладур. Бундан кейин Чопқунинг суйидан ўтгач, Бештепа келур, бу ҳам қишлоқ шаҳри бўладур. Бундан ўтиб Телиқора, ундан кейин Ўрозохуннинг сойи, бундан кейин Жовтўқай - шу йўл бўйи тоғ бағри ҳисобсиз олмазор бўлиб, бу ерларда айиқлар кўп бўлгани учун буни Жовтўқай дерлар. Бундан кейин Оққўлтуқ бўлиб, бу ердан Кунас сувидин ўтиб, Оролтепага кирамиз.
Бу ер икки тоғ орасидаги текис, бағри кенг хушманзарали жой бўлиб, Кунас водийсининг бошида жойлашган. 1933-1934 йилдаги дунган инқилобига қарши дубан тарафида туриб уришган Паленовнинг оқ русларидан эллик-олтмиш уйликларига бу ердан ўлчовлик жой берилган. Бу жой Юлдуз, Кучорларга борадургон йўлнинг бўйида бўлгани учун, бу қишлоқ тез обод бўлиб, бу ерга биз ҳам дўкон қилганмиз. Оролтепанинг бош томонида Кенгсой, Чолкуда, Нарат, Саричўққи деган ерларида деҳқончилик жуда яхши ҳосил беради. Руслар бол челагидан қирқ-эллик килодан бол олар эдилар. Чунки Оролтепанинг четидан оқадургон Кунас суви тўқайдаги олма, ўрикларни, қирғоғидаги ҳамда тоғ бағридаги ҳар хил гуллайдургон мева ва чечакзорларни ҳамиша яшнатиб турарди. Бу жойларда яшовчилар ҳаммаси қозоқ бўлиб, 1881 йили Ғарбий Туркистондан ўтган қизай элидур. Ғулжадан Оролтепага 275 км йўл, бу ердин яна кун чиқишга юриб Қўйошув ёки Тойошув билан ошиб, қозоқ яйлови Тиёншондан Чопқуга тушиб, мундан Юлдузга бориш учун Қоракўл ёки Доғути ёки Нарати ошувлари билан ошиб борадур. Мазкур Кунас дарёсини кун чиқиш боши Саричўққи бўлиб, мундан юқорида шифобахш иссиқ сув арашони бор. Бу ерлар хушманзара Тиёншон тоғлари орасида жойлашган яйловлардур. Арашоннинг Юлдуз томони қалмоқ яйловларидур. Мазкур атрофдаги қозоқлар Оролтепа ерининг бир қисмига жойлашган. Паленовка посёлкасига келиб бозор қиладилар. Бу ерни оқ руслар ўз бошлиқларининг оти билан атасалар ҳам, бошқа халқлар унинг асл оти Оролтепа деган ном билан атайдилар. “Оролтепа” сўзи икки тоғ орасида текисликда пайдо бўлган катта тепа демакдир. Бундан олдин ёзилган Бештепа ҳам худди шундай текисликда пайдо бўлган. Бу ер ҳам обод бўлиб, район маркази мазкур Бештепададур. Бу тепаларнинг сири ҳали маълум эмас.
Мана шу ерларда ака-ука жон сақлаганмиз. Чунки Ғулжада туришимизга шароит йўқ эди. Бизларга “душман, хоин болалари” деб ном бергани учун, биздан бутун ёру-биродарлар қочар эди. Шунинг учун мени мактабдан ҳам чиқариб юборганди. Бизга фақат битта бошпана бўладурғон жой Оролтепа бўлиб, шу ерда қаттиқ ҳаракат қилиб, гоҳ дўконда, гоҳ қирда, кечаю кундуз тинмай иш-ладик. Ишимизга яраша Худо берди, озни кўпайтирдик. Оролтепа атрофлари чорвачилик учун жуда мос бўлгани учун, чорва қилишга киришиб, 150 дона новвосни ўзимизга яқин жойда турадирган бир уйлик Ҳамроҳ деган қозоққа боқиш учун топширдик. Боқиш ҳақи учун ҳар ойига бир тойинча ёки шунинг баҳосида пул оладур. Емак-ичмак учун келишимга ибноан чой, туз, ун ёки тариқ оладур. Кийим учун ёзда ёзлик, қишда қишлик кийим бўлиб, бу ҳақда бошқаларга қараганда бизнинг молчимиз яхши ҳақ олар эди.
Шунга яраша у ҳам ихлос билан боқар эди. Ўша йили қишдан ҳамма молимиз омон чиқди. Кўклам келиб март ойларида ҳамма эркакларини молчимиз Ҳамроҳ ўзи боласи билан 2-3 соатдаёқ бичиб ташлади. Икки донасини саралаб олиб қолиб, урғочилар учун буқа бўлиб қолди. Натижада шу бичилган юздан ортиқ тойинчадан ҳаммаси омон-эсон 5-6 кундаёқ соғайиб кетди.
Шундай қилиб кўкламни Оролтепада ўтказиб, июнь ойларида Тойошув билан олиб тушиб, Чопқу яйловида кўлбой эли яйрайдурган яйловда боқилди. Бу яйлов Тиёншон тоғлари орасида Юлдузлардан кейин катталикда иккинчи яйловдур. Бу ерда ҳар қайси элнинг ўз ери бор. Масалан, тўқол, оққўзи, кўлбой, беш қўпир, абикон, дарвиш, бўрибой, сўқиртаник, буларнинг ҳаммаси қизай эди. “Қизайнинг қайсиси?” деб сўрасангиз, юқоригилардан бириниайтибжавобберадур.Мана шу Чопқуяйловиданеча минглаб йилқи, қўй, моллар боқиладур. Буларга қишда бир боғ чўп ёки бир қадоқ ем берилмайдур. Биргина Сосон овулининг ўзидан 5 мингдан ортиқ йилқи шу яйловда боқилади. Бундан бошқа неча минглаган қўй, ҳўкизлар ҳам шу яйловда боқилиб, аъло даражада семиради. Мана шундай хушманзара, атрофлари турли-туман қарағай, ҳар хил дарахт, бел-қирлари яшил, чечак-гуллар билан қопланган чаманзорларнинг ичида юриб, ўтов уй тикиб Ўтириш учун энг гўзал жойларни танлардилар. Бойлари 40-50 бия боғлаб қимиз қилса, камбағал 2-3 бия боғлаб қимиз қилар. Шунинг билан эрталабдан отланиб бир-бирларига бориб қимиз ичишадир. Яйловда шоҳу гадо бирдай, қимиз қидириб ичиш - одат, бундан ҳеч ким тортинмасдан ўтов уйига “ассалому алайкум” деб кириб, тўрга чиқиб ўлтирадур. Уй эгаси таниса-танимаса дарҳол табассум билан дастурхон солиб, қўлда ишланган ёғоч катта тегана (тоғора идиш)да қимиз келтиради. Қимизни қиз бола ёки келинчак қуйиб, самимият билан сизга узатади. Мана шу ҳодатларни тасаввур қилиб кўринг-а! Юрган ерингиз гулчечак, чиройли табиат манзаралари билан ўралган бўлиб, унинг устига муомала шундай самимий ва гўзал бўлса, турган гапки, бундай ҳолатда соғаймаган касаллар соғайиб, пастлашиб кетган руҳларингиз кўта-рилиб, инсонларга бўлган меҳру-муҳаббатингиз қўз-ғалиб, бир-бирингиз билан самимий қучоқлашиб, дўст бўлиб кетасиз. Албатта, бу табиий эркинликнинг самараси бўлса керак.Мана шу осмонўпар буюк Тиёншон тоғининг сой-жилғалари ҳаммаси қарағайзор бўлиб, буларнинг сойларидан кесилган қарағайларни Кунас сувига тушириб, сол қилиб, Ғулжага олиб борадурлар. Оролтепанинг таърифини шу ерда тўхтатиб сўзимизга қайтайлик.
Оғайним фалокатдан қутулгандан кейин Оролтепага чиқиб кетдим. Шу йили сўқим қилиш ойида, яъни декабрь ойида ўзим билан Имомбой деган бир қозоқ йигитни ҳамроҳ қилиб Кунас сувининг энг бош томони, Саричўққи қишлоғини оралаб газмол, чой, туз, бошқа саноат молларига сўқим тери айирбош қилар эдик. Охири юздан ортиқ сўқим тери, бир оз тулки ва олмахон териларини одиб Оролтепага келдим. Бу ерда акам билан маслаҳатлашиб, дадамларни излаб Оқсув шаҳрига боришга келишдим. Кейин Турди охун акани чақириб, маслаҳатлашган эдик, ул одам ҳам ниҳоят хурсанд бўлди. Чунки, ҳозир сиёсат сал ўзгариб, одамлар эркинроқ бўлиб қолди, деб маслаҳат берди. Мен Оролтепадин Ғулжага йўлхат олгач, Бештепадин Оқсув шаҳрига ҳам олиш керак эди. Бунинг учун бир одам кафил бўлиши керак. Бу ишда ўзимизнинг сирдош дўстларимиздан Ҳайдарали мулла менга кафил бўлиб йўлхат олиб бериб, улкан тилаклар билан дуо қилиб, йўлга солиб қўйди.
Бул қарорни олгандан бери ишим олдига кетаберди. Руҳим кўтарилиб, бу маслаҳатдан ниҳоятда хурсанд эдим. Ўзим ёлғиз йўлда, отлиқ, гоҳ чопар эдим, гоҳ елар эдим. Охири кечки кўналғуга - Қорабуранинг кемасига келиб қўндим. Шу туни саҳарда бир туш кўрибман: Келишган, жуда ҳам хушманзара боғда эканман. Қарасам, дадамлар ҳам шул боғнинг баландроқ бир жойида турибдилар. Шу пайтда боғнинг эшигини биров тақиллатиб қолди. Хабар олиш учун боғ оралаб кетиб борсам, йўлимда тўла, яхши бир эшак турубдур. Дарҳол ушлаб миниб олиб, эшикни очсам, қўшнимиз Турсунхўжа домла отлиқ, олдига бир яхши семиз бўз қўй ўнгариб олган ҳолда мени кўриб соқолларини селкиллатиб, уни менга берди. Мен кўйни олиб, эшакка миниб боққа киргач, уйғондим. Бу тушдан кўнглим ниҳояти хурсанд бўлган ҳолда руҳим кўтарилиб, эрта намозни ўқигач, кула отимни миниб кемадан ўтиб, Ғулжага юриб кетдим. Шу юришимда орада бир кўниб, эртаси қўналғуга эсон-омон уйга етиб, аяларим бошлиқ ҳаммалари билан кўришиб хурсанд бўлдим.
Орқамдан келадурган сўқим тери босган аравалар мўлжалдаги вақтда келмади. Мен ҳар куни отимни миниб уларнинг йўлига чиқар эдим. Чунки терини ҳам ҳукумат оладурган бўлиб қолган экан. Бехабар кундузи кириб келса, қўлга тушиб қолиш хавфи бор эди. Бир куни ярим кечада дарвоза тақиллаб қолди, чиқиб очсам, бизнинг терини олиб келган экан, секин, ҳеч кимга кўрсатмасдан ҳовлига тушириб олдик. Бир-икки кундан кейин “Тиёншон” ширкатининг тери оладургон Қосим афғон деган одами бор эди. Шул одам маъқул баҳо билан сотиб олиб, пулимни нақд берди. Олмахон, тулки териларини ҳам яхши баҳога сотиб пул қилдим.
Уй-ичилари билан маслаҳатлашиб, йўлга ҳозирлик қилиб, бутун сафар жамалғаларини тайёрлаб тахт қилиб қўйгач, Абдураҳмон акани уйга чақириб, мақсадимизни айтдик. “Дадамларни излаб, Оқсув шаҳрига бораман. Бунинг учун Бештепадан Оқсув шаҳрига бориш учун йўлхат олиб тўғрилаб қўйдим. Шунинг учун менга Оқсувга борадургон йўлдош топиб берсангиз” деб эдим, ниҳоятда хурсанд бўлиб кетди. Уч-тўрт кундан кейин келиб менга хабар бердики, “Мана шу олдимиздаги шанба куни эрталаб Оқсувга ишончлик, дадангизга ихлослик одамлар юрадур. Бириси - сунтоғлиқ Салой охун ака, иккинчиси - Тўхта сўфининг боласи Ҳасан ҳожи, улар сизни Конда кутиб турадур”, деди. Нимага булар бирга юришдан қўрқади десангиз, бизларга “душманнинг болалари” деб от қўйган. Шунинг учун одамлар биздан қочар эди. Булар ҳам мен билан Ғулжадан ҳамроҳ бўлиб бирга йўлга чиқишдан қўрқиб, Ғулжадан жанубга олиб борадургон Сувошувга чиқиш йўлида тоғ бағрига жойлашган кўмир чиқадургон Кон деган қишлоқда кутиб турмоқчи бўлганлар. Шул куни 1941 йил 15-январь эди. Йўлга чиқиш маросимида оила дўсти Абдураҳмон ака, Қорабулоқлик Абдурасул домла, аямлар бошлиқ ҳаммалари дуо қилиб, оқ йўл тилаб йўлга солдилар. Мен ҳам Или дарёсидан ўтиб, кечқурун Кон қишлоғига етиб, йўлдошларимга қўшилдим.
Эртаси Конни ўрлаб, Сувошув билан юриб кечки қўналғуга - Сувошувнинг устидаги Султоннинг саройига бориб тушдик. Эрта билан яна ўрлаб ўлтуруб, икки томони баланд тоғ; оралиғида сув қир-адирларни босиб, Қалмоқкурада Ёқутнинг саройига бориб тушдик. “Қалмоқкура” аталғусининг маъноси Чалмоқлар ибодатхонаси” демакдир. Бул Текаснинг ўртасига тўғри келадур. Текас дарёсидан 30 километрча шимолроқда жойлашган бўлиб, шул ибодатхоналарнинг ёнида бир янги шаҳарча пайдо бўлган. Бу ерда ҳам бир қўниб, Текас дарёси бўйида Фотма занги деган қалмоқнинг саройига бориб қўндик. Эртаси Текас дарёсидан Қурбонжон солган кўприк билан ўтиб, Қорасувдаги нўғайнинг саройига тушдик. Эртасига юриб ўлтуруб Шотидаги Олабойтол саройига тушдик. Шоти деган сўз ҳаммага маълум. Томга чиқадургон асбобдир. Демак, Шотидан осмони фалак Тиёншон тоғининг жанубига қараб ёрмашиш керак. Текаснинг боши Муқиржирғолондан бошлаб ғарби-жанубга қараб от юришда беш-олти кун юрадур. Шу ерлар Тиёншоннинг Текас ўзани бўлиб, бу ўзан аксари текислик ерлар. Қўй-молларга кўклов яйлов бўладур ҳам деҳқончилик қиладургон тарафларида арпа-буғдой, тариқ ва хусусан, индов(Ҳарлал (горчица).) яхши бўладур. Хуллас, Ғулжадан чиққандан бошлаб ўрлаб, беш қўниб, олтинчи қўноққа - Шотига келдик.
Энди Тиёншоннинг баҳайбат Музот довонига олиб борадургон икки томон осмонўпар тоғ, ўртаси ёлғизоёқ от йўли бўлиб, шул йўл билан жануб тарафга қараб юрдик. Музот довонидан чиқиб келган сувни ўрлаб юриб ўлтуриб, Ойнабулоққа келдик. Буни яна бир оти - “Шотининг арашони”. Бу булоқ шифобахш иссиқ сувдир. Бу ердан ўрлаб Палас қарағайни босиб ўтдук. Паласқарағай дегани кетган қалин қарағайли ниҳоят катта бел. Қарағайликнинг ярим кунчалик ерини чақмоқ тушиб куйдириб ёмон манзара қолдирибдур. Қолган ўт тушмаган ерлари кўм-кўк. Кечгача юриб Хоняйловга бориб тушдик. Бу ер ниҳояти келишган бўлиб, мазкур Шотисойнинг юқорисидаги бағри кенг, бирдан-бир хушманзара жой экан. Ғарби-жануб томонида машҳур Хонтангри тоғининг чўққиси, уч ўркач бўлиб оппоқ бошини кўкка тираб, икки елкасида булутларни кўтариб, мағрур ҳолда қараб турарди. Жануб томонда мангу қор-музлар билан қопланган Музот чўққилари кун нурида ярақлаб, йўл кўрсатиб тургандай кўринса, ундан пастроқдаги юриш йўлимизда баҳайбат қарағайзорлар бўлиб, шундай ажойиб кўринишлар орасида очиқликда худди ясангандай Хоняйлов кулиб турарди.
Шул куни Хоняйловга қўпиб, эртаси яна ўрлаб юриб, кечга яқин Тўғрисув деган жойга бориб бекатга тушдик. Биз ўрлаб келган сойнинг боши тўғри ғарбга қараб юқорилаб кетибдур. Биз ёқалаб юриб келган сув шул Тўғрисойдан чиқиб келар экан. Кишиларнинг айтишларича, сойнинг боши Ғарбий Туркистон чегараси бўлиб, илгари вақтда қирғизлар шўл сойдин чиқиб, Олтишаҳардан мол олиб келаётган савдогарларни талаб кетар эканлар. Шу Тўғрисувга борганда икки ёқдаги тоғлар жуда яқинлашиб, худди тор кўчага ўхшаб қолди. Сувлар ҳам озайиб қолди. Тиёншон тоғларининг энг баланд тармоқларидан Хонтангри чўққилари ғарби-жануброқда бўлиб, Музот чўққилари жанубда кўринар экан. Кўз олдимизда ўнг-сўлимизни ва бош томонимизни жуда баланд, баҳайбат, салобатлик, улкан тоғлар даҳшат солиб ўраб турар эди. Йўлдошларим: “Эндиги эрталаб мана шу жанубда кўринган сойга ёрмашамиз”, дейишди. Ул сойда қор-муздин бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Кўриниши одамни қўрқитиб ваҳимага солар эди. Эрталаб намоздан кейин, Салой охун ака туриб: “Олдимиздаги довон - Музот довонига чиқишда ҳар ким ўзига маҳкам бўлиб, от-улоқни яхши бошқариши керак, бўлмаса қор-музга кириб, хатарга йўлиқиши мумкин”, деб тайинлаб дуо қилиб Музотнинг Ғулжа томон оғзи Айғирёл деган сойга қараб турнақатор ёрмашиб юриб қолдик.
Бир оз юрибоқ музликларни босиб, “ҳай-ҳай” суронлар билан икки соатларда Ифорлиқ деган қор бўрон юрадургон ерга етиб келдик. Аммо бўрон йўқ, тинчлик экан. Шу ерларда отга қамчи босиб тез юрдик. Чунки бирпасда ҳалокатли қорбўрони бўлиш мумкин эди. Бу ердин уч соатларда ўтиб, тўрт кўчанинг майдонига ўхшаш жуда катта музлик майдонга чиқдик. Буни Ходамуз дерлар. Тўрт томондаги баланд тоғлар йироқдан Ходамузга қараб оғизларини очиб тургандай кўринадур. Бизлар ғарби-жануб томон оғзига қараб юра бошладик. Йўлимиз ошкора эмас, чунки йўлимизда ҳеч қандай из тушмас-ва ҳам турмас. Йўлимизда ҳар музлик ёриқларининг теги йўқ, шундай ёриқларга дуч келганда кичикроқ ерларидин от секиртиб ўтдик. Йўлларда от-эшаклардан муз ёриқларига тушиб кетганлари кўриниб турубдур. Йўлни улоқларнинг тезагидан мўлжал қилиб юрдик. Шундай манзарада олти соат юриб, Музот довонининг Оқсув томон оғзида музнинг устига солинган довончининг уйига келиб қўндик.
Бу ўрин афсоналардаги тилсимотларга ўхшайдур. Шул довончининг уйига келмасдан 10 километрча нарирокда ўтиб бўлмайдургон, ҳамма тарафи учма музлардан иборат бир қисанг(Тор, қисилган; қисиқлик (уйғурча).) жойга Ёқуббек томонидан Ғулжа томонини тўсиб, чегара мудофаа истеҳкоми қурилган экан.
Йўловчиларга бундан бошқа йўл йўқ, ҳеч қайси томондан ўтиб бўлмайдур. Шундай қилиб, муз довоннинг Ғулжа томон шимолий оғзидан ошиб, жануб тараф оғзига келдик. Эрталаб довондин Тамғатошга тушиш учун отланиб пастга қарасак, кун нуридан нураб, жанубий оғизни чўрт кесиб турган бепоён баланд учма муз жарликнинг лабида турибмиз. Бу ерда давридан бошлаб ота-бобосининг касбини қилиб келаётган довончи Супурги охун бўлмаса, пастга ҳеч ким тушолмас, жанубдан тепага чиқолмас эди. Чунки бу тилсимот тик музлик жарнинг ёнбошидан тор кўчага ўхшатиб, бир от сиғадургон қилиб ўйиб, ўртасини пиллапоя қилиб тахминан 200 метрча пастга қараб тушиб кетибдур. Ҳаммаларимиз пиллапоя устига келдик. Довончи олдимизда биримизнинг отини узун арқон билан, ўзи пастроқ пиллапояда туриб, етаклаб тортар эди. Қолганларимиз шу етаклаган отни юқори томон тортиб туриб икки олдинги оёғи пиллапоядин тушгач, оёғи бориб урилмасин деб, отни қуйруғидан орқада туриб юқорига тортар эдик. Шундай қилиб, “ҳай-ҳай” сурон билан Супурги охуннинг кучи соясида ҳаммамиз омон-эсон Тамғатошга тушиб олдик. Тушган еримизга пастдан туриб қарасак, осмонўпар тоғ оғзининг кун нурида ярқираб турган бепоён баланд муз жарликлари гўё “бу ёқда йўл йўқ” деб тўсиб ётгандай эди. Ёки Ғулжа томон қуйруғини тошлар билан яшириб бошини қуёшга чиқариб оғзидан сув отиб турган оқ аждарҳога ўхшарди.
Музот тоғининг кўриниши шундай мудҳиш, қўрқинчли бўлгани билан ул Олтишаҳарга жон берадур. Тамғатош Музот довонининг жануб тараф остида бўлиб, шу ердан тушган ерингизнинг остига яқинроқ бориб қарасангиз, муз довонини тешиб чиққан катта сув у ердин бўкириб, баланд овоз билан отилиб чиқиб, Олтишаҳарга тушадургон сой бўйлаб оқиб кетадур. Шул биз ошган Музот довонининг Ғулжа тарафи, яъни шимол томони, Ғулжадин то Музот довонига ёрмашадургон еригачалик қарағайлиқ, яшил ўтдиқ, хушманзара, қатта-катта кўклов-яйлов-қишлов-лардур. Аммо Музотнинг жануб тарафи мангу қор-муз, бағри қип-қизил тош, у ерларда на қарағай ва на яшил ўт бўлсун. Тоғ эчкилари ҳам шул тоғнинг рангида бўлиб қизил оладур. Тоғ каптарлари ҳам қизил ола. Ғулжа томон тоғ эчкиларининг қуйруғи оқ.
ТамғатошдинпастгақарабшуМузотнингсувибўйлабюриб ўлтуруб, Туғбелча деган ерга келиб қўндук. Юриш йўлимиз икки тоғнинг ўртаси, остимиз Музотнинг суви бўлиб, эртаси Туямўйиндан ўтиб, Янгибозорга келиб қўндик. Бу ердин юришда давом этиб туш мезгилида Қўрғонга келдик. Бу ерда соқчи турар экан. Йўлхатларимизни кўриб, тамға босиб берди. Қўрғонни Ёқуббек бадавлат қурдирган бўлиб, катта чегара мудофаа қўрғони экан. Икки тоғнинг ўртасини тўсиб тушган катта аскархона бўлиб, аскархонанинг сиртқи қўрғонининг бир учи учма жарлиқца оқадурган Музот сувига уланган. Иккинчи томони тоғ бошига уланган бўлиб, деворлари баланд, ҳаммаси тошдан пухта қилиб қурилган. Бу ўз вақтида душман ололмайдургон кучли истеҳком экан. Қўрғондан чикдик деган сўз - Тиёншон тоғининг шимолидан ошиб, жанубий оғзидан чиқдик деган сўз. Қўрғондан пастга қараб ёйилиб кетган адирсимон тоғ Ғулжадин боришда ўнг томонда қолар экан. Улар пастроқ бўлиб, Учтурфон тоғларига улашиб кетган. Мазкур тоғлар Оқсув шаҳри шимол тарафига тўғри келиб, Оқсув моллари учун яйлов бўлур.
Қўрғондин чиқиб, Қизилбулоқ деган жойда қўндик. Бу ерлар адирсимон текислик бўлиб Оқсувга боргунча пастлик экан. Эртаси Қизилбулоқдин чиқиб кичик-кичик бузилган иморатларга ўхшаган қип-қизил тоғчаларни оралаб ўтиб, Овот (Обод) деган ерда қўндик. Энди на адир, на тоғ бор эди. Туп-туз шўртанг ерларни босиб, Жомга бориб тушдик. Бул обод ер кичикроқ шаҳарча экан. Атрофи кенг, оқарсувлик. Шу қиш пайтида ҳам қишлик қовунлари ниҳояти мўл, ширин экан. Бу ерда бир қўниб, йўлимизда давом этдик. Оқсув кўҳна шаҳардаги Абдушукур ҳожи саройига бориб тушдик. Шундай қилиб, Ғулжадин Оқсув шаҳрига Тиёншон тоғининг шимолидан жанубга 13 кунда ошиб тушдик.
Оқсув шаҳри бир жарликка ўхшаш чуқурликда жой-лашган, аммо атрофлари кенг, деҳқончилик ва чорвачилик анча ривожланган. Оқсувнинг гуручи ниҳояти машҳурдир. Шаҳар одамлари руҳсиз, кўплари бўқоқ, сертажанг, аксарияти мажруҳ, ожиз кўринадур. Аммо шундай сиртга чиқсангиз, одамлари соғлом-бақувватдир. Бу иш шаҳардаги сувдан дейдурлар. Чунки шаҳар халқининг тамоми булоқ суви ичар экан.
Шу кўҳна шаҳардин 12 километрча жануброқда Осиқ (Осуқ) деган янги шаҳар бор. Бу ерда, яъни шул янги шаҳарда бутун ҳукумат идоралари, аскархона ва телеграфхоналар жойлашган бўлиб, шаҳарнинг атрофи баланд сапил билан ўралган. Ва атрофи хандак қилинган мустаҳкам шаҳардир. Оқсув кўҳна шаҳарда шанба бозор бўладур. Янги шаҳар Осиқда пайшанба бозор. Мен би-лан борган йўлдошларимдан бири Қашқарга утиб кетди. Сариохун ака Оқсувда қўй олиб йиғиб, Учтурфон чегарасига олиб бориб, советга ўтказиб газмол ва бошқа саноат моллари олар эди. Бошқа одамлар ғулжабоп моллар олиб, Ғулжага юргизар эди. Мен ҳам мол оламан деб, бир ҳафтани ўтказдим. Кейин пайшанба бозорга бир қанча савдогарлар билан бориб бозор оралаб келдик. Улар мол излар эдилар. Мен қаерда ҳукумат идоралари бор, шуни уларга билдирмай сўрар эдим. Кейин уларни адаштириб, ўзим шаҳар ичига кирдим. Суриштириб юриб Бош соқчи идорасини топдим. Қарасам, эшигининг олдида қурол ушлаб бир уйғур соқчи йигит турадур. Бир йўл шул эшикка қараб ўтдим. Яна айланиб ўтиб эдим, соқчи мени олдига чақириб: “Нима қараб юрибсиз?” деб сўраб кетди. Мен ростини айтиб эрдим, кейин ул дедики: “Ундай бўлса, шу ерда бир маълумот ёзиб менга беринг, мен ичкарига олиб кириб бераман.” Мен ўша ерда ўлтириб, бир варақ қоғозга шундай деб ёздим: “Мен Асилхон Алихонтўра ўғли, ўзим Ғулжаданман, отам Алихонтўрани Кучор шаҳрида ҳукумат томонидан 1938 йили куз ойларида қўлга олиб, Оқсув шаҳарига олиб келган экан. Шундан бери хабари йўқ. Шул отамни қаерда эканини билишга келдим. Ҳозир мен Оқсув кўҳна шаҳар, Абдушукур ҳожи саройида тураман”, деб ёздим.
Соқчи хатни ичкарига олиб кириб бериб, қайтиб чиқди. Орадан бир оз вақт ўтар-ўтмас ичкаридан бир поручик(Поручик - кичик лейтенант.) уйғур йигит чиқиб, мени очиқ юз билан бошлаб олиб, ичкарига кирди. Кейин мендин: “Алихонтўра домлам ҳожимнинг сиздан бошқа болалари ҳам борми?” деб сўраб кетди. Мен: “Бор бўлғони билан бизга қарамайдур, бошқа бўлиб кетган”, деб жавоб бердим. Менга очиқ чеҳра билан қараб: “Ундай бўлса, худди шу хатга ўхшаш бир хат ёзиб, шул кўчанинг орқасида бир катта қизил дарвоза бор. Ўша ерга бориб топширсангиз, улар хабар беради”, деб ниҳоят силлиқ гаплар билан муомала қилиб, мени йўлга солди.
Бундан хурсанд бўлиб чопа-чопа борсам, шу кўчанинг орқасида сапилнинг тубида бир катта ўринни турма қилган экан. Шул ўринга борадургон ён кўчани бошига бир дарвоза қуриб тўсиб олибдур. Шу дарвозага кирган эдим, икки юздин ортиқ турли жинсдаги одамлар, ёш болалар, аксариси хотинлар, қирғизлар қўлларида озми-кўпми турмага олиб келган овқатларини ушлаб, тўрдаги дарвозанинг кичик тешигига қараб тизилиб, интизорлик билан навбат кутиб турибдурлар. Бу оломон мени кўргач, ўраб олиб, қаердан, нимага келганимни, кимдан хабар олишимни суриштириб сўрар эдилар. Мендан: Қаердан келдингиз?” деб бир қари аёл сўради, мен “Ғулжадан десам, бу аёл менга қараб дуо қилиб: “Худодан ўғилни нимага сурайдур, мана шундай узоқ ердан дадасидан хабар олгани келибдур, биз ожизларнинг қўлидан нима келадур?” деб йиғлар эди.
Мен навбатни сабрсизлик билан кутар эдим. Шул орада тешик очилиб, овқат олаётган уйғур йигитнинг кўзи менга тушиш билан ўзимни ўша ёққа уриб бориб, қўлимдаги хатни сунган эдим, бу йигит бутун одамларни нари қилиб, мени олдига яқин чақириб, бутун бош-оёғимга тикилиб қараб чиқди-да, кейин ҳаяжонли бир оҳанг билан: “Сиз Алихон домла ҳожимни ўғли! Шундай дададин хабар оламдиғон, шундай дадаси бор одам бехабар бўлиб кетамду?” деб койиб турганда ёнига бир аскар йигит келиб қолди. Унга мени кўрсатиб: “Домлам ҳожимнинг ўғли Ғулжадан келибдур” деган эди, у йигит: “Суюнчи оламан” деб ичкарига югурди. “Омон” деган сўз менга шу пайтда нақадар қувончли эканини қалам билан тасвирлаш мумкин эмас.
Шу ердан югурганимча бозорга чиқиб, кўзимга кўринган нарсаларни олиб 25 танга ақча билан қўшиб берган эдим, овқат қабул қилувчи роса хурсанд бўлиб олиб, бир қўл аравага солиб кириб кетди. Кейин бир оз кутиб туриб эрдим, шу ердаги оломон мени ўраб олиб, ҳар қайсиси ҳар хил саволлар сўради. Шул вақтда ҳамма “дурр” қилиб, икки томонга бўлиниб ўрталаридин йўл бўшатиб, эшик томонга қараб тавозе билан турар эдилар.
Орқамга қайрилиб қарасам, бир майор уйғур йигит бир қўли орқасида, ҳеч кимга қарамай, мен томонга юриб келарди. Мен ҳам ўрнимдан қўзғалиб ўзимни ростлаб турдим. Кейин менга келиб саломлашиб қолди. Мен ҳам шошилинч қўлларимни берган эдим, ул йигит мендин ҳол-аҳвол сўраб, кейин шундай деди: “Сиз дадам шу ерда деб бизнинг сўзимиз билан бир нарсаларни бердингиз, аммо кўнглингизда ростдан ҳам дадам шу ердаму, йўқму деган бир хиёл келиб, кўнглингизни хотиржам қилмайдур. Шунинг учун сизни ишонтириб хотиржам қилишга, мана шу нарсаларни олиб чиқдим”, деб қўлини орқасидан олиб менга кийимларини кўрсатиб: “Танийсизми?” деган эди, қарасам, дадамлар қочиб юрганларида тиктириб берган қозоқча четик(Енгил этик.), яна бири ялангпешмат камзуллари, кўп жойларига ямоқ тушибдур. Четик, юрмаганлари учун, йиртилмай ранги кетган экан. Буларни кўриб ўзимни тутолмай ҳаяжонланиб, йиғлаб кетдим. Кейин у йигит: “Сизни хурсанд қиламан дап кўрсатсам, йиғловотисиз”(Уйғур шевасида.) деб, менга тасалли бериб кириб кетди.
Унгачалик бизнинг Салойохун ака оламни молам қилиб, бутун йўлдошларни ҳар тарафга чоптириб, мени қидирмаган ерлари қолмабдур. Отимнинг орқасига бояги олган намуналаримни бўктариб, бир кўчадан от чоптириб чиқаётган эдим, мени излаганларга дуч келиб қолдим. Улар менга: “Қаерда юрибсиз?” деган эдилар, мен: “Излаган молимни топдим” дедим. “Қани, қандай мол, кўрайлик” дейишганди, “Салойохун ака олдига борганда кўрсатаман”, дедим. Саройга етиб борган эдик, Салойохун ака мени тергаб: “Қаерда қолдингиз?” деган эди, “Мен излаган молимни топдим” деб, отимнинг бўктаргасидан дадамлардан чиққан намуналарни олиб кўрсатган эдим, ҳамма тикилган кўзлар тубдан ўзгариб, бирданига менинг кўзимга қарашди. Инсонлар ҳаётида энг қувончли пайтда тўкиладургон қайноқ ёшни менинг кўзимда кўришиб, улар ҳам беихтиёр йиғлашиб кетди. Ғулжадан чиққанимга бир ойча бўлса ҳам, шунгачалик йўлдошларимга ҳеч қандай сир бермаган эдим. Бундан ҳамроҳларим анча таъсирланиб сўзладилар. Менинг ҳақиқий қувончим уларни ҳам суюнтирди.
Сўнгра, дарҳол Ғулжага суюнчи хабар ёзиб юбордим, хат мазмуни. “Ғулжадин чиқиб Оқсувга ўн уч кунда эсон-омон етиб бориб, Абдушукур ҳожи саройида Салойохун ака билан бир ҳужрада яхши турибман, Абдулла охун омон-эсон эканлар. Яқин кунларда бу одам билан кўришиб ҳам қоларман. Бухушхабарни дўстларимизга айтиб, дуо қилиб туринглар. Апрель байрамидан кейин, Худо хохдаса, Абдулла охун билан бирга бориб қолсак ажаб эмас. Омин. Ёзувчи ўғлингиз Асилхон.” Бул хатим бизнинг оиламиз ҳаётида чексиз, зўр қувончли воқеа эди. Мен дадамларнинг омон-эсонликларидан хабар қилиб, уларни севинтирдим. Ваҳоланки жондин азиз отамизнинг соғ-саломатлик хабарини биринчи эшитган киши “Булерда иўқ эканлар” деган ниҳояти совуқ сўзни ҳам эшитиши мумкин эди. Тангримнинг меҳрибонлигидин “омон-эсон” деган улуғ суюнчи хабарни эшитдилар. Мана шул пайтни қандай қилиб тасвирлашни худди шундай ҳолга мушарраф булганлардан сўранг. Шул кезда таъсирчан инсонларнинг ҳис-туйғулари ўзларининг қайноқ юракларидан нима-ларни юлиболиб ташлаб, нималарни ўрнатишини эсласак, яна келиб ҳаётнинг улуғлиғини биласиз.
Дадамларнинг Оқсув турмасида эканлиги, бу ердаги мен билан муносабатлик одамларнинг ҳаммасига маълум-ошкор бўлгандан кейин ҳам ҳужрам Салойохун ака билан бирга юриб дадамларга бошқатдан бош-оёқ, кўрпа-тўшак, кийгиз ва хуржун, човгун, коса, пиёла, хуллас, турмага нима керак бўлса, ҳаммасини бир ҳафтагача жойлаб, ҳафтанинг душанба кунига тайёрлаб, Осуққа Шораҳим аканинг ўғли Шоиноят билан бирга олиб чиқиб, бояги кўпчилик қамоқхонага овқат олиб келган одамлар билан навбат кутиб турган эдик, таниш уйғур йигит бизни навбатдан ташқари ўзининг олдига чақириб, ниҳоятда самимий сўзлар билан бизни хурсанд қилиб, олиб борган нарсаларимизни тешик орқали олиб: “Ҳа, дуруст, неча йилдан келмаганнинг ҳиссасини чиқарай дебсиз-да. Сиз олиб келган нарсангизнинг ўзи бир арава бўлди”, деб хурсанд бўлиб олиб кириб кетди.
Бундай яхши қилиқлари бизни ҳайратга солар эди. Чунки Ғулжада бундай ўринларда турғувчилар яхши муомала қилмас, ҳақоратлар, ҳар сўзларида илон-чаён бўлиб чақиб, борган хотин-болаларни қон йиғлатиб, сўкиб ҳайдар эди. Шу йўсинда хабар олиб турдим. Ўзимга ўхшашлардан Қодир ҳожи деган бир одам билан биргалашиб, овқат қилиб киргизиб турдим.
Бир куни шеригим билан хабар олишга борсак, дадамларни бир қанча маҳбуслар билан бирга 12-апрель байрамига кўчага арча билан ўралган дарвоза (“чожанг”) қуришга олиб чиққан экан. Ишлаётган жойларидан Қодир ҳожи билан бирга ўтдик. Ҳожи ўғлини кўриб қолиб: “Ана Муҳаммад!” деб йиғлаб олдидан ўтди. Мен шунча зеҳн қўйиб қарасам ҳам дадамларни пайқай олмадим. Лекин маҳбусларнинг орасида бир киши ниҳояти банд бўлиб, кўзлариниишданолмасэди.Ҳаракатларидадамларгаўхшаб турубдур. Аммо сиртқи, уст-бош кўринишлари тубдан ўзгариб кетибди. Агар кўзга-кўз тушмаса, одам ўхшатишга ишониб бўлмас экан. Шул орада бир тўп мактаб болалари қўлларида дутор, танбурлар билан дадамлар иш қилиб турган кўчанинг олдига тўхтаб, байрам ташвиқотини қила бошлади. Ўшанда дадамлар билан кўзга кўз тушиб, таниб, саломлашиб йиғладим. Отамиз оломондан фойдаланиб, уй-ичи, болаларни, бирма-бир фалони омонми?”деб сўрар эдилар. Мен: “Ҳаммалари омон тўрткўз тугалмиз”, деб бақириб жавоб берардим. Кейин мен яқинроқ борай десам, дадамлар кўллари билан “яқин келма ишоратини қилдилар. Қарасам, сал нарида аскар кузатиб турган экан.
Мана шу вақтда 40-50 аравада қирғизлар кўчадан ўта бошладилар. Улар аравада туриб отамиз билан бақиришиб хайрлашар эдилар. Дадамлар улар билан хайрлаша туриб, менга “Мана булар - чиқиб кетаётганлар” деб, ўша қирғизларни кўрсатар эдилар. Шул куни дадамлар шериклари билан ҳаммалари ишдан бўшаб турмага қайтишларига бир катта танглида(Тангли (уйғ.) - таги чуқур ош идиши; лаган.) ош киргизиб бердим. Кейин ҳалиги дадамлар билан хайрлашиб қамоқдан чиқиб кетаётган қирғизлар билан кўришган эдим, шулардан Жаъфар ҳожи деган одам: “Бизни бу ерга Худо олиб келган экан, биз мусулмон бўлмай қолган эканмиз, бизни отанг бошқатдан мусулмон қилди”, деб йиғлар эди. Мен ким қамоқдан чиққан бўлса, улар билан кўришиб, дадамларнинг аҳволларини сўрар эдим. Улар дадамларни ҳар қандай қийинчиликларда ҳам одамларга яхши йўлларни, имон-исломни ўргатганларини айтиб, олқишлар эдилар. Қамоқхонага излаб келганимни кўрган соқчи аскарлар мени яхши таърифимни қилиб, дадамлардан суюнчи олишибдур. Улар ҳам ислом йўлига тушуниб, дадамларга ихлос қилиб, қайси йўл билан бўлса ҳам яхшилик қилишни ўйлаб қолган эканлар. Мана шундай қийинчилик ўринда хизматчиларни дадамларга марҳаматлик қилган улуғ Тангрим эмасму? Албатта, Ғулжадан золимлардан қочиб Кучорда ушланиб, Оқсув қамоқхонасида ётганлари ҳам Тангримнинг ҳикматли марҳаматлари бўлди. Чунки, Урумчига олиб кетганлардан кўп одам саломат қайтмади.
Шундай қилиб, кўришган қирғизларнинг ичида Ше-рали деган учтурфонлик йигит бўлиб, у ҳам дадамлар билан қамоқда бўлган экан. Ул турмадан чиқиб, Осуқда тирикчилик қилиб қолибдур. Дадамларнинг саргу-заштларидан хабардор экан. Улайтдики: “Ким Осуқнинг қамоқхонасидан чиқса, биринчи бўлиб, бу ерга келадур. Чунки турмадан чиққан ерлик бўлмаган одамларни ҳукумат шул бозордаги саройга олиб келиб ташлайдур”. “Ундай бўлса дадамлар ҳам чиқсалар, шул ерга олиб чиқар экан-да” десам, “Албатта шундай, Абдулла охун чиқса, ўзим кўҳна шаҳардаги сен ётган саройга олиб бориб, суюнчини катта оламан” деди. “Суюнчи сиздан айлансин” деб хурсанд бўлар эдим.
Энг охири биз кутган 12-апрель байрами ҳам келди. Шунгачалик анча одамларни чиқарди. Аммо дадамлардан дарак йўқ. Бу орада бизни Оқсувда турадургон ортушлик Содиқ ҳожи уйига чақириб, зиёфат қилди. Шунда ул одам айтдики: “Мен кеча соқчи идорасининг савдо бўлимига кирган эдим, у ерда сўз бўлиб қолди. Урумчига яна 19 нафар одамнинг тизимини юборибдур, ичида дадангиз ҳам бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун яна 10-15 кун сабр қилиб туринг. Ажаб эмас, шул тизимда чиқиб қолсалар”, деб менга анча яхши гаплар айтиб, кўнглимга қувват, ўзимга ишонч берди.
Шундай қилиб, олдиндаги қувончли кунларни инти-зорлик билан кутардим. Бир куни бозорга харажат қилиш учун кетсам, саройга бир қирғиз йигит келиб Салой охундан “Асилхон қани?” деб сўрабди. Салой охун “Асилхонни нима қиласан? деган экан: “Мен Кунасдан келдим, акаси пул бериб юборган эди. Пулни ўз қўлига топширишим керак. Ҳозир бўлмаса, бир соатдан кейин келаман. Агар мен келганда Асилхон йўқ бўлса, пулни Учтурфондан оладур. Чунки менинг вақтим зиқ”, дебди Салой охун ака “Ундай бўлса, менга бериб қўй” деса, “Йўқ ўз қўлига бераман” деб, унамай чиқиб кетадур. Мен келсам Салойохун ака мени кўра солиб у ёқ-бу ёққа шошилинч кўз ташлаб, “Қаёққа кетди ҳозирги қирғиз?” деб, менга “Тезда кўчани қаранг” деди. Кўчага югуриб чиқсам бизнинг юқоримиздаги баққолнинг дўкони олдига менга таниш Шерали у ёқ-бу ёққа қараб турибдур. Унга қараб югурдим. Ул ҳам мени кўриб, мен томонга илдам югуриб келди. Юришлари, юз-кўзига қараб у менга бир қувончли хабар олиб келди деб югурганимча бориб саломлашиб, қўлини ушлаб, энтиккан овоз билан шошиб: “Қалай, хушхабар борми?” десам, “Абдулла охун чиқди, қани суюнчи!” деб эди, қувончимдан ёнимда бўлган ақчани “Мана суюнчи!” деб ушлатдим. Берган суюнчим бир отнинг пулидан кам эмас эди. Ул ҳам ниҳоятда хурсанд бўлиб кетди. Унгача Салой охун ака югуриб келиб: “Нима гап?” деб эди, мен: “Хушхабар, дадамлар чиқибдур” деб эдим, “Ким айтди?” деб аланглаб сўради. “Мана бу одам-да, боя мени излаб келган қирғиз” деб йигитни кўрсатган эдим, “Мана шуму?” деб унга қараб: “Менга бошқа гап қилган эдинг. Энди ундан ҳам яхши гап қилибсан. Илоҳим айтганинг рост бўлсин”, деб хурсанд бўлиб: “Ундай бўлса, мен ҳужрани ростлай” деб, Салойохун ака югуриб саройга кетди.
Мени Шерали бошлаб, бозордаги саройга олиб бориб, “Шу ерда” деб бир ҳужрани кўрсатди. Кирсак, дадамлар ҳужрада йўқлар. Юкларини кўриб танидим. Шерали “Ёриқлик қаерда мачит бўлса кириб олар эди. Мачит борми?” деб саройбондан сўраган эди. “Мана мачит” деб саройнинг орқасини кўрсатди. Мачитга бориб қарасак, намоз ўқиётган эканлар. Биз ҳам кутиб турдик. Мачитдан чиқиб келишларига югуриб бориб қучоқлашиб кўришиб, омон-эсонликларини сўрашиб, суюнганимдан йиғлаб юборган эдим, дадамлар, “Йиғлама, ўғлим”, деб мени босдилар. Кейин отамизни усти ёпиқ аравага ўтирғизиб, Абдушукур ҳожи саройига келиб тушдик. Шундай қилиб, Худодин кечаю-кундуз сўраган мақсадимиз ҳосил бўлиб, жондин азиз кўргувчи отамиз омон-эсон Худонинг марҳамати билан золим хитой ҳукуматининг мудҳиш қамоқхонасидан 1941 йили 22-апрель шанба куни қутулдилар.
Унгачалик Салой охун ака, саройбон Исмоил халфатлар пешвоз чиқиб, дадамлар билан ҳар қайсилари йиғлашиб кўришиб, ҳужрага бошладилар. Кейин ҳар тарафдан эшитган одамлар тўп-тўп бўлиб келиб, дадамлар билан кўришиб кетар эдилар. Эртасига Оқсув шаҳрининг диний бошлиқларидан Маҳцум домла ва Аббос домлалар бошлиқ шаҳарнинг муносиб одамлари келдилар. Бир неча кун шундай аҳвол бўлиб, дадамларни ҳеч қўйиб беришмас эди. Отамиз билан қамоқда бирга ётган, ўзи оқсувлик Аҳмад соқол деган одам қўймасдан, уйига чақириб зиёфат қилди. Ва яна Қодирхон деган одам ҳам қамоқда бирга бўлганлардан экан. Ул ҳам қўймай уйига олиб борди. Шу аҳволда бир неча кун Оқсувда туришга тўғри келди. Ғулжага юриш ҳаракатини ҳам қилиб турдик. Отамизга бир от олиш керак эди. Буни Махдум домла эшитиб, “Менда бир от бор, шуни тутдим (яъни, атадим - ред.)” деб туриб олдилар. Кейин холислар баҳоси билан 200 танга бериб отни олдик. Махдум домла, Аббос домлалар дадамлар билан Бухорода кўришиб танишган эканлар.

Алихонтўра Соғунийнинг
"Туркистон қайғуси" китобида

 
Баннер