8-июнда отамизнинг иш столида конвертга солинган бир хат пайдо бўлиб қолди. Унда дадамларга истеъфо беришни таклиф қилиб: “Халқ нодон, сизнинг холис хизматларингизга тўғри баҳо бермай, сизга зиён етказиб қўйиши мумкин. Шунинг учун сиз истеъфо берсангиз, ўзингиз омон қоласиз. Шу сабабдан бизлар сизни огоҳ-лантириб қўйдик”, деган ва шунга ўхшаш нарсалар. Бунинг, албатта, коммунизм эътиқодчиларига консул томонидан берилган кўрсатмалиги аниқ, аммо буни кимлар ижро қилганини билишимиз керак эди. Шунинг учун мен, Қосимжон Қамбарий, Кушан қорилар бўлиб, буни текширганимизда хат Имин махсумнинг қаламига мансуб бўлиб, мазкур хат Ҳошир Воҳид томонидан идорага олиб кирилган деган хулосага келган бўлсак-му, аммо ичкаридаги столга ким олиб кириб қўйди деган савол анча ўйлантириб, кейин бу ҳам маълум бўлди. Хатни отамизнинг Бакир деган махсус қўриқчиларидан бири намозга чиққанларида столга қўйган. Шунинг билан бирга Урумчидаги афандиларга ёзган хатларининг асл нусхасининг йўқолиб қолиши ҳам тасодифий бўлмай, буни ҳам коммунизмчилар қилгани маълум бўлди. Чунки советпарастларнинг консул томонидан уюштирилган мажлисларида “Бизнинг бошликдаримизда пантуркистлар билан ҳамкорлик қилиш ғояси пайдо бўлиб, шу асосда қилган ҳаракатлари бизга маълум. Шунинг учун биз бунга қатьиян қаршимиз!” деб бақиришларининг сабаби шу эди. Совет консули мана шундай оғир сиёсий вазиятларни сунъий йўллар билан юзага келтириб, ўз ҳунари фитна-фасод йўли билан халқлар бирлигини бузиб, мансаблар тайин қилиб малайларини ишонтирди. Бу соҳада Урумчида энг маккор, ватанфуруш жосус Бурҳон афанди шу вақтдаги совет Бош консули Козловнинг энг ишонган одами эди. Бу кабилар ёрдамида озод Шарқий Туркистон хукуматини сотиб, унинг эвазига совет ва Хитой фойдасига ишлайдирган ясама ҳукумат қурила бошлади. Ва ниҳоят, совет 1946 йил 13-июнда отамизга ва барча Шарқий Туркистон халқига хиёнат ва алдовлар қилиб ўғирлаб кетди. Шу куни соат 3 ларда мени “Иккинчи уйга чақирди. Борсам, Владимир Степаиович Козлов ўз иш столида ундан анча нарида Исҳоқбек ўтирган экан. Мен ҳам ҳарбий бўлганим учун ҳарбийча салом бериб тик турдим. Бу вақтда Козлов ёнидан бир парча хат чиқариб менга узатиб: “Бу дадангизнинг хати, шунга амал қиласизлар деди. Сўнгра “Ҳа шаҳарда ким бор?” деб сўради. “Шаҳарда ҳеч ким йўқ”, деган эдим, “Ҳакимбек қаерда, шуни Исҳокбек билан бориб, олиб келиб қўйиш керак, ҳар ҳолда у ҳам муовин раис-ку!” деб, менга жавоб берди. Хатда эса: “Ўғлим Асилхон, мен ватан фойдаси учун 5-10 кун кечикиб қолишим мумкин. Шунинг учун мендан хотиржам бўлурсизлар. Бу ҳақда ўзимизнинг аъзоларимизни ҳам секин хабардор қилиб, шивирлаб қўярсан деб, отанг Алихонтўра. 13-июнь 1946 йил” дейилганди. Шунинг билан минг бир хаёллар билан идорага келсам, Аҳмад афанди, Абдурауф махсумлар югуриб келиб: “Нима гап?” деб сўрашганда, мен хатни ўқиб бердим. Шунинг билан Махсум аканинг кабинетида бошқатдан ўқишиб, ҳайрон бўлган қиёфада бир-бирларига қарашиб, хатни менга беришди. Отамизга ёзилган “истеъфога чиқинг” деган мазмундаги хатнинг пайдо бўлишидан бир кун илгари Аҳмад афанди, Абдукаримлар Урумчига учиб кетган бўлса ҳам, Аҳмад афанди 13-июнда яна пайдо бўлиб қолди. Чамаси, Урумчидаги мавқелари ўзларига тор келди-ёв, ҳар ҳолда Абдукарим ҳам 15-июнда Ғулжада бўлди. Мана шу жараёнда Ҳакимбекхўжа ҳам келиб ўртада торончилар ҳокимияти қурилиб, “мурод-мақсад” ҳосил бўлди. Шунинг билан бирга мачитларга хатлар юборилиб, отамизнинг ғойиб бўлганидан хавотир қилиб, халқни огоҳ бўлишга чақирган варақалар тарқатиб турилган бўлса ҳам, Шарқий Туркистон жумҳуриятининг қонуний раисини бундай хоинларча олиб қочилишига қарши ташкилий бир ҳаракат бўлмади. Аммо шу орада Қосимжон Қамбарий газетага бир шеър ёзиб чиқарди. Бу шеърнинг эсимда бори шу:
“Булбул чамандин учди, бевақт, тонг отмасдин, Гул-ғунчалар очилгайму, мол-варанглар(Мол-варанг (уйғурча) - ҳайвон, мол.) дастидан”.
Шунга ўхшаш бир неча байт эди. Бундан сўнг Ҳакимбек ўз олдига Қосимжон бошлиқ идорадагиларни тезда чақирди. Ҳаммамиз мажлис бўлар экан деб борсак, чўнг залда Ҳакимбекхўжа, ўнг қўл томонида Анвар афандидан бошлаб бир қанчалари ўтирибдур. Сўнг қўлида Турди ҳожи Толдиқўрғон, Турсунбой полвонлар бўлиб зални тўлдиришибди. Анвар афанди газетани муҳокама қилиб, шарҳлаб бераётган экан. Бир вақтда бизлар ҳам ҳозир бўлдик. Бироқ Ҳакимбек Қосимжонга қараб, ғазаб билан: “Ҳой бўқ, сан нима деб ёздинг?” деб ҳайқирган овоз билан сўраганда, Қосимжон: “Бу шеър бировга аталиб ёзилган эмас,одатдагишеър”,деса,Анварафандишарҳлаб:“Булбул” дегани Тўра, “мол-варанг” дегани сизлар билан биз”, деб ўзларининг кимлигини намойиш қилди. Яна Ҳакимбек сўкиниб: “Юрт эгаси биз турсак, бошқа халқни мақтаб ёздингму сан, бўқ”, деб бу бемаза сўзни неча йўл оғзига олди. Шунда Қосимжон: Балли, Анвар, таъбирларингизга офарин”, деган сўзлар билан жавоб берган бўлиб, яна “Оғзингизни чайқаб сўзланг, бўлмаса сассиқ, пураб(Пурамоқ (уйғурча) - бадбўй ҳид чиқармоқ) қоласиз”, деган сўзларни ҳам қўшиб, Ҳакимбекка ҳам жавоб берган бўлди. Ҳар бир газета мақоласи ташвиқот бўлимидан ўтиб боришини назарда тутиб, Анвар афанди: “Бу ерда ташвиқот бўлими ҳам айбдор” деганиида: Абдукарим: “Мен бу ишдан бехабарман, Урумчида эдим”, деб жавоб берди. Шундан кейин Олтисумул ҳокимининг муовини Абузар халфа сўз олиб: “Бурунги сиёсат ўзгарди. Энди янги сиёсат билан монгмасақ(Монгмоқ (уйғурча)-ҳаракат қилмоқ, қимирлам) бўлмайди”, деган гаплари билан “Ҳо, шундоқ” деб тарқашди. Шу куни Нуриддинбекнинг аёли мени чақириб, ташвиш билан уйига бошлаб борди. Борсам, болалари йиғлаб ўтирган эканлар. Нима гап десам, бир парча хатни кўрсатдилар. Ўқиб қарасам: “Мен шу улуғ гуноҳни қилишга мажбур бўлган ҳолда ва ҳам улуғ Тангримдан гуноҳимни тилаб, ўзимни дарёга ташладим”, деб ёзиб қолдирган. Нуриддинбекнинг дастхатини кўриб, кўзим ёшланиб, бунинг сабабларини жиддият билан туриб суриштирсам, “Ғани ботир буни излаб, қаерда кўрсам ўлдираман деб, неча йўл келди. Шундин бошқа гап бўлмаган” деганда, мен булардин қаттиқ хафа бўлиб: “Нимага менга хабар қилмадинглар” деб қичқириб кетсам, хотини: “Бир дам сабр қилиб турсалар” деб, ўрнидан чиқиб кетиб, бирпасда яна пайдо бўлиб, мени бошлаб бир девор қўшни уйига олиб кирди. Қарасам - Нуриддинбек! Буни кўриб, ҳайрон бўлиб, ўзимга келиб: “Бу нима иш?” десам, “Машундоқ қилмасақ Ғани қўймайдур, шунинг учун шу ишни қилдуқ. Бу сабабдан ҳаммага бугундан бошлаб ман йўқ, буни Абдурауф махсумга ўзингиз аста айтиб қўйинг”, деди. Шунинг билан бутун Ғулжага Нуриддинбек ўзини дарёга ташлабди, деган гап тарқаб, Ғани ботирдан қутулиб қолди. Аммо Ҳакимбекнинг шахсий адоват сабабли собиқ хизматчиларни кўришга кўзи йўқ эди. Жаиубда озодлик учун курашиб бутун мол-жонларидан ажраб, бизларни паноҳ тортиб чиққан қайилик Юнус домла, Содиқ чўнг ва тоғлик Иброҳимҳожи, Оқсув ҳокими Шуайиб ҳожилар - ҳаммасини “Тўранинг одами” деб, бариларининг таъминотларини бекор қилиб, кўчага ҳайдаб солди. Шу муносабат билан Қосимжон Қамбарийга ҳам катта хавф туғилиб, 17-июнда Шихўга қараб жўнади. Шихўда акам ҳарбий таъминот бўйича бошлиқ эди. Қосимжон дадамларнинг воқеаларини акамларга сўзлаб берадилар. Буларни акам ҳар тарафлама таъминлаб, Урумчига йўлга солиб қўядилар. Шундин кейин булар Аҳмад афандининг паноҳига борадилар. Нуриддинбекни ҳам Аҳмад афанди ўз қанотига олиб, ўзига қўриқчи қилиб оладур. Мана шу жараёнларда мен ҳам халқ кўзида шулар қаторида бўлиб қолдим. Урумчидаги ясама ҳукумат мақомида Аҳмад афанди, Абдукаримлар иккинчи даражалик мавқе билан чегараланганлар. Биринчи муовин раис Бурҳон афанди, иккинчи муовин Аҳмад афанди, биринчи котиб.хитой, иккинчи котиб Абдукарим. Буларнинг эътиқодларича, бундай бўлмаслигн керак эди. Аммо совет шу йўллар билан Шарқий Туркистон ҳукуматини ўртадан кўтариб, йўқ қилишни уларнинг ўзларига топширди. 1946 йил 23-июнда Аҳмад афанди Урумчидан келиб, Марказий идорада “Бу кундан бошлаб Шарқий Туркистон ҳукумати тарқалди!” деб эълон қилди. У ўз хизматини адо этиб, биринчи босқич тамом, иккинчисига ўтдим деб ўйлади. Аммо ундай бўлмади. Советга ишонган Аҳмад афанди мустақил Шарқий Туркистон сиёсатидан воз кечган ҳолда Русияга ён бериб Қизил Уйғуристон қуриш билан озодликка чиқиш йўлини тутди. Совет консули эса бу йўлни кўрсатиб, уни Туркистон бирлиги ғоясига қарши ишлатишга муваффақ бўлди ҳамда Урумчидаги ватанпарвар кучлар билан бирикишга қўймай, орани бузиб, ғоявий душманликлар келтириб чиқарди. Бу соҳада коммунизмчилар ўз фикрларини оломонга тарқатиб, қора кучларни ватанпарварларга қарши қўя бошладилар. Яъни, Урумчидаги Масъуд афанди, Муҳаммадамин ҳазрат, Айсобеклар пантуркист, пан-исломист ва халқ душманларидир деган бузуқ совет сиёсатининг жарчиларига айланиб қолдилар. Бу воқеалар кейин, 1946 йиллардаги эсдаликлар бўйича ёзилди. 1945 йил ёз ойларида жанубий Шарқий Туркистонда озодлик учун курашларда Кучор, Оқсув вилоятларида бўлганим учун шу вақтда Ғулжада бўлган ишлар хотирам бўйича, илгари-кейин бўлиб, 1945 йил воқеаси ёзилди... Ўша йили августда хукумат аъзолари Марказий идорада мажлис ўтказиб Шарқий Туркистон озодлиги учун хизмат қилганлардан отамиз бошлиқ бир қанчаларини моддий йўл билан мукофатлашга қарор қабул қилишиб, жумладан, отамизга 1500 бош қўй, Ғани ботир ва Фотиҳ ботирларга 500 бошдан қўй ва бошқаларга ҳам ўз йўлида мукофот берилади. Шунда отамиз “Озодликордени”ни қабул қилиб, қўйларни эса Шаҳид-мажруҳлар жамиятига берганлар. Ботирлар ўзлари топшириб олганлар. Бу ишдан биз бехабармиз. Отамизни ҳийла билан олиб кетгандан ҳамда Шарқий Туркистон ҳукумати тарқатилгандан кейин совет ноғорасига ўйнаш керак, бу менга тўғри келмайди. Энди ишдан бўшаб, ўз тирикчилигимизни қилиб, жон боқишдан бошқа йўл қолмади деб, шу қарорга келиб турсам, Аҳмад афанди Урумчидан Ғулжага келиб бу ердаги аҳвол билан танишиб, 1946 йил июнь ойларида мажлис қилиб, бундан кейин ишларимиз Урумчи орқали бўлишини айтиб, маъмурий ишлар билан таништирди. Ўшанда мен Ҳарбий бўлим бошлиғи бўлиб, унвоним майор эди. Демак, бизнинг мустақиллигимиз тугаб, яна асоратдамиз. Шунинт учун мен ишламайман деб, мажлисда ўз фикримни билдирган эдим, Аҳмад афанди: “Йўқ, сизнингишингиз бор”, деб эди, мен ўз ҳолимни айтиб, бизнинг оиламизда ҳамма хизматда бўлиб, рўзғорга қарайдиган одам йўқ деб тушунтиргач, ҳар томонлама иқтисоддан қийналганимизни билгандан кейин, отамизнинг ишлаганларини суриштирганда, раиси жумҳур бўлганларидан буён ойлик олмаган эканлар. Шунинг учун 20 ойга маош ҳисоблаб, таҳминан 300 қўй келадиган ҳақ берилди, деб менинг қўлимга ҳужжат бериб, мазкур пулни Молия идорасидан оласиз деб, Аҳмад афанди буйруқ берди. Кейин Молия идорасига бориб, мурожаат қилганимда собиқ Молия вазирининг муовини Фотиҳ Оллоёрий мени қабул қилиб, самимият билан: “Тижоратчилар учун ҳозирги шароитда бу маблағ зўр фойда келтирадур, аммо уни шарти - Урумчига бориб, мол олиб келиш. Шунинг учун сиз ҳозирги вақтни қўлдан бермай иш қилсангиз, вақтдан фойдаланган бўласиз. Чунки яқинда ҳамма учун йўл очилса, бу имкониятлар бўлмайдур”, деб менга маслаҳат берди. Аммо менинг Урумчига боришим шахсий тижорат учунгина бўлишини виждоним кўтармасди. Чунки мен яқин-яқинларгача озодлик учун жон олиб-жон берган, ватан йўлида хизмат қилиб, халқ ғамини еган одамнинг боласи эдим. Бугун шахсий жонбоқар бўлиш учун кўнглим бўлмасдан, “Бормайман”- деб турганимда Аҳмад афанди чақириб, шундай деди: “Сиз Шаҳид-мажруҳлар жамиятининг иши бўйича биз билан Урумчига борасиз. Чунки у ердан Мажруҳлар жамиятининг молини олиб келасиз. Шунинг билан ўзингизга ҳам мол олиб келиш имкониятига эга бўласиз”, деб қолди. Бу билан юрагимдаги ғашлик кетиб, яна ватан йўлида жон берганлар учун хизмат қилишни шараф деб, ва ҳам ўзимга берилган имкониятни Тангримнинг инояти билиб шукур қилдим. Шу ўринда Мажруҳлар жамияти қаердан таъминланади десангиз, маълумки, озодлик кураши бошланганда, албатта, қурбонсиз бўлмайдур. Шу туфайли отамиз 1945 йил қошида мазкур жамиятни тузиб, мажруҳ ва шаҳидларни инқилоб аҳволига қараб шу ташкилот таъминлаб турган. Уни маблағ билан таъминлашда отамизнинг маслак-дошларидан Ҳасаним Танзин, Абдулла ҳожи Солмабош, Жума охун ҳожиларнинг катта хизматлари бор эди. Улар Бўритоло, Суйдун ва бошқа ноҳиялардаги бойларга бориб, ваъз-насиҳатлар қилишиб, қўп миқдорда қўй-моллар тўплаб, мажруҳлар жамиятига етказар эдилар. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳайрия қилганларнинг ҳаммаси дини ислом асосида ватан учун берганлар. Шунинг учун биз мусулмонларга исломнинг руҳоний-маънавий кучига суяниб, инқилоб қилишдан бошқа йўл йўқдир, буни ўз кўзимиз билан кўрдик. Аммо бу ишга бош бўлган шахс ҳар томондан етук одам, замонасига тушунган, тараққийпарвар, ватан учун жонфидо бўлиб, Қуръонга амал қилиб, ҳаммани бир тан-бир жон қилиб бирлаштириб, озодлик учун курашса, албатта ватан озод бўладур. Чунки юқориги озодлик омилларининг кучини адолат билан ишга солганда, ватан учун энг хатарли тор миллатчи кучлар йўқ бўлиб, унинг ўрнига Шарқий Туркистон халқининг бирлашганини кўрдик. У пайтда, ҳатто хитой савдогарлари ҳам ҳар 3-4 ойда ўз устозлари билан биргаликда катта ёрдам қилиб турдилар. Ҳукуматнинг сиёсати билан ватанпарвар бойлар ёрдамида Мажруҳлар жамиятида 45 минг қўй ва бошқа маблағлар йиғилиб қолди. Мана шу юқорида исмлари зикр этилган одамларни Худо раҳмат қилсин, омин! Шундай қилиб, 1946 йил 7-ойнинг ўрталарида бизлар Ғулжадан машина билан йўлга чиқдик. Аҳмад афанди биздан айри самолёт билан кетди. Мен билан собиқ Сиҳҳия нозири (Соғлиқни сақлаш вазири) Муҳиддин Қанот, Шарқий Туркистон банкининг бошлиғи Каримжон тунгон ва бошқа одамлар ҳам бор эди. Шу куни соат бешларда Шихўга бордик. Акамни йўқлаб Ҳарбий таъминотга борсам, муовинлари Аҳмад ака бор экан. Мени ҳарбий ки-йимда кўриб, қаттиқ ҳаяжонланган ҳолда қарши олиб: “Худо хоҳласа, Шарқий Туркистон хукумати бор экан” деб, эшитган сўзларга ишонмаганини сўзлаб: “Акангиз Ғаффорхонтўрам бундан уч кун бурун генерал Исҳоқбек билан Чўчак, Олтойга кетдилар”, деди. Демак, буйруқда ўзгариш йўқ. Бу жумбоқларнинг тагига етолмай шу куни Монас кўпригига борсак, хитой аскарлари бузган жойларни ўнглаб ётган экан. “Бугун ўтгани бўлмайдур. Эртага соат 10 ларда ўтишиигиз мумкин”, дедилар. Қарасак, ҳақиқатан ҳам машина ўтиши хатарли. Шунинг учун орқага қайтиб, Ҳарбий таъминотга, яъни Шихўга келиб қўниб, эртаси соат 11 ларда борсак, кўприк битган экан. Кейин хитой аскарларини намойишкорона тарзда биз юрадиган йўллардан Монасга ўтказгани турди. Бу ҳаракат ва шу йўл билан Урумчига боргунча ўз кучини кўрсатган бўлди. Урумчида Аҳмад афанди турадирган Ёнхондаги Чонишуббой қўрасида уч киши Карим ҳожи, Муҳиддин охун Қанот ва мен турдик. Бу ерда шошилинч ҳаракат қилиб, Ғулжагабоп моллардан олдим. Урумчидаги Мажруҳлар жамиятининг вакили Фозил охун деган одам бутун ишларимни битириб, молларнинг тизимини ҳисоблаб, қўлимга топширди. Мажруҳлар жамиятининг Ғулжага борадурган молларини тизимга ибноан машинага босганда, юкимиз 5 машина бўлиб, бунда меники ярим машина бўлди. Молларни кўпи ҳар хил чой эди. Шунинг билан икки кун ичида ишимни битириб, Аҳмад афандига учраш тўғри келганда менга шундай деди: “Ҳозир Урумчида Ғулжага қайси йўл билан борган хитой бўлса, уни ўлдирар экан деган сўз тарқалган. Сиз билан юрувчилар ҳаммаси хитои, шунинг учун “Буларни ҳар жойда қандай шароитда бўлса ҳам ёрдам қилиб йўлга солинсин” деган хат олинг”. Бундай ҳужжатни олиб йўлга чиқдим. Машиналарнинг шофёрларидан бири ғулжалик экан, у менга илтимос қилиб: “Менинг машинамга тушинг”, деди. Уйғурчани яхши билар экан, қолган ҳайдовчилар эса Ичкари Хитойдан чиққан экан. Шунинг учун ғулжалик билан кетдим. Шу куни Монасдан ўтиб, кечқурун салқинда юриб, бир ерга борганимизда хитой шофёр қўрқув ичида мени хириллаган овоз билан уйғотди. Кўзимни очсам, машина чироқлари ёритилиб турган йўлнинг ҳаммасини бизнинг отлиқ аскарларимиз тўсиб олган, икки суворий менинг машинам олдида турубдур. Кабинадан чиқиб эдим, мени кўриб ҳалиги аскарлар “чест” (аскарий салом - ред.) бериб: “Биз қоровул батальонмиз, топшириқ бўйича сизларни қисмга олиб борамиз” деб, ҳурмат билан қўлини туширмай турди. Кейин мен: “Бўшсиз, қани бошланг” деб эдим, бир озроқ юриб, бир сувнинг бўйига тўхтадик. Йўлнинг четроғидаги ертўладан буларнинг полк командири ғулжалик татар Марғуб [Исхақов] чиқди. У мени кўра солиб қучоқлашиб кўришиб, хурсанд бўлди. Шу кеча Марғубда қўниб, тун бўйи сўзимиз тугамади. У ҳам бўлаётган ўзгаришлардан норози бўлиб: “Бу ерда Қалибек ҳоким ҳам Тўра отамни олиб кетганига норози. Яқинда мени Совонга чақириб кўп айлантирди. Хитойлардан тушган бир оз қурол ҳисобга кирмаган эди, охири шуни бермасам бўлмайдурган ўхшайдур” деганда, мен туриб: “Қалибек ҳоким билан бирлашиш керак” десам, “Ундай қилсак осмондан ўрис, ердан хитой чиқадур. Хитойнинг ўзи бўлганда-ю, ёнбошга келганди”, деб армон қилди. Шунинг билан ётиб ухлаб, эрталаб турсак, ҳар ёқ - тўла сув. “Бир икки-кундан бери шундай бўлиб қолди. Ғам еманг, кун салқин тортса, сув озаядур, бўлмаса аскар болалар бор. Улар олиб чиқадур дейишди. Кейин сувга кирганимизда бир дона мен тушган “ЗИС” маркали машинадан бошқаси сувнинг ўртасида туриб қолди. Кейин улар ҳам аскарларнинг кучи билан эсон-омон сувдан ўтди. Марғубга бир оз чойдан бериб, хайрлашиб, йўлга тушдик. Йўлдаги манзаралар уруш бўлаётгандай кўринур эди. Ҳамма ёқ бетинч, йўл-йўлакай хитойча пўтай (мавзе) лар Буларнинг ҳаммасини бизнинг қаҳрамон аскарларимиз забт этган, бунинг учун қанча қурбонлар берган. Шу юришда урумчи ҳам “қоч-қоч” бўлиб, бир пуд бензин бир сар(35 граммга тенг оғирлик бирлиги.) олтин бўлган. Мана бундай улуғ куч қандай майдонга келган? Яна қайтариб айтаманки, исломнинг инқилобий руҳига асосланган бирлик билан адолат барпо бўлди. Тушларда Сайрамдан ўтиб Кенгсон довонининг ўрталарига жойлашган полкка келиб, шу ерда дам олиб турсак, Суидун шаҳрининг ҳоким муовини сарибулоқлик қозоқларнинг оқолоқчиси Довудхон шу ерда экан. Мени кўра солиб, қучоқ очиб кўришиб, омон-саломдан кейин аҳвол билан танишиб: “Келажак қандай, Урумчидагилар қандай, отадан хабар борми?” деб сўраб, “Ҳозир биз учун ҳеч қандаи йўл-йўриқ йўқ”, деб бу ҳам ҳайрон эди. Кейин Довудхон оқолоқчи ўзларининг яйлови Кертошга, бизлар эсак Ғулжага қараб йўлга тушдик. Ғулжа билан Кенгсойнинг масофаси 50 км. йўлдур. Шу куни манзилимизга келиб, Шаҳид-мажруҳлар жамиятининг идорасига молларни омон-эсон туширдик. Олди-берди ҳужжатларга” қўл қўйилди. Хитой шофёрлар машиналари билан Ҳарбий таъминот гаражига топширилди. Булар 5-6 кун туриб, ҳар бирй сомон босгандай хитой босиб, Урумчига жўнади. Бу ер дан Шихўта етгудек бензин олиб кетишди. Шу кезларда Ғулжадан анча хитой кетиб, Ғулжа атрофларидаги хитой-ларнинг ер-сув, қўралари сотилиб, оз бўлса ҳам туб аҳо-лига фойда бўлган эди. Мен ҳам хурсанд эдим, чунки Урумчидан чой келтириб, Ғулжадан хитой жўнатдим... Одамлар мен қилган ишдан бўладурган фойданинг бирини ўн қилиб ҳисоблаб, қандай қилиб бўлса қам Урумчидан мол олиб келишга киришиб кетдилар. Ўзим ҳам бундан буён иш учун бошқа иш қолмади, чунки Шарқий Туркистон озодлигини совет коммунистлари Хитойга узил-кесил, бош-оёғи билан сотгани аниқ бўлди, деб қарор қилдим. Буларнинг алдови очиқ, бунга шак йўқ, энди хитой коммунистлари ғалабасигача, имкониятдан фойдаланиб, иқтисодимизни йўлга қўйишни ўйламасак, кейин кеч бўлади, деб ўйлаб, ишга киришдим. Урумчига бензин, қанд-шакар ва шунга ўхшашларни олиб боришга ҳаракат қилиб, ишбилармон ва қўлидан иш келадиган оғайним татар Талъат Обидов билан маслаҳатлашиб, у машина сотадиган бўлди ва совет [геология] экспедицияси билан сўзлашиб, икки дона юк машина топди. Кейин Ғулжадаги Мойтоғ банкига 10 тонна бензин пулини тўлаб, 1946 йил август ойларида Шихўга бориб Мойтоғ директори Одилбекка мурожаат қилиб, ҳужжат кўрсатсак, “Бензин ҳозир ҳарбийларнинг ихтиёрида, шунинг учун бул хат билан беролмайман” деб, бермади. Бизлар маслаҳат қи-либ, Урумчига бориб, Аҳмад афандига мурожаат қилганимда ўзимга тегишли бўлган қисмга қўл қўйиб берди. Бир-икки кун Урумчининг аҳволи билан танишдим, қарасам ҳаммаёқ - хитой. Шуларнинг орасида ҳар қайси тоифа одамлар, жумладан Абдулаҳад махсум деган кимса бақириқ-чақириқлар қилиб юрган экан. Мен биланжанубий Шарқий Туркистонга тушган Минавархўжа Оқсувдан Ғулжага 1945 йил куз ойларида чиқиб, энди у ҳам шу ерда экан. Дубан вақтида ўзи қамалиб, мол-мулклари мусодара бўлиб, ун заводини Урумчига кўчириб кетган экан. “Шу ун заводи эгаси Минавархўжага қайтарилсин” деган Шарқий Туркистон ҳукуматининг буйруғини расмийлаштириб олиб, Урумчига бориб, ҳар куни берасан деб, тўполон қилиб юрган экан. Бу вақтларда Олтой тараф қозоқларининг қабила бошлиқларидан бир қанчаларига мансаб бериб Урумчида ушлаб турган экан. Жумладан, Жонимхон ҳожи, Ходи вонг ва яна шунга ўхшашлар. Булардан бошқа тоифалар, Ўсмон ботирнинг одамларидан Латиф бошлиқ бир қанчалари ҳам Урумчида экан. Шунда менга Аҳмад афанди: “Шарқий Туркистон хукумати вақтида Олтойдан Ўсмон ботирнинг вакили бўлиб Ғулжага келган Латиф, Шамши деганларни сиз яхши танийсиз, чунки Тўра отамнинг ёнида бир-икки ой туриб кетганлар. Улар ҳар хил сўзлар қилиб, бизларга тош отиб, Тўрани топасан деб тўполон қилиб, тинчлик бермаётибди. Уларга бориб: “Отамиз арашонда дам олиб келиб, ўз ишини давом эттирадур деб ҳамда бизлар уларга қарши эмаслигимизни айтиб келасиз, сизни Абдулаҳад махсум бошлаб борадур деди ва уни менга кўшиб юборди. Шу билан улар турган жойга борсак, эшик олдида хитой аскари бизни тўсиб киргизмади. Кейин отимизни ёзиб олиб ичкаридан сўрагач, рухсат қилди. Салом билан уйга кирдик. Латиф икки одам билан ўтирган экан. Биз бориб кўришиб ўтиргандан кейин Латиф: “Сенинг келганингаи, бир-икки кун бўлди, эшитганман. Ҳар ҳолда ёмон эмас, келиб кўришдинг, яхши. Нуриддинбек дегани ҳали бир йўл келиб сўрашишга ярамади. Ғулжага борганимизда ҳар куни биз билан бирга бўлиб, бирга турган одам, энди бир келиб кўришишга ярамади”, деб қўл силтаб, “Қўй бу сўзларни, отангни алдаб, ўрис ўғирлади” деганда мен ўшанда тарқатилган сўз бўйича оғиз очгандим, яъни арашонда дам олаётганларини айтганимда“Сени ҳам Аҳмад сўқир ўқитган экан деб энсаси қотиб, уни ҳам, Хитойни ҳам ҳақорат қилиб: “Иккови ҳам бизга керак эмас. Биз ота-боболаримиздан қолган еримиз учун жон бериб ётибмиз, бошқа даъвомиз йўқ, “деди. Шунда Абдулаҳад махсум битимдан сўзлаганда ундан баттар энсаси қотиб: у гапларни қўй, деб менга қараб дедики, “Аҳмад суқирга суйла, бизга йўқ нарсаларни айтишни қўйсин. Кейин мени унга бошлаб кириб, ўлтирган одамлар билан мени ҳам таништириб: “Мана бу - Тўранинг ўртанча ўғли Асилхон. Бунинг ҳам оғзини Сўқир боғлаган экан” деб сўзини тугатиб, менга қараб: “Урумчида қанча вақт турасан? Кетгунингча келиб тур”, деб бизга жавоб берди. Шу билан Аҳмад афандига бориб, бўлган сўзларни айтдим. Эртаси мен Абдукаримга мурожаат қилиб Урумчидаги афандилар билан кўриштиришини истаганимда, “Қайси бири билан кўришгингиз бор?” деб сўради. Мен: “Айсобек билан”, дедим. Чунки бу одамни отамиз кўп сўзлар эдилар.(Отамиз Исо Юсуф Алптекин (Айсобек)ни ҳар вақт чуқур ҳурмат билан тилга олардилар.) Шунинг сабабдан ғойибона таниб қолган эдим. Аммо ўзини кўрмагандим. Хуллас, Абдукарим мени бошлаб Турсун, Анвархон боболар ҳовлисига олиб борди. Ичкарига кирсак, бир уй одам бор экан. Тўрда ўтирган, европача кийинган одамга мени танитиб мурожаат қилганда, менга қараб бошини қимирлатиб қўя қолди. Қарасам, бу ўтирган одамлар ҳар тоифадан бўлиб кўринди. Чунки сўз ҳар хил. Кейин биз қайтиб чиққач: “Бу одамлар ким?” десам, “Муҳаммадэмин ҳазрат Буғро деган - шу”, деди. Айсобек, Масъудлар йўқ, келмабдурлар, деб жавоб қилди. Бу учрашув, ҳарқалай, менда яхши таассурот қолдирмади. Чунки, коммунизмчилар совет ёрдамида халқни булардан ажратиб, ёмон кўрсатиб қўйгандай туюлди. Абдукарим билан сўзлашсам, ул яқинда Ичкари Хи-тойга Аҳмад афандилар билан бориб, Чанкайши билан кўришишганини шундай ҳикоя қилди: “Биз билан Чанкайши сўзлашганда унинг ўғли рус тилида Аҳмад афандининг сўзини отасига таржима қилиб турди. Суҳбат жараёнида Аҳмад афанди “мустақил бўлиш” деганда Чанкайшининг ўнги ўчиб: “Бош қолиб, оёқ қандай мустақил бўлади?” деганда, Аҳмад афанди “Бошимиз - Шарқий Туркистондир”, дейди. Чанкайши қалтираб-титраб кетибдур. Аммо Аҳмад афанди бу ҳолатни кўрмай, ерга қараб сўзини давом эттирди.” Мана шундай сўзлар билан суҳбат оёқлашганиниайтиб,“Булар бизга мустақиллик бермайдур. Аммо хитой коммунистларидан умид қилса бўладур деб, анча уларга мойил бўлиб сўзлади. Аммо ичкари Хитойга бориб келгандан кейин улар турмушларини ўзгартириб, уй солиш ва шунга ўхшаш ишлар билан овора бўлиб, Шихўдан бир-икки йўл бензин олдириб келиб, анча пул топиб, Ғулжадаги иморатларини қурдилар. Бу хусусда, яъни бензин масаласида мен Абдукаримга маслаҳат бергандим. Яна ўша йили Урумчида бир ташкилот қурилган экан, шунга Нуриддинбек, Муҳиддин Қанот ва бир қанча мен танимайдиган одамлар бирга бўлиб бордик. Буларнинг мақсади - коммунизмчиларга қарши кураш бўлиб, бу ишнинг бошида гўминдан ҳарбий штабининг Урумчидаги бошлиғи Шов шижан экан. Бу тизимни менга Муҳиддин Қанот кўрсатиб, қўшилишимни қаттиқ туриб сўради. Аммо мен кўнмадим. Кейинчалик бу ташкилот фош бўлиб, Муҳиддин охун Ғулжага қочиб келди. Нуриддинбекни уриб-сўкиб Урумчида қамаб қўйтан экан, Аҳмад афанди чиқариб олибди. Абдукарим Ғулжага келиб булардан койиб сўзлади, кейин “Муҳиддин Қанотни қандай қилиш керак, буларни қамаб юборадур. Шунинг учун уни иш билан Кучорга юборамиз, кейин ўзи йўл топиб, бошқа ёққа ўтиб кетадур. Буни сиз ўзингиздан қилиб сўзланг”, деб ўзи Урумчига кетди. Шундан кейин Муҳиддин охун аввал Юлдуз орқали Кучорга, у ердан бошқа томонга ўтиб кетди. 1945 йил Шарқий Туркистон хукумати вақтида Ёшлар ташкилоти қурилган эди. Унинг номиниўзгартириб, Ёшлар иттифоқи деб, Аҳмад афанди бош бўлиб иш бошлаганлар. Бу анча вилоятларга ёйилган. Аммо Аҳмад афандиларнинг ҳаракатлари халқ оммаси ичида оз таъсирли эди. Чунки буларни ҳам совет маккорлари ҳар хил йўллар билан халққа ёмон кўрсатиб қўйганди. Буларга қўйган айби -пантуркистлик. Буни Шарқий Туркистон халқ оммасига энг қўрқинчли, ёмон оталғу қилиб кўрсатди. Бул - коммунизмчиларга совет консулининг топшириқларидан эди. Шу вақтларда бутун иш совет гражданлари қўлига ўтган эди. Буларни жойлардаги совет консуллари бошқарар эди. Уч вилоятдаги тамом идорадагиларни ўзларидан сўрамасдан граждан қилиб олганди. Қашқар ва бошқа шаҳарларда ҳам кўп ерлилар, масалан қашқарли Абдукаримхон махсум бошлиқ бутун авлоди граждан бўлган. Ғулжадан Ҳакимбекхўжа бошлиқ оила-афроди, Мусабоев бошлиқ сулоласи совет фуқароси бўлди. 1946 йилдан бошлаб уч вилоятда бутун савдо Гражданлар жамиятига ўтди. Урумчидан бошлаб жанубий Шарқий Туркистоннинг савдоси Талъат Мусабоевлар қўлига ўтди. Булар кечаю-кундуз совет чегарасига Шарқий Туркистондан чиқадиган ерлик молларни ўтказиб, ўзлари бой бўлди. Аммо бу ҳаракатда кўпчилик булар орқали фойдаландилар ва ҳам закотини берди, дейишди. Мана шу юқоридаги гражданлар ўз фаолиятларини отамиздан кейин бошлаб юборди. Бизнинг оиламиздан акамни, Шихўдаги Ҳарбий таъминот бўйича хизматдагиларни совет граждани деб қўлларига қизил паспортлар берилди ва шу тариқа акам бола-чақалари билан совет граждани бўлиб олдилар. Мени ҳар хил йўллар билан граждан қилиш учун ҳаракат қилган бўлсаму, бўлмадим. Аммо бу хусусда, ҳатто Шарқий Туркистон ҳукумат аъзолари ҳам келажак қўрқинчидан граждан бўлиб, қутулиб қоламиз деб ўйлади. Бунга сабаб қилиб Эрон Озарбайжониии ҳам бизга ўхшаб алдаб, уни ҳам сотгандан кейин ва Эрон билан совет сулҳ қилиб, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаймиз деб қўл қўйгандан сўнгра Эрон ҳукумати инқилобчиларни қириб юборди деб кўрсатиб, ҳар куни совет газеталари бирни ўн қилиб ёзиб турди. Мана шу ғаразликташвиқотлар билан одамларни васвос қилиб, ўзининг ишини битиришга киришиб, кўп ерлик одамларни граждан қилиб олди. Бир куни Муҳаммаджон махсум аканинг олдига кириб: “Қандай бўлди, кўп ерлик одамлар, ҳатто ҳукумат аъзолари граждан бўлди деб англадим десам, “Қандоқ қиламиз, Асилхон? Бўлмаса бизлар ҳам хитойлар қўлида отилиб кетамиз. Шунинг учун бу гўйнинг(Гўй (уйғурча) - ёмон, аблаҳ.) этагини тутмасак бўлмайди деди. Қолган халқ оммаси ёлгон кино ташвиқотларига алданиб момасини кўрди. Бунинг устига бутун консул ишхонаси порахўрликка асосланган бўлиб, ҳеч қандай иш, яъни расмият ишлари битмасди. Шунинг учун кўп одамлар хонавайрон бўлдилар. Хусусан, ҳовли-жойларини сотиб, йўлга чиқаман деб турганларга ришват олиш учун “бу йил бўлмайдур” деб, улардан пора олгач, ишни битирган. Хусусан, қозоқ халқини пора масаласи хонавайрон қилди. Гражданлик учун совет ҳукумати кўп макр-ҳийлалар қилиб ёзиб, совет паспорти олганларга ҳар хил имтиёзлар ва мансаблар бериш йўли билан бутун Шарқий Туркистон ерида кўплаб халқни ўзиники қилиб олди. Аммо шу кезларда Аҳмад афанди Шарқий Туркистон ноиидан иш юргизди. Чунки аксари тоифаларнингўртасида ўз вақтидаги мустақиллик руҳи анча кучлик сақланиб, ишлар ҳам шу руҳда эди. Чунки отамизни хиёнат йўли билан олиб қочгандан кейин биринчи бўлиб, шу вақтнинг сиёсатига қарши бош кўтариб, мустақил ҳолда қарши турди. Бундан чўчиб, Ғулча атрофидаги қозоқлардан тузилган полкларга бошқача қарай бошлади. Унгачалик Шихў атрофларида Совон ҳокими Қалибек ботир Шихў Мойтоққа ҳужум қилиб, 1947 йил июнь-август ойларида қаттиқ жангдан кейин олган моллар билан тоққа чиқиб олди. Шу йўсинда бир-икки йил қаршилик қилиб юриб, кейин ком-мунист хитойлар Урумчига келгандан кейин жанубий Шарқий Туркистонга ўтиб, Кумуштоғ деган тоққа чиқиб олиб, у ерда ҳам озодлик учун курашиб, охири шу ёқдан 50 йилларда Ҳиндистонга ўтиб, у ердан Туркияга кетган. Бу одам отамизнинг ишонган жонфидолари эди. Хизматлари учун “Шарқий Туркистон халқ қаҳрамони” унвонини олганди. Ўз ватанининг қозоқларидан чиққан зиёли одам эди. Бор бўлса, умри узоқ бўлсин, ўтган бўлса, Худо раҳмат қилсин! Шу вақтларда мени ҳар қадамимга жосуслар қўйишганди. Тижорат ишига қизиққанимдан фойдаланиб, ўз вақтинииг ишбилармонларидан ҳисобланган Асадулло ака деган одам уйига чақириб: “Сиз билан тижоратда ширкат бўлсак”, деб қолди. “Ишимиз юришиб қолса, Или дарёсига кўприк ва шунга ўхшаш хайрияли ишларга сарф қилсак, бу билан Шарқий Туркистон халқи учун хизмат қилган бўламиз”, деб мени кўндириб, ўзига ширкат ўртоғи қилиб олди. Кейин 1950 йилнинг бошларида Шанхайга борсам, ҳамма тижорат шарқий туркистонликка қолиб, бошқа чет элликлар қолмабди. Онда-сонда сиёсий қочоқлар ҳам бор экан. Бир куни мен ётган Додунг панданга(Меҳмонхонанинг оти бўлиши керак.) Бежинга вакил бўлиб борганлардан бир қанчаси мени излаб келишди. Булар гулжалик Маҳмуд охун халфат, боласи Абдулло махсум ва Урумчидан машҳур Абдулқодир домланинг боласи Абдулазиз махсумлар экан. Бу икки махсум бир-бирини ёмон кўрар эканлар. Шундоқки, Абдулло махсум “Соронгнинг(Соронг (уйғурча) - аҳмоқ, тентак.) сўзига қулоқ солманг деб менга ишора қилди. Абдулазиз махсумни ғояси бўлак одам, яъни ватанпарвар деб эшитганман. Кейин аҳвол сўраб: “Қаёқдан?” десам, Абдулазиз махсум бошидаги шапкани кўрсатиб: “Биз халқ қаёққа борсак, мана шундоқ мода кийиб қайтамиз, буни Можусий(Яъни,Маоцзедун(Мовзудун,Можуши)ХитойКомпартиясининг раиси.) кийдирди, деб кулиб кўйди. Булар билан тибетликлар ҳам борган экан. Уларга ҳам Можусий мода кийдириб юборибдур. Шундан кейин мен кўп ўйланиб ўтириб,бу иттифоқсизлик балосидан бизларнинг халқимиз қачон қутуладур деб, ўйимга етолмай, яна ўз ишим билан бўлиб кетдим. Ғоя бирлиги бўлмаса, ҳеч бир миллатга озодлик йўқ экан. Демак, икки мазлум иттифоқ бўлмаса, озодлик йўқ экан, у замон Шарқий Туркистон қандай қилиб озод бўлсин, деган хулосага келдим. Шунинг билан коммунист хитойлар Шанхайда, умуман Хитойда тижоратдан фойдаланиб, савдогорларга кенгйўл бериб, бутун халқни шу билан овора қилиб, ўзларини чингитиб олди. Сўнгра “синфий кураш” деган балонй бошлаб, ҳар куни одамларни тутиб-қамаб, баъзиларини қон қарзи бор деб, намойишкорона ота бошлади. Аммо маккор хитой “шинжонликми?” деб, сийлагандай, майда-чуйдада анча-мунча имтиёзлар бериб, чўчитмай турди. Бир пайт ишни битириб молларни Урумчига солиб, Ланжуга келсак, у ерда аҳвол Шанхайдан анча ёмон экан. Ланжудан юрамиз деб турсак, Ғулжадан келганлардан Шомуҳит деган мени биладиган одам мени кўришиб: “Сиз юртга чиқмай туринг, у ерда ҳам қама-қама бошланиб қолди”, деб хабар берди. Шунинг билан мен қолиб, одамим Бурҳонали Урумчига чиқди. Отамизни олиб қочгандан кейин биринчи бўлиб Олтойда Ўсмон ботир “Алихонтўрани топасан” деб бош кўтарди. Чунки, отамиз билан ғояси бир эди. Бу хусусда отамизнинг олдига 1945 йил апрель ойларида Ўсмон ботир Ғулжага элчи қилиб ўзининг ишонган одамлари Ҳанафия, Шамши деган кишиларни юбориб, улар отамизнинг олдида икки ойдан ортиқ туриб бутун ички-сиртқи ишлар билан танишиб, отамиз билан Ўсмон ботирнинг мақсадлари бир эканлигига аниқ ишониб, ўз юртларига қайтгандилар. Шу вақтларда совет консули ўзининг хиёнаткорона қилмишлари натижасида юзага келган қарама-қаршиликлар орқасида отамизни ўғирлаб йўқ қилмоқчи эди. Аммо Ўсмон ботир бошлиқ Олтой халқининг қаттиқ туриб талаб қилгани консул бошлиқ коммунизмчиларнингўйлаганидек бўлмади. Яна Шарқий Туркистон ғоясига мурожаат қилишга мажбур бўлдилар. Бу ўринда акам марҳумнинг хотираларига мурожат қиламиз: “14-июнда Ғулжадан Қосимжон Қамбарий ва жанублик бир қанча охунлар Ҳакимбекдан қочиб Шихўга келишди. Дадамларнинг воқеаларини шулардан эшитдик. 15-куни йўл очилди. Ярим кечада чегарадан уларни ўтказиб юбордим. 17-да биринчи бўлиб Аҳмад афандилар Урумчидан ўтди. Менга анча кўнгил айтиб, Ғулжага бормай туринг, нодон одамлар кўп. Мен сизга ёрдам қиламан. Имконият бўлса, қайтишимда Асилхонни Урумчига олиб кетаман. Энди хитойлар билан бирга ишлашга тўғри келади. Ҳарбий таъминотни қийинчиликлари бўлса, бевосита менга хабар берасиз, деган сўзларни айтди. Шул вақтдаги битимга биноан қисмлар Урумчи орқали таъминланиши лозим эди. 1946 йил 25-июнда генерал Исҳоқбек Тошқўрғонда эдим деб, Шихўга келди. Менга дадамлар тўғрисида илиқ сўзлар айтиб, сўнгра Олтойга бирга боришимни таклиф қилди. “Йўлда Қубуқ Саврдаги Шарифхонтўранинг овулида Қуръон ўқиймиз. Икки дона ёмбу топинг” деди. Йўлга чиқдик. Йўлда бир малла иблис(Сонет (рус) жосуси дейилмоқчи.) қўшилди. Қубуққа бориб, Қубуқ отлиқ полк командири Юсуфхондан икки дона сўқим бия, икки дона туя олиб, қозоқлар расми бўйича от чопиб, “боврим-боврим” деб, ёлғон йиғи қилиб, фотиҳа қилиб, Қуръон ўқилди. Шарифхон тўрани дубан қамаб ўлдириб юборган. Сўнгра иблислар авраб, Шарифхоннинг иниси Закий-хонни олиб, Олтойга бордик. Советларнинг Олтой консулхонаси икки марта Олтой қозоқларининг нуфузли кишиларини чақириб зиёфат бериб, инъом ва эҳсонлар қилди. Ундан кейин Исҳоқбек катта зиёфат қилиб, Далилхонга генерал, Закийхонга полковник унвонларини бериб, ҳарбий кийимлар кийгизди. Бошқа қозоқ хизматчиларини ҳам Шарқий Туркистон ҳукумати номидан мукофатлади. Мазкур зиёфатга Ўсмон ботирни олиб келишга кўп уриниб, унинг учун шофёри билан енгил машина ва бошқа бир қанча тортуқ-тарағайлар тайёрлади. Аммо келмади. Шундан кейин генерал Исҳоқбек менга “Ўсмон ботирга бормоқчимиз, сиз ҳам борасиз”, деди. Лекин кетадиган вақтида айниб қолди. Мен боролмадим. Қайтиб келиб сизни бекор қолдириб кетган эканмиз, Ўсмон сиз билан сўзлашмоқчи экан”, деди. Ана шу вақтларда олтойлик Жонимхон ҳожи, Ходи вонг ва Латиф дегаи қабила бошлиқларини Урумчига олиб бориб олган эканлар. Улар Олтой билан алоқа қилиб турар экан. Ўсмон ботир Олтой волийси бўлса ҳам, атрофдаги Далилхонга ўхшаганларга ишонмай, ўз ишонганлари билан тоққа чиқиб олган экан. “Алихонтўрани олиб келипти. Биз сизларга ишона олмаймиз, деб Исҳоқбекка унча яхши муомала қилмабди. Бунинг устига буларнинг ота-боболаридан қолган Кўк-тўқай-Чингил деган жойлардан жуда кўп совет кончилари ер ости бойликларини неча юзлаган машиналар билан шошилинч таший бошлади. Шу вақтларда Олтойда Далилхонга қарашли икки отлиқ қозоқ полки бўлиб, бири Сарисумбанинг ўзида, бири Кўктўқай-Чингилда турар эди. Ўсмон, Кўктўқай-Чингилдаги советлилардан бир қанчаларини ўлдириб, Олтой шаҳрига йўл оладур. Бунга уч вилоятга қарашли қисмлар қарши турмай, қўшилиб кетганлар. Кўктўқай-Чингилдаги қисмларнинг офицерларидан бир қисми бўлиниб, Қизил Мўнғулия чегарасига қочиб ўтади. Шаҳардан генерал Далилхон бир оз офицерлари билан ёйдоқ отларга миниб, сўқмоқ йўллар билан қочиб, Зайсан чегараси билан совет тупроғига ўтиб туриб қолади. Штабда турган генерал Полинов ва Можаровлар ва бир қанча совет маслаҳатчилари Олтой консулхонасига кириб бекинадилар. Шул пайтларда Қубуқда турган Юсуфхоннинг отлиқ полкларини Ўсмон ботирга қарши жангга солишади. Улар Ғулжа Тарбағатай қозоқларидан иборат полклар эди. Уларни ҳам бир қисми Ўсмон ботирга қўшилиб, қолгани Қубуққа чекинади. Тарбағатай Чўчакда турган Алиев қўмондасидаги уйғур полки Олтойга йўл олиб, йўл-йўлакай бегуноҳ қозоқ-лардан кўпини отиб ўлдириб, Қубуққа келишади. У ердаги чекиниб келган қозоқ қисмлари билан ўрталари бузилади. Алиевга қўшилишга буйруқ бўлган бўлса ҳам қозоқ қисмлари бўйсунмайдур. Иртишдан ўтадургон сим кемалар Ўсмоннинг одамлари қўлига ўтиб эгаллаб оладурлар ва Қубук чегарасига қадар келиб қоладилар. Олтойда Ўсмон ботир ҳокимият қўриқларди. Бир қанча киши отлар қуйруғига боғлаб ўлдирилади. Аскарлар яна айланиб Бахти чегарасидан Чўчакка ўта-дилар. Шу шаҳарда тўпланиб, советнинг ёрдамида яна қайтарма ҳужум бошланиб, Усмонни уч вилоят чегарасидан чиқариб ташланади. Иблисларнинг, яъни совет ваҳшийларининг бу қилган ёвузликлари билан бир қанча минглаган бегуноҳ қонлар тўкилиб, Олтойнинг тинч халқи вайрон бўлиб, бутун вилоят очарчилик ва юқумлик касалга мубтало бўлди. Яна бу босқинчи ваҳшийлар минглаган машиналар билан ўлжа қилиб жонли-жонсиз молларни, ер ости бойликларини кечаю кундуз таший бошлади. Мана шу билан Ўсмон уч вилоят чегарасидан ўтиб, Гўби чўлига чекинди. Шуни ҳам билмак керакки, Ўсмон ботир Шарқий Туркистоннинг озодлик ҳаракати бошланган 1930 йиллардан олдин ҳам Олтойда хитой босқинчиларига қарши курашиб келган. Ўша даврлардан бери ўрисга ҳам, хитойга ҳам таслим бўлмаган. Ҳақиқий ватанпарварлардан эди. Энг охири ўзимиздан ва қизил мўнғуллардан, шарқдан хитой аскари бўлиб, неча юз минг аскар билан ўралган Ўсмон ботир ўровни бузиб ўтишда яраланган. Шу билан 1951 йил ёз ойларида Урумчида қатл этилди. Худо раҳмат қилсин. Уни ҳеч қачон Шарқий Туркистон халқлари унутмайдур. Хотираси мангу тарихи-мизда қолажак! Авлодимиз учун! Шарқий Туркистоннинг уч вилояти, яъни Ғулжа, Чўчак ва Тарбоғотой-Олтой, булар ўлканинг шимолида жойлашган. Асосий халқи қозоқ, уйғур бўлиб, буларнинг хўжалигида чорвачилик биринчи ўриндадир. Уч вилоят инқилобида Ғулжа вилояти марказ бўлиб, қолган вилоятларда волийлар Чўчакда - Бошвой, ОлтойдаЎсмон ботир бўлган. Марказий уч вилоят ғарбий Туркистон (яъни, Марказий Осиё) билан бевосита чегарадош. Олтой вилоятининг шимол тарафи Қизил Мўнғўлия билан чегара. Буларда тўрт миллион халқ яшайдур. Шу жумладан, Чўчак атрофида, яъни Қубуқ тарафда оз тўла қалмоқлар бор. Ва Дулбуржун деган ноҳияда эски қирғиз уруғидан озроқ бордир. Ғулжа қозоқлари қизай уруғидан. Олтой қозоқлари керай уруғидан. Шиху атрофлари ҳам шулардан. Олтойдан келган чўчакқизай Ўрта юздан. Булар 1300-ҳижрийда (милодий 1882 й. -ред.) Ўрта жуз қозоқларидан уч бўлис қизай эди, тамоман Хитойга кетдилар. Қайси уруғдан бўлмасун, ҳаммаси бир турк болаларидир”. Совет маккорлари системаси бўйича Шарқий Туркистон озодлик инқилобини хитой коммунистларига совға қилишда энди ўз одамлари ҳам ортиқча бўлиб қолди. Шунинг учун 1948 йил ёз ойларида Урумчидан ком-мунизмчилар Ғулжага қайтиб келиб, Ёшлар иттифоқи қуришга киришиб, бунга Аҳмад афанди бошлиқ, Абдука-рим ва Сайфиддинлар муовин бўлиб, яна коммунизмга ишониб алданишганини билмадилар. Аммо Абдукарим сеза бошлаганди. Бир куни у менга деди: “Дўстим, бекорга ўлиб кетадургонга ўхшаймиз, шунинг учун бу йил ёзда яйловга бир жойга чиқсак. Мен бу йил Кўксолога бола-чақалар билан яйловга чиқаман”, деганда “Мен ҳам бу йил шуёққа чиқаман”, деб ваъдалашдим. Аммо 1949 йили [ёзда чиқиладиган] яйловга эмас, абадий яйловга кетди. Худо раҳмат қилсун. Юқоридаги айтганлари Абдукаримнинг охирги армон билан айтган юрак сўзи экан, буни кейин билдим...(Аҳмаджон Қосимий бошлиқ, ичида Абдукарим Аббос ҳам бўлган Шарқий Туркистон ҳукумати вакиллари 1949 й. августи охирида Пекинга боришдан аввал негадир СССРга учадилар. Иркутскда гўё ҳаво ҳалокати бўлади, бундан ҳеч ким тирик қолмайди. Ташкил қилинганлиги аниқ бу сирли фожиа ҳанузгача махфий тутиб келинмоқда.) Шу вақтларда Урумчида у ёқ-бу ёқда қочиб юрганлардан ҳар соҳанинг одамлари бўлиб, баъзилари зиёлилардан эди. Буларни ҳам совет маккорлари ҳаммага ёмон кўрсатиб халқдан ажратиб қўйибди. Битим вақтида советдан ўтган қанча ўз одамларини эса матбуот соҳасига ўрнаштирган. лардан Ҳилам Худойберди ва бошқалар эди. Булар Урумчида бутун матбуотни эгаллаб, хитой коммунистлари келгунча совет ғоясини ёйиб, охири, хизматларини Хитойга топшириб бериб, Союз (яъни, СССР) га чиқиб, Тошкентда чўнг ўринларда яна Шарқий Туркистоннинг зарарига радио орқали ташвиқот қилиб келган. Бу соҳанинг сотқин одамлари - уйгур, ўзбек бўлсин - ҳали ҳам қизил жаҳонгир КГБсининг одамларидир, булар ҳеч қандай ватанга мансуб эмаслар. 1949 йил хитой коммунистларига ўрис коммунистлари ўринларини топширишда баъзи бир ўзида ватан ҳисси борлар орасида норозиликлар келиб чиқди. Масалан, Ғулжа шаҳри гарнизонидан Раҳмонов, Текас қозоқ полкидан Идрис, Тўққизторо ҳарбийларидан Малик ҳожилар. Аммо булар бирика олмадилар. Ваҳоланки, ўрис билан хитой бирлашиб, қаерда инқилобий ҳаракат бор деб гумон қилса, шу ернинг халқини отиб-чопиб йўқ қилди. Жумладан, Идрис сарибулоқлик қозоқ, ана шунинг учун ўша ерлик бир қанча одамлар отиб йўқ қилинди. Отилганлардан Суйдун-Сарибулоқ ҳоким муовини Довудхон оқолоқчи ва ҳам Шарқий Туркистон давлат текширувчисининг муовини Муқон ва ҳам Сарибулоқдан бир қанча бегуноҳ ёшқариларни бир оғиз сўз сўрамай уйларида отиб ўлдирган. Бу бераҳм хитой коммунистларининг шу вақтдаги Шарқий Туркистонга чиққан одами Мовзудуннинг энг ишонган каллакесар жаллодларидан бўлган Бонгжин деган ваҳший эди. Ана шу вақтларда, яъни 1949-1950 йилларда бу ваҳший яна бир туҳмат уюштириб, “пантуркист”, “панисломист” деб бир қанча бегуноҳ одамларни отиб-чопиб, қамаб ташлади. Жумладан, Маҳкамбойни - совет хукуматининг душмани, Масъуд афандининг Йилдирим деган’ боласини пантуркист деб, Иброҳим оқмўйлов, Қурбон тактак, Ҳасанбек, Одилбек, Абдуллажон иўғай ва бир қанча эътиборли одамларии халққа даҳшат солиш учун Олтинлуқ мозор деган Ғулжанинг шимол тарафидаги кенг майдонга келтириб, бугун Ғулжа аҳолисини ҳам шу ерга мажбурий йиғиб, ҳамманинг кўз олдида кўпчилигини отув билан қатл қилади. Булардан Одилбекни икки йилдан кейин-отадур. Ҳасанбекни абадий турмага ҳукм қилади. Бу маккор шу жиноятларни Анвар Жакулин деган Қозоқ [автоном] области бошлиғининг номидан қилди. 1951 йил куз ойларида Раҳмоновни ва унинг қишлоғи Қайноқдан ва ҳам Турфонйезидан бир қанча бегуноҳ одамларни Ғулжада Вонг Қодир боғи (кейин Шарқий Туркистон вақтида Туғ майдони бўлган ер) га бутун халқни йиғиб, қатл қилди. Атрофларини танк, пулемётлар билан ўраб туриб, Раҳмоновни отиш учун майдонга олиб келганда у баланд овоз билан: “Мен ўлсам озодлик учун майдонимда жон бераман, бу ваҳшийлар...” деб бақирганда Раҳмоновнинг сочидан тортиб оғзини ёпишга уринганида, бунга осилган жаллодларнинг юзига қа-раб туфурди. Шунинг билан бу ботирни аранг итариб бориб, майдоннинг ўртасида отиб ташлади. Аммо у халқда жуда катта таассурот қолдирди. Бу ваҳшийлар шу майдонда Раҳмоновнинг хотини 25 ёшлик Саодатни, оғироёқлигига қарамай, 12 йилга ҳукм қилди. Аммо аёл ҳам мардоналарча, ўзини йўқотмай, бу ваҳшийларга тик қараб, нафрат туйғусини билдириб, мағрур турар эди. У инқилобнинг биринчи кунлариданоқ Ҳошир Воҳиднинг синглиси Ризвонгул билан ҳамширалар сафида неча йўл жангга кирган. Бунда ярадор аскарларга ёрдам бера туриб, Ризвонгул шаҳид бўладур. Саодат эса елкасидан яраланиб, Шарқий Туркистон ҳукумати номидан “Фидойилик медали” билан тақдирланади. Мен Саодатни отамизни излаб Оқсувга борганимда кўрганман. Унинг дадаси Шокиржон ўзбеклардан экан. Ва ҳам ғулжалик савдогарлар билан алоқаси яхши бўлиб, уйда кўкчучвара қилиб чиқариб турар эди. Шокиржон ака оиласи Ғулжага чиққандан кейин қизи Саодат Шарқий Туркистон инқилоби даврида Раҳмонов билан турмуш қуради. Ана шу 1949-1950 йилларда ҳисобсиз бегуноҳ одамлар отилиб-чопилиб йўқ бўлди. Мен эсда қолганларини ёзмоқдаман. Улардан кейин полковник Абдулғафур, Собирҳожиев ва бошқаларни майдонда эмас, турмаларда отиб йўқ қилди. Ғулжа ноҳияларидан Текасда Мади оқолоқчи, Қурбонжон, Муҳаммадниёзларни ва бошқа кўзга кўринганларни тирик қўймади. Муқиржирғолондан ДорубойоқолоқчинингинисиЖонпўлатларбиланбиргабир қанча яхши одамлар отилди. Кунас, Қош, Бўритололардан ҳисобсиз одамлар отиб йўқ қилинди. Суйдун, Курадан Абобакри соқчи бошлиғи, Тўқсунбойнинг иниси Муҳаммад ҳожи, Чилпанза ҳокими Маҳмуд ҳожилар - буларни ҳам сўроқсиз отиб юборди. Ғулжа қишлоқларидан Жилаезидан Маъсум шонгйўни, Турсун полвон болаларидан Аҳмаджон ва бошқалар, Или дарёси жанубига ўз вақтида чегара соқчилигига чиққан Манжу Қабиласининг Шибо уруғидан Олтисумул ҳоким муовини Чин бахши ва бошқа яхши одамларни отиб йўқ қилди... Бу ваҳшийлар зўрликка суяниб, ёлғонга асосланган йўлини яна ишга солиб, шу йили Ичкари Хитой Бежиндан Мовзудуннинг ўнг қўл маслаҳатчиларидан фалонилар келди. Мақсадлари - “дил сўзлари”ни бутун халққа изҳор қилиш. Шунинг учун “уйғур, қозоқ, қирғиз клубига ҳаммани таклиф этамиз” деб, бу иблислар халқни йиғди. Борсак, клубнинг олдинги ўринларида Халфат ҳазрат бошлиқ бутун диндорларни қамоқдан чиқариб, саллаларини ўратиб, штирғизиб қўйибди. Буни кўриб бутун халқ ўзини озод бўлгандай сезди. Шунинг билан саҳнага бир-икки хитой чиқиб, ўзларининг Бежиндан келганини айтиб: бизлар бу ерларда тўғри-нотўғри ишларни текшириб, адолатқиламиз деган сўзлар билан мисоли осмондан ерга тушгандай бу ишлардан ўзларини бехабар эканликларини минг бир макр билан билдирган бўлдилар. Бу ёлғончи-виждонсизлардан бири шундай деди: “Мен келиб суриштирсам, бу ернинг халқининг 99 фоизи ислом динига итоат қилар эканлар. Шундай бўлгандан кейин булар “панислом” бўлмай, нима бўладурлар?” Бу алпозда ўзларини оқлаб, одамларнинг нафрат туйғуларини бошқаларга ағдариш учун халққа ёқадиган сўзлар билан жон куйдириб бир соат гапириб, яна шундай деди: “Бу сўлчи гуруҳларнинг қилган ишлари бизларнинг йўлимизга тўғри келмайди, шунинг учун булар ҳали ҳукумат олдида жавоб берадурлар” деганда, залда ўтирганлар ўринларидан қимирлаб, бир-бирларига маънодор қарашиб, биз бечора халқ “қутқазувчиларимиз келди” дегандай эзгу умид ва яхшиликларни ўйлаб, мисоли дунёга янги келгандай, хурсандлик билан тарқашдик. Бу иблислар алдов соҳасида устозларидан ўтиб, ҳақиқий шайтонга айланган экан. Мана шу вақтларда яна совет гражданлигига ёза бошлади ва ҳам чегарадан ўтиш учун ўзи йўл бериб ўтказиб турди. Бунга норози бўлган Хитой хукуматини ишонтириш учун ўтказган қурбонини тўплаб туриб, неча юз кишини қайтариб тутиб берди. Кейинроқ эса [1962 йилда] советяна бир хоинлик қилиб, халқларни ўз фойдаси учун намойишлар қилдириб, улар тўпланиб обкомга(Хитой компартияси вилоят комитети (русча қисқартма)) борганда, хитойлар пулемётлардан ўққатутиб, неча минг одамни ўлдирди. Бу ўликларни кечаси билан беш-ўнтасини бир қилиб сим билан боғлаб, Или дарёсига ташлади. Мана шундай катта жиноятнинг исини чиқармай, бости-бости қилди. Бу воқеа май ойида бўлган. Шунинг учун буни “29-май фожиаси” дейиладур. Хитой коммунистлари 1950 йилларгача отиб-чопиб, сўнгра яна халқни алдаш учун “ихтиёрингизга кўра тижорат қилинглар” деб ўзлари шароитлар яратиб, қўйиб юборди. Шундин кейин бутун халқ пул топиш учун, ҳеч нарсани ўйламай, ҳар қаёққа югурди. Мана шу жараёнда коммунистлар мавқеларини чингитиб олди. Халқ кечаю-кундуз демай, чумолидай ишлаб, мол тўплаб, иқтисодни бойитди. Кейин яна ёлғонни ишга солиб, уни “Учга қарши”, буни “Бешга қарши”(Идеологик компанияларининг оти.), деб 1953 йил халқни бир-бирига сотиб, бутун мол-дунёсини йиғиб олди. Мана шу вақтда ҳам кўп одамлар зулм-туҳматларга чидамай, ўзларини ўлдирдилар. Қолганини хитой ўлдирди. Жумладан, Ғулжа вилоятинингКунасноҳиясидатемирчиқадиган“Темирлик” деган конга савдогарлардан зўрлик билан бир-икки минг кишини олиб бориб, ишга солиб турганда кон босиб, ҳаммаси тош тагида қолиб кетди. Мана шундай воқеалар кўмир конида ҳам, мис конида ҳам бўлиб, бу зулм билан қанча одамлар ер тегида қолиб кетди. Темир кон босганда ҳаммага маълум бўлиб кетгандан кейин, ўзларича адолат қилиб, ҳар бир тош тагида қолганларнинг оилаларига олти юван(Юван (юань) - Хитой пул бирлиги.)дан пул берди. Бу ифлос, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар қилган коммунист хитойлар, бир одамни бир пул баҳолаб, Шарқий Туркистонни босиб олган. Яна бир фожиа: 1952 йил болаларимни операция қилдириш баҳонаси билан Танзин (Танжин) шаҳрига борган эдим. Ва ҳам йўл топсам, бошқа юртга-мамлакатга кетиш-ни ҳам ният қилиб юрганман. Чунки совет консули граждан эмассан деб, ҳар хил баҳоналар билан менга йўл бермай турган. Шундай қилиб, касал қаратиб Танзинда бир йилдан кўпроқ туриб қолдим. Ўшанда юртдошлар билан бир жойда ўтирсак, Азиз қори деган юртдошимиз қўлида “Шинжон газетаси” билан келиб: “Мана бу газетага ёзган мақолага қулоқ солинглар, буни Сайфиддин(Ўша вақтларда маҳаллий коммунистларнинг қўғирчоқ раҳбари Саифиддин Азизий.) деган гўй ёзибди”, деб ўқий бошлади. Шундоқки, “Шинжон халқи ассимиляция бўлиб кетадур деб, ўзларича қайғуриб юрган баъзи бир бузуқ унсурлар бор. Ассимиляция бўлса нима бўпти? Марксизмда миллат деган нарса йўқ. Бу тўғрида Ленин, Сталин бундай деган, Можуши (Мао - ред.) ҳам андоқ деган” каби сўзлар билан бутун бир газетани тўлдириб ёзибдур. Шунда юртдошлар буни юқоридан буйруқ қилиб ёздирган деса, баъзилари эса йўқ, ўз мансабини сақлаб қолиш учун бу ватан хоини ўзи ташаббус қилиб ёзган деб, кўп қайғулар билан тарқашдик. Илгари Хитойга хизмат қилган хоинларга “вонг” деган мансаб бериб, уларни ишга солган. Бу имонсизларга нима берса берсун, барибир лаънат бўлсун! Улар “Ватанни суймак имондандур” деган муборак ҳадис шарифга тескари бўлганлари учун “имонсизларнинг бошлиғи” деган ном билан келажак авлодлар эсидан жой олди.
Виждонсизда инсоний бир туйғу бўлмас, Бундайларда ватан, миллат ҳисси бўлмас, Душманларга бундан ортиқ ёрдам бўлмас. Ватан учун қўрқинч бало - имонсизлар.
Советлар отамизни 1946 йил 13-июндаалдаб олибчиқиб, йўқ қилмоқчи эди. Аммо буни Тангри Таъоло хоҳламади. Шундоқки, совет консули отамиз олиб қочилганларидан кейин бош котиб Абдурауф махсум ва Муҳаммаджон махсумларга “Энди Алихон йўқ бўлди. Қолганларинг сиёсатга қаранглар дегандай қилиб уқтирадур. Абдурауф махсум менга бу сўзнинг учини чиқарган эди, аммо ундай бўлмади. Чунки, Олтойдан чиққан янги ҳаракат отамизга бўлган муносабатни ўзгартириб, уларни сақлашга мажбур қолган. СССРга чет элдан сургунга келтирилган сиёсий раҳбарларнинг турадиган жойи - Тошкент шаҳрининг четидаги Дўрмон боғида назарбанд қилиб, “Эрондан келган арбоб” деб ва шу каби сўзлар тарқатиб, атрофга соқчи аскарлар қўйиб, ҳеч кимни яқинлаштирмай сақлаб турган. Шундай бўлса ҳам, Ўзбекистон КГБсига ишонмай, Москвадан Учеваткин деган махсус мухтор вакил келиб, Ўзбекистон Марказий Комитетига келиб ўрнаб, мана шу шахс орқали Москва назорат қилиб турган.
“Ва макару ва макаруллоҳ, валлоҳу ҳайрул мокирин”, Ҳар не дерса бўлғусидир, ул Қодирул-қодирин. Ҳеч унутма, ҳақни билган, ҳақ йўлининг раҳбари, Бил Муҳаммад Мустофодур, оламларнинг сарвари.
Алихонтўра Соғунийнинг "Туркистон қайғуси" китобидан
|