Ташкилий равишда ўз олдига очиқ бир мақсадни қўйиб бир ерга суянган ҳолда кўтарилмаган кўзғолончиларда албатта шундай кўнгилсиз ишларнинг бўлиши табиийдир.
Шунинг учун Кўна Турфон аъламохуни Момут охун, Ҳалим ҳожилар бошлиқ бир неча обрўйлик одамлар мусулмонлар томонидан элчи бўлишиб, Шарқий Туркистонга чеқдош Гансу ўлкасининг ҳокими, хитой мусулмонларининг энг улуғ раисларидан Хужу Солор волийси Мобуфонг жанобларидан ёрдам сўрашиб борадилар. Шундоқким, сизлар билан бизлар ҳаммамиз бир мусулмондурмиз, кофирлар қилган жабр-зулмларига сизлардан ёрдам сўраб келдик. Қуръон ҳукмича бутун мусулмонлар дин қардош, бир тан-бир жон бўлганликдан ҳар тўғрида, айниқса, босқинчи кофирлар зулмидан қутқариш учун бир-бирларига ёрдам етказишлик шариатда фарз бўлмишдир. Агар бизга ёрдам бериб шу босқинчилардан кутулар эканмиз, албатта, келгусида сизга байъат(Ишониб бўйсуниш ваъдаси (арабча).) берамиз деб ваъда бердилар. Булар сўзини англагач, ўзаро кенгаш ўтказган сўнгида ўз иниси ёки акасининг ўғли йигирма беш-ўттиз ёшдан ўтмаган йигит Гў (Го) силинг(Генерал, юқори мартабали қўмондон, офицер (хитойча).) отлиқ жияни қўмондасида тўрт-беш минг аскар чиқаришга тўхтам қилди. Бу қаҳрамон қўмондон оз бўлса ҳам Япония ҳарбий мактабида тарбият топганликдан бутун аскарини энг сўнгги япон ҳарбий тизимида тайёрламиш эди. Унинг устига бу аскар қўшини эса хитой мусулмонлари ичида диндорлик ва қаҳрамонликда атоғи чиққан хужу, солор дунганларининг фидойи йигитларидан қурилмиш эди ва ҳам ўзларининг бу сафарларини диний жиҳод, деб ишонганликлари учун диний олимлар, бутун мусулмонлар томонидан бу қаҳрамон аскарларга “Худо йўлида жонфидолар” номи берилмиш эди. Шунга белги бўлсин, деб катта қилиб ўчмас сиёҳ билан ҳар бир аскарнинг кўкраги устига арабча “Фи сабилиллоҳ” (“Худо йўлида”) деган сўз ёзилмиш эди. Бу қаҳрамонлар руҳоний, диний томонларидан қандай чинғитилиб, тўлиқланган бўлсалар, жисмоний томонлари ҳам шу каби тарбият топиб чинғитилмиш эди. Манжурия майдони бўйлаб японларга қарши қўйилган Чанкайши аскарлари кўп жойларда японлардан мағлубиятга учраб чекинмиш эдилар. Лекин Ислом номусини сақлаган ёлғиз шу қаҳрамон бир неча ўринларда қарши душманлари японларга қаттиқ зарба бериб, шонлик ғалаба қозонмиш эди. Мана шундоқ кўтарилган руҳ билан турган бу қаҳрамонга Мобуфонг жанобларидан фармон бўлгач, зулм кўрган Шарқий Туркистондаги дин қардошлари ёрдамига чиқмишдур. Элчилар бошлиғи Турфон аълам охуним, Ҳалим ҳожимлар қоловузлиги билан саккиз кунлик узун узоқ Шиншишо қисиғидан ўтиб биринчи қўнолғулик кенг майдондан кесиб ўтар чоғда бу ишдан хабар топиб қаршида кутиб турган Шинг дубан аскарларининг қораси кўрина бошламишдур. Ўзларини Оллоҳ аскари ҳисоблаган бу жонфидо қаҳрамонлар олдида Шинг дубан аскарлари ҳеч қандай қаршилик қилолмасдан биринчи тўқинишдаёқ орқага чекиниб, бош оломон қоча бошладилар. Шу каби қаттиқ зарба еб мағлубиятга учраб қочган хитой аскарлари Қумулдан ўтиб Гучунга келгунча бирор жойда қарши туролмадилар. Қочган душманни ўз йўлида қувиб Қумулга кириш ва ҳам Хўжаниёз билан кўришиб, у билан иттифоқ тузиш энг зарур бўлганликдан Қумулга кирмиш эди. Эшитишимизча, иккови кўришиб асл мақсад айтилган сўнгида бирлик-иттифоқликтузишганлар. Ваъда бузилмаслиги учун қасам ичишиб Қуръон кўтармиш эканлар. Лекин Гў силингнинг бу қадар интизомлик аскари замонавий қуроллар билан тайёрланиб тўсатдан чиқиб қолиши Кремлни анча ташвишга туширмиш эди. Айниқса, бу икки қўмондоннинг иттифоқлари бутун мусулмонларнинг Ислом йўлида қўзғолишларидан буларга айримча қўрқинч туғилмиш эди. Шунга кўра бу алдамчи маккорлар бутун кучларини сафарбарликка келтириб, бунга қарши чора кўришга киришдилар. Буларнинг энг биринчи қилар ишлари эса мусулмонларни қайси йўл билан бўлса ҳам бирлик-иттифоқлигини бузиб, бу икки қора ботирни бир-бирига қарама-қарши қўйиш эди. Ҳар икки томоннинг қора нодонлигидан фойдаланиб, кўп қийинчилик кўрмасданоқ бу мақсадларига тездан эриша олдилар. Шундоқки, Ислом руҳида қўшилган бирлик-иттифоқ-лик орқалик икки қўмондон қўл остидаги мусулмон аскарлари Қумулдан чиқиб, Урумчидан уч-тўрт кунлик шарқ томонда бўлган сафиллик Гучунг шаҳрини келиб қамал қилдилар. Қалъа бузар қуроллари, тўплари бўлмаса ҳам сафил устига етгудек қилиб бир-икки юз чамали шоти-нарвон тайёрламиш эдилар. Оз бўлса ҳам Ислом руҳида тарбият топган, шаҳидлик ишқида ўлимни ўйламаган жонфидо мусулмон аскарлари, иш кўрган қаҳрамон Гў силинг кўмондасидаги дунган аскарлари бошлиқ кўпчилик оломонлар “Оллоҳу акбар” садосини кўкка кўтариб душман қалъасига ёпишгали турдилар. Қалъа устидаги душман аскарлари тарафидан отилган тўп-тўфангларга, улар томонидан кўрсатилган ҳар турлик қаршиликларга қарамай тўрт-беш соатлик қаттиқ жанг сўнггида Гучунг шаҳрини олдилар. Ўз вақтига кўра қўзғолончи мусулмонларнинг бу каби улуғ ғалаба қозонишлари ўлка бўйлаб яшаган ерлик халқнинг руҳини анча кўтарди. Бунинг устига бу икки қўмондон Гў силинг, Хўжаниёз қаҳрамонлиги эл оғзида достон бўлиб, душман кўзини анчагина қўрқитмиш эди. Ҳақиқатда эса бу урушда иш кўрсатиб энг қаҳрамонлик қилганлар низомий аскарлар бошлиги Гў силинг ва ҳам унинг иниси Шу силинг бўлиб, булар фармонидаги фидойи дунган аскарлари эди. Илгаридан бери бу ерда сақланиб келган эски қурол-яроғ, уруш ускуналари ва ҳам жонгжунг ҳукумати қисилиб қолган вақтда Советдан олган янги қуроллардан эскилик-янгилик бўлиб йигирма беш мингдан ортиқроқ курол-яроқўлжа олинмиш эди. Замонавий урушларда эса кўпинча ҳужумчи аскарлардан ортиқроқ чиқим бўлиши табиийдир. Шунга кўра ёғдириб турган ўққа қарамасдан Шу силинг қўмондасида сафил устига ҳужум бошлаган дунган фидойиларидан қўмондонлари бошлиқ кўпгина аскар қурбон бўлмиш эди. Ҳеч нарсага тушунмаган, жаҳолат балчиғига бутунлай ботган Қумул, Турфон қўзғолончилари бошлиғи Хўжаниёз, Момут жужонглар ўзлари қарши урушаётган жонгжунг байроғи остида ва унинг орқасида кимлар мўралаб ётганини қайдин билсинлар? Маккорлар тарафидан атайин ташкил этилган фитначи-иғвочиларнингсўзларигатезданалданиб,Гучунг урушидан олинган ўлжа мол, қурол-жабдуқларни ўртада баробар бўлмади. Эскиларини қолдириб, янгиларни ўзлари олишди, деган фитна сўзлар баҳона бўлиб, уйғур ва дунган мусулмонларининг иттифоқлари бузила бошлади. Ҳақиқатда эса болани отадан ажратгудек бузғунчи сеҳрчилар илҳоми билан Хўжаниёз, Момут силинг -буларнинг мияларига мансабпарастлик ўрнатилмиш эди. Бирлик-иттифоқлик устида ичган қасамлари, кўтарган Қуръонлари қаёқларда қолди, унга қараб ҳурматини сақламадилар. Англашимизча, Гў силинг (Мо жуйин) ўртага киши қўйиб, “Улар келсинлар, кўришиб сўзлашайли. Орамиз бузилғудек бизлардин бирор иш ўтгани йўқдир. Атрофимизни кофир душманларимиз бутунлай ўраб турган шундай оғир кунларда, биз, мусулмонлар ўзаро бирлик-иттифоқимизни йўқотсак Қуръон ҳукмини бузиб, ди-нимизга хиёнат қилиб ўз қўлимиз билан ўзимизни ҳалокат чуқурига ташлаган бўламиз”, демишдир. Шу ўхшаш сўзлар билан ораларида қасам ичишиб, Қуръон кўтариб қилишган аҳд-паймонларининг бузилишини эскартиб, буларнинг ортидан қандай ёмон кўнгилсиз ишларнинг келиб чиқишини кўрсатиб чақирса ҳам улар қабул қилмаганлар. Сўз шу ерга етганда ўтмишдаги ҳақиқий Ислом уламоларимиз ўрталарида мунозара майдони бўлган “ҳақиқий имон”, “тақлидий (юзаки) имон” масъаласи кўнглимга келмиш эди. Тақлидий имон Тангри олдида мақбулми ё мақбул эмасми, деган сўз устида тўхталишиб, бу ҳақда кўп баҳс-мунозара қилмиш эдилар. Узун текшарувлардан сўнг тақлидий имон зоҳир шариат олдида дунёлик ҳукмлар учун қабул қилинса ҳам ҳақиқий имон бўлмаганликдан Оллоҳ қошида мақбул эмас, дедилар. Ҳақиқий имонлик одам Худо ва Расулни ўртага қўйиб онт ичиб, Қуръон кўтариб ваъда берган бўлса, бундоғ улуғ аҳдни бошига ўлим қиличи келса бузмайдир. Агар бузар экан, ундоқ одамнинг имони юзаки, ҳали кўнглига кирмаган, тил учида бўлиб, мунофиқлик аломатидир. Агар ҳақлик киши кўнглига киргани рост бўлар экан, ботиллик белгилари ул одамдан албатта йўқолғусидур. Чунки имон нури ёритган кўнгил ичида куфр қоронғусининг туриши, кундуз ёруғи билан кеча қоронғулигининг бирга бўлиши каби имкониятдан ташқари ишдир. Шу бўлган куфр, нифоқ ва жаҳолатлик касофатидан душманларига алданиб, арзимаган-бўлмаган ишлар баҳонаси билан ўзаро бирлик-иттифоқларини буздилар. Шунинг натижасида бўлаётган озодлик, инқилобий ишларга ҳам қаттиқ зарба етмиш эди. Булардан халқнинг кутган тотлик хаёлий умидлари ҳам узилади. Шу воқеадан кейин 1931-1932 йиллари яна уч катта ҳодиса пайдо бўлди. У кунларда мен Ғулжа шаҳрида эдим ва бу ҳақда тўлиқ маълумотим йўқлиги учун ҳар бирини айримча тартиби билан ёзишга имконият бўлмади. Шунинг учун у воқеаларни илгари-кейин бўлса ҳам ёзиб ўтишга мажбур бўлдим. Биринчи, юқорида айтилганича, Совет Русиясининг сиёсати эса Шарқий Туркистон -- Уйғуристонни ҳам Ўрта Осиёдаги Ўзбекистон ва бошқа ясама “...истон”ларга ўхшатиб ўзига кўшиб олмоқчи эди. Бироқ бу ишни юзага чиқариш учун энг аввал узун йиллардан бери давом этиб келаётган хон даврининг қолдиғи жонгжунг ҳукуматини ўртадан кўтариш лозим эди. Шунга кўра, Кремль маккорлари ҳаммадан илгари бу ишни бажариш чорасига киришдилар. Ўз-ўзидан чириб йиқилишга яқинлашган Хитой истибдод ҳукумати эса буларга қаршилик кўрсатиш буён турсин, ўз жонларини қутқариш учун Урумчидаги совет консулхона бўсағасига бош қўйиб омон олмиш эди. У вақтда японларнинг даҳшатлик ҳужумлари остида бутун Манжурия ўлкасидан ажраб, бошқа жойлари таҳдид қилинаётган Чанкайши ҳукумати томонидан ёрдам умиди бутунлай узилмиш эди. Шунинг учун консулхона маккорлари ишлари қулайлашиб, жонгжунг ҳукуматини ўзлари орқалик қочишга мажбур қилдилар. Шундоқки, 1933 йили қатрон қиш совуғи январь ойида Чўчак йўли билан қочиб, Русия орқалик Марказий Хитойга кетди. Бунинг сўнгида Гучунгурушида ғалаба қозонган Гўсилинг Хўжаниёз, Момут силингларни юқорида айтилганича иттифокликка келтиролмагач, Урумчида бўлаётган ўзгаришлардан фойдаланмоқчи бўлиб, марказни қўлга келтириш учун Урумчига ҳужум бошламиш эди, Совет Русия консулхона маккорлари буни кўргач, ишламакда бўлган макр-ҳийлалари бузилиб кетишидан қўрқиб, қаттиқ ҳаяжонга тушмиш эдилар. Чунки, бу ердан жонгжунг қочгандан сўнгра совет консули ёрдами орқалик янгидан ҳукуматни қўлга олган Шинг дубан Гў силинг ҳужумини қайтаргудек кучга эга эмас эди. Шунга кўра ўз мақсадини қўлга келтириш учун марказдан ёрдам сўрагач, яширинча олдиндан тайёрлаб қўйилган чегарада турган совет ҳарбий кучидан керагича киргиздилар. Замонавий қуролланган аскарий кучга одатдагича қуроллик Гў силинг аскарлари қандай қарши турсин? Шундай бўлса ҳам “Фисабилиллоҳ” сўзи ёзилган кафан ўрнида кийган либослик, ботир Гў силинг қўмондасида бўлган фидойи мусулмон аскарлари Урумчиустида айниқса, Санжий, Қутибий қайрағочлигида кучли қуроллик босқинчиларга қарши қирқ кун давомида кўрсатган чидамлик каҳрамонликлари тилларда достон бўлмишдир. Имконият борича куч-қувватларини қўлландиқлари учун Оллоҳ улардан рози бўлғусидур. Сўнгра табиат оламининг қонунига мувофиқ ғалаба сабаблари етишмаганликдан бу қаҳрамонлар энг охир чекинишга мажбур бўлдилар. Шу орада Кура (Ғулжа билан Суйдунг ораси)даги беш-ўн минг хитой аскари қўмондони Жинг шурин(Гарнизон бошлиги (хитойча).) Урумчида жонгжунг ҳукумати қамал остига олинганлигини англагач, ёнбошида мўрал аб пойлаб ётган кучл ик душманидан хабари йўқ, сиёсий кўрлигидан ўз ҳолини чоғламай, жонгжунгга ёрдам қилиш учун беш минг аскар олиб йўлга чиқмиш эди. Дохиёнгза, Жингдан ўтар-ўтмас жонгжунг қочиб, Чўчак орқалик чегарадан ўтиб кетганлигини эшитгач, беш-ўн кун сарсон бўлиб, йўлдан қайтмиш эди. Булар қайтиб келгунча Қўрғос чегарасидаги қизил сеҳрчилар бутун ишларни бажариб, керакли ўринларни нишонлаб қўймиш эдилар. Урумчи, Ғулжа икки ора алоқалари бутунлай узилганликдан Гў силинг аскарлари ғалаба қозониб, Урумчини олмишдур. Бу яқинларда Или ўлкасига ҳам кадами етса керак, деган ҳар турлик ёлғон-яшиқ ташвиқот хабарлари кўпайганликдан, ниятлари Гў силингга ёрдам етказиш бўлса керак, дунганлар ҳар томондан бош кўтаргали турдилар. Совет Русия зулмидан қочиб ўтган ҳар ерлик дунганлар ҳам уларга қўшилдилар. Ҳамма фитна-фасод ишларни уюштириб, ўз сиёсатини ўринлатиш учун ҳар ёқлама ҳийла-макр тўр-тузокдарини торттириб, пайт кутиб ётган Совет Русия ўз мақсадларини тездан қўлга келтириш учун керак асбобларини тайёрламиш эдилар. Шундоқки, кўринишидан Тарбоғатой оқ ўрисларидан ясама беш юз чамалик қизил аскар Урумчидаги жонгжунг ўрнини эгаллаган Шинг дубанни қўллаб-қувватлаш учун Курага келтирилмиш эди. Яна шу қаторда қирқ иккинчи чегара пости орқалик ўтган яширин сонлик қизил аскарлар эса телефон симларини судрашиб, душман қаршисига келаётган ҳарбийлар каби тўлиқ қуролланган ҳолда тайёр турмиш эдилар. Асли кутилган мақсад эса Или ўлкасида биринчи аскарий марказ ўрнини олган Кура қалъасини бузиб, жонгжунг таянчи - аскарбоши Жинг шуринни қўлга тушириш эди. Шунинг учун хитойларча энг кучли ҳисобланган бу қалъанинг шимолий дарвозаси остига яширинча портлағич қўйилган эди. Устида арава юргудек қалинликда бўлган сапил дарвозасини ҳар икки тарафдаги тўпхоналари билан ҳавога кўтариб, парчалаб ташламишдур. Бунинг устига ҳайбат кўрсатиш учун совет Русияси замбаракларидан отилган ўқлар қалъа ичига тушганидан ташқари момақалдироқ каби гуркураган аэроплан Кура шаҳри устидан икки-уч айланмиш эди. Бунга қарши афюнчи хитойлар хон даври қолдиқлари бўлган у кундаги эски қуролларини кўтаришиб, фил олдидаги пашшадек бўлиб, қандай қарши тура олсинлар?! Чунки ҳаёт оламининг қонуни бўйича инсон ишлари бутунлай сабабга боғлиқдир. Буни тўлиғи билан қўлга келтирмаганлар, майли ким бўлсин, уни эгаллаб қўлга келтурганларга бош эгишга мажбур эдилар. Шунга кўра, Жинг шурин кучли душманига қарши туришга ожиз қолгач, ночор, нима қилишини билмай, номардларча жон қутқариш чорасига киришади. 1934 йили январь ойларида ерустини қор қоплаган қаҳратон кунлари, тун қоронғусида мол-мулк, хазина, бола-чақаларини душман қўлига қолдириб, ўз бошини қутқазиш учун Кура қалъасидан Ғулжа томонга қараб қочмишдир. Эрталаб турганимизда карасак, “Ҳой, Жинг шурин кечалаб қочиб лов лашкарлари билан Ғулжанинг шарқий тоғ томонига ўтиб кетмишдир”, деган сўз ҳамманинг оғзида эшитилмакда эди. Душмани олдида бир ҳовуч чиқмаган фидойи аскарларига қўмонда бериб қаҳрамон Гў силинг Шинг дубан отида бўялган кучлик қизил аскарлар қаршисида қирқ-эллик кунлаб қаҳрамонларча чидамлик кўрсатмиш экан, бу номард ифлос хитой эрса бутун Или ўлкаси чегара бўйлаб бош қўмондон атоғини олган, узун йиллардан бери халқ тузини тотиб, ноз-неъматларини еб-ичиб келган ҳолда уч-тўрт кун бўлсин қаршилик кўрсатмай, қўйни бўрига топшириб, ўзининг қора бошини қутқаришга киришмишдир. Довон йўллари қор билан қопланиб қатнов ишлари бутунлай тўсилмиш эди. Қиш чилласи совуқ кечалари узун тун бўйлаб юрганича бир торончи қишлоғига етиб қўнмиш эди. Эрталаб туриб қараса, қўрққанга қўш кўринур, дегандек, ўзини орқа-олдидан бутунлай ўралиб душмани қўлига тушиб қолгандек кўрмишдур. Чунки, орқага қайтиш имконияти бўлмагандек тоғ-тошлар қор билан қопланганликдан олдига юриш йўллари бутунлай тўсилмиш эди. Бунга қўшимча отига қўмондон бўлиб, бу каби улуғ вазифани бажара олғудек ўзининг қобилияти бўлмагач, шунчалик даҳшатни кўтаролмай ўзини йўқо-тиб, ақлидан адашиб қолмишдир. Мана шунинг нати-жасида эрталаб қандай бўлса ҳам тоғ йўли билан юрмоқчи бўлиб кетаётганида олдидан бекорчи келаётган бир одам қорасини кўргач, “Ҳой, душман олдимизда ўхшайди” деб, йўқ қўрқинч билан кечаси ётган уйига қайтиб келмишдир. Келиши билан хаёли бузилиб, кўп ўлтирмай ичкари уйга кириб кетгач, кейинидан хиёл ўтмай “қарс” қилиб ўқ овози англанмиш эди. Атрофидаги одамлар югурганларича келишиб қарасалар, ўлар жойига ўзи отиб, чала бўғизланган товуқдек қонга бўялган ҳолда питирлаб ётибдир. Бу ҳодиса бўлгач, унга эргашиб юрган аскарлари туш-тушига тарқалиб қочишга бошламиш эди-лар. Лекин қаёқдандирки, жонгжунг аскарларидан си-линглари бошлиқ бирмунча аскарлар келиб, булар билан биргалашган ҳолда Ғулжага қараб юриш қилдилар. Бу ерга келгач, қуролланган дунгоний аскарлар буларга қўшилиб, Шин дубан тарафдори хитой хунхуз аскарларига қарши оломон-тўполон уруш бошлагани турдилар. Дунган ас-карий бошлиғи хужулик(Дунган қабилаларидан бирининг номи.) қора ботирлардан Моди деган киши Турди охунбой дарвозаси олдига оқ байроғини қадаб, уйларини аскарларига ётоқхона қилди. Шунга ўхшаш қўзғолончиларнинг аскар бошлиқлари Ғулжа бойларининг рози бўлиши-бўлмасига қарамай, кўпларининг ортиқча уйларига кирмиш эдилар. У вақт шароитига кўра бу қилмишлари улар учун зарурат бўлмиш эди. Ғулжа шаҳрининг, келгин бўлсин ёки ерлик турғун бўлсин, кўзга кўринарлик бойлари ҳеч ерга сиғмай, бошпана бўлгудай жой топишолмай қолди. Сўнгра Совет Русия тузоқчилари буларни тўрга туширмоқ қасдида халқпарварлик қилган бўлиб, қўшничилик ҳурматини сақлаб уларни ҳимоя қилишни совет ҳукумати ўзига муқаддас вазифа ҳисоблайди, деган сўзлар билан тузоғ ичига дон сепмиш экан, “заҳардин - шифо, тикандин - гул” умиди билан Турди охунбой бошлиқ атоқли бойлардан бир қанчалари келажакдаги тақдирларини ўз жаллодлари қўлига топширдилар. Яширинча совет консулхонасига киришиб, улардан ёрдам сўраб: - Шаҳар эгасиз қолди, талон-торож, уруш-талаш бу жойда кўпайгали турди. Халқпарвар совет ҳукуматидан бутун халқ умид қилади, - дедилар. Ўзлари кутиб турган шундай ёқимли сўзни англагач, қонуний равишда бўлсин учун кўпчилик халқ номидан талабнома суратида хат ёздириб, қўл қўйдириб олмиш эди. Бечора халқ, айникса жалойватан(Ватандан ажраган.) бўлган, мол-мулки, жойчўмидан(Эгар-жабдуқ, топган-тутганлари маъносида.) ажраб, сиёсий масъулият орқали ноҳак жазога тортилган бу ёзувчи каби қочоқлар учун энг оғир кунлар туғилмиш эди. Ҳар қандай онгсиз бўлишига қарамай бутун халқ Қўрғос сойи у ёғида оғиз очиб ётган қизил аждарҳога ютилишдан қўрққан эдилар. Хиёл ўтмай шу қўрқинчлик кун бошимизга келиб, 1934 йили январь ойининг охирларида “Қўшниларимизни сақлаймиз” деган баҳона билан чегарада кутиб ётган тўлиқ қуролланган совет аскари кира бошлади. Йўл бўйича қаршилик кўр-сатганларни ёриб-янчиб, бир оз фурсат ичида Ғулжа шаҳрига кириб, Уч дарвоза атрофида жойландилар. Бу ёқда эса Гў силинг тарафдори дунганлар ва ҳам Жинг шурин, жонгжунгдан қолган чириган эски чериклар иккига бўлиниб, ярми Ҳарамбоғда, қолган кўпчилик дун-ганлар Тепадўнгда Шинг дубанга қарши хитой-хунхуз, оқ ўрис аскарлари билан уришмоқда эдилар. Қурол томондан ҳар қанча етишмасликлари бўла туриб, дунган фидойиларининг жонбозликлари орқали вақтлик бўлса ҳам ғалаба қбзониш умиди туғилмиш эди. Ҳаёт оламида ҳамма ишлар сабабга боғлиқ бўлгани учун кучли қуроллик, тартиб-интизомлик совет аскари кириши билан бутун ишлар ўзгара! бошлади. Дастлабда бирлашган дунган-хитой аскарларининг маркази ҳисобланган Тепадўнг устига тўхтовсиз совет тўпи отилгани турди. Бунга қарши хитойдан қолган эски қуроллари қайси куч билан чидаб тура олсин? Шунга кўра бутун ўринлардаги дунган аскарлари ва ҳам буларга тарафдорлар енгилиб, қочишга мажбур бўлдилар. Қизил аскар кириши билан хунхузларга ва бошқа ўз тарафдорларига етарлик қуроллар тарқатилмишдур. Илгари дунганлардан енгилиб, кўринмай қочиб ётган хунхузлар ва ҳам ким бўлишига қарамай, ҳокимият эгаси бўлса, шунинг ювиндисига ўрганиб фойдаланган Дутов, Анненков қолдиқлари - оқ ўрислар қуролланган ҳолда кўчада йўлиққанларини эмас, уйдан-уйга изғишиб юриб, дунганлардан топганларини қўймай ўлдирдилар. Сўздин сўз чиқар, ҳозирги тарихимиз 1969 йили бўлиб, бундан қирқ саккиз йил илгари дунган қишлоғи Қоракўнғиз масжидида турганимда дунган оғайниларамиздан Советга қарши қўзғолган Қораболта, Оқсув воқеаси сабаблик бир қанча кишилар қочиб келмиш эдилар. Худо сақлаб, уларни зиён-заҳматсиз, эсон-омон узатиб юборган эдим. Бўлган воқеа бу китобнинг бошида ёзилиб ўтди. Бу икки орадан шу қадар узун йиллар ўтгандан сўнгра биз билан бирга Ғулжага ўтган дунган оғайниларимиз устида яна шу каби қўрқинч кунлар бўлиб ўзмиш эди. Шундоқки, Ғулжада Тўрам маҳалласида ўлтурғон қўра-миз ташқарисида ва ҳам маҳалла масжидида бўлиб, Сўкулуқ, Пишпак дунган оғайниларимиздан оз деганда йигирма кишини асрамиш эдим. “Худо сақласа - бало йўқ”(Ҳуд Сураси, 117-оят мазмунича.) дегандек, йўқса дунган излашган хунхуз ва оқ ўрис аскарлари эшик олдимизга неча йўл девайлашиб(Бостириб келмоқ.), баъзилари девордан ошиб тушмоқчи бўлиб турганларида бир турлик баҳона бўлиб, уларни Худ сақламиш эди. Менинг қарамоғимда яширинча буларнинг сақланаёттанидан душманларимиз хабар топиб қолганлигн бизга маълум бўлгач, кўз олдимизда бирор турлик кўнгилсиз ёмон бир иш бўлиб қолмасин учун бунинг чорасига қаттиқ киришдим. “Мўмин-мўминга холис, Худо учун ёрдам беришга ният қилса, Оллоҳ унинг ёрдамида бўлғай”(Бухорий, 5/2264,13/6015.), деган Пайғамбаримизнинг сўзларига ишониб, Оллоҳнинг ўзига таваккал қилдим. Қип-қизил ўт ёниб, дунганлар устида ўлим ўйнаб турган шундоқ қўрқинчлик чоғда ажал ҳидини олиб ётган жойларидан ўзимга қарашли дунганларни чиқариб, ўз қўрамизга йиғдим. Йўғон саллани йўрғаган ҳолда Оллоҳ ёди билан “Бисмиллоҳ” деб булар олдида ўт оралаб йўл бошлаганимча юриб ўлтириб, янги қурилган ҳукумат идорасига саломат етиб келдим. Бу ишга ҳамма ҳайронликда қолдилар. Айниқса, дунган қонига ташна бўлиб қутурган хунхуз хитойлар кўзлари билан егудек ҳолда тикилиб турган бўлсалар ҳам ҳеч қайсилари ёмонлик йўлига журъат қилолмадилар. Қисқаси, бу каби қўрқинчлик ўринларда анча мартаба бу ожиз қулини асраб ўргатган улуғ қудратли Эгам бу йўли ҳам асрамиш эди. “Бандам мени қандай ўйласа, унга ўзи ўйлагандай иш қилурман”(Бухорий, 14/6424.), деган Оллоҳ сўзннинг ҳақлигини шу куни ўз кўзим билан кўрмиш эдим. Бахтимизга яраша ўша кунларда ўз тўқмоқлигимиз Турди охун вақтлик бўлса ҳам сиссат талабича ҳукумат олдида обрўси анча кўтарилмиш эди. Бўлган воқеани баён қилиб, ўз яқинларидан бир кишини киргизиб эдим, мен олиб борган йигирмача одам боши сайин омон хати ёздириб чиқармиш экан, олиб борган кишиларимнинг кўкракларига қадатиб қўйдим. Шунинг билан барилари бу қўрқинчдан қутулиб, мендан рози бўлганларича ўз жойларига тарқалиб кетдилар. Бироқ атрофда қочиб юрган, уй-унда яшириниб ётган биз таниган-танимаган дунган оғайнилардан ноҳақ зулмга учраб, дунган бўлгани учун ўлдирилган кишилар оз эмас эди. Шунга ўхшаш 1920 йили Оқсув ўрислари бошлиқ ўн саккиз қишлоқхалқлари большевикларга қарши қўзғолон чиқармиш эдилар. Сўқулук, Пишпак дунганлари хам шулар ичида бўлганликдан бутун фожиа бошқаларга кўра шуларга бўлмиш эди. Мана шу кунлари Сўқулуқ дунганларидан Месиз бўлис ва ҳам Пишпак бойларидан Юсуфҳожи, Ёркант уйғурларидан Ахтамбой авлоди -мана шу кишилар Ғулжага қочиб кетаётганларида ГПУ жаллодларининг қўлига тушиб, бир қанча вақт турмада ётган эканлар. Сўнгра буларни ўз хизматларига срлмоқчи бўлиб, минг турлик ҳийла-найранг, ёлғон-яшиқ ваъдалар билан ўзига боғлаб олади. Булар ҳам жон қутқариш учун нима деса, маъқул деб топшириқларини бажаришга сўз берган бўлсалар ҳам, буёққа ўтгач ўзларини унинг шарридан қутилган ҳисоблашиб, совет консулхонасига йўламай қўядилар. Шунинг учун бу қонхўр золимлар ўттиз тўртинчи йили юқоридаги Шин дубан воқеаси орқалик Ғулжага ўтганларида ўша йигирманчи йили ўтган ишни эслаб, буларнинг қасдига тушмишдир. Бечора Месиз бўлис ўзидан ҳадиксираб, кўздан йироқроқ туриш учун Ғулжадан от юришида уч кунлик нарига - Тўққиз торовга қочган экан. Ортидан уни жаллодлар излаб юриб қўлга туширгач, ўн саккиз ва йигирма ёшлик икки ўғли билан уни найзалаб ўлдириб, халқ сув ичиб турган қудуққа ташлаб кетмиш эдилар. Бир нафас бўлса ҳам отасига доғ солиш учун унинг кўзи олидида ул икки ўғли найзаланиб, сўнгра ўзи ўлдирилмиш эди. Бундай фожиалик ишларни бажаришга динсиз-худосиз ваҳшийлардан бошқа инсонлар кўнгли қандай чидаб тура олсин? Иккинчи мундан ҳам ёмонроқ инсонят кўрилмаган, ёввойи ҳайвонлар оламида ҳам сийрак учрайдиган ваҳшийлар қилиғини Пишпакдан қочиб борган дунган Юсуф ҳожи устидан ўтказдилар. Шундоқки, уруш кунлари унинг Уч дарвозадаги қўрасига куппа-кундузи ўт қўйдириб, бутун мол-мулки, катта-кичик бола-чақалари билан ўн уч жонлик бир оилани куйдириб юборишди. У кунлари кўча-кўйларда аскарий кишилардан бошқаларга юриш-туриш ясоқ(Ман қилинган (туркча).) бўлганликдан буларга ёрдам еткизиш мумкин эмас эди. Шу қилган ваҳшийликларини топширувчилари олдида исботлаш учун ичида инсон авлоди аланга олиб ёнаётган ўтнинг чиркин манзарасини ҳар ёқлама расмга туширмакда эдилар. Лекин Юсуф ҳожи ўзи ва ҳам ўн-ўн бир ёшлардаги ўғли билан нима бўлиб шу куни уйида йўқ экан. Ажали етмагани учун бу каби кўрилмаган ачинарлик фожиадан омон қолмишдур. Бироқ бу даҳшатлик-ваҳшатлик хабарни англаб, югурганича етиб келса, бутун оиласи хони-моли билан қип-қизил ўт ичида ёниб ётганини кўради. Сўнгра бу фожиалик бало қаёқдан келиб чиққанини тушунгач, бирданига эси оғиб йиқилади. Шундай бўлиб ажали етмай ўлимдан қолган бўлса ҳам, сўнгги умри ичида шу ўтган фожиани эскариб, қолмиш ҳаётини бутунлай ғам-қайғу, ҳасрат билан ўтказиб турмоқдадир. Бу оғир мусибатга чидаёлмаганидан Шин дубан даврида 1935 йили ҳаж очилиши билан ўлимдан қолган ўғлини олиб ҳажга кетмишдир. Учинчиси Ахтамбой авлоди бўлиб, булар бўлса Ғулжада совет консулхонасининг рўпарасидаги қўраларида ту-рардилар. Қизил аскар шаҳарга кирган кунлари ГПУ жаллодларидан бир нечалари ярим кеча тун қоронғусида девордан ошиб кириб, катта-кичик бир уй тўлган оилани бирини қўймай отиб-чопиб, ўлдириб чиққанлар. Нима бўлиб ўн икки яшар бир ўғил яширинган жойида бу ваҳший раҳмсиз қонхўрлар қўлидан кутулиб қолмиш экандир. Мана бу динсиз, Худога ишонмаган инсон суратлик йиртқич ваҳшийларнинг зулмларидан кўрсаткич бўлгудек бир озини, балки юздан-мингдан бирини ибрат учун бу ўринда ёзиб қолдирдим... Шундай бўлиб, қўзғолончилар қаршисида ўн баробар кучлик совет аскари киргач, бошқаларнинг умидлари бутунлай узилиб, жон қутқаришга киришдилар. Қиш кунлари ҳаво совуқ, жанубий томондан бошқа ҳамма томон душман аскари билан ўралмиш эди. Шундай бўлса ҳам тоғ йўллари, довон ошувлари қор-муз билан қопланганига қарамай, бошқа йўл йўқлиги учун Юлдуз довони орқалик Кучо(р), Қораша(ҳ)ар томонига қочишга мажбур бўлдилар. Лекин у бечораларнинг бу қочишлари эса ўлим қиличи бошига келган киши бошқа ҳеч илож тополмаганидан қилич мизига(Тиғ (чиғ.туркча).) қўлини тўсганидек бир иш эди. Эшитишимизча, бу кетганлар қиш кунлари тоғ-тош, қор-музларнинг орасида совуқда қолишиб, кўплари ҳалок бўлмиш эди.
Алихонтўра Соғунийнинг "Туркистон қайғуси" китобидан
|