Наср ибн Али | ||||
Наср Элоқхон Мовароуннаҳр илик хони. Қорахонийлардан. Ҳокимият тепасида расман ҳукмдор акаси Аҳмад ибн Али Арслонхон эди. 996-йилда қорахонийларнинг Мовароуннаҳрга ҳужум қилганида бошчилик қилган. Бухорони эгаллаш билан Мовароуннаҳрнинг босиб олинишини ниҳоясига етказган (999-йил октабр). Сомонийлар амири Абдумалик ибн Нуҳ ва унинг қариндош-уруғларини асир қилиб, Ўзгандаги зиндонга ташланган. Шу тариқа қудратли бўлган сомонийлар сулоласи қулаган. 1000-1005-йилларда илик Нуҳ ибн Али сомонийлар ҳокимиятини тиклашга ҳаракат қилган Мунтасирга қарши курашган ва ғалаба қилган. 1000-йил Маҳмуд Ғазнавий Нуҳ ибн Али билан ўз ерлари ўртасидаги чегараларни белгилаш тўғрисида битим тузган, унга кўра, Амударё асосий чегара қилиб белгиланган. Натижада сомонийлар давлати ўрнида иккита янги давлат ташкил топган: биринчиси – Қашқардан Амударёгача чўзилган, Шарқий Туркистоннинг бир қисмини, Еттисув, Шош, Фарғона ва қадимги Суғд ҳудудини ўз ичига олган қорахонийлар; иккинчиси – Шимолий Ҳиндистон чегарасидан тортиб Каспий денгизининг жанубий қирғоқларигача чўзилган, ҳозирги Афғонистон ва Шимоли-Шарқий Эрон вилоятларини ўз ичига олган Ғазнавийлар давлати. Бироқ Наср ибн Али Хуросонни босиб олиш ниятидан бутунлай воз кечмаган эди. |