Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Шохруҳбий ибн Ашурбий
PDF Босма E-mail

(? - 1721),
(1709-1721)

Кейинчалик Қўқон хонлиги деб аталган давлатнинг асосчиси. 1709-йилда минглар алоҳида беклик тузган чодалик дин пешволари ҳокимиятини ағдардилар ва Фарғона водийсида ҳокимиятни ўз қўларига олдилар. Минг қабиласи йўлбошчиларидан бири Шоҳрухбий ҳукмдор деб эълон қилинди. Шу тариқа, Ўрта Осиёда кейинчалик Қўқон хонлиги деб аталган янги давлат вужудга келди. Маълумки, фақат Афросиёб ёки чингиз авлодидан бўлганлар хон аталишга ҳақли эдилар. Шоҳрухбий эса Чингиз авлоди эмас эди. Шунинг учун саройга яқин тарихчилар “Олтин бешик” ҳақидаги афсонани тўқиганлар. Унга кўра, гўё Кобул томон кетаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур энди туғилган чақалоғини олтин бешикка белаб, йўлда қолдириб кетган экан. Фарғона водийсига ўзбек қабила бошлиқлари бешикни топиб олишиб, болани катта қиладилар. Олтин бешикдаги бола вояга етиб ундан Султон элик номли ўғил туғилган. Ундан кейинги авлод Худоёр, Муҳаммад Амин, Абулқосим, Шоҳмастбий (Ежмосбий), Шоҳрухбий, Ҳожибий, Ашурбий, сўнг Шоҳрухбий. Шоҳрухбий Олтин бешикнинг ўнинчи пушти ҳисобланган. У минг қабиласи бийларидан эди.
Шохруҳбийнинг тахтга ўтиришини Мулла Олим “Тарихи Туркистон” асарида қизиқарли тасвирлайди: Тарғовага Жанкат, Пилахан, Тўфонтепа, Партак, Тепа Қўрғон, Қайнар ва бошқа жойларнинг оқсоқол, аслзода одамлари тўпланиб Ашурбекнинг ўғли ақлли, инсонпарвар Шохруҳбий Ашурбек ўғлини хон қилиб сайлашга қарор қиладилар. Шундан сўнг Шохруҳбий ўрда ва қўрғон қуриш учун қулай жой танлашга фармон беради. Юборилган одамлар “Кўк тўнликлар” яшайдиган икки сой оралиғида жойлашган ҳудудни қулай жой, деб ҳисоблайдилар. Улар бу ерда арк қурадилар ва унинг атрофида сарой ва бинолар қура бошлайдилар. Шундан кейин Шоҳруҳбийни тахтга ўтқазадилар. Хоннинг сайланиш йилини 1709-йил деб ҳисоблайдилар.
Мулла Олим Шохруҳбий 12 йил ҳукмронлик қилиб, ҳукмронлигининг 13-йилида вафот этди, - деб ёзади. Бундан унинг 1721-йилда вафот этганлиги келиб чиқади.
Бу давлат ўз тасарруфига Қўқон, Исфара ва Марғилон атрофларини қўшиб олган эди.
Шохруҳбийдан учта ўғил қолади: Абдураҳимбий, Абдукаримбий ва Шодибий. Отасининг ўрнини ўғилларнинг каттаси Абдураҳимбий эгаллайди.

 
Баннер