Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Муҳаммад Алихон
PDF Босма E-mail

(тахминан 1803/ 06-1842, Қўқон)
(1822-1841)

Минглар сулоласидан бўлган Қўқон хони. Умархон ва Нодиранинг ўғли. Отаси Умархон вафотидан кейин 17 ёшида тахтга ўтирган. Ҳукмронлик даврида хонлик ҳудудини кенгайтиришга уринган. Жанубий Олай тоғ этагида тожиклар бўйсундирилган. Қоратегин бутунлай, Дарвоз, Шуғнон, Рошан, Воҳонфақат номигагина забт этилган. 1829-йилда Қашқарга юриш қилган. Унинг бу ҳаракатидан фойдаланган Қашқар мусулмонлари хитойларга қарши бош кўтарган. Мағлуб бўлган уйғурлардан 70 минги Муҳаммад Алихон билан бирга қайтиб, Қўқон хонлигидаги шаҳарларга (жумладан, Тошкентга) жойлаштирилган. Муҳаммад Алихон Қашқарга қилган қайта-қайта ҳужуми натижасида Шарқий Туркистон шаҳарларидан бож йиғиш ҳуқуқини олган. Муҳаммад Алихон ҳукмронлиги даврида суғориш ишлари йўлга қўйилган. Тошкент яқинида Хонариқ қазилган. Тошкент ҳокими Лашкар қушбеги Муҳаммад Алихоннинг яқин маслаҳатчиси бўлиб қолган. Россия билан савдо ва дипломатик алоқалар яхши йўлга қўйилган. 1828-йилда Қўқондан Санкт-Петербургга элчилар боради ва улар яхши кутиб олинади. 1830-йилда Қўқонга Россия элчиси хорунжий Потанин келади.
Муҳаммад Алихоннинг ҳукмронлик даврида Қўқон-Бухоро муносабатлари кескин ёмонлашади. Улар орасида бўлиб ўтган урушлар натижасида Бухоро амири Насруллахон Қўқон қўшинини тор-мор қилади. Муҳаммад Алихон ўзини ноилож амирнинг ноиби деб эътироф қилади. Орадан икки йил ўтгач, 1841-йилнинг октябрида Қўқонда хон зулмига қарши халқ қўзғолони кўтарилади.
Муҳаммад Алихон ичкиликбозлик ва ахлоқсизликка берилади. Бухоро–Қўқон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашуви ва тез-тез такрорланиб турадиган ҳарбий тўқнашувлар шунга олиб келдики, Муҳаммад Алихон 1841-йил ноябрда укаси Султон маҳмуд фойдасига тахтдан воз кечади, шундай бўлса ҳам 1842-йилда апрелда Бухоро амири Насруллахон Қўқонни забт этди ва Муҳаммад Алихонни, укаси Султон Маҳмудхонни, онаси Нодирабегимни қатл эттиради.
Муҳаммад Алихон ғазаллар ёзган, унинг буйриғига биноан, хаттотлар Алишер Навоий асарларини миниатюралар билан безатиб кўчирган, кўплаб тарихий асарлар форс ва араб тилларидан ўзбек тилига таржима қилинган. Муҳаммад Алихон даврида мактаб ва мадрасалар қурилган (мас. Мадалихон мадрасаси), Қўқоннинг эски ўрдаси таъмирланган.

 
Баннер