Давонийнинг тўла номи Жалолиддин Муҳаммад Асад ас-Сиддиқий ад-Давоний бўлиб, 1427 йилда Эроннинг Казарун вилоятига қарашли Давон қишлоғида туғилган. У ёшлигиданоқ илм-фанга, айниқса, мусулмон фиқҳшунослигига қизиқади ва бошланғич мактабни битиргандан сўнг Шерозга келиб, мадрасада йирик олимлар қўлида таҳсил олади.
Кейинчалик у Шероз шаҳрининг қозиси этиб тайинланади. Қозиликдан истеъфога чиққандан сўнг мадрасада мударрислик қилади. Кейинчалик яна ўз қишлоғига қайтиб, умрининг охиригача (1502) илмий иш билан шуғулланади. У Давон қишлоғида дафн этилган.
Манбалардан маълумки, Жалолиддин Давоний Марказий Осиё олимлари ва шоирларининг ижоди ва дунёқараши билан яхши таниш бўлган. У Форобий, ибн Сино, Насириддин Тусийнинг илмий мероси, асарларини қунт билан ўрганган, уларнинг илмий ва инсонпарварлик ғояларидан хабардор бўлган. Хусусан, у Хирот, Ви¬зантия (Рум), Озарбайжон, Кермон, Хурмуз, Табаристон, Хуросон, Журжон мутафаккирлари билан алоқа қилган.
Муҳаммад Али Табризийнинг таъкидлашича, Давоний ўз рисолаларини битишда "Византия, Хуросон, Туркистон олимлари ҳамда Султон Абу Сайд Темурий даврида яшаган машҳур мутафаккирларнинг асарларидан фойдаланган". (Муҳаммад Али Табризий. Райхонат ул-адаб. Теҳрон, 1949, 3-том). Давоний Хиротда узоқ вақт бўлиб, у ердаги олимлар билан яқиндан мулоқотда бўлиб, Абдураҳмон Жомий ва бошқа олим, фозиллар билан учрашади. Шерозга қайтиб келгандан сўнг эса Жомий билан муттасил ёзишиб туради. Шунингдек, Давоний Али Қушчи ва унинг рисолалари билан ҳам таниш бўлганлигини ҳисобга олсак, Давонийнинг фалсафий ва ижтимоий қарашининг шаклланишида Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий, маданий меросини ўрганиши ҳамда қўшни мамлакатлар, айниқса, Мовароуннаҳрнинг машҳур олимлари билан алоқа қилиши муҳим роль ўйнади.
У салафларининг асарларини тартб қилиш билан чекланиб қолмасдан, Марказий Осиё мутафаккирларининг маданий, илмий ва фалсафий анъаналарини давом эттирди. Булардан ташқари, у қадимги Юнон ва Марказий Осиё мутафаккирлари Арасту, Афлотун, Фаробий, ибн Сино, Насириддин Тусий ва бошқаларнинг асарларини яхши билар, ҳатто уларнинг баъзи рисолаларига шарҳлар ҳам битган. У қадимги олимлар рисолаларидаги мураккаб ва тушунилиши қийин бўлган муаммоларни шарҳлаш билан бирга улар ҳал қила олмаган ботиний ва зоҳирий илмлар ва мушкул масалаларни еча олар эди.
Давонийнинг илмий мероси бойдир. У фалсафа, мантиқ, фиқҳ, ахлоқшунослик, риёзиёт ва геометрия соҳалари бўйича рисолалар ёзган. Ўша даврда унинг асарлари олимлар орасида кенг тарқалган бўлиб, улар кўп фанлар бўйича расмий қўлланма вазифасини ўтаган. Унинг "Рисолайи исботи вожиб" ("Заруриятнинг исботи ҳақидаги рисола"), "Рисолат ул-хуруф" ("Ҳарфлар ҳақида рисола"), "Ри¬солайи фи тавжих ул-ташбих" ("Мажоз талқини ҳақида рисола") , "Рисола дар илм ул-нафс" ("Руҳшунослик ҳақида рисола"), "Тариқати тарбият ул-авлод" ("Болаларни тарбиялаш усули"), "Арзнома" ("Армияни бошқариш принципи") ва бошқа асарлари маълум. Давоний илмий ишлардан ташқари Навоий сингари "Фоний" тахаллуси билан шеърлар ёзган. Унинг шеърлари Эрон ва Ироқда чоп этилган. Давоний Мовароуннаҳр ва Хуросондаги маданий ютуқлардан ўз ижодида кенг фойдаланишга ҳаракат қилганлиги боис, унинг асарлари Хуросон ва Мовароуннаҳрда ҳам тарқалиб, бу ердаги турли илмий йўналишга, маънавий ҳаётга таъсир кўрсатди.
Давонийнинг энг йирик рисоласи - "Ахлоқи жалолий"дир. У 1470-1478 йиллар орасида ёзилган ва Ғарбий Эрон ҳокими, Оқ қуйинлилар сулоласи вакили Узун Ҳасанга бағишланган. Ушбу китоб 1839 йидда В. Ф. Томпсон томонидан инглиз тилига таржима қилинган. Давонийнинг "Ахлоқи жалолий" рисоласи форс тилида ёзилган бўлиб, қўлёзмаси дунёнинг жуда кўп музейлари ва кутубхоналарида мавжуд. У 1911 йил Калькуттада чоп этилган. Ўзбекистан Фанлар академияси Шарқшунослик институтида ушбу рисоланинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари сақланмоқда. Мазкур асар 1948 йилда Эшонжон Муҳаммадхўжа томонидан ўзбек тилидаги қисқартма таржимаси амалга оширилган. Рус шарқшуноси А.А Семёнов Рье ва Браунларга асосланиб, Давонининг ушбу рисоласини мусулмон Шарқида машҳур китоблар сирасига қўшади.
Китобда муҳим ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-ҳаётий ва ахлоқий ғоялар илгари сурилган. Унда жамиятнинг пайдо бўлиши, ижтимоий табақалар, давлат ва уни бошқариш йўллари, адолатли ва адолатсиз подшоҳлар, уларнинг фуқароларга муносабати, ахлоқ ва таълим-тарбия масалалари батафсил таҳлил этилган.
"Ахлоқи жалолий"да XV асрнинг илғор ахлоқий қарашлари ўз ифодасини топганки, китобда ўрта аср Шарқининг ахлоқий таълимотлари, унинг ютуқ ва камчиликлари акс эттирилган. Асар уч қисмдан иборат бўлиб, ўз навбатида улар яна майда бўлим - "лавом"-ларга бўлинади. Биринчи қисм ахлоқ фанига бағишланган бўлиб, муаллиф ахлоқнинг асосий тушунчалари: адолат, шижоаткорлик, донолик, иффат ва бошқаларга тўхталади. Иккинчи қисми - "Одамнинг ички ҳолати" деб аталиб, оилавий ҳаётга бағишланган. Бунда болаларни тарбиялаш ва камолга етказиш, касб-ҳунарни эгаллаш, хулқ-одоб қоидалари, нутқ маданияти, ота-оналарнинг ўз болаларига муносабатлари ва бошқа шунга ўхшаш муаммолар кўтарилади.
Охирги учинчи қисм - "Шаҳар (давлат)ни бошқариш ва подшоҳлар сиёсати" деб аталади. Бу ерда муаллиф шаҳарларда яшовчи халқлар бахтли бўлиши учун қандай тадбиру чоралар кўриш кераклиги, давлат бошлиқлари билан фуқароларнинг ўзаро муносабати, жамият ҳақида фикр-мулоҳазалар илгари сурилади. Энг сўнгида Насириддин Тусийнинг "Ахлоқи носирий" рисоласида келтирилган Афлотуннинг ўз шогирди Арастуга қилган васияти берилади.
Давонийнинг ижтимоий қарашларида Форобийнинг таъсири яққол сезилиб туради. Инсон бир ўзи меҳнат қилиб, яшаш учун ва ҳар куни зарур бўладиган нарсаларни қўлга киритиши қийин. У якка ҳолда ҳаёт кечириши учун бир ўзи овқат пишириши, кийим-кечак тикиши, меҳнат қуроллари ясаши ва шунга ўҳшаш кўп ишларни бажариши, бир неча касб-ҳунар эгаллашга мажбур бўлар эди. Бу эса амри маҳолдир. "Одамлар бирлашиб, бир-бирига ёрдамлашганда бошқалар тўғрисида чинакамига қайғуради, ўзаро ёрдам ва алоқа-ўрнатилганда адолатнинг синалган йўллари пайдо бўлади, яшаш воситалари тартибга тушади, кишиларнинг аҳволи мустаҳкамланади ва инсон зоти сақланади" (Давоний. Ахлоқи жалолий. 135-варақ.)
Давоний ўзининг "Ахлоқи жалолий" асарида давлат тўғрисида ўзининг утопик - хаёлий орзусини тасвирлайди. У ибн Мискавайҳ, Форобиг ва Насириддин Тусий сингари шаҳарни (давлатни) фозил ва жоҳилга бўлади. Фозил шаҳарни тасвирлар экан, Давоний "бу шундай шаҳарки, унинг қоидаси бахт-саодатга эришувдан ва бахтсизликка олиб борадиган ҳодисаларни бартараф қилишдан иборат", - дейди (Ўша жой, 152-варақ). Фозил шаҳарни ақлли, адолатли ва жасур кишилар бошқариши лозим. Шаҳар аҳолиси, қайси ижтимоий табақадан бўлмасин, қонун-қоидаларга сўзсиз бўйсунадилар. Жоҳил шаҳар аҳолиси эса бахтсизлик ва фалокат йўлига кирган бўлиб, бундай шаҳар ҳокимлари таъмагир, жоҳил бўладилар, ўз хоҳиш-истаклари ва ҳиссаётларини қондиришга ружу қўядилар.
Жалолиддин Давоний ахлоқ ва таълим-тарбия масалаларига ҳам катта эътибор беради. Мутафаккирнинг талқинида, ахлоқ фани ки¬шиларнинг амалий фаолияти, тафаккури билан чамбарчас боғланган. Ахлоқ муаммолари фалсафий, ижтимоий-сиёеий масалалар би¬лан бир қаторда кўрилади.
Давоний ўз рисолаларида илм-фанни жамиятда тутган ўрнига катта баҳо бериб, кишиларни маърифатли бўлишга, касб-ҳунарни эгаллашга чақирди. Унинг инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ижтимоий ғоялари умуминсоний ҳарактерга эга бўлиб, кейинги даврларда муҳим роль ўйнади ва ҳозир ҳам ўз тарбиявий аҳамиятини йўқотгани йўқ.
|