Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Маҳмуд Чағминий (ХII-ХIII аср)
PDF Босма E-mail

Аҳмад Фарғоний ва Абу Райҳон Берунийнинг илмий анъаналарини давом эттирган йирик файласуфлардан бири, XII-ХIII асрларда ижод этган хоразмлик олим Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Чағминийдир.

Ал-Чағминийнинг илмий асарлари Шарқда жуда машҳур бўлса ҳам, унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳозиргача яхши ёритилмаган.
Академик В. В. Бартольднинг таъкидлашича, Улуғбек мадрасасидаги астрономияга оид машғулотларнинг мавзуси сифатида Чағминийнинг астрономия соҳасидаги асарига Мир Саййид Шариф Журжоний ва қозизода Румийлар томонидан ёзилган шарҳларни ўрганиш ҳам киритилган. Мазкур олимлар Маҳмуд ал-Чағминийнинг «Мулаххас фи-л-хайъа» («Астрономияга оид қисқа тўплам») асарига шарҳлар ёзишган. Жумладан, қозизода Румий ўз шарҳининг кириш қисмида Чағмин сўзи ҳақида шундай тушунтириш берган: «Чағмин сўзи ал-Чағминий туғилган Хоразмдаги жой номидир». Унинг туғилган йили маълум эмас, аммо адабиётларда кўрсатилишича, вафоти 1221 йил деб тахмин қилинади. Чағмин ўша вақтдаги Хоразмшоҳларнинг пойтахти бўлган Кўҳна Урганчдан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган. Маълумки, ХI-ХII асрлардаги Хоразм жаҳон миқёсидаги йирик илмий марказлардан бири бўлган ва шубҳасизки, бу нарса ал-Чағминийнинг илмий дунёқарашининг шаклланишида ҳал қилувчи роль ўйнаган. Бошланғич маълумотни Хоразмда олган Маҳмуд ал-Чағминий ўқишни давом эттириш учун Самарқандга келган. Унинг илмий асарларида Берунийнинг устози бўлган Абу Наср ибн Ироқ бир неча марта тилга олинади. Ал-Чағминийнинг «Мулаххас фи-л-хайъа» асаридан ташқари «Сайланма», «Тўққиз сонининг риёзиётдаги ўрни ҳақида рисола», «Меросни бўлиш масалаларида риёзиёт усулларига шарҳ» ва бошқа қатор рисолалари мавжуд.
Маҳмуд ал-Чағминий ўша вақтдаги йирик олимлар каби фаннинг бирор соҳаси билан эмас, балки астрономия, риёзиёт, табобат, жуғрофия ва бошқа соҳаларда ҳам жуда сермаҳсул ижод қидди. Бу фанлар ривожининг ҳар бирига шунчалик ҳисса қўша олдики, натижада уни Абу Райҳон Берунийдан кейинги Хоразм илмий мактабининг энг кўзга кўринган олими, деб ҳисоблаш мумкин. Бундан ташқари ал-Чағминий ўз даврининг барча фанлари эришган ютуқларни жамлаб, ўзига хос қомус тузган алломадир.
Маҳмуд ал-Чағминийнинг фанга қўшган ҳиссаси биринчи нав-батда астрономия соҳасидаги кашфиётлари билан ўлчанади. Унинг «Мулаххас фи-л-хайъа» китоби ўша замон астрономия фанининг хулосаси бўлиб, жуғрофия ва бошқа фанларнинг умумлашган хулосалари ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилади. Бу китобнинг илмий қиммати шундаки, астрономия билимлари тизимларида иш олиб борган ал-Чағминий қадимги юнон астрономия мактаби ютуқлари билан биргаликда Шарқ олимлари, жумладан, Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий ишларини кенг жалб этиш орқали янги хулосалар чиқарган. Ал-Чағминийнинг бу асарида инсонни ўраб турган оламнинг умумий тузилиши, самовий ёритгичлар, доиралар, сайёраларнинг ҳолати, қуёш, ойнинг тутилиши, қуёш йилининг узунлиги, кеча, кундуз ва бошқа муҳим муаммолар қайтадан ишлаб чиқилган.
Ал-Чағминийнинг астрономия соҳасидаги илмий ютуқлари ҳақида гап борганда, шу нарсани алоҳида таъкидлаш мумкинки, унинг фикрича, «қуёшни ўзидан нур тарқатувчи сайёраларнинг маркази деб ҳисоблаш мумкин». Дарҳақиқат, унинг қайд этишича, баъзи бир осмон ёритгичлари, жумладан, ой «ўз нурига» эга бўлмасдан, уни қу-ёшдан олади. Шунга асосланиб ал-Чағминий қуёшни баъзи осмоний жисмларнинг «маркази» деб атайди. Албатта, бу унинг тамоман гелиоцентрик система тарафдори эканлигини билдирмайди. Чунки нур ҳаракати йўналишлари ҳақидаги масалани машоиюнлар (Арасту мактаби тарафдорлари) қўйган тарзда муҳокамага қўйилиши катта аҳамиятга эга эдики, бу ҳақда Абу Райҳон Беруний билан ибн Сино ўртасида илмий тортишувлар бўлиб ўтган эди. Бу муаммонинг мавжудлиги сабабли Беруний ўз вақтида геоцентрик қараш табиат фалсафасига биноан мантиқий ҳуқуққа эга эканлигига шубҳа билдирган эди.
Ал-Чағминий астрономия муаммоларини ишлаб чиқишга боғлиқ бўлган риёзиётга оид масалалар билан жуда кўп шуғулланди. Унинг самарали изланишлари туфайли доиравий тригонометрия асослари ишлаб чиқилди ва унинг асосий қоидалари «Мулаххас фи-л-хайъа» асарида ўз инъикосини топди. Унда тўрт томонли доиравий учбурчак ва унинг хилма-хил турларининг тўла таърифи берилади. Муаллиф биринчи марта уфқий текисликдаги кузатиш жойининг асоси бўлган координатлар системасини муфассал ишлаб чиқишга муваффақ бўлди.
Ал-Чағминий ўз асарида геодезия ва жуғрофия муаммоларига ҳам катта эътибор берганлиги сезилиб туради.
Табиатшунослик соҳасидаги илмларда у тажрибага таяниб, табиат ҳодисаларини ўрганишни тарғиб этар экан, ҳар хил фанлар томонидан тўпланган маълумотларга танқидий ёндашиб, холисона хулоса чиқаришга амал қилди. «Астрономияга оид қисқа тўплам» китобининг муқаддимасида бу ҳақда шундай деб ёзади: «Гарчи менгача ҳам самовий жисмлар ҳақида қўплаб китоблар ёзишган бўлсалар ҳам, улардаги асосий масалалар чуқур ёритилмаган эди».
Ал-Чағминий ўзи таҳқиқ қилган фанлар соҳасида тор доирадаги хулосалар билангина чегараланиб қолмасдан, улардfн келиб чиқиб йирик фалсафий муаммоларни муҳокамага қўяр эди. Унинг табиатга берган таърифи муҳим аҳамиятга эгадир: «У (табиат) ҳар қандай ҳаракат ва сокинликнинг манбаидир». Ал-Чағминий фикрича, табиат «табиий кучга» эгадирки, ушбу куч унинг фаоллигини зарурий шартга айлантиради. Табиатга нисбатан ўз қарашларини баён қилиб, Чағминий шундай ёзади: «Модда ва шакл табиатни шакллантира-ди».
Маълумки, машоиюнлар фалсафасида модда билан шакл қанча-лик бир-бирига боғлиқ бўлмасин, уларнинг бирини иккинчисидан ажратиш имконияти мавжуд эди. Бундай имконият маълум даражада ал-Чағминий киритган «бўлинмас заррача», «унсурий заррача» — яъни атом тушунчаси воситасида бартараф қилинди.
Ал-Чағминий фикрича, модда кичик заррачалар кўринишида мавжуд, аммо уларнинг хусусияти шундан иборатки, уларда модда ва шакл бир-биридан ажратиб бўлмайдиган даражада бирикиб кетган. «Кичик заррачаларни ҳар хил шакл ва табиатга эга бўлган қолипни қабул қилувчи, ундан ҳам кичикроқ заррачаларга бўлиб бўлмайди: яъни ҳар бир заррача ўзининг муайян шакл ва табиий ўзлигига эга. У содда заррача бўлиб, ўзига хос шакл, ўзига мувофиқ келадиган табиатга эгадир» («Мулаххас фи-л-хайъа», 380-бет).
Маҳмуд ал-Чағминийнинг қарашларида Ўрта аср мутафаккирларининг кўпчилиги тахмин қилган икки хил заррачанинг, яъни атомлар ва ўзига хос молекулаларнинг мавжудлиги ҳақидаги назария ўзининг ёрқин ифодасини топди. Ал-Чағминий уларни «бирламчи» ва «иккиламчи» кичик заррачалар деб, сўнгра — «бирламчи заррачани» аниқлаб, уни «унсур», «ибтидо», «асосий ашё», «модда» деб атайди.
Иккиламчи заррачалар эса у ёки бу ашёнинг кичик заррачаларини ташкил этади, аммо унинг хусусиятини сақпаб қолади. Бу шундай заррачалардирки, «бошқасига нисбатан кичикроқ бўлмоғи керак».
Ўрта асрларда астрономия кундалик турмушда амалий аҳамиятга эга бўлган, доимо ривожланиб бориши зарур бўлган фан ҳисобланган. Барча қишлоқ хўжалик ишлари, бепоён чўллардан компассиз савдо карвонларига йўл кўрсатиш самовий ёритгичлар орқали амалга оширилганини ҳисобга олсак, нима учун ал-Чағминийга ўхшаш олимларимиз тинимсиз тадқиқотлар билан шуғулланганликлари маълум бўлади.

 

Қодиров

 
Баннер