Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
«Ислом умматининг буюк денгиз саркардалари»
PDF Босма E-mail

Ака-ука Барбароссалар

«Испанлар ва португалларга қарши Исломий жиҳод ака-ука Хайриддин ва Уруж Барбароссалар келишгунча жуда бебош кечган эди. Иккаласи Жазоирдаги Исломий кучларни бир бутун қилиб йиғиб, ягона мақсад - Шимолий Африка бандаргоҳларию шаҳарларида кенг тарқалган Ислом душманларини даф қилишга йўналтиришга муваффақ бўлди».

Атоқли Ислом тарихшуноси Али Саллабий

Тарихимизнинг эътибордан четда қолган минглаб саҳифаларини варақлаб, мазкур асар устида қанчалик кўп ишлар эканман, ўзимиз учун мажҳул қолган ўтмишимизни Ислом уммати душманлари жуда яхши билишига шунчалик қатьий ишонч ҳосил қилиб бордим. Тарихимизни пухта ўрганиб олган динимиз душманлари бизга тузоқ қўйиб чиққан, биз эса ўлжадай ўша тузоқларга илиниб бораверганмиз. Оқибатда, ўз тарихимиз ва асл қаҳрамонларимизни унутиб, табиийки, жаҳолат ва қолоқлик чангалида қолганмиз. Агар сиз ушбу хулосани фитна назариясига муккасидан кетган ёзувчининг фантазиясига ўхшатган бўлсангиз, Голливуд кино марказида тасвирга туширилган қароқчилар ҳақидаги фильмларни томоша қиладиган ҳар қандай кишидан кинофильмлар, бадиий асарлар ва ҳатто болалар учун мўлжалланган мультфильмларда учрайдиган машҳур қароқчининг исмини сўранг. Ва ўша киши узоқ ўйланиб ўтирмай, малла соқолли, бир кўзидан айрилган, бир қўли чопилган, Барбаросса исмли ёғоч оёқли қароқчи «Кариб денгизи қароқ-чилари» фильмининг бош қаҳрамонларидан бири эканини айтади.
Биздан сир тутишга ҳаракат қилинаётган ҳақиқат эса шундан иборатки, қўрқинчли келбатда тасвирланаётган Барбаросса аслида ор-номусли, яхши хислатларга тўлиб-тошган, етакчилик сифатлари ривожланган кучли шахс, бани башар тарихида кам учрайдиган қаҳрамонлардан биридир. У бизга кўрсатилаётгандай қонга ташна қароқчи эмас, аксинча, Ислом умматининг Аллоҳ йўлида курашган буюк зотларидан бири, минглаб бегуноҳларнинг ҳаётини асраб қолган денгиз саркардаси бўлган.
Ака-ука Барбароссалар ҳақидаги ривоятлар «тарихга тажовуз» назариясининг маъносини тушунтириш давомида тилга олиб ўтилган ҳолатларни тасдиқлайди. Бундай назария усулларидан бири тарихда уммат қаҳрамонларининг исмларини мутлақо тилга олмай, хотирамиздан батамом ўчириб ташлашдир. Бироқ ушбу назариянинг яна бир жирканч, ифлос усули борки, унда Ислом уммати қаҳрамонлари халқаро жиноятчилар ва ақли ноқис уламоларга айлантирилади. Бундай усулдан кўзланган мақсад сизу бизни эргашиш учун танлаш мумкин бўлган қаҳрамонларимиздан маҳрум қилиш, орамизда Ислом уммати фақат жиноятчилару ақли ноқисларни, нари борса Синдбад, Олоуддин ва ўзига тегишли бўлмаган мулкка эга чиқиб олган Али Боболарнигина тарбиялаши мумкин деган фикр қарор топишига эришишдир.
Бугунги ҳикоямиз ўзи мусулмон, асли насаби албан бўлмиш денгиз саркардасининг шуҳрати Урта денгиз соҳилида тарқалган даврдан бошланади. Исро ва Меърож(Исро ва Меърож (араб. ) - Аҳли сунна вал жамоа ақийдасининг муҳим қисми. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожларига - уйғоқ-ликларида жасадлари билан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хохдаган жойга чиққанларига ишонишдир. Меърож ҳижратдан бир ярим йил аввал, ражаб ойининг 27-кечаси, жума куни содир бўлган. Исро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож кечасида Маккаи мукаррамадан Байтул Мақдисга борганидир.) кечасида туғилган чақалоққа отаси Уруж дея исм берган. Ушбу денгиз саркардасининг шуҳрат қозонишига Тунис соҳилидан Андалусия томон денгиз сафарига чиқиб, маҳаллий аҳолини испан инквизициясидан халос килгани сабаб бўлди. Европа шаҳарларининг аҳолиси орасида албан миллатига мансуб бўлиб, денгизда даҳшатли шарпадай сузадиган, ҳеч ким уддалай олмаётган мусулмон денгизчи томонидан намоён этилган кўпдан-кўп жасоратлар ҳақидаги миш-миш гаплар оғиздан-оғизга ўтиб тарқади. Инквизиция қийноқларидан халос бўлган андалусияликлар эса ниҳоятда ҳурмат қилишганидан унга Уруж Ота дея ном бериб, шу тарзда ўз миннатдорликларини ифода қилишди. Итальянлар Уруж Отага «малла соқол киши» маъносини англатадиган Барбаросса деган ном беришди. Голливуд фильмларининг бош қаҳрамонларидан бири бўлмиш ўша қароқчи малла соқол бўлишининг сабаби ҳам шунда бўлса, ажаб эмас. Урта денгиздаги сафари давомида Уружга ҳамиша Хизир исмли акаси ҳамроҳлик қилган. Хизир эса тарихда Хайриддин Барбаросса номи ила танилган. Родос ороли яқинида иоанчиларнинг(Иоанчилар - «Авлиё Иоан ордени» аъзолари.) қўлига асир тушиб қолган Уруж тутқунликдан озод бўлиб, яна акасига қўшилиб олишга муваффақ бўлади. Иккаласи Ўрта денгизда флотилия тузиб, Шимолий Африка шаҳарларида ёвузлик қилаётган салиб юришчиларининг кемаларига ҳамла қилишади. Шундан сўнг, Андалусияда яшайдиган мусулмонлар билан яҳудийларни католиклар инквизициясидан халос қилиш мақсадида Испания қирғоғи томон йўл олишади. Ака-ука Барбароссалар яқин келаётганини эшитибоқ салиб юришчилари даҳшатдан қалтираб қолишган. Денгиз жангларида ака-укалар намоён этган жасорат намуналари ҳақидаги хабар султон Салим Биринчига ҳам етиб борди. Халифа иккаласига хайрихоҳлик билдириб, амалда қўллаб-қувватлади. Бироқ Шимолий Африкадаги ҳукмронлардан бири душманга сотилиб, Жазоирдаги Уруж яшайдиган Тлемсен шаҳрини қамал қилишда босқинчиларга ёрдам берди. Довюрак денгиз саркардаси Уруж ҳамда унинг турклар ва жазоирликлардан иборат қўшини душманнинг таслим бўлиш таклифини рад этди. Улар Аллоҳнинг даргоҳига қочаётган ҳолатда эмас, олға интилганча боришни афзал топишди. Муқаддам ўтган Аллоҳ йўлидаги жанглардан бирида бир қўлидан айрилган Уруж бир қўллаб ғазабла жанг қилди. Денгиз саркардаси Уружнинг шахсан ўзи билан жанг қилишаётганидан хабар топган испанлар уни қўлдан чиқариб юбормаслик учун ўз бўлинмаларига мадад йўллашди. Душманнинг бутун бошли бўлинмаси уни ўраб олиб, қиличлари билан роса чопишди, беҳол йиқилганидан сўнггина Урушга яқин боришга журъат этиб, танасини бурдалашди. Ислом уммати қаҳрамони Уруж Барбаросса қўрқоқлар қўлидан қочаётган ҳолатда эмас, олға интилганча ўлим топди.
Ваҳший салиб юришчилари ушбу мужоҳидни шунчаки ўлдириш билангина чекланишмади. Унинг бошини кесиб олиб Европа шаҳарлари бўйлаб кўтариб юришди. Европа қиролларига тинчлик бермаган, уларнинг тунги даҳшатига айланиб қолган Уружнинг боши черков қўнғироқлари тантанали жаранглатилганча қарши олинди.
Қаҳрамон Уруж ҳалок бўлди... ўз саркардасини йўқотган денгизчи мусулмонларчи, таслим бўлишдими?
Ёдингизда бўлсинким, Ислом байроғини ким кўтариб бораётгани эмас, Ислом байроғи ҳамиша баланд кўтарилгани муҳим. Ислом умматининг бир қаҳрамони боқий дунёга риҳлат қилса, унинг ўрнини ушбу уммат тарбиялаб ўстирган бошқа қаҳрамон эгаллайди. Уруж розияллоҳу анҳунинг акаси, денгиз саркардаси Хайриддин Барбаросса укаси бошлаган жиҳод йўлини давом этишга астойдил бел боғлади.
Хайриддин Барбаросса ўз кемаларини Тунисга йўллаб, ушбу юртни салиб юришчиларию уларнинг хоин ҳукмдорлар орасидан чиққан малайларидан тозалади, бандаргоҳларда турган испан кемаларини йўқ қилди. Шундан сўнг Усмонийлар халифалигининг қўшинлари билан бирга Жазоирни озод қилди. Бу билан чекланмай, Балеар оролларини, у ердаги испан флотини йўқ қилган тарзда эгаллади. Ислом динига эътиқод қиладиган ушбу денгиз саркардасининг кетма-кет эришган ғалабаларидан хабар топган Рим Папаси Павел Уч католик Европа бўйича умумий сафарбарлик эълон қилиб, христианларнинг қуйидаги иттифоқини шакллантирди:
- Испания қироллиги;
- Венеция Республикаси;
- Генуя Республикаси;
- Папа давлатининг ҳарбий кемалари;
- «Авлиё Иоан ордени».
Натижада ўша даврнинг энг йирик ҳарбий-денгиз флоти вужудга келиб, таркибига 600 та кема ва уларнинг бортларига жойлашган олтмиш минг жангчи кирди. Европанинг афсонавий денгиз саркардаси Андреа Дориа ушбу иттифоқ флотига қўмондон этиб тайинланди. Мусулмонларни Урта денгиздан батамом қувиб солиш - ушбу саркарда кўзлаган бош мақсад бўлди. Мусулмонлар халифаси босқинчиларга қарши Хайриддин Барбаросса қўмондонлиги остидаги 122 та кема ва уларнинг бортидаги 22 минг мужоҳидни йўллади. Иккала флот ҳижрий 945 йили жумодул аввалнинг 4 санасида, яъни милодий 1538 йил 28 сентябрь куни Превеза шаҳри яқинидаги ҳавзада рўбару келди. Ушбу санани, яъни Ислом тарихидаги энг йирик денгиз муҳорабаси - Превеза жанги санасини эслаб қолинг.
Салиб юришчилари сон жиҳатдан анча устун келаётганига қарамай, Хайриддин Барбаросса талафотнинг олдини олиш мақсадида душманга қарата бир неча марта дафъатан зарба бериб, ғаним кемаларини қуршаб олишга муваффақ бўлди. Рақиб орасида даҳшатли ваҳима кўтарилиб, душман кемалари ҳар томон ёйилиб кетди. Афсонавий қўмондон Андреа Дориа деганлари эса жанг майдонини қўрқоқларча ташлаб қочди. Шу тариқа, беш соатга ҳам бормаган жанг ўтиб Хайриддин Барбаросса христианларнинг йирик иттифоқини янчиб ташлаб, Усмонийлар халифалигига улкан зафар келтирди.
Мусулмонларнинг бундай шавкатли ғалабасидан сўнг, жамики христиан давлатларида даҳшат ва қўрқув муҳити қарор топди. Исломий денгиз саркардаси Хайриддин Барбароссанинг ғалабаси ҳақидаги хабар Ислом оламида ҳам тез тарқалиб Макка, Мадина, Қуддус, Бом-бей, Дамашқ, Қоҳира, Самарқанд каби кўплаб Исломий шаҳарларнинг минораларида «Аллоҳу акбар» такбири янгради.
Денгиз саркардаси Хайриддин Барбаросса Ислом шарафи учун қозонган ушбу ғалабалари билангина чекланиб қолмади. Халифа Сулаймон Канунийнинг амрини бажо айлар экан, Андалусиядаги мусулмонлар билан яҳудийларни инквизиция қийнокларидан халос этиш учун Исломий флотнинг бир нечта денгиз сафарларини амалга оширди. Андалусиялик қочқинлар, аёллар, қария ва болаларни қутқариб, Урта денгизни кезиб юрди. Миннатдор Андалусия халқи унинг Хизир исми ўрнига Хайриддин дея ном қўйиб олишди. 1541 йили Гренада аҳолиси халифа Сулаймон Канунийнинг номига қуйидаги мазмунда нома йўллашди:
«Ёнгинамизда олийжаноб вазир, Аллоҳ йўлидаги мужоҳид, динимиз ёрдамчиси, Исломнинг кофирлар узра кўтарилган қиличи Хайриддин бор эди. У бизнинг аҳволимиз ва бошимизга тушган кулфатлардан хабар топди... Биз ёрдам сўраб, уни чаҳирдик ва у келди. Кўпдан-кўп мусулмонларни кофирлар зулмидан халос этиб, барини султоннинг ҳимояси остидаги тинчлик ҳукм сурган ерларга элтиб кўйди».
Кўрдингизми, эътиборимиздан четда қолган қаҳрамонларимиз мана шундай бўлишган. Энди эса Аллоҳнинг амри ила улар ҳеч қачон унутилмайди. Умматимиз душманлари биз учун ёзиб берган нарсаларни ўқиб ўтирадиган даврлар ўтди кетди. Энди биз умматимизнинг асл тарихини тиклаймиз. Тарихимизга тажовуз қилаётганларнинг шу кунгача денгиз қароқчиси ҳисобланган Барбаросса исми олдидаги қўрқуви энди мени ажаблантирмайди. Зеро, ўз замонида дин душманларининг машҳур денгиз саркардаларини ушбу Ислом уммати қаҳрамонининг шунчаки тилга олиб ўтилган исмининг ўзи даҳшатга солар эди.
Ўша кундан буён Исломий флотнинг Ўрта денгиздаги бандаргоҳи Жазоир бўлиб, Хайриддин Барбаросса ушбу юртнинг ҳукмдори бўлди. Унинг бошчилигида Усмонийлар халифалигининг Исломий ҳарбий-денгиз флоти барча денгиз ва океанларда ҳукм сурган энг қудратли ҳарбий-денгиз кучларига айланди. Сиз Буюк Британия, Франция, Голландия, Дания, Сицилия, Сардиния каби йирик давлатлар Жазоирда жойлашган усмонийлар флоти томонидан тўла-тўкис назорат остига олинган Ўрта денгиздаги кемаларининг хавфсизлигини кафолатлаб, ҳимоя қилгани учун Исломий халифаликка ўлпон тўлаганини билишингизнинг ўзи кифоядир.
Ушбу ҳолат билан Жазоирнинг босиб олиниши ўртасида қандай боғлиқлик бор? Ва нима учун Жазоир босқинчилар томонидан Янги даврда «мустамлака қилиб олинган» биринчи араб ўлкаси бўлди? Нима учун айнан Жазоир? Дунёнинг эркинлик учун курашувчиларининг тимсолига айланган жазоирлик етакчи ким экан ўзи?

Ат-Туробийнинг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

 
Баннер