Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий
PDF Босма E-mail

Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий ва унинг ўғли Абу Ҳасан Али фарғоналик фалакиётчи олимлардан бўлиб, бизнинг илмий адабиётларда уларнинг ҳаёти, фаолияти ва мероси ўрганилмаган. Ибн ан-Надим ва Ибн ал-Қифтийлар ўзларининг «ал-Фихрист» ва «Ҳакимлар тарихи» китобларида бу олим ҳақида шундай деб ёзадилар: «Абу ал-Қосим Абдуллоҳ ибн Амажур ал-Ҳаравий Фарғона халқи фарзандларидан. У замонасининг фозил ва ўз ўрнига эга уламоларидан бўлган. Олим «Хатолардан холис зиж китоби», «Боғлаб турувчи зиж китоби», «Ғаройиб зиж», «Ўтишлар зижи», «Синдҳинд зижи», «Қулнинг зижи», «Мусофирга фойдали китоб», «Форс эраси бўйича Мирриҳ (Марс) сайёраси учун зиж» каби асарларнинг муаллифи саналади. Шу билан бирга юқоридаги манбаларда олимнинг Абул-Ҳасан Али ибн Абул-Қосим исмли ўғли бўлиб, унинг ҳам фалакиётга қизиққани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Бундан ташқари, Ибн ал-Қифтий Амажур оиласига тегишли яна учинчи шахс, яъни Али ибн Амажурнинг астрономик кузатиш ишлари билан шуғулланганини эътироф этади.
Абул-Ҳасан Алининг қулликдан озод этилган ёрдамчиси Муфлиҳ ибн Юсуфнинг ота-ўғил Амажурлар билан 885-933 йиллар давомида олиб борган йирик астрономик кузатув ишлари, Амажур оиласининг фалакиётга катта ихлос қўйганидан далолат беради.
Туркиялик тадқиқотчи Ойдин Сайили «Амажур» оиласи ҳақида гапирар экан, бу оила Дамашкда 877-878 йили вафот этган турк амирининг исмидан келиб чиққан ва юқоридаги астрономларнинг барчаси шу оилага мансуб бўлиши керак, деган тахминни билдиради. Аммо у Ибн ан-Надим ва Ибн ал-Қифтийларнинг «Абул-Қосим Абдуллоҳ ибн Амажур Фарғона халқининг фарзандларидан» деб эътироф этган иборасига етарли даражада ўз эътиборини қаратмайди. Ўрта асрларнинг йирик астрономларидан Ибн Юнус ас-Садафий (950-1009) ҳам, олимга нисбатан унинг туркий насабдан эканини англатувчи ат-Туркий сўзини қўшиб ишлатади. Ўйлаймизки, келтирилган маълумотлар олимнинг араб халифалигининг шарқий ерларидаги Фарғонадан эканига далил бўла олади.
Ибн Юнус ас-Садафий рисолаларининг бирида, Ама-журлар томонидан амалга оширилган Қуёш ва Ойнинг тутилиши ва баъзи сайёраларни кузатиш тажрибаларини баён этади. У келтирган маълумотларга қараганда, олимлар баландликда жойлашган ва тўрт томонни кузатиш имконига эга бўлган махсус масканга эга бўлганлар. У ерда маълум белгиланган йўналишни кўрсатишга имкон берувчи, кузатиш ишларига мўлжалланган махсус узун туйнук ҳам мавжуд эди. Демак, бинода илмий изланишлар учун зарур қулайликлар яратилган. Абдуллоҳ ибн Амажур 928 йилнинг 18 августида-ги Қуёш тутилишини баён этар экан, ўзи ишлатган бир жиҳоз устида тўхталиб ўтади. У ушбу тажриба-ни қуйидагича баён қилади: «Мен Қуёш тутилишини ўғлим Абул-Ҳасан ва Муфлиҳ билан бирга кузатдим. Қуёш ўзи тутилган юзасининг чорагидан камроқ миқдорга кўтарилди ва ҳатто Қуёш юзасининг тўртдан бир қисми қораймагунча унинг тутилиши сезиларли даражада ортмади. Биз Қуёшни сувда, соф ва махсус усулда кузатдик. Ниҳоят, Қуёшнинг қисмлари тути-лишдан тўхтаб, унинг диски сувда ўзининг тўлалигича намоён бўлганидан сўнг, биз Шарқ томонда унинг баландлигини 12 даража ва минус бир даражаси учга бўлинган жиҳознинг бўлинма чизиғининг учдан бир қисмида эканлигини, яъни жиҳознинг 12 даража ми-нус бир даражасининг тўққиздан бири эканлигини кўрдик».
Ибн Юнус келтирган бу парчадан маълум бўладики, Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий, унинг ўғли ва ёрдамчиси Муфлиҳ ибн Юсуфлар Қуёш тутилишини кузатиш жараёнида ўн икки даража ва бир даражанинг тўққиздан бирини кўрсатиб берган жиҳоздан фойдаланганлар. Жиҳознинг бир даражанинг тўққиздан бир қисмини аниқлаш имкониятига эга эканлиги, унинг мукаммал мослама бўлганини кўрсатади.
Амажурлар Қуёш, Ой, турғун юлдузлар ва сайёраларнинг кузатиш билан боғлиқ тажрибаларини, асосан Бағдод ва қисман Шероз каби шаҳарларда олиб борганлар.
Баъзан олимнинг исмида учрайдиган ал-Ҳаравий («ҳиротлик») нисбасидан, олимнинг Ҳирот шаҳрида ҳам фаолият кўрсатган, деб тахмин қилиш мумкин. Албатта, юқоридаги тажрибаларни амалга ошириш ўз моҳиятига кўра узоқ муддатни талаб этган. Шунинг учун ҳам баъзи адабиётларда мазкур алломалар ўз тажрибалари устида эллик йилга яқин ишлаганлар, деб кўрсатилади.
Амажурлар ўз тажрибаларининг натижаси сифатида, юқорида номлари зикр этилган қатор астрономик рисолалар ва жадвалларни яратганлар. Бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган, лекин муаллифларнинг икки қўлёзма асари Париж ва Лейден кутубхоналарида сақланади ва улар қуйидагилардан иборат:
1.«Сайёраларнинг тутилиши ва боғланиши ҳақида астрологик олдиндан айтиб беришлар мажмуаси». Рисола Париж ва Лейденда сақланади2.
2. «Тайласан зижи». Бу қўлёзма фақат Парижда сақланиб қолган. Араблар бўйнини Қуёш нуридан ҳимоя қилиш мақсадида салла устидан бошлаб, елкагача ташлаб юриладиган рўмолни «тайласан» деб аташади. Шу сабабдан муаллифнинг рисоласи «Рўмол зижи» деб таржима қилинади. Бу зиж ҳозирга қадар ўрганилмагани сабабли, унга нима мақсадда бундай ном берилгани аниқланмаган.
Манбаларда Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркийнинг таваллуд топган ва вафот этган йили ҳақида аниқ маълумотлар сақланмаган. Шунинг учун ҳам унинг яшаган даврини IХ-Х асрлар, деб қабул қилинади.

Баҳром Абдуҳалимовнинг
"Байт ал-Ҳикма" китобидан

 
Баннер