Навоийнинг онаси ким бўлган? | ||||
Алишер Навоийнинг ўзи уруғ-аймоғи борасида деярли, маълумот қолдирмаган. Фақат тоғалари Мир Саид Кобилий ва Муҳаммад Али Ғарибий, укаси Дарвишали ҳақида “Мажолис”да бироз тўхталади, у ҳам бўлса, тазкира талаби нуқтаи назардан жуда қисқа. Отаси тўғрисида мавзу талаб қилганда гапиришга мажбур бўлган жойлари бор. Масалан, “Мажолис”да Мир Шоҳий номли шоир жасади Астрободдан ватани Сабзаворга олиб келинган пайтда отаси бу ерда ҳукумат ишларини бошқариб турганини айтиб ўтади. Унинг қанча ҳокимлик қилгани ва Алишерлар оиласининг Сабзавордаги ҳаётига доир бошқа маълумот келтирилмаган. “Бадоеъ ул-бидоя”да “отам бу остон хокбези, онам ҳам бу сарой бўстони канизи”, – деб уларнинг темурийлар хонадони хизматида бўлганликларини камтарона таъкидлаб ўтган. “Вақфия” асарида “бу хоксорнинг ота-бобоси Султон Ҳусайн Бойқаронинг обо ва аждоди хизматидаким, ҳар бир салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар – улуғ маротибқа сазовор ва бийик маносиқ комгор бўлған эрдилар”, – дея ўзининг насб-насабига ишора этган. Аммо негадир бирон-бир асарида ота-онаси ҳақида аниқ маълумот қолдирмаган. Ҳатто унинг номини ҳеч қаерда тилга олмайди. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида шундай ёзади: “... Амир Алишердирким, қадим замонлардан унинг мукаррам боболари ва аждоди олий амирлар қаторидан жой олган эдилар. Умаршайх мирзо ибн Амир Темур даврида уларнинг ҳаёти лавҳига кўкалдошлик бахти эътибор қалами билан ёзиб қўйилган”. Ушбу асар ҳижрий 872 (мил. 1467-1468) – 874 (1964-1470) йиллар орасида ёзиб тугатилган ва ҳижрий 875 (мил.1470) йили муаллиф уни яна давом эттириб, ўша йилнинг сафар ойида (1470, август) рўй берган воқеаларни ҳам қўшган. Асарнинг навоийшунослик учун икки аҳамиятли жиҳати бор. Биринчидан, у Алишер Навоий номини тарихда илк бор ёзма қайд этган манба ҳисобланади. Шунинг учун ундаги Навоий ҳаётига алоқадор маълумотлар тарихий факт сифатида муҳим. Маълумотлар қисқа ахборот тарзда келтирилса ҳам улуғ мутафаккир ҳаётини ўрганишда катта аҳамиятга эга. Иккинчидан, асар Навоий назорати остида якунланган. Демак, Навоий ўз ҳақидаги қайдларни кўрган. Маълумотни ниҳоятда қисқа берилишига қараганда, Навоийнинг ўзи шуни маъқул топган бўлиши мумкин. Балки шунинг учун ҳам ўша давр манбаларида, айниқса, Навоийнинг яқин шогирди, муаррих Хондамирнинг барча тарихий асарларида улар деярли, айнан, такрорланиб ортиқча тафсилот билан бойитишга журъат этилмагандир. Давлатшоҳ Самарқандий ҳам негадир ўз тазкирасида Навоийнинг отаси тўғрисида жуда қисқа тўхталади. “Навоийнинг отаси Абдулқосим Бобурнинг ишончли кишиси Чиғатой улуси улуғларидан эди”, – дейиш билан кифояланади. Айни пайтда у Навоийнинг отаси ҳарбий бўлганини таъкидлаб ўтган. Тадқиқотлар натижасида Алишер Навоий даврида яратилган турли жанрларга мансуб асарларнинг бирортасида ҳам улуғ амирнинг отаси ҳақида етарли маълумот келтирилмаганига ишонч ҳосил қилдик. Шуниси таажжублики, Навоий вафотигача яратилган барча асарларда Навоийнинг отаси борасида юқоридаги маълумотларга қўшимча бўладиган факт йўқ. Ҳатто “Равзат ус-сафо” асарида учрамайди. Навоийнинг ўз аждоди борасида қолдирган мавҳум маълумотлари ва кўкалдошлик манбаларини аниқ изоҳлаб кетмаганлиги унинг ниҳоятда камтарона йўл тутгани ва кибру ғурурга берилмагани билан изоҳланар балки. 1501 йили Навоий вафот этади. Шундан кейинги давр манбаларида Навоий ҳақидаги қизиқарли маълумотларни кўриш мумкин. “Ҳабиб ус-сияр”да биринчи марта Навоий отасининг исми тилга олинади. Жумладан, Мирзо Иброҳим томонидан Абу Саъид мирзо ҳузурига элчи юборилганда уларга ҳамроҳлик қилиш Амир Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкинага топширилганлиги айтилади. Шу ўринда олимларнинг улуғ амир хислатлари ва фаолиятига бағишланган Хондамирнинг махсус асари– “Макорим ул-ахлоқ” шоир вафотидан сўнг ёзилган деган фикрини яна бир бор чуқур ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Шундай деб ҳисобланган тақдирда “Ҳабиб ус-сияр”да Навоийнинг отаси ҳақида қўшимча маълумот беришга журъат этган Хонадамир “Макорим ул-ахлоқ”да ҳам эркин фикр юритиши мумкин эди. Лекин муаллиф Шоҳрух султон вафотидан сўнг Навоийнинг отаси бола-чақаси билан Шероз томонга йўл олганини айта туриб, унинг номини тилга олмайди. Балки “Макорим ул-ахлоқ” Навоий вафотидан аввал ёзила бошлагандир. Шунинг учун ҳам Хондамир асарда устози белгилаб берган чегаралардан чиқмагандир? Қизиғи шундаки, “Равзат ус-сафо”да ҳам Навоий отасининг номи тилга олинмаган. Бу асар Навоийнинг ўз назорати остида ёзилгани манбаларда тасдиқланган. Демак, Навоий онгли равишда ота-онаси ҳақидаги тафсилотларнинг берилишини хоҳламаган кўринади. Садриддин Айний ёзади: “Шохруҳ мирзо салтанати давридаги катта амалдор ва донг чиқарган лашкарбошилар тарихий асарларда номма-ном қайд этилган. Агар Алишернинг отаси катта амалдорлар жумласидан бўлганда эди, у давр тарихчилари назаридан, хусусан, “Равзат ус-сафо” номли тарихий асарни ёзган Мирхонднинг назаридан қолмас эди”. Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома”сида ёзилади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким Мирга амирлик мансаби меросийдир. Унинг отаси Амир Кичкина султон Абу Саъиднинг хизматида эди. Гарчи муҳру мансаби бўлмаса ҳамкатта ҳурматга эга эди. Она томондан бобоси Амир Шайх Абу Саъид Чанг Мирзо Бойқаро хонадонида амир ул-умаро эди. Мир ўн ёшлигидан Бобур мирзо хизматида бўлиб, (султон) уни фарзандидек кўрарди. Мир замон султони (Ҳусайн Бойқаро) билан мактабда ҳамсуҳбат ва ҳамсабоқ эди. Улар қачон бошларига бахт қуши қўнса, бир-бирларини унутмасликка аҳду паймон боғлашган экан”. Фахрийнинг тазкираси Навоий вафотидан сўнг – 1521-1522 йили яратилган. Тазкира муқаддимасидагиишорага қараганда, у мазкур маълумотларда кимдир суянган. Балки Фахрий бизгача етиб келмаган қандайдир манбага асослангандир. Бу бизга қоронғи. Бироқ унинг Навоий билан шахсан таниш бўлгани ва мушоарларида қатнашгани унинг маълумотлари ишончли эканига шуҳба туғдирмайди. Шунга қарамай, нега Навоийнинг она томонидан бобоси исмини кўрсатиб, ота томонига эътибор бермагани таажжубланарли. Бу эса Хондамир асарларидаги маълумотлар руҳиятига мантиқан боғланмайди. Гап шундаки, Фахрий Абу Саъид Чангни Бойқаро хонадонида амир ул-умаро эди, деб кўрсатар, унинг Навоийга она томондан бобо эканини таъкидлар эканми, Навоий ўзи эътироф этган “ота-отадан етти пуштға дегинча бу рафиъ дудмоннинг бойири бандаси ва бу васиъ остоннинг мавруси туғмаси, яъни бу хонзоданинг хонаводаси ва бу хонаводанинг хоназодаси”, деган мулоҳазага биноан ота томони аждодлари ҳақида ҳам албатта, маълумот бериб ўтиши жоиз эди. Бундай маълумотнинг йўқлиги Навоийнинг ота томондан аждодлари ҳақида аниқ фикр юритиш имконини бермайди. филология фанлари доктори, профессор.
|