Баҳодир Тўрғайнинг ўғли Темир (ҳозирги олимлар тилида Турағай ва Темур) қандай бола бўлганлиги, унинг ёшлиги ва биринчи муҳаббати ҳақида тарихий далил ва манбалар йўқ, дейилади. Катта-кичик барча юртдош олимларимиз, рус ва ғарб шарқшунослари шундай фикрда. Аммо Америка шоири Эдгар Аллан По «Темур» номли достонида унинг биринчи муҳаббати ҳақида ёзган. Асарда ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур ўлим тўшагида ётаркан, бир умрлик пирига ўзининг биринчи муҳаббати ва бу муҳаббат шу видо чоғигача ўзини тарк этмагани борасида гапиради.
Севдим бу дунёнинг бир дилбарини. Қачон илк бор кўрдим, қайси кўз билан? Мен унинг чиройли қарашларини Тасвирлай олмайман асло сўз билан. Хаёлимда қолган фақат бир суврат Юрагимнинг титроқ варақларида. У суврат сувратмас, соядир фақат, Сирли шабаданинг сояси содда.
Темур у қиз ўзи учун қувонч, умид, кўз нури бўлганлиги, боладай соф, масъум, мулойим, айни чоғда ақли, шуури комиллиги, ўрталаридаги муҳаббат тамасизлиги, ҳеч нима талаб қилмаганлигини ҳикоя қилади. Ҳикояда энг бахтли онлар, юксак тоққа чиққанлари, қояларда туриб дарадаги янгроқ ирмоққа қулоқ тутганлари, сирли сояларнинг чўкиши, нозик кўкрагига бош қўйгани, йиғлаб муҳаббат изҳор қилганлари каби манзаралар жонланади. Амир Темур ўша пайтда фақат муҳаббат эмас, шон-шуҳрат ҳам ўзига қанот бўлганлиги ва у келгусида бошига тож ки яжаги ва қизни малика қилажаги ҳақида гапирганда, қиз жавоб беришдан ўзини чап олгани борасида ҳам ҳикоя қилади ва… буюк шон-шуҳратларни қўлга киритиб қизнинг уйига қайтганида уни топмаганлигини алам билан сўзлаб беради. Эдгар По «шон-шуҳрат – муҳаббатнинг сочларини юлгани» ҳақидаги фикри билан достонни якунлайди. Албатта, бу воқеалар шоирнинг хаёл маҳсули бўлиши мумкин, аммо шоирнинг хаёлини, илҳомини қўзғаган бир тафсилот, бир хабар бўлиши керак-ку! Достонни ёзганда По Виржиния университетининг иккинчи курсида ўқир, эндигина 18 ёшга кирган эди. У ўзи ўқиётган университетнинг кутубхонаси ё ўқув залида қандайдир тарихий манбага дуч келгандир, биз ҳам бир кун эмас бир кун Темурнинг ёшлиги ҳақида бирор ноёб китобни топамиз, деб ўйлайман.
Муҳтарам олимимиз Турғун Файзиевнинг «Темурийлар шажараси» китобида Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг отаси Амир Муҳаммад Тарағай Шаҳрисабз (Кеш)нинг маълум қисмида ҳоким бўлган ва замон анъаналарига кўра ўғлига от миниш, ов қилиш, хат-савод чиқариш, ислом қонун-қоидаларини ўргатиш учун мураббийлар тайинлаган. Буюк араб файласуфи Ибн Холдун соҳибқирон турк, араб, форс халқлари тарихини чуқур ўрганган, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг энг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштира олган зот эканлигини ёзиб қолдирган. Темур 12 ёшидаёқ болаларга хос эрмак ўйинлар ўйнамас, сипоҳийларга хос ўйнлар ўйнарди. 16-18 ёшида қиличбозлик, найзабозлик ва ов қилиш санъатини моҳирона эгаллайди. Дарвоқе, рус ва ўарбий Оврупо шаҳзодалари ҳам айнан шундай тарбияланганлар. 19 ёшида, яъни Эдгар Аллан По айтмоқчи, биринчи муҳаббат тарихини бошдан кечирган ва шон-шуҳратга эришиш учун курашга киришган вақтларида, отаси уни Жоку Барлоснинг қизи Турмуш оғога уйлантириб қўйган, яна шу йилнинг ўзида Амир Қозоғоннинг набираси, амир Ҳусайннинг синглиси Камолойга уйланган. Камолой доим эркаклар кийимида отга миниб, жангларда иштирок этар, жангдан кўп ўлжалар билан қайтар экан. Шунинг учун уни Ўлжаой Туркон оғо деб атарканлар. 1356 йилда Турмуш оғодан Жаҳонгир Мирзо, Ўлжаой Туркон оғодан Умаршайх Мирзо туғилган. Яна икки йилдан кейин Турмуш оғодан бир қиз туғилиб отини Ўгибегим қўйганлар, ўлжаой Туркон оғодан ҳам бир қиз туғилиб, отини Султон Бахтбегим қўйганлар. 1366 йилда Ўлжаой Туркон оғо касал бўлиб вафот этган. Турмуш оғонинг кейинги ҳаёти ҳақида бошқа маълумотлар учрамайди. 1360 йилда Темурнинг отаси амир Муҳаммад Тарағай вафот этди ва Темур отасининг ўрнида унинг ишини давом эттирди. Кунларнинг ҳаммасида, баъзан-баъзангина хасталик туфайли бўлак яшаганини ҳисога олмаганда, хотини Ўлжаой Темур билан ёнма-ён бўлди. Аммо нотинч ва оғир кунларнинг таъсириданми, Ўлжаойнинг касали ойдан ойга, йилдан йилга кучайиб борди ва 1366 йил март ойида вафот этди. Улар бир қиз ва бир ўғил кўргандилар, аммо улар ҳам ёшликда нобуд бўлдилар. Ибн Арабшоҳ Темурни шундай тасвирлайди: «Темур жуда келишган эди, бўйи баланд, калласи катта, манглайи очиқ, овози жарангдор эди, кучи жасурлигидан қолишмас, оқ юзини оч қизил ранг жонлантириб турарди. Кенг елкалар, семиз-семиз бармоқлар, ёнбошлар, бақувват мушакларга эга эди. Ўнг қўли ва оёғи қаттиқ шакастланганди. Кўз қарашлари ёқимли, ўзи ўлимни писанд қилмасди. Ўла-ўлгунча ақл-заковатини ҳам, довюраклигини ҳам йўқотмади. Ёлғон-яшиқнинг ашаддий душмани эди, ҳазил-ҳузулни ёқтирмасди. У ўз ҳузурида талон-тарож, ўлдир-ўлдир, хотинларни зўрлашлар ҳақида гапиришга йўл қўймасди. У қанчалик аёвсиз бўлмасин ҳақ гапни охиригача эшитишни яхши кўрарди. Яхши-ёмон ҳолатлар унинг кайфиятини буза олмасди». Темур чавгон ўйинини яхши ўйнарди.
БИБИХОНИМ
Сароймулкхоним Чиғатой улусига мансуб бўлган мўғул хонларидан Қозонхоннинг қизи бўлиб, 1341 йилда туғилганди, отаси Қозонхон тахтдан ағдарилиб қатл этилганда у ҳали 5 ёшда эди. 14 ёшида Амир Ҳусайн уни ўз никоҳига олганди. Амир Темур уни 29 ёшида ўз никоҳига киритиб, «кўрагон» («куёв») бўлди. Куёвлик, расм-русмларга кўра, расман хон бўлмаса ҳам, ҳокимиятни бошқариш ҳуқуқини берарди. Темур Сарой Мулкхонимнинг хон авлодига мансублигини инобатга олиб, уни Бибихоним (Катта хоним) этиб тайинлади. Яъни энди у ҳарамдаги барча маликалардан улуғ ҳисобланадиган бўлди. Бунда унинг ақл-заковат ва фикрлаш доираси кенглиги бош омил бўлди. Чиндан ҳам Сароймулкхоним жуда ақлли, фаросатли, тадбиркор аёл эди. Сиёсатдонлик, инсонпарварлик, саховат бобида ҳам тенгсиз бўлиб, ҳокимиятни бошқаришда бемалол иштирок эта олиши, мамлакатнинг ижтимоий ва маданий ишларига ҳомийлик қила олиши кўриниб-билиниб турарди. Тарихчиларнинг ёзмаларидан маълумки, Амир Темур Эронга юриш бошлаганда, Исфахон қамали чўзилиб кетиб, Сароймулкхонимга мактуб жўнатади, «Қўшиннинг захираси тугади, хазинадан зар юборинг» дейилганди унда. Бибихоним «сиёсатингиз ҳам тугадими?» деб жавоб ёзган, сўнг Амир Темур турли суякларни кестириб, орқасига муҳр урдириб, вақтинча пул чиқартирган, шаҳар қишлоқлардан суяк-пулларга озиқ-овқат сотиб олган, Исфаҳон таслим бўлган, суяк пулларни зар пулга алмаштириб берилганди. Бибихоним чет эл элчиларини қабул қилиш маросимларида ҳукмдор ёнида иштирок этгани ҳам тарих китобларида битилгандир. Бибихоним Клавихонинг хотираларида шундай тасвирланган: «Ҳамма жой-жойини эгаллагандан кейин чодирлар яқинига ўрнатилган ғовларнинг бири ичидан байрамда қатнашиш учун сеньорнинг (Темурнинг) улуғ хотини Каньо (Бибихоним) чиқиб келди. У олтин гулли қип-қизил либосда бўлиб, либос енгсиз, ёқаси чуқур ўйилмаган, фақат боши чиқиб туришига лойиқ ва қўлларини тиқиш учун мўлжалланган ўймаси бор, этак томонлари жуда кенг эди. Белига ҳам ҳеч қандай кесик-песик қилинмаган, эркин юрсин учун, этакни 15 тача аёл кўтариб келарди. Юзига шунча кўп упа сурилгандики, у қоғозданга ўхшарди. Билсам, бу қадар кўп упа уни қуёшдан сақлаш учун экан. Қишда ҳам, ёзда ҳам узоқ йўлга чиққан ҳамма оқсуяк хонимлар юзларини кундан шундай ҳимоя қилишаркан. Каньонинг юзи енгил оқ тўр билан тўсилган, бошида қизил матодан қилингн қалпоқ бўлиб, у турнирда савашадиган рийарларнинг дубулғасига ўхшар эди. Тўр сал-сал елкаларига тушиб турарди. Аммо бу дубулға жуда узун, унинг кўпдан-кўп йирик, йилтир-йилтир қилган думалоқ марваридлари, ёқут, феруза ва бошқа турли-туман, жуда чиройли ишлов берилган тошлари бор эди. Елкасига тушиб турган тўр ҳам олтин гулли эди, устидан жуда чиройли, кўп қимматбаҳо тошлар билан безалган олтин тож бор эди. Унинг энг тепасида учта ёқутдан, икки бармоқча келадиган ёрқин ва фавқулодда гўзал, кучли йилтирайдиган қурилма бор эди. Қурилманинг учини бир тирсак баландлигида катта жиға безаб турар, унинг айрим парқулари пастга, бошқалари юзига ва кўзларигача эгилиб турарди. Бу парқулар олтин тизимча билан боғланган, тизимчанинг охирги учу тошчали ва марваридли қуш қанотларидан қилинган оқ қилқаламга ўхшарди. Хоним одимлаб келаётганда бу жиға ҳар тарафга ҳилпирарди. Қоп-қора сочлари елкаларига тушиб ёйилиб турарди. Бошидаги дубулғани бир неча оқсуяк хоним ушлаб олгудай ҳушёр бўлиб изидан келарди. Ҳаммаси бўлиб уч юздан ортиқ асилзода аёл Каньонинг ортидан келарди». Халқ Бибихонимни жуда яхши кўрар, у ҳақда бир қатор гўзал афсоналар тилдан тилга кўчиб юрарди. Мисол учун битта афсона мана бундай: 1399 йилда Ҳинд сафаридан зафар билан қайтган Соҳибқирон Темур жуда катта масжид ва мадраса қурдириш режасини ўртага қўйди. Моварауннаҳрнинг энг моҳир муҳандислари, тажрибали усталари, Озарбайжон, Форс, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг тоштарошлари, ҳаммаси бўлиб 200 киши биргаликда қурилиш асосларини қўйдилар. Тоғларда 500 киши тошларни йўниб, тайёрлаб шаҳарга юбориб турарди. Араваларга қўшилган ҳўкизлар, 95 та Ҳиндистондан келтирилган тоғда-тоғдай филлар ишга қўйилганди. Темур бир неча ойгина қурилишни ўзи шаҳзодалар, амирлар билан бирга кузатиб турди, аммо тезда яна узоқ муддатли янги сафарларга отланди. Қурилишга раҳбарликни Бибихонимга топширди. Бибихонимга оид афсоналарнинг аксарияти ўша дарга оиддир. Бибихоним эрининг қайтишига совға бўлсин деб дунёда тенги йўқ улуғвор масжидни битказишни ўйлаб қўйди. У қурувчиларни чақириб, уларни илҳомлантириш учун, қимматбаҳо олтин-кумуш, бебаҳо тошлар уюмини кўрсатди. Уларнинг ҳар бири ишига яраша шу бойликлар билан мукофотланишини айтди. Иш қизиб кетди. Миноралар кўкларга чўзилди, кенг майдонда оқ мармар равоқлар қатори тикланди, ҳаворанг минора кўк тоқи билан баҳслашаётгандек эди. Фақат равоқнинг энг баланд аркини тепадан бирлаштириши керак эди. Аммо ёш меъмор ишни битказа қолмас, орқага сурар эди, чунки у Бибихонимни севиб қолганди, қурилишни тамомласа хонимни ҳеч қачон кўра олмаслигини биларди. Темур эса Самарқандга яқинлашар ва сабрсизлик билан келавериш тўғрисида ижозат сўраб тўхтовсиз чопар юборарди. Бибихоним меъморга, ишни тезроқ битказинг, деб ёлворарди. Меъмор эса, бунинг эвазига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бир ҳадя битта ўптиришни талаб қиларди. Бибихоним турли рангларга бўялган тухумларни юбориб, пўсти арчилса ҳаммасининг мазаси бир деган гапни уқтирмоқчи бўларди. Бу ҳам ёрдам бермагач бўса беришга рози бўлди, аммл меъмор ўпаётганда чиройли юзига қўлини қўйишга улгуради. Аммо бўсанинг ҳарорати шу қадар кучли эдики, қўл тўсиқлигига қарамай барибир юзида доғ қолдирди. Темур олдин масжидни кўриб роса завқланган эди, кейин бирдан хотинининг юзидаги доғни кўриб қолади. Масала очилиб қолади. Темурнинг одамлари йўлдан урган одамни тутиб келишга борсалар, у қанот чиқариб, аллақачон учиб кетган экан. Бибихоним мадрасаси кенг ва баҳайбат, ўймакор мармардан, етти ил металл қўйиб мустаҳкамланган, олтин ва кумуш суви билан безалган, дарвоза табақалари ўрнатилган, бу дарвоза очилиб-ёпилганда нозик рангли металл титраб тургани кўзни оларди. Яна бир ривоятга кўра, Бибихоним қош қорайгач, канизлари билан кийимларини ўзгартириб мадраса томонга бораркан, талабаларнинг тирикчилиги қандай ўтаётганини ўз кўзи билан кўриб, текшириб келаркан. Бир куни борса ҳамма ҳужраларнинг чироғи ўчгану, биттасининг чироғи ёниқ экан. Сароймулкхоним ўша ҳужра эшиги ёнида талабаларнинг суҳбатига қулоқ солибди. Улардан бири иккинчисига: -Қани, тўғрисини айт, ҳозир кўнглинг нимани истаяпти? – депти: -Қўй гўшти, қўй ёғида димланган бир лаган палов бўлсайди… Сен-чи? -Мадраса соҳибаси Бибихоним дунёда тенги йўқ гўзал, деб эшитганман. Қанийди хоним билан бир кеча суҳбатлашсам… -Э, овозингни ўчир, бир фалокатни бошлайсан бу гапинг билан… Сароймулкхоним ҳужра ёнидан узоқлашиб, канизлари билан саройга қайтибди. Эртасига барча талабалар саройга чақиртирилиб, уларга зиёфат берилибди. Қўй гўшти, қўй ёғида тайёрланган ёғлиқ палов тортилибди. Шундан сўнг юзига парда тортилган ҳолда Бибихоним кириб келиб: -Хўш, мулла йигитлар, ёғлик палов бўлибдими? – депти паловни орзу қилган йигитга юзланиб. -Қуллуқ, хонойим, таърифдан зиёда бўлибди, - дейиши билан Бибихоним биринчи толиби илмга: - Энди сизнинг орзуингизга келсак. Биласизки, мен соҳибқироннинг никоҳидаман, демак, сиз билан суҳбат қурмоғим мумкин эмас. Аммо ўзимнинг гўзал канизларимдан бирини сизга никоҳлаб берарман. Розимисиз? – депти. Тили калимага келмай, эс-ҳушини йўқотаёзган талаба ўзини хоним оёғига ташлабди: -Узр, афв этсинлар, хонойим, бу беадаб қулингизнинг гуноҳидан ўтинг. Бу аснода Сароймулкхонимнинг ишораси билан меҳмонхонага қози ва имом кириб келибди ва барча талабалар гувоҳлигида канизлардан бирини унга никоҳлаб қўйибдилар. Шарқ санъати ва обидаларининг мажнунона ошиғи, санъатшунос Юрий Халаминский Б ибихоним ҳақидаги ривоятларни шарҳларкан: «Ривоятда шундай, ҳаётда эса ҳаммаси бошқача бўлган… Темурнинг муҳтарама хотини Сароймулкхоним мадраса битган пайтда олтмиш ёшдан ошган эди. Унинг гўзалликлари кимларнидир мувозанатдан чиқарган бўлиши эҳтимолдан узоқ», - деб ёзади. Мен эса бу гапнинг тўғрилиги эҳтимолдан узоқ, деб ўйлайман. Гўзаллик ва маъмурлик ичида яшаган, жаҳоннинг ҳар қандай атир-упалари, дори-дармонлари, табибу хозиқлари, ҳакиму алломалари хизматида бўлган бир аёл 60 ёшида кимларнидир ошиқи беқарор қилолмаслиги мумкин эмас. Ривоятлар осмондан тушмайди. Халқ фантазиясига қанот берувчи воқеалар бўлганлиги ҳар қандай гумонлардан холидир.
Миразиз АЪЗАМ
|