Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Шарқий Туркистон жумҳурияти тарихидан бир парча
10.03.2012 00:43    PDF Босма E-mail

Уйғур халқи йигирманчи асрнинг биринчи ярмида икки марта мустақил давлат қурганлиги ҳамда бу давлатни “Шарқий Туркистон жумҳурияти” деб атаганлиги ҳеч ким кўз юма олмайдиган тарихий ҳақиқатдир.

Тарихий маълумотларга кўра, 1931 йили уйғур халқининг кенг кўламлик миллий озодлик қўзғолони Қумул тоғларида бошланди. Хўжа Ниёз Ҳожим бошчилигидаги бу қўзғолон ғалабалари кенгайиб, уйғур давлатининг бошқа ҳудудларига ҳам кучли таъсир кўрсатиш билан халқнинг озодликка ва мустақилликка интилишини кучайтирди. Натижада Хўтан халқи Муҳаммад Амин Буғронинг раҳбарлигида 1933 йил феврал ойининг 13 куни қўзғолон кўтариб, апрел ойининг 11 куни Хўтан ҳукуматига асос солди. 1932-33 йиллари Турфан, Куча, Оқсу ва Қашғар каби бир қатор жойларда қўзғолонлар кўтарилиб, бу жойлардаги Хитой ҳукмронлиги ағдарилиб ташланди ва ҳокимият қўзғолончилар қўлига ўтди. Хўжа Ниёз Ҳожим ва Маҳмуд Муҳитийлар бошчилигидаги Қумул Турфон қўзғолони Тангри тоғнинг жанубий тарафларигача ёйилди. Мана шу шароитдан фойдаланиб, Собит Домулла бир қисм қўшин билан Хўтандан Қашғарга Шарқий Туркистон жумҳуриятини барпо қилиш учун келади ва жиддий тайёргарликдан кейин 1933 йили 12 ноябр куни “Шарқий Туркистон истиқлол жамияти”ни ташкил қилди. Шарқий Туркистон Ислом Жумҳурияти уйғурларнинг давлат қуриш томон дастлабки қадами ва бу соҳада илк тажрибаси эди. Мазкур мустақил ҳокимият ўз сиёсий қонуни, давлат дастури, давлат байроғи, герби каби бир қатор давлатчилик тимсолларига ҳамда ўн олти вазирликка эга бўлиб, Хўжа Ниёз Ҳожим президент ва Собит Домулла Бош вазир вазифасига тайинландилар. Мазкур жумҳурият гарчи уч ой мавжуд бўлиб турган бўлсада, у бир қатор ишларни қилишга улгурди ва кўплаб режаларни амалга оширишга ҳаракат қилди. Аммо ёш ҳокимият ташқи сиёсат жиҳатидан Совет иттифоқининг аралашиши, ички жиҳатдан эса Ма Чўнг тарафдорлари бўлган тунгони қуролли кучларининг бевосита ҳарбий ҳужуми каби мураккаб ички низолар сабабидан ағдарилди.Бир томондан Совет иттифоқининг “эзилган миллатларнинг озодлик чиқишларига ёрдам бериш” шиорларига, бошқа томондан эса Совет иттифоқининг вакили Шанг Шисайнинг ваъдаларига ишонган Хўжа Ниёз Ҳожим бошлиқ бир қатор арбоблар Урумчига келиб Шанг Шисай бошчилигидаги ўлка ҳукуматига қатнашди. Бу уйғур сиёсий тарихидаги илк бирлашма ҳукумат бўлиб, Хўжа Ниёз Ҳожим ўлкага муовин раис бўлиб, бошқа бир қисм қўзғолон раҳбарлари бир қанча назорат, идора, вилоят ва туманларнинг раҳбарлик вазифаларига эришди, яъни бошқариш тизимида қатнашди.Ниёз Ҳожимга ўлканинг муовин раислик лавозимини бериши уйғурларни ҳокимиятни идора қилишларига ёки уларга муҳим ҳуқуқларни тақсим қилишни ўйламаган шовинист хан ҳукмронлигининг тарихида биринчи марта уйғурларга юқори лавозим бериши эди.  Бироқ бу кўпга бормади: 1937 йилдан кейин уйғур халқи Совет иттифоқининг ёрдамида Шанг Шисай мустабид ҳокимияти томонидан яна бир марта қонлик бостирилишига дучор бўлди. Хўжа Ниёз Ҳожим ва бошқалар Шан Шисай билан иттифоқлашган уйғур ва бошқа қардош миллатларнинг вакиллари Шан Шисай вакиллигидаги босқинчиларнинг ваъдасига вафо қилмай, қайта зулмига учрадилар. Натижада уйғур ва бошқа қардош халқлар иккинчи бор кенг кўламлик миллий озодлик кураш майдонига ўзини отди. Гарчи 1933 йилда асос солинган Шарқий Туркистон ислом жумҳурияти қисқа умр сурган бўлсада, унинг руҳи, анъанаси ва ой юлдузлик байроғи 1944 йилнинг 12 ноябрига мерос бўлиб қолган эди. Тарихий маълумотларга қараганда, 1944 йили июль ойида Нилқи атрофидаги Уластай тоғларида Фотиҳ, Ғани, Акбар, Рафиқ, Сайит, Нурум, Усмон ва Ҳамит каби ботирларнинг бошчилигида қўзғолон бошланиб миллий озодлик инқилоби Или тоғларигача кенгайди. Гоминдан ҳукумати тарафидан “олти ўғри” деб аталган уйғур, қозоқ ва татарлардан таркиб топган мазкур қуроллик партизан қўмондонларининг номи тез орада Или воҳасига ва бошқа жойларга ҳам тарқалиб, уларнинг қўшини кенгайиб, 7 октябр куни Нилқи шаҳри улар тарафидан озод қилинди. Шарқий Туркистон Жумҳурияти ҳукуматининг бош котиби ҳамда озодлик ташкилотининг аъзоларидан бири бўлган марҳум Абдурауф Маҳсим Ибрайими 2001 йили 17 апрелда зиёрат қилганимизда “Озодлик ташкилоти” ва жумҳуриятнинг қурилиш масалалари ҳақида сўзлаб берган эди.Унинг айтишича, Нилқи партизанлари жиддий ҳаракат қилган вақтда 1944 йили апрел ойида Ғулжа шаҳрида асос солинган “Озодлик ташкилоти” махфий турда Ғулжа қўзғолонига тайёргарлик қилган эди. Нилқи озод қилинганидан кейин Ғани ва Фотиҳ ботирлар бошчилигидаги Ғулжа халқи Нилқи қўзғолончиларини асос қилган ҳолда 7-12 ноябр кунларидаги қўзғолон давомида Ғулжа шаҳридаги Ҳарамбоғ, Лянгшонг ва бошқа ҳудудларни озод қилиш натижасида бутун шаҳарни озод қилди. 1944 йили 12 ноябр куни Алихон тўра бошчилигидаги “Озодлик ташкилоти” уйғур, қозоқ ва қирғиз клубида мажлис ўтказиб, Шарқий Туркистон Жумҳурияти муваққат ҳукуматини қурганлигини эълон қилди ҳамда Шарқий Туркистон Жумҳуриятининг ой юлдузлик байроғини осди. Мажлисда Шарқий Туркистон жумҳурияти ҳукуматининг аъзолари тайинланди. Шарқий Туркистон жумҳурияти ҳукуматига Алихон тўра раис, Ҳакимбек хўжа раис муовини, Абдурауф Маҳсим бош котиб ва бошқа 16 киши ҳукумат аъзолигига сайланиб, бошқа вазирликларни таъсис қилиш хизмати бошланди. Маориф, чорва ва ўрмончилик, диний ишлар, ички ишлар, бож ва чорвачилик каби бир қатор вазирликлар ташкил қилиниб, масъуллар тайинландилар. Шундан сўнг Шарқий Туркистон Жумҳурияти ҳукуматининг раҳбарлигида Или халқи умумий қўзғолон кўтариб, тезда Илини озод қилди. 1945 йили 8 апрелда эса Шарқий Туркистон ўз миллий армиясини ташкил қилди. Асоси уйғурлардан иборат бўлган ва бошқа миллат ўғлонларидан тузилган замонавий, мунтазам ва жанговар миллий армия июн ойидан бошлаб уч йўналиш бўйича ҳужумга ўтиб, Тарбағатой ва Олтой вилоятларини ҳамда Оқсу, Ёрканд вилоятларининг бир қисмини озод қилди. Бироқ, 1945 йил октябрида Шарқий Туркистон жумҳурияти ҳарбий-сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келган Совет иттифоқининг босими остида миллий армия ҳужумини тўхтатишга мажбур бўлди. Москванинг кўрсатмаси ва босими остида ўтган Шарқий Туркистон Жумҳурияти ва Хитой Гоминдан марказий ҳукумати ўртасида тинчлик музокараларининг натижасида бирлашма ҳукумат ташкил қилиниб, Шарқий Туркистон тарафидан Аҳмаджон Қосимий бирлашма ҳукуматга раис муовини бўлди.Бир йилга яқин Хитой марказий ҳукумати ва қўзғолончилар тузган тинчлик келишими асосида ташкил қилинган бирлашган ҳукумат мавжуд бўлиб, сиёсий кураш авж олган ва мазкур ҳукуматнинг бузишига олиб келган эди. Аҳмаджон Қосимий бошчилигидаги жумҳуриятнинг бирлашма ҳукуматга қатнашган вакиллари Ғулжага қайтиб кетди. Шунингдек Манас дарёси Урумчи ҳукумати билан Или ҳукуматининг чегараси масаласи қатори олдинги сафга чиқиб, икки тараф қўшинлари жиддий уруш ҳолатига кирдилар ва бир бирига қарама-қарши бўлдилар. 1947 йили Аҳмаджон Қосимий инқилобнинг раҳбарлигига тайинлангандан бошлаб, 1949 йилнинг охиригача бўлган вақтда собиқ Шарқий Туркистон жумҳурияти Или ҳукумати номи остида мустақил ҳокимият сифатида ўзининг аввалги мавжудлигини сақлаб қолди. Айни пайтда Урумчидаги Хитой ҳукумати билан ҳарбий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан алоқаларни сақлаб қолди. Или ҳукумати бу жараёнда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа жиҳатларидан тараққиёт ва кучайиш босқичларини бошидан кечириб, Хитой

Гоминдан ҳукмронлиги остидаги етти вилоятда устун турмуш савияси ва иқтисоди, маориф афзаллигини яратди ва уйғурларнинг замонавий давлатчилик ғояси ва асосини тузди. Шунингдек уйғурларнинг юқори савияда ўзини-ўзи идора қила олишлигини ҳамда ҳокимиятни ҳар жиҳатдан гуллаб-яшнатиш иқтидорига эга эканлигини намоён қилиб, уйғурларнинг давлатчилик роли ва иқтидорини камситувчиларга раддия жавобини берди.
Бироқ, 1949 йили дунёдаги вазият, совуқ муносабатлар ва Хитойдаги умумий вазият ўзгарди. Сталин ҳукумати Хитой коммунистлари билан ошкора ҳамкорлашиш ҳамда Хитой коммунист ҳокимиятини ёллаш ва ёрдам бериш орқали янги коммунист Хитойни социализм лагерининг муҳим аъзоси сифатида Америка бошлиқ Ғарб давлатлари билан бўлган курашда таянч куч қилиб фойдаланиш стратегиясини танлади. Натижада, Сталин ҳукумати Шарқий Туркистон масаласини Хитойнинг ички иши тариқасида бартараф қилишга рози бўлди. Айни пайтда Хитой коммунистларининг Хитой халқ жумҳуриятининг қурилишини тезда эълон қилиб, бунинг учун Или ҳукумати ва Урумчи ҳукуматининг хитой коммунист ҳокимиятига бўйсуниши йўлида ҳаракат қилди. Москва Хитой коммунистларининг вакили Дан Личуннинг Ғулжага бориб, Или вакиллари билан сўзлашиши ва унинг яна махфий турда Урумчига бориб, Бурҳон шаҳид ва Тав Сийо каби Гоминдан ҳарбий-сиёсий раҳбарларининг коммунистларга таслим қилишга шароит яратди.
Хитой ва собиқ Совет иттифоқи ҳукуматларининг расмий ҳужжатларига қаралса, Аҳмаджон Қосимий ва Исҳоқбек Муноноф каби раҳбар шахслар 1949 йили 27 август куни Пекинда ечиладиган Хитой давлат қурилиш сиёсий кенгашда қатнашиш учун қилаётган сафар чоғида Совет иттифоқи ҳудудида юз берган самолёт ҳодисасида қазо топдилар.
Бироқ, яқингача бу ҳақда изланиш олиб борган рус тарихчилари, Шарқий Туркистон ҳукуматида муҳим раҳбарлик вазифаларда ишлаган кишилар ҳамда Совет иттифоқининг Ғулжадаги махфий ходимларининг Алматидаги уйғур фаолларига сўзлаб берган сўзларига таянганда, Аҳмаджон Қосимий Шарқий Туркистон Жумҳуриятининг ҳарбий-сиёсий раҳбарлари уйғур элининг сиёсий тақдири масаласида Совет ҳукумати ўтказган мунозаралар жараёнида ўз фикрида қаттиқ туриб, Москванинг таклифини рад қилганлиги сабабидан Совет хавфсизлик хизматлари тарафидан суиқасд қилинган.
Шундан кейин Или ҳукумати яксон қилинди ва 1949 йил октябр ойида Хитой озодлик армияси Урумчига кирди ва Или ҳукуматининг Сайфиддин Азизий бошлиқ раҳбарлари ўзларини Хитой компартияси ва ҳукуматининг раҳбарлигини қабул қилганликларини эълон қилишди.
Тарихий манбаларга кўра, Шарқий Туркистон Жумҳурият ҳукумати буйруқ чиқариб, ҳар йили 12 ноябрни давлат ва инқилоб байрами қилиб тайин қилинди. Уйғур халқи яқин замонгача бўлган тарихида ўз жумҳурият байроғи остида мустақил ўзини идора қилиб, 12 ноябр байрамини беш йил орасида хотирлашга мувофиқ бўлди. Бироқ 1949 йили октябр ойининг ўрталарига келганда беш йилдан кўпроқ вақтда ой юлдузлик давлат байроғи олиб ташланди ҳамда декабр охирларида қаҳрамон миллий армия Хитой озодлик армиясининг 5-корпуси қилиб ўзгартирилди ва кўп ўтмай бутунлай тарқатиб юборилди.
1933 йили Қашғарда қурилган Шарқий Туркистон Жумҳуриятига бу йил 78 йил, 1944 йили Ғулжада қурилган биринчи жумҳуриятининг вориси бўлган иккинчи Шарқий Туркистон жумҳуриятига эса 67 йил тўлади. Йиллар ўтди, авлодлар алмашди ва янгиланди. Ботирлар ўз орзу армонларини кейингиларга мерос қолдириб, бу дунё билан кўзлари очиқ ҳолда видолашди.
20 асрнинг биринчи ярми уйғурлар учун жанговар, мардона, шод-хуррамлик ва фожиали мусибатлар билан тўлган унутилмас босқич бўлди. Унинг ғалабалари уйғурларни келажакка умидлантирса, мағлубиятлари уйғурларнинг маҳзунлигига сабаб бўлди. Йиллар ўтиши ва уйғурларнинг бу тарихий воқеаларни унутишларига қарамай, янги авлод 12 ноябр воқеаларини унутмаётгани, соғинаётгани ҳамда аждодлари босган йўлларга ҳурмат ва ҳавас қилиш туйғуларининг янгилаётганлиги, шунингдек аста қучаётганлиги маълум бўлиб бормоқда. Нилқи, Ҳарамбоғ, Шихо, Жинг ва Оқсу уруш майдонларида келган қаҳрамонлик ҳикоялари унутилиб кетилмасдан, аксинча бу ҳикояларнинг янги авлодга кучли миллий руҳ ва куч-қувват ато қилаётганлиги равшан. Ярим асрдан ортиқ вақт ўтгандан кейинги бу кунларда мазкур “икки жумҳурият” аталган уйғурларнинг сиёсий, иқтисодий, маданият ва миллий ҳуррияти катта аҳамиятга эгадир.

Уйғур тилидан Абу Муслим таржима қилди

 

Қўшимча маълумотлар:

Икки Туркистон ғурури (Алихонтўра Соғуний ҳақларида)

 
Баннер