Ҳозирги газеталар Оврупанинг маҳсули. Ўн олтинчи асрда Венетсияда кенг урф бўлган янгиликларга тўла қўлёзма варақалар («газете»)ни замонавий газеталарнинг илк аждоди дейиш мумкин. Ўша пайтда жаҳон савдоси маркази бўлган Венетсия газеталари Италия ва Оврупадаги урушлар ва сиёсий ҳаёт ҳақида ёзишарди. Ўн еттинчи асрдан бошлаб босма газеталар бутун Оврупа бўйлаб кенг тарқалди.
Ислом дунёси биринчи марта газета билан Оврупа давлатларининг Шарққа ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан фаол юришидан сўнг танишди. Оврупаликлардан бу янгиликни биринчи бўлиб расман Усмонли салатанат вилояти саналган Миср қабул қилди. Туркиянинг ўзида эса биринчи мусулмон газеталари ўн тўққизинчи асрнинг ўттизинчи йилларида пайдо бўлди. Уларда султоннинг фармон ва фармойишларигина, шунингдек, саройдаги байрам ва маросимлар ёритилар эди. Етмишинчи йилларга келиб Истанбулнинг ўзида 81 та газета чоп этила бошлади. Русия мусулмонлари, биринчи навбатда татарлар Яқин Шарқдаги диндошларидан анча олдин Оврупа маърифатининг ютуқлари билан танишишга муваффақ бўлишди. Шунга қарамай, Русиядаги илк мусулмон газетаси «Таржимон» 1883 йилдангина нашр этила бошлади ва йигирма йил мобайнида Русияда шундай нашрлар орасида ягона бўлиб турди. Атоқли мутафаккир ва маърифатчи Исмоил Ғаспирали унинг бош муҳаррири эди. Газета узоқ вақт Русиянинг турк тилидаги ягона нашри бўлиб турди, йигирманчи аср бошларида дунёда сақланиб қолган газеталарнинг энг кексаси эди. «Таржимон» ўттиз беш йил чиқиб турди ва 1918 йил 23 февралидагина ёпилди. У ҳафтасига бир-икки марта, мўъжазгина ҳажмда, озроқ нусхада босиларди. Аммо бу кичкина варақларнинг хизмати улкан эди. «Таржимон» таъсири остида Русиянинг турли бурчакларида кўплаб янги мактаблар, хайрия муассасалари очилди, адабий фаолият бошланди. Ғаспирали моҳир сўз устаси эди, унинг соддалик, қисқалик ва равшанлик билан ажаралиб турувчи ўз услуби бор эди. У ана шу тил ёрдамида мусулмон оламини бирлаштиришни орзу қиларди. Газетани Қирим, Истанбул, Тошкент, Боку, Қозон ва бошқа жойларда бемалол ўқишарди. Исмоил Ғаспирали ўзи чоп эттираётган газета орқали инглиз мустамлакачиларининг босқинчилик сиёсатини қаттиқ танқид қилди. 1887 йилдан бошлаб «Таржимон»да давомли босилган «Фароғат ўлкаси» воқеий қиссасини билимдон сайёҳ – «Тошкентлик Мулла Аббос» тахаллуси билан чоп эттирди. Бу сайёҳ Парижда бўлганида «Инглизларнинг Мисрда на диний, на қариндошлик манфаати бор, улар фақат бу мамлакатга босиб олиш илинжида келишган, бунга хайрихоҳлик кўрсатиб бўлмайди», деган эди. |