"АЛ-ИСЛОҲ" ҳақида | ||||
|
Ўзбек матбуоти тарихида "Ал-Ислоҳ" журнали алоҳида ўрин тутади. У ойда икки марта чоп этилган бўлиб, 1915—1918 йиллар оралиғида етмиш етти сони босилиб чиққан. 1915 йил 14 январда Абдураҳмон Сайёҳ ва Мунаввар қори Абдурашидхоновлар ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан ташкил қилинган журналнинг мақсад ва вазифалари ҳақида қуйида фикрлар берилади (2-сон): "Ислоҳ"и замон мусулмонларга диний, дунёвий хизмат қиладурғон мажалладур. "Ислоҳ" мусулмонларни Китоб ва суннат тарафиға чақирадурғон мажалладур. "Ислоҳ" мусулмонларни номашру ишлардан қутқарадурғон мажалладур. "Ислоҳ" мусулмонларни масалаи фиқҳ ва эътиқоду заруриятдан хабардор қиладурғон мажалладур'". Журнал жамиятни турли бидъат ва хурофотлардан тозалашга катта эътибор қаратди. Ўлкада миллий ғояларнинг тарқалишида асосий вазифани бажарди. "Ал-Ислоҳ" саҳифаларида Ислом тарихи, динимиз асослари ёритиб борилди. Журналда "Савол-жавоб" рукни бўлган, унда асосан имон, эътиқод, шариат қонун-қоидаларига оид саволларга жавоблар ёзилган. "Имон надур" (1915, 4-сон), "Ислом надур" (1915, 4-сон), Фазлул-ваҳҳоб қорининг "Зарурий саволлар" (1915, 16-сон), Сидқий Ҳондайлиқийнинг "Йиртилган Қуръонни нима қилмоқ керак" (1916, 14-сон), Мулла Олимхоннинг "Мулла Ҳошим саволиға жавоб" (1916, 8-сон), "Уламоларнинг вазифалари" (1915, 4-сон) каби мақолаларида ўша давр уламоларининг ижтимоий ҳаётга фаол муносабатлари ифодасини топган. Ўтмишга оид мақолаларда Ислом динимиз тарихи, пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Диний-маърифий мақолалар муаллифлари ижтимоий муаммолар ечими учун "маъруф ҳадис ва уламолар асарлари"га таянган ҳолда фикр юритишган. Масалан, Олимхон Тўра ўзининг "Урватул вусқо" номли мақоласида гумон қилишнинг гуноҳ экани ҳақида фикр билдиради. Муаллиф: "Масалан, фасод ва бузуқлиғи очиқ билинган кишига яхши сувратда, яъни, оқ чопон ва катга салла ила ўлғонлигига қараб, ҳусни зон қилуб они хийла ва фасодлариға ўзини гирифтор этмак дуруст эмас"; ёки бўлмаса: «бир-бирингизнинг ботиний-важҳий ҳолларингиздан жосуслик этмангизлар ва бир-бирларингиз орқаларингиздан айбжўлик этмангизлар», деб ёзади. Муҳаррир Абдураҳмон Сайёҳ асарлари ҳам алоҳида аҳамиятга молик. Журналда унинг "Тарихи Ислом", "Туҳфатул анам тарихи Байтул ҳарам", "Тарихи Азолатул ғайнан қиссатул Зулқарнайн", "Танвирул аҳдоқ фи макаримул ахлоқ" каби мақолалари босилган. "Туҳфатул анам тарихи Байтул ҳарам" асарида Маккаи мукарраманинг аҳволи, унинг табиати, Байтуллоҳнинг илк биноси, уни Одамнинг (алайҳиссалом) таъмирлаши, Мақоми Иброҳимнинг ободонлаштирилиши, масжиднинг минбари ҳақида мулоҳазалар баён қилинади. Бадиий адабиёт масалаларига ҳам журнал бефарқ қарамайди. Айниқса, жадид маърифатпарварлари бадиий асарлари билан фаол иштирок этишади. Журнал саҳифаларида Ҳамза, Саидаҳмад Васлий, Исҳоқхон Ибрат, Камий, Сидқий Хондайлиқий, Тавалло, Зафархон Жавҳарий, Баҳрилдин Азмий каби таниқли ижодкорларнинг, шунингдек, Мулла Ҳошим Ҳайратий, Шамсиддин Хоиб, Мутриб ва ижодий фаолияти шу пайтгача ўрганилмай келган бошқа кўплаб муаллифларнинг асарлари чоп этилган. Журнал фаолияти, мазмун-моҳияти, рукнлари ва муаллифлари шу пайтгача батафсил ўрганилмаган. Бунинг асосий сабабларидан бири яқин кечмишда совет мафкурасининг динимизга ўта бирёкдама муносабатда бўлганидир. Қўлдош ПАРДАЕВ |