Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Ислоҳотчи Исломхўжа ва унинг сирли ўлими
26.02.2011 16:39    PDF Босма E-mail

Хива хони Исфандиёрхон (1911 йил)

Қабристондан чавақланган кишининг жасади топилди. Унинг ҳашамдор кийимлари, орден, медал, тилла буюмлари Хива хонининг бош вазири Исломхўжа эканлигини кўрсатиб турарди. Ўша қотиллик рўй берган 1913 йил 9 август куниёқ Амударё бўлими бошлиғи Туркистон генерал губернаторига 791 -сонли телеграмма юборди.
Унда, «вазири Акбар Исломхўжанинг фожиявий ўлими сарой ва халқ ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлди», дейилганди. Қотиллик юз бергандан то шу кунларгача Исломхўжани ўз куёви, Хива хони Исфандиёрхон ўлдиртирган, деган тахмин қатъий хулоса сифатида таъкидланиб келинмоқда. Аммо, кейинги даврда топилган манбалар бош вазирнинг ўлими излари Хива хони саройига эмас, бошқа бир ҳашаматли саройга бориб тақалишини кўрсатмоқда.

Ислоҳотга муҳтож ўлка вазири

Исломхўжа Хоразмда энг нуфузли бўлган Саид Отойи хўжалардан Саид Муҳаммадхўжа мутаваллининг набираси бўлиб, 1872 йилда туғилганди. Отаси Иброҳимхўжа Ферузхоннинг тоғаси бўлиб, Хонқа ҳокими бўлган, кейинчалик бош вазир лавозимини эгаллаганди. Мактаб ва мадраса таҳсилини олган Исломхўжа олдинига хон саройида закотчи сифатида ишлайди. 1889 йилда эса 17 ёшли Исломхўжани Феруз Хивадан кейин иккинчи ўринда турувчи Ҳазораспдек муҳим стратегик, савдо шаҳрига ҳоким қилиб юборади. Орадан вақт ўтиб, тажрибага эга бўлган Исломхўжа 26 ёшида Ферузхоннинг бош вазири сифатида яна Хивада иш бошлайди.
Феруз ўзи сингари тараққийпарвар ва маърифатпарвар Ис-ломхўжани бош вазир қилиб янглишмаганди. Гарчи, у хоннинг яқин маслакдоши бўлсада, Чор Русияси мустамлакаси бўлган хонликда ўз ислоҳотларини Ферузхон вафотидан кейин амалга оширди. 1910 йилда Ферузхон вафот этгач, тахтга унинг ўғли Исфандиёрхон чиқди. Исфандиёрхон бош вазир Исломхўжанинг куёви эди. Аввало, шуни айтиш керакки, Исломхўжа бош вазир бўлгани учун ўз куёвини тахтга ўтқазмаган. Негаки, 1891 йил 4 сентябрда Ферузнинг Россия императорига Исфандиёрни валиаҳд этиб тайинлаш ҳақида йўллаган илтимоси, айнан хоннинг бошқа ўғиллари қолиб, уни хон қилиб кўтаришга асос бўлганди.
Хуллас, Исломхўжа ўз куёви Исфандиёрхон билан мустамлака даврида ислоҳотлар ўтказишга киришди. У ёш хоннинг отаси сингари салтанатни одилона бошқаришига ишонарди, негаки, куёви отаси каби шоир, соатсоз ва қиличбоз уста, эл кезган савдогар, рус-тузем мактабида яхши ўқиган зиёли эди. Жуғрофияни яхши билгани, кўплаб илмий семинарларда яхши қатнашгани учун Исфандиёрхон Руссия жуғрофия жамиятининг аъзоси этиб сайланганди.
Унинг айнан 1910 йил рамазон ойининг биринчи кунида чиқарган фармонида, «бозорлар тартибга солинсин, кўприклар қурилсин, йўллар обод қилинсин, вақф ерлар қайта ҳисоблансин, фуқароларимизнинг бундан кейинги осойишта ва фаровон турмуш кечириши билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, тез фурсатда ҳал қилинсин. Биз томонимиздан амалга оширилиши лозим бўлган бу ишларга ҳеч ким тўсқинлик қилмаслиги шарт. Ушбу ишларни амалга оширишни ҳурматлик Исломхўжа Иброҳимхўжа ўғлига топширдик», дейилади.
Исфандиёрхон фармони кучга кириб, солиқлар бирмунча камайтирилган, ободончилик ишлари олиб борилган.
Бош вазир шунингдек, хонга қуйидаги учта йўналишда ислоҳот ўтказишни тавсия қилади:
1. Хазинадаги даромаднинг бир қисмини мамлакатнинг умум фойдали ишларига — ер тузиш, йўл қурилиши, почта алоқаси, тиббий ва агрономия хизматига харжлаш;
2. Маҳбусларни ўрта аср услубида жазолашни бекор қилиш;
3. Хонликка қарашли ерларни турли тоифадаги одамларга тақсимлаш, тарқатиш, уларни ер солиғидан озод қилиш, ирригация ишларига эътиборни кучайтириш ҳамда натурал мажбурият-ларни бекор қилиниши керак» (ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф 1, оп 17, д 231, 133-134-бетлар).
Ўша йилнинг ўзида Исломхўжа хонликда амалга ошириш зарур бўлган ислоҳот режасини ишлаб чиқади. Ислоҳот дастури 10 банддан иборат бўлиб, ўша вақт учун тараққийпарварлик мезонларига асосланганди. Исфандиёрхон дастурни кўздан кечириб, 10 бандни ҳам тасдиқлайди:
1. Хонликдаги барча мансабдор шахслар давлат томонидан маош билан таъминланадилар. Олдинги қоида бўйича, солиқлардан тушган даромаднинг бир қисмини маош тариқасида харажат қилиш бекор қилинсин.
2. Деҳқонлардан олинадиган ер солиғи, қазув пули, йилига бегор қазувда давлат ҳисобига 12 кун текин ишлаб бериш бекор қилинади. Солиқ тўловчиларнинг тоифаси қатъий белгилаб қўйилади.
3. Закот, бож ва хирож солиқлари қайта кўриб чиқилади, савдо-сотиқ солиқлари мувофиқлаштирилади.
4. Сувдан фойдаланиш тартибга солинади. Сувдан фойдаланиш мироблар ёрдамида ҳукумат назорати остига олинади.
5. Бозор тўловлари тартибга солинади.
6. Йўл қурилиши ва ариқлардаги кўприкларни яхшилашга киришилади.
7. Барча шаҳар ва ноибликларда беморларни даволаш учун замонавий касалхоналар қурилади, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш яхшиланади.
8. Барча турдаги вақф ерлар қайта ҳисоб-китоб қилинади ва улардан тушган даромадлар маданият ва маорифни ривожлантиришга сарфланади.
9. Барча мактабларда ўқитиш дастурига, шунингдек, янги усул мактабларида рус тили, жуғрофия, тарих дарслик сифатида киритилади.
10. Хон хазинасида ҳисоб-китоб қаттиқ назорат қилиниб, алоҳида кирим-чиқим дафтарлари юритилади.
Ушбу ислоҳотларнинг ўтказилиши хонликда қаттиқ тартиб-интизом ўрнатиш, давлат мулкини талон-тарож қилмаслик, солиқ тўловчиларнинг уни ўзлаштириши, олдинлари солиқ туфайли келиб чиқадиган исёнларнинг олдини олишга сабаб бўларди. Шу каби ислоҳотлар Хоразмга жадидлар орзу қилган тараққий этган давлатларнинг илму-фан техника ютуқларини олиб киришга хизмат қиларди.
Ислоҳот хон томонидан тасдиқлангач, ҳаётга жорий қилина бошланди. Олдинлари солиқ ундирувчиларининг халқдан йиғиб олган солиқнинг маълум бир фоизини ўзига олиб қолиши каби талон-тарожликка чек қўйилди. Солиқ тўлашнинг қаттиқ назорат остига олиниши, туркман ва қорақалпоқларнинг доимий равишда бўлиб турадиган исёнларининг олдини олди. Давлат ер эгалиги, мулк ер эгалиги, вақф ер эгалигиниг аниқ ҳисоб-китобини қилишга киришилди. Россиядан қурувчи- муҳандислар олиб келиниб, бу ишга жалб қилинди. Улар билан биргаликда хонликдаги каналларга темир кўприк ўрнатиш лойиҳаси тузилди, мавжуд барча майдонларни ўлчаб чиқишга киришилди. Хива шаҳрининг янги лойиҳаси тузилиб, унга кўра шаҳар энига уч баробар кенгайиши керак эди. 1910-1913 йиллар: оралиғида Хиванинг ўзида ислоҳот дастурига кўра почта-телеграф биноси, Нуриллабойда қишки сарой, замонавий касалхона, жадид мактаби барпо этилади.
Бош вазир Россияга қилган сафарларида, Москва шаҳри губернатори Н.И.Гучков билан учрашиб, унинг ёрдамида бир қатор қурилиш лойиҳаларини ишлатиб олган, шу тарзда, почта, телеграф, шифохонанинг лойиҳаларини Исломхўжа ўзи москвалик меъморларга чиздириб келган, шу бўйича барпо эттирганди.
Шунингдек, 1910-1913 йиллар оралиғида Исломхўжанинғ ташаббуси ва маблағи ҳисобига Хивадан ташқари Янги Урганч, Шовот, Гурлан, Қўнғирот, ҚўшкўпирваМўйноқ шаҳарларидаям жадид мактаблари ташкил этилади.
Хивадаги мактаб эса тамомила замонавий кўринишда бунёд этилганди. 1913 йилда пишиқ ғиштдан Европа услубида қурилган икки қаватли бино рус-тузем мактаби деб аталарди. Янги Урганчда эса Исломхўжа ўғил ва қиз болалар учун алоҳида жадид мактаблари очиб, уларга 60 дан ортиқ ўғил-қизлар қабул этилади.
Барпо этилган ана шу мактабларда ўқувчиларга таълим бериш учун Оренбург, Қозон,Тошкент, Астрахан сингари шаҳарлардан муаллимлари таклиф қилинади.Бу борадаги вазиятни ўрганган Амударё бўлими бошлиғи Туркистон генерал-губернаторига йўллаган маълумотида, «Хива хонлигидаги жадид мактаблари муаллимларининг қарийиб ярмини татарлар ташкил этади. Улар хонликда ўқитувчилик фаолияти билан бир қаторда сиёсий ташвиқот ишларини ҳам олиб бормоқдалар», деб ёзганди. («Туркестанские курьер», 1913 йил 21 август).
Рус-тузем ва жадид мактабларида эски мактабдан фарқли равишда парта, доска каби жиҳозлар бўлиб, рус тили, чизмачилик, тарих, жуғрофия, математика, адабиёт ва бошқа фанлар ўқитиларди.
Ушбу мактабларда Агаев, Абдурашидов, Ҳ.Қўшаев, Ф.Қўшаева, К.Батиров, А.Сазонов, С.Сўфижонов, Ю.Аҳмедов каби ўз даврининг илғор педагоглари ишлашган.
Улар қўлида яхши таълим олган ёшлар Исломхўжанинг қўллаб қувватлаши билан Оренбург, Тошкент, Петербург шаҳарларига, ҳаттоки Бекчон Раҳмонов Туркияга, Муҳаммад Аминаддинов эса Францияга ўқишга юборилади.
Исломхўжанинг ўзи ҳам шу замоннинг энг олд зиёлиси бўлиб, 1908 йили Хивага келган рус шарқшуноси А.Н.Самойлович ёзганидек: «Бош вазир Исломхўжа рус тилини яхши билади, рус ва мусулмон тилларида нашр қилинган газеталарни олиб, уларни мутолаа қилиб боради».
1909 йилнинг сентябр - октябр ойларида Хивада бўлган Россия ташқи ишлар вазирлигининг вакили Минорский ҳам ўз ҳисоботида, «Исломхўжа рус тилида бемалол сўзлашади. У мусулмон мамлакатларида чиқадиган адабиётларни синчковлик билан кузатиб боради», дейилади.
Дарҳақиқат, Исломхўжа «Тараққий», « Нажот», «Туркестанкий курьер», «Туркеста нска я всдомости». «Туркистон вилоятйнинг газети» (Тошкент), «Вақт» (Оренбург), «Таржимон», «Маълумот», (Қрим), «Иқтисод ва тараққиёт». «Ихдам» (Туркия), «Хабл ул-Матин» (Ҳиндистон) каби нашрларни ўқиб борар, уларни жадид мактабларида ҳам ўқитишни муаллимларга тавсия этарди.
Ҳаттоки, Ўрта Осиёга биринчй бўлиб, фото ва кинонинг кириб келиши, бу борада шу соҳанинг кашшофи бўлган Худойберган Девоновни қўллаб қувватлаган Исломхўжа эди. У Девоновни ўзи билан 1907 йили Петербурга олиб кетади ва «Патэ» русумли киноаппаратини Хоразмга олиб келишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, «Исломхўжанинг ислоҳот дастурида Хоразмни марказий шаҳарлар билан боғлайдиган темир йўл қурилиши-га алоҳида аҳамият берилганди. Ислоҳотчининг лойиҳасига кўра, 1912-1913 йиллари хонлик ҳудудига темир йўл келтириш бнлан алоқадор тадқиқот ишлари ўтказилади. Унга кўра, темир йўл тармоғи Чоржўйдан хонликнинг шимолидаги Қўнғирот шаҳригача тортилиши ва кейинчалик у давом қилиниб Ўрол-Тўрғай губернияси орқали Александров-Гай бйлан воғланиши керак эди.
Темир йўлнинг узунлиги 700 верстга етади. Унинг қурилишини рус саноатчиларидан А.О.Брикельмейкер ва К.Е.Николаевлар шерикликда ўз зиммасига олган эдилар» («Туркестанские курьер» 1913 йил 14апрель).
Шунингдек, 1910-1912 йилларда бош вазирнинг топшириғига кўра, тажрибали мироблардан иборат комиссия ташкил этилиб, хошгакдаги барча канал ва ички арикларни назоратдан ўтказишади. Комиссия лойқалардан тозаланадиган, таъмирланадиган ва янгидан чиқариладиган ариқларнинг аниқ режасини ишлаб чиқади ва Полвон, Ғазовот, Қилич Ниёзбой, Шовот каналларига мустаҳкам темир кўприклар қуришнинг лойиҳасини чизишади. Ички оралиқ йўллар ҳамда ички ариқ-ёпларга қуриладиган иншоотлар ва кўприклар маҳаллий ҳоким ва оқсоқоллар зиммасига юкланади.
1911 йилнинг баҳор ва кузида Хоразмдаги барча канал ҳамда дарё қирғоғидаги ихота дамбаларда тупроқ ишлари, тозалаш ва таъмирлаш ўтказилади, тўғонлар ва кўприклар қуришга киришилади.
1911 йили Россиядан Полвон, Ғазовот, Қилич Ниёзбой ва Шовот каналларига қуриш учун 4 та кўприкка етадиган темир конструкциялар олиб келинади. Ушбу темир кўприклардан иккитаси Полвонёп ва Ғазовот каналларига қурилган.
Шу тарзда ислоҳот дастурининг бажарилиши аста-секин бўлса-да, амалга оша бошлайди. Ислоҳотлар ҳаттоки, Оренбургдаги жадидларнинг «Вақт», Туркиядаги «Ёш туркларнинг» - «Танин» газеталарида эътироф этилиб, тараққийпарварлик намунаси сифатида кўрсатил ади.
«Туркестанские курьер» газетаси бўлса 1911 йил 17 апрел сонида Хоразмда амалга оширилаётган ислоҳотларни энг замонавий реформалар дея баҳолаб, Исломхўжани буюк реформатор дея атаганди.
Ана шу газетанинг 1913 йил августидаги сонида Исломхўжа мухбирга интерьвю бериб: «Эндиликда хонлик бутун кучини мамлакат ички тараққиётига қаратмоғи лозим. Биринчи навбатда маърифатга, сўнгра савдо-саноатга. Хивани Осиёнинг қолоқ давлатлари қаторидан чиқариш вақти келди. Халқ эркин нафас олмоғи керак», деганди.
Бироқ, Исломхўжанинг фожиали ўлими ана шу нслоҳотларнмнг тўхтаб қолишига сабаб бўлди.

Фожиали кун

Исломхўжа бош вазир сифатида тансоқчига эга эди. Тансоқчиси Бобожон қатағон файтун отда юрганича доимо Исломхў-жага ҳамроҳлик қиларди.Бироқ ўша куни — 1913 йил 9 августда у хон саройи Нуриллабойдан уйига тансоқчисиз қайтади.»Чунки, Абдукарим маҳрам Исломхўжа уйига кетмоқчи бўлганида, тансоқчисини ифторликка сўраб олиб қолади. Қандайдир баҳона билан извошчи ҳам ўша фожиали куни ўзгартирилганди. Бош вазир кечқурун соат 9 ларда фойтун аравада Рофаник боғи кун чиқар томонидан «Ўғлон азиз бобо» қабристони яқинидан ўтиб борарди. Извошчининг кейинчалик эслашига кўра, мозористондан икки киши отилиб чиқиб, уларга ҳужум қилишади. Дастлаб улар кўзга ташланиб қолмаслик учун фойтундаги фонус-чироқларни ўчиришади. Исломхўжа ёнидаги тўппончасини олишгаям улгурмай қолади. Ниқоб кийган қотиллар қўлларидаги чўқмор таёқ билан отнинг манглайига уриб, унга ҳам шикаст етказишади. Извошчи яқин атрофда ҳужум қилган икки кишидан бошқа яна ўнтача киши турганлигини эслайди.Тўсатдан юз берган даҳшатдан ва танасига урилган қилич зарбидан извошчи ҳушидан кетади» (Абдулла Болтаев, «Исломхўжанинг фожиали ўлими ҳақида», қўлёзма).
Суиқасдчилар бош вазир Исломхўжани чавақлаб кетишганди. Қотиллар тезда кўздан ғойиб бўлишди. Миршаблар келиб кўришсаки, қотиллик ваҳшийларча амалга оширилиб, Исломхўжанинг бўғзига тортилган кескир тиғ зарбидан унинг боши танасидан деярли ажралиб, боши бўйин терисига зўрға илиниб қолган эди; танасини қўзғатиш билан у ҳам узилиб кетади. Бош вазирнинг ёнидан 750 рубллик кредит билети, 10 рубллик 3 та тил-ласи ва бошқа майда пуллари, баҳоси 10 минг рубл турадиган бриллиант қадалган тилла портсигари, баҳоси 2500 рубллик қаҳрабодан қилинган бриллиант кўзли мунштуги ва баҳоси 900 рубллик тилла соати топилади.
Қотиллар қимматбаҳо буюм ва пулларга тегмасдан фақатгина бош вазирнинг олий навли барра терисидан тикилган чўгирмасини олиб кетгандилар. Бу ирим учун қилинган бўлиб, ўша вақт хиваликларда агар қатл қилинган кишининг чўгирмасидан бир парча куйдирилса, жиноятчининг ўзи келиб қотиллигини тан олади, деган ирим мавжуд бўлган.
Табиийки, пул ва қимматбаҳо буюмларга тегилмагани, қотилликни ўғирлик учун қилинган деган фаразни ўз-ўзидан йўққа чиқарарди. Бош вазирнинг сирли равишда ўлдирилиши сиёсий мақсадларни кўзлаб амалга оширилган фитна эканлиги ўша пайтдаёқ аён бўлганди.

Қотил   қўлга олинди... бироқ

Қотиллик рўй берган 9 август куни бош вазирни уйига хоннинг таржимони Корнилов кузатиб бориши керак эди. Аммо негадир у ўша куни қандайдир ҳужжатни ахтариб, саройда ушланиб қолади. Корнилов девонхона бошлиғи Абдуллажон билан бирга маълум бир вақтдан кейингина саройдан йўлга чиқиб, Исломхўжа изидан боришади. «Ўғлон азиз бобо» қабристонига етганларида эса бош вазирнинг қонга беланиб ётганлиги устидан чиқадилар. Корнилов шу ерда қолиб, девонхона бошлиғи Абдуллажон воқеа ҳақида хабар бериш учун хон саройига кетади..
Фожианинг эртасига ўзига келган ягона гувоҳ — извошчи Шайхназарбой ясовулбошининг хизматчиларидан учтасини қотиллик содир қилинган жойда кўрганлигини айтади. Улар дарҳол ҳибсга олинадилар. Терговда Исломхўжани Шайхназарбой ясовулбошининг навкарлари, тошҳовузлик Қурбонбой бўзчи бўғизлагани аниқланиб, эртаси куни ҳибсга олингач, у айбини тан олади. Унга бу махфий буйруқни Абдураҳим маҳрам берганлиги, бош вазирни ўлдириш Матвафо Баққолов, Ашур ва Рўзмат маҳрамлар томонидан пинҳоний кенгашда режалаштиргани маълум бўлади. Гарчи, қотил ва буюртмачилар аниқ бўлсада, фақатгина Исломхўжани ўлдирган Қурбонбой ҳибсда сақланиб, қолганлар қўйиб юборилади.
Халқ ўртасида қотил Қурбонбойни жазолаш Кўҳна Аркда ўтказилади. Кўҳна арк олдига кўп оломон тўпланди. Қурбонбой бўзчини зиндондан қўлларини боғлаб майдонга олиб чиқишади. Ясовулбоши Қурбонбойга қарата: «Хўжамизнинг ўлган воқеасини айтиб бер, танингга таёқ тегмасдан бурун айт», дейди. Бўзчи ясовулбошига қараб: «Оға, ман бу воқеани ҳеч билмайман», дея жавоб қилади. Шунда ясовулбоши: «Агар айтмасанг урамиз, ўзингдан кўр», деб миршабларга уришни буюради. Миршаблар қотилнинг яланғоч елкасига бор куч-қуввати билан қамчи туширадиларки, оғир зарбадан яланғоч бадандан қон сачраб чиқади.
Яна шундай зарбалардан сўнг, қотил: «Агар мани шундай азоблаб ўлдирмоқчи бўлсангиз, ман ишни бузаман», деб бақириб юборади. Қурбонбой бўзчининг бу қичқириғидан сўнг, Абдукарим маҳрам, Матвафо карвонбошилар, унга ичи ачинган бўлиб, аслида эса сир очилиб қолишидан қўрққан ҳолда қотилни аркка олиб кетишади ва алоҳида хонада сақлашади.
Қотилга ўлим жазоси берилмагани ва қотиллик ташкилотчилари Абдукарим маҳрам Ясовулбоши, Матвафо Баққолов бош вазир, Ашур маҳрам бош маҳрам лавозимини эгаллаши, халқ орасида миш-мишни келтириб чиқаради. Яъни, бу ҳолат Исломхўжанинг ўлимида ўз куёви Исфандиёрхоннинг қўли бўлиши керак, деган шов-шувга сабаб бўлади.

Хоннинг қотилликка алоқаси бормиди

Исломхўжанинг ўлимида Исфандиёрхоннинг қўли борлиги ҳақида хонлик тарихига доир баъзи китоб ва мақолаларда ҳам айтиб ўтилади. Жумладан, Д.Раҳим ва Ш.Матрасул Феруз ҳақидаги «Шоҳ ва шоир қисмати» номли китобида «Исфандиёрхон Исломхўжани хазинадаги пулларни беҳуда қурилиш ишларига сарфлади ва рус императори билан келишган ҳолда мени бир кунмас-бир кун тахтдан четлатади, деб ўйлаган» (Т, 1991 йил 55-бет) дея ёзишади.
Марҳум профессор О.Собиров ҳам 1993 йил «Хива» журналининг 2-3-сонидаги мақоласида «Исломхўжанинг юксалиб бораётган обрўси Исфандиёрхонни ташвишлантириб қўйди», деб қайд этганди. Шунингдек, Р..Ҳасан, А.Абдурасулов ва Н.Эгамбердиеваларнинг 1994 йил «Ватан» газетасининг 32-сонидаги, Отамурод Қўшжоновнинг «Маърифат ёғдуси» журналининг 2001 йил 1-4-сонларидаги мақолаларида ҳам айнан хазинани Исломхўжа қурилиш ишларига сарфлаб бўшатгани, Исломхўжанинг халқ ўртасида обрўси ошгани, Петербургда император ва амалдорлар билан яхши танишлиги боис, хон ўз тахти қўлдан кетишидан хавфсираб бош вазирни йўқ қилгани таъкидланади.
Шунингдек, ўша даврда яшаган «Ёш хиваликлар»нинг йўлбошчиларидан Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг ҳамда наққош, тарихчи Абдулла Болтаевнинг қўлёзма асаридаям Исфандиёрхон ўз қайнотаси Исломхўжани ўлдиртиргани қайта-қайта таъкидлаб ўтилади. Полёзҳожи Исфандиёрхонга мухолиф бўлгани учун, у ҳақда салбий фикрда бўлган. Абдулла Болтаев эса ўша пайтлари ёш бола эдики, унинг кўрган, эшитганлари мурғак қалбда Исфандиёрхон золим хон бўлган деган халқнинг фикридан келиб чиққан. Дарҳақиқат, Исфандиёрхоннинг маишатпарастлиги, айнан 1916 йилда «қиз солиғи» туфайли халқ қўзғолони келиб чиққани тарихдан маълум. Шу каби унинг атрофини, лаганбардор, манфаатпараст, фитначи каззоблар ўраб олганиям ҳақиқат. Аммо бу бошқа масала. Қайнотасининг ўлими эса умуман бошқа.
Аввало, шуни айтиш керакки, Исфандиёрхоннинг, - бош вазир мени тахтдан туширади, - дея ўйлаши учун ҳеч қандай асос йўқ эди. Зеро, у отаси Ферузнинг 1891 йил 4 сентябрда императорга қилган илтимосидан сўнг валиаҳд қилиб тайинланган, 1910 йил августда отаси ўлимидан сўнг тахтга чиққанди. Қолаверса, ўша даврда Хоразмда ҳам тожу тахт ворислиги авлоддан-авлод-га ўтган. Гарчи Исломхўжа сайидлардан бўлса-да, ўзини хон деб эълон қилолмасди. Негаки, валиаҳд император томонидан тасдиқланганди. Империя қонунларини бузиш эса, у ким бўлишидан қатъи назар, ўлим билан баробар эди.
Чор ҳукумати империя қонунларига ёт бўлган бундай ҳаракатни аёвсиз бостириши аниқ эди. Буни халқ ҳам, Исломхўжа ҳам яхши биларди. Зотан, Хива хонлиги чоризмнинг вассали эди. Қолаверса, бош вазирнинг ислоҳот дастурини хоннинг ўзи тасдиқлаган, ҳаётда қўлланилаётгантараққийпарварликни Исфандиёрнинг ўзи қўллаб турган.
Хон чор ҳукумати ва халқ ўртасида Исломхўжанинг обрўси ошди, дея ўз қайнотасига ғараз кўзи билан қараши мумкин эмасди. Шу боис бош вазир ўлимида унйнг қўли борлиги шубҳалидир.
Хазинани беҳуда қурилишларга сарфлаб бўшатди, деган даъво ҳам асоссиз. Зеро, Хивада бунёд бўлган почта-телеграф биноси, мактаб, сарой, шифохона ва бошқа иншоотлар хоннинг ўзи тасдиқлаган ислоҳот дастурига кўра хазинадаги пуллар ҳисобига қурилганди.

Қўғирчоқ   хон ва фитначи амалдорлар

Лаффасий ва Баёний каби муррихларнинг ёзишига кўра, Исфандиёр ёшлигидан ювош табиатли, ғоят иқтидорли киши бўлиб, «Фаррух» тахаллуси билан шеърлар битган. Касб-ҳунарга қизиққанидан соатсоз ва қилич ясовчи уста сифатидаям машҳур бўлган. Тижоратчи сифатида Россия ва Шарқ давлатларини ҳам кезиб чиққан эди. Ҳатто рус тили, дунё жуғрофиясини мукаммал билгани боис, олдинги саҳифаларда таъкидлаганимиздек, Россия жуғрофия жамиятининг аъзоси ҳам эди.
Аввало, шуни эсдан чиқармаслик керакки, Исфандиёрхон Исломхўжанинг ислоҳот дастурини қўллаб турса-да, у Чор империясининг вассали эди. Қолаверса, хон саройида Исломхўжага мухолифатда бўлган фитнакор амалдорлар гуруҳи ҳам мавжуд бўлган. Шундай гуруҳлардан бири оға-ини подполковник Ҳусайинбек, ясовулбоши Шайхназарбой ва Омонгелди Матмуродовлар эди. Ҳар бир оға-ини хонликда ҳисобсиз ер, каттагина молу-мулкка эга эдилар. Мабодо Исломхўжанинг ерларни ўлчаш, солиқларни тартибга солиш, давлат амалдорларига маош тўлашдек ислоҳотлари тўла амалга ошса, улар кўп нарсадан ажралиб қолардилар. Шу боис, оға-ини Матмуродовлар имкони борича Исломхўжанинг шахсияти ва ислоҳотини бадном этишга ҳаракат қилишган. Исфандиёрхон ювош ва кўнгилчан бўлганлиги боис чор империяси билан уруш даврида қаҳрамонлик кўрсатиб халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган Матмурод девонбегининг ўғилларини саройдан тўла четлаштиролмасди.
Тўғри, у дастлаб 1911 йилда Исломхўжани қувватлаб, Матмуродовларнинг мол-мулкини мусодара қилади ва уларни саройдан четлаштиради. Аммо оға-ини Матмуродовлар чор амалдорлари билан яхши алоқа ўрнатгани боис, 1913 йилда рус маъмурлари таъсирида яна саройга ишга тикланиб, мол-мулкини қайтариб олишади. Бироқ, шундан кейин ҳам оға-ини Матмуродовлар рус маъмурларига Исломхўжани иғво қилишда давом этишади.
Жумладан, Ҳусайинбек 1913 йил январида Амударё бўлими бошлиғи Ликошин ҳузурида бўлиб, унга берган ахборотида ўзининг 1911 йил хон ғазабига учраб, оғир кулфатларга дучор бўлиши ва 1913 йил январида ёвмудларнинг чоризмга қарши кўтарган исёни сабабчиси Исломхўжа эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, у мусодара қилинган, қиймати бир миллион рублдан ортиқ бўлган мол-мулкининг атиги 150 минг рублини қайтариб берилганиниям айтиб, унинг қолган қисмини Исломхўжа ўзлаштирган, дея даъво қилади. Қолаверса, оға-ини Матмуродовлар Исломхўжанинг ислоҳотларидан норози бўлиб, бу ҳақда хонга ариза ҳам ёзгандилар.
Чор ҳукумати, айниқса, Амударё бўлими хонга таъсир ўтказиб, Хиванинг ички ишларига мунтазам аралашиб келар, зеро, улар учун Исфандиёрхон қўғирчоқ ҳукмдор эди.
Матвафо, Абдураҳмон ва Шариф Баққоловлар Исломхўжага мухолифатда бўлган иккинчи гуруҳ вакиллари эди. Тоға-жиян Баққоловлар ҳам кўплаб ер, мол-мулк соҳиби бўлиб, улар ҳам ўтказилаётган ер, солиқ ислоҳоти боис анчагина мол-мулкидан ажралиб қолишдан қўрқар, шунинг учун бош вазирга нисбатан доимо адоватда бўлиб келишар эди.
1899 йилдан хон саройида таржимонлик қилган В.Н.Корнилов у ҳақда: «Матвафо ниҳоятда юлгич бўлиб, огир солиқлар билан хиваликларга зулмини ўтказди. Хиваликлар уни жуда ёмон кўришади. У туркманларга яширинча игво қилиб, уларни талончиликка гиж-гижларди. Матвафо жудаям уддабурон бўлиб, ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам хон саройида биринчи лавозимни эгаллаш учун ҳаракат қилди», деб ёзганди.
Бундан ташқари, Амударё бўлимининг бошлиғи Ликошин Туркистон генерал-губернаторига ёзган ахборотида,« Хонликда барча ишлар Баққолов ва унинг оға-иниларининг савдо тижорат манфаатлари юзасидан олиб борилмоқда.Жамики давлат тадбирлари ушбу савдогарларнинг шахсий бойлигини ошириш-га қарата ҳал этилмоқда» (ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф.и 2, оп 2, д 476, 53 бет).
Н.С.Ликошин, шунингдек, Исломхўжа вафотидан сўнг, 1913 йил декабрида генерал-губернаторга ёзган ахборотида шундай деган: «Марҳум Исломхўжа савдогар эмасди. Шунинг учун у савдогарларга бошқачароқ қарарди.Савдо ишларидан холилиги туфайли, хонликдаги ислоҳотларни ҳатто ўзининг шахсий манфаатидан устун қўярди. Хонликнинг ҳозирги мулкдор амалдорлари бўлса, ўзларининг савдо тижорат даромадини ошириш билан машгул бўлмоқдалар» (юқоридаги архив, ф,и 2, оп 1, д 475, 54-бет).
Ҳаттоки, хонликдаги энг айёр ва бой савдогар Матвафонинг иниси Абдураҳмонбой Янги Урганч ҳокими қилиб тайинланиб, Матвафо сафарга кетганида бош вазирлик лавозимини ҳам эгаллаб турадиган даражага етади.
Исломхўжа 1911 йилда Янги Урганч, Ҳазорасп, Питнак, Моноқ ва Дарғонотадаги ерларни хон тасдиқлаган ислоҳот дастурига кўра қайтадан ўлчатиб чиққанди. Шунда ушбу бекликларда оға-ини Матмуродовлар ҳамда тоға-жиян Баққоловларнинг беҳисоб ерлари борлиги, улар давлат ҳисобига киритилмай, хонлик хазинасига солиқ тўламаётганлари аниқланганди. Шу боис оға-ини Матмуродовлар ҳамда тоға-жиян Баққоловлар саройдан четлатилиб, аниқланган хуфия мол -мулки хон фармонига кўра мусодара қилинади. Ўшанда ҳар иккала гуруҳ чоризмнинг Амударё бўлими бошлиғига шикоят қилиб, Исломхўжа фаолиятига чек қўйишда кўмак сўраган эдилар.
Исломхўжа эса ислоҳотлари ва унга тўғанок бўлаётган амалдорлар ҳақида 1911 йилнинг 3 декабрида, полковник Гулушановскийга шундай мактуб йўллаб, вазиятни тушунтириб ўтганди: «Биз амалга огиираётган ислоҳотлар хон атрофидаги амалдорлар манфаатига, албатта маъқул тушмади. Улар аввалги хон даврида ҳам катта ерларни эгаллаб, беҳисоб фойда олиб келганлар. Шу боисдан норози бўлган амалдорлар томонидан бир қанча махфий мажлислар ўтказилиб, унда халқни ислоҳотларга қарши қўзгатишга қарор қилинган.Мазкур амалдорлар халқ номидан норозилик мактублари уюштириб, уларни ўз муҳрлари билан тасдиқлаб, ислоҳотдан норози эканликларини билдирмоқдалар. Мактубларда ҳатто ҳақоратли бўҳтонлар ҳам шилатилмоқда» (ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф 2, оп 1, д 289, 207-бет).
Айнан 1911 йилдаги воқеалардан сўнг ҳар иккала гуруҳ рус маъмурлари билан яқинлашиб, Исломхўжага нисбатан очиқчасига душманлик йўлига ўтдилар. Зеро, халқ ўртасида Исфандиёрхоннинг эмас, балки оға-ини Матмуродовлар ва тоға-жиян Баққоловларнинг обрўси тағин-да тушиб кетди. Негаки, улар солиқлар баҳона халқни беаёв талаш, беҳисоб ерга эгалик қилиб, хазинага сариқ чақаям тўламаслик эвазига бойирдилар.Исломхўжа эса 1911 йилда уларнинг кирдикорини чеклаб, янада обрў орттиради. У фитнакор амалдорлар молу мулкини Исфандиёрхон розилиги билан тортиб олганди. Шу боис ҳар иккала гуруҳ Исфандиёрхоннинг ишратга ўчлигидан фойдаланиб, Исломхўжа билан унинг орасини бузишга интилди. Негаки, хоннинг катта хотини Азизапошшабика Исломхўжанинг қизи эди. Фитнакор амалдорлар ишратга ўч хонга турли бекликлардан ёш ва чиройли қизларни келтириб берардилар. Ҳатто, Баққолов ва Ашур маҳрам ташаббуси билан Нуриллабой саройининг орқа томонида 70 минг тилла сарфлаб, маишатбозлик учуи мўлжалланган махсус кўшк ҳам қурилади.Табийки, бу ишлар қайнотаси бўлмиш Исломхўжага маъқул келмас, у куёви Исфандиёрга бу ахлоқсизликни йиғиштириш ҳақида бир неча бор насиҳат қилганди.
Чор маъмурлари эса ҳар иккала гуруҳбозларни қўллаб, Исломхўжа фаолиятини кузатув остига олгандилар. Негаки, у чор ҳукумати учун ғоявий душман бўлган жадидларни қўллаётган, Хоразмда мактаблар барпо қилаётган, ҳатто «ёш хиваликлар» ҳаракатини қўллаб қувватлаётган, чоризмга қарши тинимсиз исён кўтараётган туркман ёвмудлари билан яқин алоқада эди. Ҳатто, у 1913 йил бошида туркманларга қарши юриш қилиш ташаббусига қарши чиққанди. Ёвмудлар исёни умумхалқ қўзғолонига айланиб, чоризмнинг мустамлакачилигига чек қўйиши мумкинлигини чор ҳукумати яхши билар, шу боис Исломхўжа нафақат гуруҳбозларнинг, балки мустамлакачи чор ҳукуматинингда душманига айланганди.

Қотилликда чор ҳукуматининг   қўли борми?

Исломхўжа 1896-1913 йилларда беш маротаба Россиянинг Петербург ва бошқа шаҳарларига борган. Император Николай II Романов билан ҳам кўп бор мулоқотда бўлган ва у билан рус тилида бемалол дунё сиёсати ҳақида суҳбатлашганди.
Шу суҳбатлардан кейин Исломхўжа оқпошшани ғоят қизиқтириб қўйганди.Айниқса, унинг хонликда амалга ошираётган ишларидан бохабар бўлган император,Петербургда кимлар Исломхўжа билан учрашишигача жандармериядан суриштиради. Қолаверса, Амударё бўлими ва жандармерия Исломхўжанинг чор ҳукумати душманлари бўлмиш жадидлар ва исёнкор ёвмудлар билан алоқаси яхшилигини хабардор қилганлиги табиий.
Негаки, 1913 йил 4 январда Туркистон генерал-губернатори ҳарбий министр Сухамлиновга махфий хат йўллаб: «Хонликда 1910 йилгача ҳукм сурган осойишталикни сақлаб туриш, халқ ғалаёнларининг олдини олиш учун Исломхўжа фаолиятини жиловлаш чора-тадбирларини кўриш лозимга ўхшайди», деганди (Россия Марказий Давлат Архиви, 400-фонд, 62-дело, 155-саҳифа).
Шу билан бирга, генерал Самсонов Петербургга йўллаган махфий хатида Исломхўжани чет элга жўнатиш, сургун қилиш ҳақида буйруқ бериш лозимлигиниям айтиб ўтганди. Аммо ташқи ишлар министрлиги бу таклифни маъқулламаган.
«Россия Марказий Давлат Архивининг 400-фонд, 178-дело, 50-54-саҳифаларидаги манбага кўра, Исломхўжа Петербургдаги «Мусулмонлар хайрия жамғармаси»га бориб, у ерда Эрон ва Туркия элчилари Тархон пошшо, Исҳоқхонлар билан учрашган. Кечқурун Маринин театрида уларни меҳмон қилиб, суҳбатлашган. Табиийки, мусулмон мамлакатлари элчилари билан Хива хони бош вазирининг тил топишгани чор ҳукуматига ёқмасди.
Етилиб келаётган жаҳон уруши арафасида чор ҳукуматига рақиб бўлган Туркия ҳукумати элчиси билан мустамлака хонлик бош вазирининг суҳбатлашиши, чор ҳукумати учун, айниқ-са, чидаб бўлмас ҳол эди.
Исломхўжа дунё сиёсатидан бохабар бўлиб, Туркия-Эрон, Эрон-Италия, Туркия-Германия, Россия-Туркия иқтисодий ва ҳарбий муносабатлари моҳиятини тўла англаб етган, мустамлакачиликнинг ҳам паймонаси тўлаётганини сезиб турарди. Бу эса чор ҳукумати учун қўрқннчли бир ҳол эди. Шу боис чор жандармерияси Петербургда бўлган Исломхўжанинг ҳар бир қадамини кузатиб, ким билан нима ҳақида суҳбатлашганигача шахсан император Николай Романовга ахборот бериб борган. Исломхўжа Хивага қайтгач ҳам кузатув остида бўлганди. Негаки, Петербургда босган қадамини кўздан қочирмаган Николай II унинг Хивада нималар қилаётганини ҳам билишни истарди.
Амударё бўлими бошлиғи генерал-губернаторликка йўллаган маълумотида ўз кузатувларини қуйидагича изоҳлаганди: «Саройттг энг нуфузли одами, хоннинг биринчи амилдори Исломхўжанинг уйини ўзига хос кичик сарой деса бўлади. Бу ерга саройнинг катта ва кичик аъёнлари ҳам «салом»га келиб турадилар. Улар йигилишиб энг муҳим масалаларни муҳокама қиладилар» ( ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф 2, оп 1, д 289, 17 бет).
Шу билан бирга, бўлим томонидан 1912 йил 12 августда Тошкентга йўлланган ахборотда бош вазирнинг уйидаги ҳолат ҳақидаям маълумотлар берилганди: «Вазири Акбар Исломхўжа жадид мактабининг ва уйидаги фарзандларининг ўқитувчиси ёш татар муаллими Абдурашидовнинг фаолияти алоҳида эътиборга эга. Афсуски, Абдураишдов ўқитувчилик ишларидан таш-қари Хива хонлигини ички сиёсатида ҳам фаол қатнашмоқда. У Исломхўжанинг уйида яшаб, яширин кенгаш ўтказиб туради.
Бу кенгашга Абдураишдов маслаҳатчи ва раҳбарлик қйлади. Исломхўжа иштирокидаги кенгаш мажлисларида асосан Хива-Россия муносабатлари муҳокама қилинади. Абдурашидов йигилган хиваликлар онгига Хива хонлигини Россия қарамогидан озод қилиш ва хонликни тараққий эттириш гояларини сингдирмоқда».
Турган гапки, бундай чор мустамлакачилиги учун зарарли бўлган хуфия ахборотларни олгач, генерал губернаторлик Абдурашидовни воҳадан йўқотиш чораларини кўради. Натижада, «Амударё бўлими 1913 йил ёзида Абдурашидов ва бошқа жадидларни Хивадан ўз юртларига жўиатиб юборади» («Туркестанский курьер, 1913 йил 21 август).
Абдурашидовни уйида сақлаган бош вазир уни воҳада олиб қолишга интилмасин, чор маъмурлари бунга йўл қўймайдилар.
Сарой эса бу пайтда фитна уясига айланиб бўлган, Исломхўжага мухолиф саналган ҳар иккала гуруҳни Амударё бўлими қўллаб турганди. Қолаверса, фитнакор Ҳусайнбекка подполковник, укаси Омонгалдига эса биринчи даражали Муқаддас Анна ордени бекорга берилмаганди. Оғаини Матмуродовлар чор ҳукуматининг энг ишончли одамлари эдики, уларни шу боис тақдирлашганди. Ҳатто, ҳар иккала гуруҳнинг 1911 йилда тортиб олинган молу-мулкининг қайтариб берилишидаям чор ҳукуматининг қўли бор эди. Амударё бўлими бошлиғи полковник Колосовский уларга ёрдам бериб, қўллаб турганди.У 1914 йил 31 декабрда Туркистон генерал-губернаторига юборган ахборотида: «Бизнинг Хива хонлиги саройидаги фитналарга аралашувимиз ва хон саройида Матмуродовлар гуруҳини тиклашимиз бош вазир Исломхўжанинг қатлига омил бўлган сабаблардандир», дея ёзганди.
Ҳатто, Исфандиёрхон полковник Колосовскийнинг Матвафо Баққоловни бош вазирликка тайинлаш ҳақидаги таклифига эътироз билдирганида, у «Матвафо сенга керак бўлмаса, менга керак», деб маҳаллий ҳукмдорни - Хива хонини жеркиб ташлаганди. Кўриниб турибдики, хонни ҳам назарига илмайдиган полковник Колосовскийга Матвафо Баққоловдек фитнакор малайлар керак эди.
Хон саройида таржимонлик қилган В.Н.Корнилов эса, «Матвафо Исломхўжа қатлинингайбдоридир. Бу фақат менинг эмас, балки хонликдаги инсонлар фикридир», дея ёзганди. Шу боис-
дан ҳам унинг Исломхўжага суиқасд қилинган пайтда Туркистон генерал-губернаторлигининг Петербург полиция департаменти вице-директорига юборган маълумотида, бош штабнинг Осиё бўлими бошлиғи генерал Цейлнинг бош вазир қатли бўйича ишни босди-босди қилгани, бу иш учун 200 минг рубл пора олгани, Цейл бу пулдан 20 минг сўмини ҳарбий министр Сухамлиновга бергани қайд қилинган.
Николай II Исломхўжа ўлимидан хабардор этилган бўлсада, у суиқасд тафсилотини суриштириб ўтирмади. Негаки, ким ҳам ўз этагини ўзи кўтарарди? Зеро, мустамлака ўлкаларда силлиққина сиёсат юритиш учун доимо у ерда фитна ва иғво чиқариб туриш, ўз юрти равнақини ўйлайдиган ислоҳотчиларни йўқ қилиш синалган усуллардан эди. Шунинг учун чор ҳукумати, жандармерия, Амударё бўлимига бошлиқ бўлган Гулушановский, Ликошин, Колосовскийлар Хива хонлигидаги фитнакор гуруҳларни рағбатлантириб, уларни Исломхўжага қарши гиж-гижлаб туришди. Хиванинг халқпарвар, маърифатпарвар бош вазири Исломхўжа ана шундай қаттол сиёсат, фитна қурбонига айланганди.
Бироқ, шундай бўлса-да, Исломхўжа жаҳон халқлари тараққиётидан бир неча аср ортда қолган, баъзи соҳаларда ўрта асрча мустабидлик ҳукм сураётган Хива хонлигида ўзгариш ясашга уринди ва дастлабки натижаларга эришдики, булар тарих саҳифаларидан ёрқин жой олди.

Жиноят жазосиз қолмас

Исломхўжадек ислоҳотчининг ўлимида айбдор бўлган, бу қотилликни чор мустамлакачиларининг қўллаб қувватлаши билан амалга оширган хонликнинг фитнакор амалдорлари кўп вақт ўтмай ўз жазоларини олишди. Яъни, 1915 йил охирида Шихназарбой ва Ашур маҳрамлар ўзларига ҳаддан ташқари эрк бериб юборганларидан сўнг, уларни олдинлари қўллаб турган чор мустамлакачилари билан чиқишолмай қолишди. Натижада улар Хоразмдан Олмаотага сургун қилиндилар. 1916 йилнинг февралида эса Хивани қамал қилиб қўлга киритган ёвмуд исёнкорлари ва халқ қўзғолончилари Исфандиёрдан Матвафо Баққолов ва сарой ходими Абдуллажонларни топширишни шарт қилиб қўядилар. Қўзғолончилардан енгилгани боис хон шартга кўниб ноилож амалдорларини уларга топширади. Қўзғолончилар эса иккала амалдорга қўшиб Шихназарбойнинг яна бир қариндошини ҳам тутиб келтириб, ўчаласини бўғизлаб ўлдиришади.
1918 йилнинг октябрида эса Исфандиёрхон ёвмудлар томонидан бўғизлаб ташланади. Хуллас, тақдир Исломхўжанинг ўлимида бевосита айбдор бўлганларни исёнкорлар қўли билан жазолади.

Умид Бекмуҳаммад

 
Баннер