Оила қурмай, ҳаётини фақат қариндош уруғлар дийдори, дўстлар, ижодкорлар давраси, салтанат, ижоду илм ташвишлари ила ўтказган юксак тафаккур соҳибининг ҳажга боришдек буюк орзуси амалга ошмади. Шунингдек, ул зотнинг Хоразмга бориш орзуси ҳам армон бўлиб қолди.
1469 йилда Хуросон тахтига чиққан Ҳусайн Бойқаронинг тожу тахт учун курашга кирган даврлари хавф-хатарга тўла кечган. Негаки, у 1465 йилдан бошлаб ҳукмдорликка эришиш мақсадида кураш майдонига қўшилган, аммо омадсизликлар, мағлубиятлар сабабли кўп вақтини қочқинликда, туркман чўллари ва Хоразмда ўтказган эди. Бойқаро Хоразмнинг Вазир, Урганч, Адоқ ва Тирсак шаҳарларида бўлиб, ўзига содиқ навкарлар тўплади ҳамда 31 ёшида Абу Саидни тахтдан қулатиб, Хуросон ҳукмдори даражасига эришди. Хоразмда кўп вақтини ўтказган Ҳусайн Бойқаро у ердаги вазият, қишлоқ, шаҳарлар ҳолати, урушлар туфайли хонавайрон бўлган воҳа аҳлининг кайфиятидан яхшигина хабардор бўлган. Ўша вақтда Хуросонга қарашли бўлган Хоразмда тикланиш ишларини олиб бориш учун ўзига содиқ, қатъиятли, ташаббускор инсонни у ерга ҳоким қилиб юбориш зарур эди. Бойқаро ана шундай фазилатларга эга инсон сифатида дўсти Алишербекнинг акаси — сарой девонида хизмат қилаётган Баҳлулбекни танлади. Шу тариқа исломий илмларни мукаммал билганидан шайх даражасини олган Баҳлулбек Хоразм ҳокими қилиб тайинланди. Хуросон давлатининг вазири бўлиб ишлаётган Навоий ҳазратларига ҳам бу воқеа хушнудлик бахш этди. Зеро, у бу мафтункор ўлкага боришни ёшликдан орзу қилар, энди давлат ишлари билан ёхуд қариндошчилик ришталари сабабли орзуси ушалишига ишонарди. 1465-69 йилларда Алишербек Самарқандда таҳсил олиб, ҳаёт кечирганида, таътил пайтлари Хоразмга бормоқчи бўлган, аммо бунинг қулай пайти, иложи топилмаганди. Самарқандда илм олаётган Хоразмлик талабалар билан Хоразм тўғрисида, у ерга бориш тўғрисида суҳбатлашавериб, Алишербек бир куни туш кўради. Хондамирнинг ёзишига кўра, тушида Навоий ҳазратлари Мирзо Муҳаммад Хоразмшоҳ билан тоққа чиқибди. Хоразмшоҳ бир катта тош устига қадам қўйиб, Навоийнинг қўлидан ушлаб, унинг ўша баланд тош устига чиқишига кўмаклашган экан. Орадан йиллар ўтди. Салтанат ишлари кўпайиб, Навоий ҳазратлари ижоду илм билан шуғулланай дея, 1476 йилда вазирлик лавозимидан истеъфога чиқди. Бу пайтда у акаси Баҳлулбекнинг невараси Мир Иброҳимни, оила қурмагани туфайли ўзига ўғил қилиб олганди. Кейин Мир Иброҳимнинг отаси — Ҳиротдаги подшо саройида хизматда бўлган Камолиддин Хоразмга — отаси Баҳлулбек ёнига ишга юборилади. Шундан сўнг Навоий ҳазратлари Мир Иброҳимни онасининг илтимосига биноанг бобоси Баҳлулбек ёнига жўнатади. Навоий шеърлар битаётган жияни Мир Иброҳимни, акаси Баҳлулбекни кўриш ниятида кейин ҳам Хоразмга бормоқчи бўлди. Аммо... 1476-1486 йиллар орасида у тинмай ижод қилгани туфайли бунга вақт топа олмади. Негаки, Навоий бу даврда «Наводир-ун-ниҳоя» девонини, беш достондан иборат «Хамса»сини, кўплаб ғазалларини ёзди. Қолаверса, давлат вазифасидан бўшаганига қарамай, дўсти Бойқаронинг илтимосига кўра, салтанатдаги ва шаҳзодалар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш билан машғул бўлди. Бундан ташқари, укаси Дарвешалибек Балхга ҳоким бўлиб кетгани боис, Навоий Ҳиротдаги отасидан ёдгор бўлиб қолган уйнинг чироғини ёқиб ўтирди. Учала ака-укага Ғиёсиддин Кичкинадан мерос бўлиб қолган мол-мулкидан хабар олиш ҳамда ўзининг Ҳиротдаги кўплаб боғу-роғ, ер, савдо расталарига қараб туриш ҳам керак эди. Шунингдек, Навоий Хуросоннинг кўплаб жойларида меъморий обидалар, масжид, мадрасалар қурдириш ишлари билан бандлиги туфайли ҳам, Хоразмдаги акаси ҳамда жиянларининг ёнига боришга вақт топа олмади. негаки, Хоразм вилояти Ҳиротдан анча узоқ бўлиб, бориб келишга бир неча ойлаб вақт кетарди. Пойтахтдаги бунёдкорлик ишларини эса кечиктириб бўлмасди. Шунга қарамай, Навоий ҳазратлари Хоразмга алоҳида меҳр билан қаради. Жиянлари Камолиддин, Мир Иброҳим Ҳиротга келганларида уларни хушнудлик билан кутиб олди, уларнинг Хоразмдан олиб келган совғаларини қувонч билан қабул қилди. У воҳадаги ҳаёт, урф-одатлар, маданий вазият, акаси Баҳлулбек қилаётган ишларни суриштирар, гоҳида давлат ишлари боис, Баҳлулбек Ҳиротга келганида маслаҳатлар бериб турарди. Шу тариқа Баҳлулбек укаси Алишербекнинг Ҳиротда амалга ошираётган бунёдкорлик ишларини Хоразмда ҳам қилиб, кўплаб иншоотлар барпо эттирди, сув йўллари, ёп (ариқ)лар қаздирган. Навоий ҳазратлари эса акаси ва жиянларидан эшитганларидан таъсирланиб, назмий асарларида Хоразм, Жайхун ҳақида фикр юритади:
Завроқ ичра ул қуёш сайр айламас — Жайхун аро, Ахтари саъда ҳалок ичра кезар гардун аро, Англамоқ Жайхунда ул ой кема бирла сайр этар, Ё ҳилолу меҳр аксин эл кўрар Жайхун аро..
Бундан ташқари, «Сабъаи сайёр» достонида Дилором билан боғлиқ воқеалар Хоразмда рўй берганини тасвирлайди. Хоразмликларнинг мусиқага қизиқишларини, Дилоромнинг санъаткорларга, илму ижод аҳлига эътибор бериши ҳақидаги таъсирчан воқеалар баёнида, гўё Алишербекнинг келинойиси — акаси Баҳлулбекнинг рафиқаси ҳақида сўз юритилгандек туюлади, кишига. Зеро, Навоийнинг келини — укаси Дарвешалибекнинг хотини Офоқ бегим Балхда айнан «Сабъаи сайёр»даги Дилором сингари ижоду илм аҳлининг ҳомийси эди. Бундай ишларни, табиийки, Хоразмдаги келинойиси ҳам амалга ошираётганди. Шунингдек, Навоий ҳазратлари «Мажолис-ун нафоис», «Насойим-ул муҳаббат», «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарларида Хоразм адабий муҳити, ижодкорлари ҳақида ҳам сўз юритилади. Хожа Абдул Вафоий Хоразмий, Мавлоно Ҳусайн Хоразмий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Сулаймон Боқирғоний, Рабғузий сингари хоразмлик ижодкорларга Навоий ҳазратлари алоҳида меҳр қўйган эди. Хондамирнинг «Макоримул ахлоқ» асарида ёзилишича, «Бир вақтда Султон (Ҳусайн Бойқаро) Хоразм вилоятини обод қилиш ва унга бинолар қуриш хаёлига тушиб, бинокорлик ва деҳқончилик ишларига яхши аҳамият бериб ҳаракат қилишлари ва жойланиб туришлари учун Хуросондан уч минг хонадонни Хоразмга кўчириш ҳақида мажбурий буйруқ чиқарди». Табиийки, уч минг хонадонни Ватанидан жудо қилиш яхши эмаслигини англаган Навоий дўсти Ҳусайнга бундай ишнинг нотўғрилиги ҳақида тўққиз бор арз қилди. Ўнинчи бор арз қилганида Бойқаро фақат минг хонадоннигина Хоразмга кўчиришга амр қилди. Навоий ўтроқлашган хуросонликларни Хоразмга мажбурий кўчиргандан кўра, XIV асрнинг 80-йилларида Ҳазорасп ва Хивадан Ҳиротга кўчиртириб келинган наққош, меъмор, ҳунармандларни ўз эллари — Хоразмга юбориш зарурлигини уқтириб, дўсти Бойқародан бу ҳақда фармон чиқартириб олди. Хуллас, Навоий ҳазратлари хоразмликларга меҳр билан қараб, улар ҳақида қайғурди, асарларида мафтункор ўлкани мароқ билан тасвирлади. Негаки, Хоразмда акаси, жиянлари яшар, қариндошлик ришталари узоқдаги воҳа билан боғланган эди. У Ҳиротдаги ижод, давлат ишлари, тадбиркорлигу бунёдкорлик фаолияти сабабли Хоразмга бора олмас, аммо доимо акаси, жиянлари ёнига боришни орзу қилиб юрарди. Афсуски, бу орзулар армон бўлиб қолди.
Умид Бекмуҳаммад
|