Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Н. Г. Чернишевский Беруний ва унинг ватани ҳақида
27.07.2024 16:56    PDF Босма E-mail

Агар Марко Поло сингари айрим сайёҳларни истисно қилсак, Европада Шарқни чинакамига ўрганиш XVIII асрда бошланди. Шарқ олимлари томонидан Европани ўрганиш эса IX асрдаёқ авж олган эди. Европа аҳолиси, табиати, шаҳар ва мамлакатлари ҳақидаги дастлабки ишончли илмий маълумотлар араб манбаларида учрайди. Бунинг сабаби бизда ўша даврда жуғрофия фанииинг кучли тараққий этганидир. Академик И.Ю. Крачковскийнинг айтишича, X асрнинг араб тилида 200 га яқин жуғрофий асар ёзилган (Крачковский. Изб. сочин., IV том, 31-6.). Осиё ва Африкадан ташқари, Испания, Визаития, Кавказ, Жанубий Россия, Волгабўйи, Ўрта денгиз атрофидаги мамлакатларни айланиб чиқиб, китоб ёзган мусулмон олимлари анчадир. Муслим ибн Абумуслим Жармий Рум (Византия)да кўп йиллар истиқомат қилиб, унинг жуғрофий тузилиши, унга қўшни бўлган авар, булғор, славянлар, хазарлар ҳаётини тадқиқ этади. Ибн Фазлон Европа бўйлаб саёҳатлари натижасини “Рисола”да жамлайди, Ибн Даст бўлса, “Хазарлар, буртаслар, булғорлар, мажорлар, славянлар ва руслар ҳақида хабарлар” номли китобида бу халқларнинг турмуш тарзи, урф-одати ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиради. Шарқий Европани ўрганишга атоқли географ олим Масъудий ҳам алоҳида эътибор берган. Лекин Европага оид, айниқса, “Шимолий Европага оид энг кўп маълумот Берунийдадир” (Крачковский. Ўша китоб, 273-6.). Беруний ўзидан олдинги олимларнинг асарларидан фойдаланиш билан бирга, турли хил сайёҳлар, савдогарлар-нинг ҳикоялари асосида жуда кўп янги фактлар тўплайди; Сибирь, Ангара дарёси, Байкал кўли, шимолда Оқ денгиз ва Болтиқ денгизи ҳақида ёзади; славянлар, варяглар, руслар, скандинавияликлар; “қуёш ботмайдиган жойларга борган сайёҳлар” хусусида гапиради (қаранг: Беруний. “Осор ул-боқия”, Т., “Фан”, 1963, 170 — 181-6.). X асрдаёқ Шарқ олимларининг тадқиқотлари туфайли қитъаларнинг табиий тузилиши, ўлкалар, давлатларнинг географик ўрни, дарё ва денгизлар, халқаро алоқа йўллари тўғрисида маълумот берадиган хариталар, атласлар тузилган; меридианлар бўйича ҳисоб-китоблар ўтказилган, ернинг куррасимон эканлиги тўғрисида фаразия майдонга ташланган. Шундай хариталарнинг бири X. Колумб қўлига тушиб, уни дунё сафарига илҳомлантирганини ёзишади (Крачковский. Ўша китоб, 135-6). Шарқ олимларининг ишлари кейинги асрларда ҳам европаликлар учун фақат Осиё ва Африкани эмас, балки Европа қитъасини тадқиқ этишда бой манба бўлиб хизмат қилди. Буни узоққа бормасдан Н.Г.Чернишевскийнинг ўз ижоди мисолида кузатиш мумкин. Улуғ мунаққиднинг жуғрофий асарлар, саёҳатномаларга қизиқиши катта бўлганини юқорида айтган эдик. Унинг илмий оламини бойитган китоблар орасида Шарқ муаллифларининг асарлари ҳам анча. Чунончи, у К.Ф. Свенскеннинг “1848—1853 йиллардаги асосиц жуғрофий кашфиётлар ва саёҳатномалар” номли китобига ёзган тақризида Осиё мамлакатларини кезиб чиққан йигирма бир кишининг эсдаликларини кўздан кечириб чиқар экан, шулар орасида араб олими Шайх Муҳаммад Шунзийнинг асарларини ҳам таърифлаб беради (ПСС, 3-том, 452-6.). “А.С. Норов саёҳатлари” номли мақоласида эса Чернишевский Осиё билан Европа орасидаги қадимги карвон йўллари, Шарқу Ғарб халқларининг иқтисодий ва маданий алоқалари тўғрисида тўхталади, шу муносабат билан у Ўрта денгиз атрофидаги оролларнинг илгариги кўриниши, пайдо бўлиш тарихи устида фикр юритиб, бундай ёзади: “Масъудийнинг ҳикоя қилишича, илгари Мисрдан Қибр отасига олиб борадиган кечув йўли мавжуд бўлган; кейинчалик Мисрнинг шимолий қисмини денгиз босиб кетган... Бошқа араб ёзувчиси Ёқут ривоят қиладики, денгиз Юнонистон, Сурия ва улар атрофидаги кўп ерларни босиб олган эди, сув остига чўккан ерларнинг тепаликлари ҳозир Ўрта денгиз шарқий қисмида орол бўлиб кўринади. Диодор Сицилийскийда ҳам Осиё қитъасининг анча қисми денгиз остида қолиб кетган деган гап бор. Ниҳоят, араб ёзувчиси А. Беруний (Чернишевский фойдаланган манбаларда Беруний араб олими дейилади) Искандария билан Қустантания орасида ер бор эди, деб хабар беради” (ПСС, 2-том, 542-6.). Н.Г.Чернишевский бу маълумотни қайси манбалардан олганини ёзмаган. Ҳар ҳолда у Беруний ёки Масъудий асарини асл нусхасида ўқиган дея олмаймиз, чунки агар шундай бўлганда, Чернишевский фойдаланган китобининг номини тилга олар ёхуд бу ҳакда кенгроқ гапирган бўларди. У даврларда Шарқ жуғрофиюнлари, жумладан, Беруний асарлари рус тилига ҳали таржима қилинмаган эди. Лекин С. де Саси, Захау, Френ каби Ғарбий европалик шарқшуносларнинг тадқиқотлари Россияда ҳам тарқалган эди. Улар Беруний асарларидан сайланма қисмларни тўплаб нашр эттирганлар. Вюстенфелд Ёқутнинг 6 жилдлик жуғрофий луғатини чоп этган (1866 — 76). Чернишевский ана шу манбалар орқали Беруний мероси билан танишган бўлиши керак (Силвестр де Саси ишлари билан Чернишевский ёшлигидан қизиққан).
Н.Г.Чсрнишевский Беруиий номини фақат бир жойда тилга олади, холос. Аммо шу кичик фактнинг ўзи улуғ рус демократининг Ўрта осиёлик буюк мутафаккир ижодига катта ҳурмат билан қараб, унинг асарларини энг мўътабар манба деб билганидан далолат беради. Бу факт яна шу фикрни ҳам айтишга асос бўладики, Чернишевский Беруний асарларидан яхшигина хабардор бўлган, унинг араб маданияти оламидаги мавқеини ҳис қилган.
Н.Г.Чернишевский Беруний ватани — кўҳна Шарқнинг ажралмас бўлаги Ўрта Осиё тарихи, бу ерда яшайдиган халқларнинг ҳаёти билан ҳам қизиқади. Маълумки, Чернишевский ижоди Ўрта Осиёнинг чор Россияси томонидан босиб олиниши даврига тўғри келади. Чор ҳукуматининг мустамлака қилинган аҳолига муносабати, бу ўлканинг ўрганилиши, адиб эътиборидан четда қолмаган. Унинг асарларида Ўрта Осиёнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи, тарихи ва маданияти тўғрисидаги материаллар ва бу асосдаги фикрларни анчагина учратиш мумкин. Ўрта Осиёни (баъзан Турон, Туркистон ҳам дейди) у қадимий маданият марказларидан бири деб ҳисоблаб, Миср, Ҳиндистон, Сурия билан ёнма-ён қўяди; Бохтар, Суғд, Хоразм ҳақида, араб ва мўғул истилоси оқибатлари, Темур ва темурийлар, Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласининг ишлари (Тожмаҳал санъати, Акбарнинг адолатли тадбирлари) хусусида мулоҳазалар юритади.
Ўрта Осиёнинг гуллаган даврларидан бири, Чорнишевский назарида, сомонийлар замонасидир (Беруний ва Ибн Сино даври). У пайтда ўлка ҳам иқтисодий, ҳам маданий кўтарилишни бошдан кечирган. Шунинг учун олим Марказий Осиёни тадқиқ этувчи рус шарқшуносларининг ишларига баҳо берар экан, сомонийлар даври маданиятига оид топилдиқларни ғоят қадрлаб кўрсатади: “...биринчи китобда (П. Савелевнинг “Археологик ва нумизматик изланишлар” китоби — Н.К.) бизга ҳали маълум бўлмаган сомонийларнинг бир неча дирҳамларини ва шу сулолага тааллуқли бешта динор (олтин танга)ни кўрамиз. Сомонийлар динори жуда камёбдир; ҳозиргача бутун Европа нумизматик кабинетларида бу тангаларнинг фақат саккизтаси маълум эди; топилмалар бизнинг билимларимизни оширади. Китобда Шарқ тарихига оид янги топилган тангалар ва бошқа ашёлар ҳақида маълумот кўп” (ПСС,. 2-том, 781-6.).
Нумизматика (тангашунослик) — археологиянинг бир қисми. Археологияда ҳар йили қанчадан-қанча кашфиётлар қилинади, жаҳон олимлари бир йилнинг ўзида бир неча минг осориатиқалар, тангачаларни ер остидан топиб, тасниф этадилар. Билимнинг чуқурлигини қарангки, шунча танқидий ва адабий ишлар, сиёсий иқтисод, тарих ва фалсафа муаммолари билан банд бўлган ҳолда жаҳон археологияси ютуқларидан тўла хабардор бўлиш, нечта музейда неча дона сомоний тангаси борлигини билиш ва бу ҳақда “Современник” журналида мақола ёзиб, ватандош олимларининг ютуқларини тарғиб этишга улгуриш! Бу айни пайтда Урта Осиё маданиятини рус журналхонлари орасида тарғиб этиш хам эди.
Марказий Осиё забт этилгандан кейии рус олимлари ўлкамизнинг тарихи, этнографияси ва географиясинн ўрганишни кенг кўламда бошлаб юбордилар. Уларнинг ишлари яхши натижалар берди. Император археология жамиятининг Шарқ бўлими ташаббуси билан Туркистонда археологларнинг кўнгилли жамияти тузилади (бу ҳақда “Туркистон вилояти газети” эълон чоп этган). Жамиятда маҳаллий зиёлиларнинг вакили ҳам бўлган. Жамият аъзолари Самарқанд, Хивада дастлабки қазишларни амалга оширганлар. Тарихчилар, археологлар ва сайёхларнинг илмий кузатишлари натижаси Россияда нашр эттирилган. Шундай китоблардан бири тўғрисида Н.Г.Чернишевский мақола ёзиб, “Современник”да бостирган. Мақолада, жумладан, қуйидаги фикрни ўқиймиз: “...бошқалардан муҳимлари: бизнинг саёҳатчи олимимиз П.А. Чехачев томонидан тузилган “Кичик Осиёдаги қадимий ёдгорликларни кўздан кечириш” деган иши; Вильяминов-Зерновнинг “Қўқон хонлигининг Муҳаммадалидан Худоёрхонга қадар бўлган даври тўғрисида ахборот” номли мақоласи кўпгина қизиқ маълумотлар беради” (ПСС, 3-том, 590-6.).
В. В. Вильяминов-Зернов рус шарқшунослари орасида бирин-чилардан бўлиб Марказий Осиё тарихини ўрганган кишидир. Унинг “Қирғиз-қайсақлар ва Россия билан Ўрта Осиёнинг Абулхайрхон вафотидан кейинги ўзаро муносабатларига доир тарихий маълумотлар”, “Рус подшолари томонидан бошқаларга инъом этилган тархонликларни ўрганишга доир манбалар” деган асарлари бор. Шунингдек, у Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларидаги пул муомалаларини тадқиқ этган. Вильяминов-Зерновнинг катта хизматларидан бири Алишер Навоий асарлари асосида XVI асрда .тузилган “Абушқа” луғатини нашр эттирганидир. Бундан ташқари, у бир қанча қўлёзмаларни тўплаб тасниф этган, Навоий, Машраб асарлари ҳақида маълумот берган туркшунос олим эди.
Н.Г.Чернишевскийнинг Вильяминов-Зернов каби йирик шарқшунос олим асарларига эътибор қилиши унинг Марказий Осиё билан қизиқиши жиддий бўлганини кўрсатади. Бироқ, у бу ишда фақат рус олимлари ишларини мутолаа қилиш билан қаноатланмай, шу билан бирга Ғарб сайёҳларининг китобларини ҳам ўқиб чиққан. “1848—1853 йиллардаги асосий жуғрофий кашфиётлар ва саёҳатномалар” мақоласида Самарқанд ва Бухорога саёҳат қилиб, китоб ёзган Леманн деган киши тўғрисида ахборот берган бўлса (ПСС, 3-том, 452-6.), тугалланмай қолган бир ишида Осиё қитъасининг иқлими, ҳар бир вилоятнинг ўртача ҳарорат даражасини аниқлаб келиб, Бухоро билан Самарқанд Осиёнинг ўртача 20 ҳарорат чизиғида жойлашганини қайд этади. Бу ишда, шунингдек, Ўрта Осиёнинг иқлимига хос бошқа кузатишлар ҳам баён этилган (ПСС, 3-том, 897-6.)
Н.Г.Чернишевский Марказий Осиёни бир томондан қадимий маданият ўчоғи деб билса, иккинчи томондан, бу ўлканинг тарихини даҳшатли қирғин ва ур-йиқитлар гирдобидаги тарих деб тушунган. Кўчманчи қабилаларнинг кўп асрлик талашлари ўлка аҳолисини ҳолдан тойдирди. Айниқса, мўғул истилоси ҳалокатли бўлди; мўғуллар Россияда бўлгани каби Марказий Осиёни ҳам узоқ йиллар таладилар, кейин бошқа қабилалар уларнинг ишини давом эттирди (ПСС. 9-том, 23-6.). Оқибат аҳвол шу даражага етдики, ижтимоий ҳаётда турғунлик бошланди; жаҳолат ва хурофот авж олди. Шунинг учун, дейди танқидчи, Ўрта Осиёда (Россиянинг бошқа, чекка ўлкаларида ҳам) феодал зулмининг турли кўриниши, ҳатто, қулдорлик муносабатлари яшаб келмоқда. Чор ҳукумати буни йўқ қилиш учун бирор чора ҳам кўрган эмас (9-том, 27-6.). Хусусан, хотин-қизларнинг аянчли аҳволи улуғ инсонпарвар Чернишевскийнинг юрагини ачитади. Хотин-қизларга нисбатан бўлаётган зўрлик эксплуатациянинг энг қўпол, энг даҳшатлисидир, уларга мол сифатида қараб, бозорга чиқариб сотадилар. “Милл асарининг таржимасига шарҳлар” номли ишида у, зўравонликка асосланган ижтимоий муносабатларнинг бир қанча шаклларини қайд этиб, кейин бундай муносабатларнинг кўриниши Марказий Осиёда ҳам мавжудлигини ачиниб ёзади. Албатта, чор ҳукумати бундай эскилик қолдиқларини йўқотишдан манфаатдор эмасди, аксинча, у зулм ва истибдодни кучайтирди, меҳнаткаш халқни баттарроқ эзишга шериклик қилди. Ҳақиқий озодлик, жумладан, хотин-қизлар озодлигини ҳам самодержавие тузумини улоқтириш билан қўлга киритиш мумкинлигини Черни-шевский М. Михайлов билан бўлган мунозараларида баён этган эди. Аммо у, бу улуғ мақсадни амалга оширишнинг йўлларини белгилаб беролмади, албатта.
Н.Г.Чернишевский Ўрта асрлар тарихи ҳақида фикр юритганда Туркистон билан Россия орасидаги иқтисодий ва сиёсий муносабатлар устида ҳам тўхтаб ўтади. Мўғул-татарлар истилосининг оқибатлари, Олтин Ўрда хонлари юришлари тўғрисида айтган фикрлар шу жиҳатдан характерлидир. Чернишевскийнинг уқтиришича, босқинчиликни касб қилиб олган одамда бирор-бир ўзга халққа ёрдам бериш, олижаноблик қилиш нияти ҳеч қачон бўлган эмас. Лекин жаҳонгирлар босқинчиларнинг ўзаро урушлари бир-бирини кучсизлантиради ва мазлум халқларга ўз озодлиги учун курашиш имкониятини яратиши мумкин. Бир пайтлар Италияни немислар, французлар ва австрияликлар роса таладилар. Бироқ Австрия кучсизлангач, Франция унга қарши урушиб, мағлуб этди. Натижада, Италия халқи мустақиллик учун қўзғалишга йўл топди. “Айнан худди биздагидай, — деб давом эттиради Чернишевский, — Олтин Ўрда татарлари... кучсизлана бошладилар: шу пайт эса Темурнинг миясида Тўхтамишни бутунлай яксон қилиш фикри пайдо бўлди, уни ўз тўдаси билан орқага қайтишга мажбур этдилар; Темурдан калтак еган Сарой татарлари бўлса ўзларини ўнглаб ололмадилар; мана шунда рус халқи бирмунча ҳаракат эркинлигини қўлга киритди ва бирлашиб силжий бошлади” (ПСС, 7-том, 947-6.). Н.Г.Чернишевский хулосалаб дейдики, Темурни Россия халоскори деб аташ нотўғри, аммо унинг Тўхтамиш қўшинини тор-мор этиши рус халқининг бирлашиб кураш олиб боришига шароит вужудга келтирди.
Шундай қилиб, Марказий Осиё, унинг кишилари, шаҳарлари тўғрисида, тарихда яшаб ўтган буюк арбобларининг ишлари ҳақида Н.Г.Чернишевский яхши хабардор бўлган. Унинг нияти рус халқи билан бирга Россиядаги бошқа мазлум элларни озод ва бахтиёр кўриш эди. У бутун умрини шунга бағишлади.
Н.Г.Чернишевский тарихда кам учрайдиган буюк шахслардан бири эди. Унинг ижоди ва фаолиятида XIX аср ўрталаридаги рус ақлининг, илғор инқилобий кучларининг интилишлари мужассам бўлганди. Россиянинг Шарққа муносабати ҳам бу улуғ инсон асарларида тўла акс этди. Шарқнинг юраги, дарди ва аламларини, қудрати ва бунёдкорлигини тўлиқ тушунди; санъатини, адабиётини севди, ардоқлади; Фирдавсий, Ҳофиз даҳосига тан берди, уларнинг асарларидан муқаддас кураши йўлида истифода этди. Чернишевский, Михайлов, Фетларнинг ижоди туфайли “Россияда аллақачон таниш бўлган Саъдий ва Ҳофиз иомлари” (Пушкин) яна кўпроқ шуҳрат топди, дунё генийлари қаторида тилга олинадиган бўлди.
Демак, умумбашарий тараққиёт тарихи Шарқу Ғарб ўртасидаги ҳар хил даврий, сиёсий деворларни суриб ташлади. Зеро, Шайх Саъдий Шерозий айтганидек: “Бани одам бир тананинг аъзоларидур, улар азалда бир гавҳардан пайдо бўлганлар”. Шарқ билан Ғарб ана шу муаззам организмнинг ўзаро ажралмас аъзолари сифатида, тобора яқинлашиб, маданий-адабий алоқаларда бирлашиб бормокда. Инсоният тараққиётининг талаби ҳам ана шундай.

 

Нажмиддин Комиловнинг
"Тафаккур карвонлари" китобидан

 
Баннер