Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Туркистонда рус-шўро давлати сиёсатининг натижаси ўлароқ коммунистик партия
29.06.2024 04:12    PDF Босма E-mail

Коммунист руслар Туркистон ихтиёрини ўз қўлларига киритишларидан аввал коммунизм амалда қандай бўлишини бу ерда ҳеч ким билмасди. Маълумки, рус социал-демократ ишчи партияси (РСДРП) аъзоларидан ҳеч бири 1917 йил инқилобига қадар ўзини коммунист деб атамасди(Park, Bolschevism, 124-6. «Ўрта Осиёда на февраль инқилобидан аввал социал-демократик партия ва на Октабрь инқилобидан сўнг болшевик ташкилотлари мавжуд эди. «Коммунистик ҳаракатининг маркази бўлган Тошкентда 1917 йил декабрида фақат 74 нафар рус коммунист бор эди. Ҳатто 1918 йил июлида бу миқдор зўрға 261тага етди. Қиёсланг: Иноятов, Октябрьская революция в Узбекистане, - Москва: 1958,156-6.). Шундай экан, Русия коммунистларининг Туркистондаги нуфузи ҳақида баҳс юритиш мумкин эмас. РСДРП доирасидаги коммунистлар ҳам фақат 1917 йил март билан ноябрь орасида кўзга ташлана бошлади. Коммунизм соф бир рус тушунчаси бўлиб қолиб, туркистонликлар орасида тарафдорлар топа олмадигина эмас, балки уларга эргашмадилар ҳам. Рус коммунистлари Туркистонда қизғин ҳаракат қилдилар. Туркистонликларнинг на Русия КП дан, на коммунистик дунё-қарашдан хабари бор эди. Бунинг жуда кўп сабаблари мавжуд: Туркистонда ишчи синфининг йўқлиги, ислом доирасида бошқа мафкураларга моддий ва маънавий эҳтиёжи йўқлиги кабилардир. Русиядан нима келса, бегона эди. Руслар ва улар келтирган янгиликлар» шунчалик ёт эдики, ҳатто руслар олиб келган электр воситасида ёритишни «шайтон чироқ» деб талқин қилишди. Шу ҳолатда инқилобдан аввал ҳеч бир кимса Туркистонда коммунизм мафкурасини тарғиб қила олмасди. Демак, ташкилотчилик нуқтаи назаридан рус коммунистлари билан уюшиш мумкин эмасди.
Петербургдаги коммунистик инқилоб Туркистонга ҳам соя ташлади. РСДРП ва социал инқилоб партиясидаги рус коммунистлари Туркистондаги (маълум сабабларга кўра) ўзларининг ҳокимиятини мустаҳкам деб ҳисоблардилар. Улар биринчи навбатда Тошкентда ҳокимиятни қўлга олиш учун шошилдилар. Юқорида зикр этилган партияларнинг ҳам ҳаракати булмаганда улар мақсадга эриша олмасди. Коммунистлар, социал-демократлар ва социал инқилобчилар Тошкентда ҳукмронликни бўлишйб олишди. Аммо рус коммунистлари ўз сафига бирорта ҳам туркистонликни йўлатмасдан, Туркистоннинг якка ҳокими бўлишни орзу қиларди. Улар Петербургда ҳокимият ўзларининг қўлига ўтганлигидан ва у ерда шўролар кўринишида расман ҳокимият эгасига айланганликлари туфайли Туркистон идорасини ўз қўлига олишга қодир ва ҳақли деб билардилар. Русиянинг шўро давлати бу ердаги фаолиятини тезлаштирмаганида Туркистонда коммунистик ҳаракат англаб етилмас эди. Шу сабабли шўро коммунистларининг қуйидаги фикрлари диққатни ўзига жалб қилади: «Туркистонда шўро ҳокимиятини ўрнатган фақат болшевиклар партияси эмас. Балки шўро ҳокимияти болшевиклар ва сўл оқим социал инқилобчи партияларидан ташкил топганлигидандир(Тўлиқ маълумот учун қаранг: Антропов, что и как 35-6. Коммунистик партия ташкилотларини Туркистонда ҳам ташкил қилиш учун шўро давлатининг тадбирларига доир қаранг: Hayit, Sowjetrussische Orientpolitik, 55 - 71 б.).
Коммунистлар дастлаб социал-демократлар (меншевиклар] ва социал инқилобчилар билан биргаликда ҳукумат тузишди. 1917 йил 15 нафар шўро комиссарининг беш нафари коммунист, икки нафари максималист (булар социал инқилобчилардан ажралиб чиққан бўлиб, социал-демократлар билан ҳамфикр эдилар) ва саккиз нафари социал-инқилобчилар эди(Уразаев, Денин и строительство, 163-6: 1918 йил 1 майда Туркистон АССР шўроси (коммунистик ва социал-революционерлардан ташкил топган) икки партиядан майдонга келди. Коммунистлар: Ко-лесов, Казаков: Полторацкий, Ренесланте, Осипов ва Ашурходжаев. Қиёсланг. Иностранная военная интервенция и гражданская война в Средней Азии и Казахстане. - Алма-Ата: 1963,1, 26 - 27 6.). Туркистонда коммунистлар ва социал-демократлар 1919 йилгача устунликка эришиш учун ўзаро курашдилар. Социал-демократ русларнинг 1919 йил январида уруш комиссари Осипов бошчилигидаги исёни бостирилиши билан уларнинг ҳокимият учун курашига ҳам нуқта қўйилди. Социал-демократларнинг катта бир қисми 1919 йил мартида коммунистлар сафига қўшилишга қарор қилди(Муравьевский (В. Лопухов), Ўрта Осиёдаги инқилобий ҳаракат тўғрисида тарихий парчалар. - Самарқанд-Тошкент: 1927, 57-6.). Социал-демократлар 1917 йилдаёқ коммунистлар билан аралаша бошлаган эди, 1916 йил февралида тезлик билан РСДРПнинг Туркистон ташкилотлари бирлиги тузилган бўлиб, ўша вақтдан бошлаб, коммунистлар фаолият кўрсатиб келмоқда эди. РСДРП ташкилотларининг 1917 йил 21-27 июнидаги Тошкент анжуманида бу партияда бир болшевик гуруҳи майдонга келган эди. Анжуман вакилларининг 31 нафаридан 11 нафари болшевик эди. Аммо улар РСДРП доирасида мустақил бир гуруҳ сифатида очиқ иш кўрмадилар. Коммунистлар Тошкентда тизгинни қўлга олгандан кейин ҳам РСДРП номидан иш кўрдилар. 1918 йил 17 июндагина Тошкентда коммунистлар анжумани уюштирилиб, унда Туркистонда яшовчи 1500 рус коммунистларининг 43 вакили қатнашди. Кейинроқ бу анжуман 1 кенгаш деб атала бошланди. Анжуманда Туркистон Коммунистик партияси (ТПК) Русия КПсининг бир бўлаги сифатида шаклланиши қонунлаштирилди(История коммунистической организации, Средней Азии, 269-6.). 1918 йил 17-29 декабрида коммунистларнинг иккинчи анжумани бўлиб ўтди. Бу даврда Туркистонда 900 ерлик халқдан ва 400 бошқа миллатлардан иборат 1300 коммунист қайд қилинди(Коммунистическая партия Туркестана и Узбекистан в цифрах, 1918 - 1967. - Тошкент: 1968,15-6.). 19 1 9 йил мартида ТКПнинг навбатдаги конференциясида Коммунистик партия Марказий қўмита-сининг мусулмонлар бюроси тузиш масаласи кўрилди. У ТКПнинг бир ёрдамчи органи бўлиши назарда тути-ларди: «Туркистоннинг ўзига хос шароити КП ихтиёридаги мусулмонлар бюроси тузилишини тақозо қилади. Партиянинг туб аҳолига яқинлашишига бир йўл топиш учун, партия ҳаракатларини мамлакатнинг ижтимоий шароитларига ва тил хусусиятларига уйғунлаштириш учун бу ташкилот зарурдир»(История коммунистических организаций, 339-6. Мусулмон бюросининг вазифалари сифатида: «Иштирокиюн» газетасини коммунистик рухда чиқариш, миллий комиссарлик доирасида ташвиқот идораси ва ташкилотлаштириш ва коммунистик адабиётларни таржима қилиш кўрсатилган эди. Қиёсланг: Шарапов, Национальное секции РКП (6], - Казань: 1967,134-6.)). Бундан очиқ кўриниб турибдики, шу вақтгача ТКП туб халққа туташтирадиган бир йўл топа олмаган.
1919 йил 24-30 майда мусулмонлар ҳайъатининг илк анжумани бўлиб, унда раҳбар кенгаши сайланди(Раҳбарликка дахли бўлган кишилар: Турор Рисқул, Аббос Алиев, Эфендиев, Н. Ходжаев, Турсунхўжаев, Исаев, Фахриддинов, Абдурашидов, Муҳитдинов.). Бу кенгаш Русия коммунистик партияси йўлланмасини тарғибот қилишга мажбур бўлди. Шу билан бирга бу кенгаш Туркистоннинг келажаги ҳақида ўз йўриғи билан юришга журъат этди ва бу жиҳатдан Русия КП ТКПнинг рақиби бўлиб қолди. ТКПнинг 12-18 январь 1920 йил 5-анжуманида ва Мусулмонлар ҳайъатининг 3-анжуманида Мусулмонлар ҳайъати раиси Турар Рисқулов «Миллий масалалар ва миллий коммунистик шуъбалар» юзасидан ахборот берди. Ахборотда Рисқулов Туркистон мухтор ССЖ ва ТКП номларини «турк жумхурияти» ва «Турк КП» деб ўзгартиришни талаб қилди. Узоқ муно-заралардан сўнг ТКПнинг 5-ва Мусулмон ҳайъатининг 3-анжумани Рисқуловнинг таклифини маъқуллаган қарор қабул қилди. Рус-шўро раҳбарлари Туркистон жабҳаси бош қўмондони Фрунзе билан бу қарорни бекор қилди. Русия КП Марказий қўмитаси 1920 йил 8-мартида бу қарорни асоссиз деб ҳисоблади(История Коммунистической организации... 338-бет. Ленин шундай деганди: «Аминманки, Рискуловнинг лойиҳаси рад этилади. Қиёсланг. Устинов, Ленинская политика партии на Востоке... - Фрунзе: 1963, 62-6.). Мусулмон ҳайъати барибир мустақил ҳаракат килишга интиларди. Фақат Московдаги коммунист йўлбошчиларида туркистонлик коммунистларнинг ўз ҳолича буйруқсиз иш тутишига кўникиш нияти йўқ эди. Русия коммунистик партияси МК «миллий КПлар шуъбалари воситасида КП ташвиқотини фақат она тилларида олиб борилишини мўлжал қилганди»(Шарапов. Национальнме секции, 77-6.). ТКП мусулмон ҳайъати РКП кўрсатмасига қўшилмаса ҳам Турккомиссия ТКПнинг янги анжуманини чақириш ниятида бўлди. 1920 йил сентабрида ТКПнинг 6-анжумани Туркистонда бирлашган КП ташкилоти бўлиши ҳақида қарор қабул қилди. Бироқ кейинроқ 1922 йил январида Мусулмонлар ҳайъати тарқатиб юборилди. Она тилида ташвиқот қилиш ТКП-нинг ташвиқот ва тарғибот шуъбасига топширилди. Шу билан бирга ТКП Марказий қўмитаси қошида миллий шуъба тузишга (Туркистоннинг маҳаллий коммунистлари учун) рухсат берилди. Москов ва Тошкентдаги рус КП раҳбарлари Туркистонда истиқомат қилаётган Шарқий Оврўпо ва Шарқ миллатларининг коммунистлари ҳам коммунистик ғояни тарқатишга ҳаракат қилди. 1915 йилда Тошкентга 200000га яқин ҳарбий асирлар йиғилган эди. Улар 1918 йили 27 апрель фармони билан эркинликка чиқдилар. Фармон чиққан вақтда Туркистонда 50 ОООга яқин асир бор эди. Булардан бошқа Шарқий Туркистон ва Хитойдан келган 279000 ва Эрондан ўтган 68 000 га яқин қочоқлар ҳам бор эди. 1918 йил барча бегона миллатлар сафида 2200 коммунист қайд қилинди. 1918 йили 8 декабрда чет эллик коммунистларнинг илк конференцияси Тошкентда очилди. Хорижий коммунистлар миқдори тобора кўпайиб борди.
1920 йил августигача Туркистонда 3194 хорижий коммунист бор эди(Бу хорижий коммунистлардан 884 нафари можар, 622 олмон, 128 чехословак, 19 румин, 188 югослав, 200 поляк, 648 уйғур ва хитой, 495 форс ва Ютаси ҳинди эди. Қиёсланг: Сологубов, Иностран-Hbie коммунисть! в Туркестане, 1918 - 1921 г.г., Ташкент, 1961, 57-6.). Булар рус-шўро ҳокимиятини ўрнатишда алоҳида роль ўйнадилар(Пролетарские интернационалистш, «Звезда Востока», 1961, N011,153 - 163.). 1920 йил 17 ок-табрида Тошкентда Шефик бошчилигида Ҳиндистон КП тузилди. 1921 йил июнида эса Эрон коммунистик ташкилоти бўлмиш «Адолат» яратилди. Рус-шўро бошлиқлари хорижий коммунистик партиялар тузиш бўйича жуда устаси фаранг эди. Русияда, аниқроғи Московда 1918 йил 20 июлида 20 нафар турк асири Мустафо Субҳий (1883 - 1921) раҳбарлигида йиғилиш ўтказиб, «Турк социалистик коммунист партияси» тузди(Русияда Туркия учун ташкил қилинган коммунистик партия ҳақида қаранг: М. А. Перзиц, Турецкие интернационалистм в России, «Народм Азии и Африки», 1967, №5., 59 - 68 6.). Худди шу йўсинда, 1918 йил 25 сентабрда 10 нафар бухоролик қочоқлардан Бухоро Коммунистик партияси майдонга келтирилди(История Коммунистической организации, 448-6.). Хоразм КП гуруҳи (Тўрткўл) Петроалександровскда ҳосил қилинди. Кейин улар 1920 - 1924 йилларда Хоразм КП сифатида фаолият курсатди(История Коммунистической организации, 458-6., Хоразм Коммунистик партияси мавзусида қаранг: 1966, №4., Sheely, The Khorazm communist Party, CAR, 308 - 320 6.). Московдаги раҳбарлар бундан ташқари кам сонли Шарқ миллатлари коммунистларининг (Кавказ, Қрим, Идил-Урал ва Туркистонда) ташкилотларини тузар, уларни ўзи хохдаган йўлга бошлай оларди. 1918 йил ноябрида Бутун Русия, Шарқ мамлакатлари коммунистик ташкилотларининг илк анжумани Московда очилди(Шарапов, Национальнме секции, 88-6: «Ўрта Осиё, Қозоғистон, Кавказ ва Сибирь ташкилотларининг вакиллари конгрессда ҳозир бўлмадилар».). Бу анжуман РКП (б) мусулмон ташкилотларининг марказий кенгашини тузишга қарор қилди. Бироз муддатдан сўнг бу кенгашнинг номи тахдил қилиниб, «мусулмонлар» сўзи ўрнига «Шарқ миллатлари» деб ўзгартирилди.
Шарқ миллатлари сафида 45 000 атрофида коммунист борлиги ҳақида кафолат берган марказий кенгашнинг нуфузли аъзоларидан Султон Галиев Шарқ миллатлари коммунистик партияси тузиш эҳтиёжи туғилганлиги фикрини илгари сурди. Бу таклиф, табиийки, РКП МК томонидан рад этилди. РКП (б) МК бу ташкилотга мухторлик мақоми беришни истамади, албатта. 1920 йил декабрида Шарқ миллатлари коммунистик ташкилотлари кенгаши РКП МК ташвиқот ва тарғибот шуъбасига тобелиги ҳақида қарор қабул қилинди. 1921 йил 9 февралда бу кенгаш тарқатиб юборилди. Бунинг ўрнига РКП МК РСФСРдаги турк қавмлар орасида ташвиқот ва тарғибот олиб борадиган махсус «марказий кенгаш» ташкил қилди. Шўро Русиясидан четдаги Шарқ миллатлари (Бухоро ва Хива ҳам шу тоифага мансуб) орасида ташвиқот олиб борувчи «Шарқ миллатлари коммунистик ташкилотлари марказий кенгаши» йўқ қилингач, унинг вазифаси 1920 йилда Тошкентда тузилган «Шарқда байналмилал ташвиқот шўроси»га юклатилди. 1922 йил 22 январда турки қавмлар орасида ташвиқот-тарғибот олиб борувчи марказий кенгаш ҳам тугатилди. Турклар орасида коммунистлар сонини кўпайтириш учун олиб борилган ташвиқотнинг кучайтирилиши, фақат тенг хуқуқли «миллий КП»ни кескин рад қилишга олиб келди. 1921 йили ТКП сафида 57810 аъзо ва номзодлар борлиги билдирилди. Бу миқдор
1921 йили 73299тага кўпайтирилди. ТКП раҳбарияти ўз коммунистлари орасидаги рус шовинизмини ва турк миллий жараённи бартараф қила олмай қолди. Шунинг учун партия сафларини тозалаш зарур бўлди. 1921 - 1922 йиллардаги тозалашдан сўнг ТКП сафларида атиги 22296 аъзо ва 9506 номзод қолганди(Коммунистическая партия Туркестана, 37-6. Коммунистларни қайта рўйхатга олиш (1921 й.) дан кейин Коммунистик партиядан 24093 киши чиқарилди. Бу Туркистон Коммунистик партияси аъзоларининг қарийб 40% ташкил этарди. Қиёсланг: Очерки истории Коммунистической партии Туркестана. - Ташкент: 1960, 59-6.).
1919 йили 10 июлидан бери Қозоқ вилояти Инқилоб қўмитасига тобе бўлган собиқ Дашт волилигида 1920 йили 30 апрелида РКП қозоқ ўлка қўмитаси тузилди. Шундай килиб, Қозоғистонда коммунистик ҳаракатнинг йўналиши бошланди. Бу ўлкада 16578 коммунист бор эди(Очерки по истории коммунистической партии Казахстана, 173-6.). Туркистон халқи (собиқ Туркистон ва Дашт волиликлари халқи) коммунистик ғояни шубҳа билан қарши олди. 1920 йили Туркистон халқининг умумий нуфузи 12260200 нафар бўлиб, шуларнинг 27793 нафари (1922 йил) коммунист эди(Шарапов, Национальнме секции, 238-6.). Бу коммунистларнинг 7889 нафаригина туб аҳолига мансуб бўлиб, ерлик халқнинг 0,7% ини ташкил қиларди(Уларнинг орасида 4848 нафари қозоқ ва қирғиз, 2043 нафар ўзбек, 1000 нафар туркман ва бошқалар бор эди. Қиёсланг: Шарапов, Национальнме секции, 245-6.). Табиийки, бу махдллий коммунистлар коммунистик мафкуранинг вакили сифатида ҳисобга олинмас эди. Шу сабабли, Туркистонда коммунизм (ҳокимият ва мафкураси) Туркистон халқига суянган деювчилар қатъий янглишадилар. Шўро давлати ва Русия КПнинг босқини бўлмаганда эди, Туркистонга коммунизм ёйилмасди. Туркистонликлар коммунизм асосларини билмасдилар. Коммунист бўлганлар, коммунизм асосларини билгани учун эмас, балки ё шахсий манфаат юзасидан, ёки ўз миллий манфаатларини амалга ошириш қулай бўлиши учун КП сафидан ўрин олардилар.
Марксизм-ленинизм ташвиқоти ҳам 1924 йилга қадар кенг доирада эмас, балки маълум фурсатдагина амалга оширилар эди. Маркс, Энгельс ва Ленин асарларини халқ орасида тарқатиш учун Туркистонда 1922 йили рус тилида 48850 нусхада 39 асар нашр қилинди. 175550 нусхада 44 асар турк лаҳжаларда нашр қилинди. 1924 йилда турк лахдсаларда 47 асар 344000 нусхада чоп қилинди(Каринов, Печать Советского Туркестана. 60-6.). Бу асарларнинг барчаси ўрусчадан таржималардир. Фақат 1925 йили Неъмат Ҳаким материализмнинг тахдилига бағишланган «Диалектик моддачилик» асарини ўзбек туркчасида нашр этди(Из истории марксистколенинской философии, 29-6.). Кейинги йилларда «Марксизм-ленинизм принциплари» билан кенг шуғулланилди. Туркистонда коммунизмни ташвиқ қилиш ҳар жиҳатдан аввало, шўро ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабли шўро ҳокимиятини халққа тушунтириш учун алоҳида эътибор берилди: Ўрусиядан келган шўро ҳокимияти ва коммунизм ғояси Туркистоннинг юмшоқ пахта толаларига ин қўйиши ва аксинча, халқнинг метиндай қаршилигига дуч келиши ортиқ исбот талаб қилмаса керак. Буларни ҳал қилиш учун шўро раҳбарияти халқни коммунизм руҳида тарбиялашга зўр бериши табиий бир ҳол эди.

Др.Боймирза Ҳайитнинг
"Туркистон Россия ва Хитой оралиғида" китобидан

 
Баннер