Олимлар Ер юзида қачонлардир рўй берган воқеаларни рўй-рост таҳлил қилиш учун анча-мунча куч-ғайрат сарфлашди. Улар қадимги шаҳарларни топишди ва қазишмалар ўтказишди, чармга, сополга, тошга, шунингдек, тангаларга битилган сирли ёзувларни ўқишди. Инсоният содда меҳнат қуролларини ясашдан то ҳунармандчилик дурдоналарини яратишгача, оддий бошпана қуриб олишдан то шаҳарларни бунёд этишгача бўлган узоқ йўлни босиб ўтди. Ер юзида одам пайдо бўлганидан то милодий 476 йилда Ғарбий Рим империяси қулагунига қадар кечган воқеалар Қадимги дунё тарихи деб аталади.
Археологлар қадимги замонларда одамлар яшаган манзилгоҳларда қазишма ишларини амалга оширдилар. Антропологлар қадимги одамларнинг суяк қолдиқларини текшириб, уларнинг ташқи қиёфасини тиклайдилар ва ривожланишини ўрганадилар. Лингвистлар, яъни тилшунослар у ёки бу ҳозирги замон тили қай йўсинда шаклланганини тушуниб етиш мақсадида қадимги тилларни тадқиқ этадилар. Ёзма манбалар топилиши билан олимларда қадимги минг йилликлар тарихини тиклаш осонлашди. Олимлар ўқиган қадимги матнлар, масалан, «Пирамидалар матнлари» ва «Марҳумлар китоби» мисрликлар тарихи ҳақида, «Ригведа» - хиндлар, «Авесто» эса Ўрта Осиё халқлари тарихидан ҳикоя қилади. Нил водийсидаги Миср пирамидалари, Дажла ва Фрот оралиғидаги Бобил, Хинд водийсидаги Мохенжодаро, Эрондаги Персепол, Юнонистон, Рим ва Ўрта Осиёнинг кўплаб қадимги шаҳарлари бутун жаҳонга машҳур. Энг қадимги одамлар дастлабки меҳнат қуролларини тошдан ясагани туфайли археологлар инсоният тарихининг бошланишини «тош даври» деб аташади. Тош даври анча узоқ давом этган ва шунинг учун ҳам уни қуйидаги босқичларга ажратишади, жумладан(А.Сагдуллаев. Умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфи учун «Тарих» дарслиги. Тошкент. 2017 й.):
- қадимги тош даври - милоддан аввал 1 миллион -12 минг йиллик (палеолит); - ўрта тош даври - милоддан аввал 12-7 минг йиллик (мезолит); - янги тош даври - милоддан аввал 6-4 минг йиллик (неолит); - мис-тош даври - милоддан аввал 4-3 минг йиллик (энеолит).
Милоддан аввалги 3 минг йиллик ўрталаридан бошлаб аста-секин меҳнат қуроллари, қурол-яроқлар ва зеб-зийнатлар тайёрлашда ишлатилувчи бронза асосий материалга айланиб борди. Одамлар мис ва бронзага ишлов берган даврлардан кўп асрлар ўтиб, фақат милоддан аввалги 1 минг йиллик бошларидагина темирдан меҳнат қуроллари ясаш имконияти пайдо бўлди. Олимлар тош даврининг биринчи босқичини уч қисмга ажратадилар:
1) илк - милоддан аввал 1 миллион - 100 минг йил-лик; 2) ўрта - милоддан аввал 100-40 минг йиллик; 3) сўнгги - милоддан аввал 40-12 минг йиллик.
Милоддан аввалги 4-минг йиллик бошларида одамлар Мисрдаги Нил дарёси қирғоқларидаги, Месопотамиядаги Дажла ва Фрот ҳамда Ҳиндистоннинг Ҳинд ва Ганга дарёлари орасидаги ерларни ўзлаштиришни бошлашган. Нил дарёсининг ҳар иккала қирғокдаридаги тупроқ қора серҳосил тупроқ бўлгани учун водийликлар юртга «Миср» - «Қора тупроқ» деб ном беришган. Мисрда вақт ўтиши билан аста-секин қабила сардорлари ҳукмдорларга - подшоларга айланишди, оқсоқоллар эса бошқарув ишларида уларга ёрдам беришарди. Коҳинлар эса алоҳида мавқе ва нуфузга эга бўлишган. Коҳинлар диний маросимларни бажаришар, муҳим ишлар олдидан худолардан мадад сўраб илтижо қилишар эди. Мисрда иккита подшо ҳукмдорлик қилган. Биттаси Қуйи (Шимолий) Мисрда, бошқаси эса Юқори (Жанубий) Мисрда давлатни бошқарган. Милоддан аввалги 3 минг йилликда иккала давлат ўртасида бошланган урушда Юқори Миср ҳукмдори Менес ғалаба қозонди. У бирлашган мамлакатнинг биринчи ҳукмдори, яъни Фиръавн бўлди. Ягона ва бирлашган давлат учун янги пойтахт Мемфис шаҳри барпо этилди. Милоддан аввалги икки минг олти юзинчи йилликларда Мисрда энг катта пирамида қурилган. Унипг баландлиги 147 метр бўлиб, ҳар бири икки тоннадан ортиқ бўлган 2,5 миллион дона тош бўлакларидан ташкил топган. Тош бўлакларининг ораси 0,5 миллиметрдан ошмайди. Миср аҳолиси учун дин кундалик турмушнинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланган. Қадимги мисрликлар худолар ҳайвонлар сиймосига ўтиб олиб, мушук, қўй, хўкиз, арслон, сигир шаклида одамлар орасида яшайди деб ҳисоблашган. Мисрликлар худоларнинг бир қанча жони мавжуд: улардан бири ҳайвон танасида, бошқаси эса ҳайкалида яшайди деб билишарди. Дажла ва Фрот дарёлари оралиғидаги водийни юнонлар Месопотамия деб номлашган, бу атама таржимаси икки дарё оралиғи деган маънони англатади. Месопота-мияга Кавказорти ва Эрон ўлкалари қўшни ҳисобланган. Милоддан аввалги 4-минг йиллик охирида Месопотамияда катта-катта шаҳарлар вужудга кела бошлади. Улар шаҳар-давлатлар деб номланган. Шаҳар-давлатлар тепасида ҳукмдорлар турган. Милоддан аввалги 3-минг йилликда шаҳарлар орасида энг қудратлиси Ур шаҳри бўлган. Археологлар қазиб очган подшолар мақбарасидаги топилмалар ҳам Урнинг куч-қудратидан далолат беради. Булар олтин буюмлар, дабдабали қурол-яроғлар, кумуш идишлардир. Шаҳар-давлатлар бир-бири билан тинимсиз урушар эди. Милоддан аввалги 2-минг йилликда Бобил подшолиги Месопотамия жанубидаги энг йирик қудратли давлатга айланди. Бобил шаҳрида ажойиб саройлар, муҳташам ибодатхоналар бўлган. Ҳинд ва Ганга дарёлари орасига жойлашган Ҳиндистон мамлакати ҳам табиий шароити жиҳатидан Миср ва Месопотамияга ўхшаб кетади. Милоддан аввалги 3-минг йилликда Ҳинд дарёси водийсида ягона давлатга бирлашган катта шаҳарлар вужудга келган. Демак, олимлар қадимги ёзма маълумотларга асосан, милоддан аввалги 4-минг йиллик ҳақидаги тарихни тиклашга муваффақ бўлдилар.
Умарбек Абдурахмонов "Эволюция назарияси ва Одам Ато" китобидан |