Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Порнократия
28.11.2023 18:06    PDF Босма E-mail

Порнократия (қадимги юнонча πόρνη - фоҳиша; зино + κράτος - ҳокимият), фоҳишалар/суюқоёқлар ҳукмронлиги/эраси (италянча pornocrazia romana, governo delle prostitute; лат. saeculum obscurum - яширин давр, тарихий давр) (10-асрнинг биринчи ярми) Рим папаси Сергий III ҳукмронлигидан бошланиб, 963-йилда Иоанн XII вафотигача (бошқа маълумотларга кўра, 30 йил, то Иоанн XIII вафотигача) 60 йил давом этган.

Бу вақт давомида Рим понтификлари қудратли зодагонлар Теофилакт оиласи - Рим консули ва комитаси Тускулум Теофилакт, унинг рафиқаси Феодора ва уларнинг қизи, фоҳиша сифатида шуҳрат қозонган Марозия, кейин Марозиянинг ўғли Алберих, герсог Сполетскийнинг кучли босими остида бўлган. Тарихчи Енё Гергей ёзганидек, "бу бой ва нуфузли ҳокимиятга чанқоқ аёллар ўзларининг дўстлари, севишганлари ва қариндошларини папа тахтига ўтқазари. Улар ўзларига ёқмаган папаларни зудлик билан ағдариб, йўлдан олиб ташлашарди".
Бу давр ҳақидаги ўрта асрларнинг аксарият далиллари жуда нохолисдир, чунки у папаликнинг сиёсий мухолифлари томонидан яратилган. Бироқ, ҳатто Рим-католик черковининг расмий тарихи ҳам бир неча ўн йиллар давомида нотўғри турмуш тарзига эга бўлган кўплаб папалар бўлганлигини ва улар Теофилакт уруғи томонидан тайинланган ва назорат қилинганлигини тан олади.
"Порнократия" (немисча Pornokratie, юнонча πορνοκρατία, "фоҳишалар ҳукмронлиги"), гетерократия ("маъшуқалар ҳукумати") ва "фоҳишалар ҳукмронлиги" (немисча Hurenregiment) атамаларини немис протестант теологлари томонидан 19-асрда ўйлаб топилган.
10-асрнинг биринчи ярмида Римда ҳақиқий ҳокимият Теофилакт оиласи вакилларига тегишли эди. Папа давлатлари Рим сенатори Теофилакт томонидан бошқарилди, у Рим папаси Бенедикт IV (900-903) даврида консул, дукс, бош қўмодон (magister militum) ва папа хазиначиси деб эълон қилинган. Кўп ўтмай, оиланинг кўмагидан фойдаланиб, Сергий III папа бўлди.
"Папа хорини жазманлари ва ноқонуний туғилган болалар билан тўлдирган ва папа саройини ўғрилар уясига айлантирган" Сергий III барча дунёвий ваколатларни Теофилакт қўлига топширди (бир манбага кўра - унинг амакиваччасига). Теофилактнинг рафиқаси ва қизи Феодора ва Марозия бу йиллар давомида қўлларида фавқулодда куч тўплашди (бунда айтишларича, 15 ёшли Марозия папанинг ўйнаши бўлди). Римнинг сиёсий ҳукмдорлари сифатида улар янги понтифик сайланиши устидан тўлиқ назоратни амалга оширганлар.
«Бу икки фоҳиша, Марозиа ва Феодоранинг таъсири уларнинг гўзаллиги ва бойлигига асосланган эди, шунингдек, уларнинг сиёсий ўйинлари ва ишқий саргузаштларининг натижаси эди. Улар ўзларининг энг қатъиятли жазманларини папа тиаралари билан тақдирлашган. Уларнинг ҳукмронлик даври, эҳтимол, аёл-папа ҳақидаги афсона учун асосдир. Муқаддас тахтни Марозиянинг ноқонуний ўғли, набираси ва чевараси эгаллаган. Авоиё Петрнинг Ердаги ноиблари учун ноёб насабнома».Эдуард Гиббон
«Ўшанда Рим шаҳрини эркак сифатида - буни ҳатто айтишга ҳам уяласан - беҳаё фоҳиша Феодора, яқинда вафот этган Алберикнинг бувиси бошқарган. Унинг иккита қизи бор эди - Марозия ва Феодора, улар нафақат ҳамма нарсада унга ўхшаш, балки бузуқликка ҳам мойил эдилар. Улардан Марозия жиноий равишда биз юқорида айтиб ўтган Папа Сергийдан Иоанни туғди». Лиутпранд Кремонский. «Книга Воздаяния (Антаподосис)», кн. II, XLVIII.[8]
Теофилакт номи ҳикояларда жуда эрта пайдо бўлишни тўхтатади (924 йил вафот этган), бироздан кейин унинг рафиқаси Феодора (928 йил вафот этган) бутун ҳокимиятни бутунлай қизи Марозияга топшириб, саҳнани тарк этади.
Эҳтимол, Марозиа Папа Сергий III нинг ўйнаши ва аниқ Иоанн XIнинг онаси ва Иоанн XIIнинг бувиси эди. Бундан ташқари, у ўзи томонидан ағдарилган (Феодора ҳомийлиги туфайли тиара олган) Папа Иоанн Х нинг ўлдирилишида гумон қилинади.
Теодора ва Марозиянинг саъй-ҳаракатлари билан тайинланган понтификларни қораловчилар ушбу аёллар билан ишқий муносабатларда бўлганини айтишади:
«Теодора, мен айтганимдек, ҳаёсиз фоҳиша, севги эҳтирослари билан ёниб, унинг юзи гўзаллигидан ақлдан озди ва шунчаки у билан алоқа қилишни истабгина қлмай, кейинчалик бунга мажбур ҳам қилди. Ушбу уятсиз ҳаракатлар содир этилаётганда, Болония черковининг епископи вафот этди ва Иоанн унинг ўрнига сайланди. (…) Айнан ўша пайтда Теодоранинг Глицерия онгига ўхшаш бузуқ онги, унинг севгилиси Равеннани Римдан ажратиб турадиган 200 мил масофа туфайли жуда камдан-кам ҳолларда унинг васлига етишига бошқа чидай олмасдан, уни (Иоанни) Равеннадаги архиепископни тарк этишга ва - оҳ даҳшат! - Римдаги олий понтификатни қўлга олишга мажбур қилди». Лиутпранд Кремонский. Об избрании Иоанна X. «Книга Воздаяния (Антаподосис)», кн. II[8
Бу давр папаларининг аксарияти, Иоанн Х ҳибсга олинганидан ва ўлимидан сўнг, Рим патрицияси, сенатор (сенатриса, Domna Senatrix) унвонини олган ва бутун ҳокимиятни ўз қўлида ушлаган Марозиянинг амалдаги буйруғи билан сайланган. Понтификлар атиги бир неча йилдан ҳукмронлик қилишди. Бу вақтда Рим черкови тақдирида муҳим роль ўйнаган қарорлар қабул қилинмаган.
Марозия учинчи марта турмуш қурганида - иккинчи эри Гвидонинг укаси, итальянн қироли Гюгога турмашга чиққан (бу инцест деб ҳисобланган, бундан ташқари, Гуго шу никоҳ учун биринчи хотинидан ажрашган) - биринчи никоҳидан ўғли Алберих II Сполетский вояга етганди. Лиутпранднинг ёзишича: «онасининг айтганига амал қилиб, Алберих қирол Гугога, яъни қўлларини юваётган ўгай отасига сув қуйганида, ҳаддан ташқари ва [тегишлича] сиполиксиз сув қуйганлиги учун жазо сифатида Гуго унинг юзига урган. Бу ҳақорат учун қасос олмоқчи бўлиб, [Алберик] римликларни йиғди ва уларга қуйидаги нутқ билан мурожаат қилди.  „Рим шаҳрининг қадр-қиммати аллақачон шу қадар қашшоқлашганки, у ҳатто фоҳишаларнинг буйруғига ҳам бўйсунади. Бир аёлнинг нопок никоҳи туфайли Рим шаҳрининг ҳалок бўлишига йўл қўйишдан кўра ёмонроқ ва жирканчроқ нима бўлиши мумкин?“»
Қўзғолон кўтариб (бир версияга кўра, тўй кечасида) Алберих онаси, ўгай отаси ва ўгай укаси Папа Иоанн XIни ҳайдаб чиқариб, қамоққа ташлади ва ўзи Римда ҳокимиятни қўлга киритди. Кейинги 20 йил давомида у тайинлаган папалар на сиёсий, на ижтимоий жиҳатдан ўз иродасини намойиш эта олмадилар. Лекин у уларнинг черков-маъмурий ҳокимиятини чекламади.
Бу даврнинг охири ёки Отто Алберихнинг васияти бўйича понтифик этиб сайланган ўғли Рим папаси Иоанн XIIнинг Германия императори томонидан ағдарилиши ёки (бу вариант камроқ тарқалган) 30 йил олдин, Алберихнинг укаси Иоанн XIни ҳокимиятдан ағдарилиши деб ҳисобланади. Феодоранинг иккинчи қизи кичик Феодоранинг ўғли бир мунча вақт ўтгач, Папа Иоанн XIII бўлади, лекин императорга қарам бўлади. Кейинги йилларда Теофилактнинг оиласи, Тускулум графлари Римга яна бир қанча папалар ва антипапаларни беради.

Порнократия давридаги папалар рўйхати
Ватикандаги Авлиё Пётр соборида дафн этилган папаларнинг, шу жумладан порнократия давридаги папаларнинг рўйхати
Сергий III (904—911) —Марозиянинг ўйнаши.
Анастасий III (911—913) — креатура Теофилакта ва унинг қизи Марозия. 2,5 йилдан кейин ўлган.
Ландон (913—914) — у Феодора ҳомийлигида тахтга ўтирди. 6 ойлик понтификатдан кейин вафот этди.
Иоанн X (914—928) — Феодоранинг севгилиси. 928 йилда вафотидан унинг кейин Марозиянинг буйруғи билан қамоққа ташланди ва у ерда бўғиб ўлдирилди.
Лев VI (928) — Марозиянинг гумаштаси, Лео сайланишининг қонунийлиги шубҳа остида, чунки қамоққа олинган Папа Иоанн X ўша пайтда ҳали тирик бўлиши мумкин эди. У 7 ойлик понтификатдан сўнг номаълум шароитда вафот этди, балки заҳарланган.
Стефан VII (928—931) — Стефан сайланишининг қонунийлиги шубҳа остида, чунки қамоққа олинган Папа Иоанн X ўша пайтда ҳали тирик бўлиши мумкин эди. Номаълум вазиятда вафот этган, балки ўдирилган.
Иоанн XI (931—935) —Марозиянинг ўғли, папа Сергий III дан бўлиши мумкин. 18 ёшида (ёки 21) папа бўлган (саналарадги фарқлар: 18 ёшида папа бўла олмасди, чунки расмий маълумотларга кўра Сергий III унинг сайланишидан 20 йил олдин ўлган).
Лев VII (936—939) —Альберих томонидан тахтга ўтқазилган. Уч йилдан кейин ўлган.
Стефан VIII (939—942) — Альберих томонидан тахтга ўтқазилган. Уч йилдан кейин ўлган.
Марин II (942—946).
Агапит II (946—955).
Иоанн XII (955—963) — Марозиянинг иккинчи ўғли, Альберих II Сполетскийдан невараси, 18 ёшида сайланган. У замондошларининг сўзларига кўра, римликларнинг норозилигига сабаб бўлган жуда бузуқ хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Император Оттон I томонидан ағдарилган, кейин вафот этган.

Тарихий оқибатлар
Порнократия италияликларни норози қилди ва шу билан Оттон I томонидан Муқаддас Рим империясини барпо этиш учун маълум даражада шароит тайёрлади. Бу даврнинг сўнгги папаси Иоанн XII тахтдан ағдарилиб, унинг ўрнига императорнинг одами қўйилиб, папа ҳокимиятининг нуфузини тиклаш жараёни бошланди. Янги папа Лео VIII ўзининг ярим асрлик бузуқликдан кейин деярли унутилиб кетган зоҳидлиги билан яхши обрў қозонди.
Тахт тўлиқ Византияга қарши сиёсат олиб борган немис императорлари назоратига ўтганлиги сабабли Шарқ ва Ғарб черковлари ўртасидаги бўлиниш янада чуқурлашди.
Порнократия даврида папаларнинг эркин тайинланиши билан боғлиқ вазият шунга туртки бердики, 1059 йилда, тахминан 100 йил ўтгач, папа Николай II нинг фармони билан конклав - ҳозирги кунгача фаолият юритаётган папа сайловчилари институти ташкил этилди.

Католикларнинг фикри
Баъзи католик муллалари Римдаги порнократия давридан фойдаланиб, папаларни Худо танлаганлигини исботлашга уринади. Агар черков фоҳишалар даври каби таҳқирлаш ва гуноҳкор таназзул давридан омон қолган бўлса, у шубҳасиз Худо томонидан ҳимояланган, шунинг учун уни ҳеч ким йўқ қила олмайди.

Манбалар ва образни салбийлаштириш
Бу аёлларга қўйилган барча айбловлар адолатлими ёки йўқми - бу мунозарали масала, чунки порнократия даври ҳақидаги асосий манба Иоанн XIIнинг ағдарилишига олиб келган эпископларнинг яширин йиғилишида иштирок этган ва Римнинг сиёсий душмани бўлган Кремона эпископи Лиутпранднинг асари "Қасос" саналади. Баъзи замонавий тарихчилар унинг маълумотларини ҳақиқатдан кўра кўпроқ миш-мишлар деб ҳисоблашни таклиф қилишади.
Аммо нафақат йилномачи Лиутпранд, балки папаларининг расмий таржимаи ҳоли «Liber Pontificalis»ҳам  Сергийнинг Марозия билан бирга яшагани ҳақида гапиради. Католик энциклопедиялари ҳам Иоанн XI нинг отаси Сергий III эканлиги ҳақидаги фикрга қўшилади.
Асосий манба, Лиутпранд асари айрим ҳолларда расмий папа календари ва иккита монастир йилномаси билан тасдиқланади.
Лиутпранд қўллаган «блудница» ва «куртизанка» сўзлари моҳиятан, шунчаки унинг ушбу аёлларга муносабатини тавсифлайдиган салбий эпитетлар саналади.
Улар зодагонлар табақасидан чиққанлар ва уларнинг фоҳишалик орқали пул ишлаб топиш эҳтимоли жуда паст бўлган. Аммо шу билан бирга, уларнинг Рим устидан ҳокимияти ва понтификларни "тайинлаганлиги" ҳақидаги хабарлари, эҳтимол, ҳақиқатдир, лекин уларнинг ахлоқсиз ҳаёти ва кўп сонли ўйнашлари ҳақидаги ҳикоялари ҳақиқат эканлигини ишончли аниқлашнинг имкони йўқ. Папалик тарихидаги бу давр антиклерикаллар ва католиклик душманларига папа тахтини қоралаш учун катта имкониятлар яратади.
Оммавий адабиётларда бу аёлларга берилган ва Лиутпранднинг баҳоларига асосланган тавсифларни учратиш мумкин: масалан, «бесстыдная Марозия, куртизанка высокого ранга» — бу мутлақо нотўғри, чунки «куртизанка» бу — юқори ижтимоий қатламларда ишлайдиган (пул учун) фоҳиша; ёки «гетера Марозия», бу ҳам пул тўлашни назарда тутади. Марозия консулнинг қизи, аслзода аёл эди ва ўз танасини сотиш билан кун кўрмаган. Бундай эпитетга Феодора лойиқ бўлиши эҳтимоли бор, чунки унинг келиб чиқиши ҳақида ҳеч қандай маълумот сақлаб қолинмаган. Бироқ бу эҳтимол ҳам жуда паст, чунки Феодора консул Теофилакт билан никоҳгача ва ундан кейин куртизанка бўлиши мумкин эмасди. Аммо бундай аниқлик барибир иккала аёлнинг бузуқлигини истисно қилмайди.

Тенглаштириш хатолари
Кейинчалик антиклерикал олимлар орасида Марозия жинояти унинг икки ўғли — Иоанн XI ва Иоанн XII нинг отаси Алберик ўртасидаги аниқ чалкашлик туфайли инцест айблови билан оғирлашади:  «Ўз ўғли папа Иоанн XI билан Мароция жинсий алоқада бўлиб, ундан ўғил кўрган ва уни ҳам папа тахтига, Иоанн XI номи билан ўтказганI». Уни шу тариқа туғилган ўғли-неварасини ҳам йўлдан урида айблашади: «Иоанн XII, она томонидан ўз акасининг ўғли, бу ярамас аёл томонидан балоғатга етишидан анча олдин зўрланган. У фаҳш ишларга шўнғиб кетди ва Мароция тез орада ғайратли эазманга эга бўлди».
Бундан ташкари, иккита Феодора — катта ва кичик Феодора, она ва болани чалкаштириш кузатилади: Иоанн X «Марозиянинг рақиби ва синглиси Феодороа таъсири остида» папа этиб сайлангани ва айнан унинг ўйнаши бўлгани ҳақида фикрни учратиш мумкин, гарчи аслида онасининг ўйинчоғи бўлган. Ушбу икки исм эгасининг кичикроғи ҳақида маълумот жуда кам ва онаси ва синглисидан фарқли ўлароқ, у жуда кўп таъсир кўрсатмаган. Бундан ташқари, афтидан, аввалгиларининг қизи ва набираси - учинчи Теодора бор эди.
Баъзида кичик Феодора, рим папаси Иоанн XIII нинг онаси (ёки бувиси — Феодора III орқали) унинг синглиси Марозия - Иоанн XI ва Альберикнинг онаси билан адаштирилади: «бошқа қизи, Феодора, Тоскания маркизи Адальбертнинг хотини, Альберик исмли ўғли бор жли ва у кейинчалик Римга эгалик қилган». Бу ҳолатда Альберик Марозиянинг ўғли эмас, жиянига «айланади».
Бундан ташқари, жуда қўпол хатолар мавжуд: «Бу одам [Сергий III] қизлари Мария ва Теодора билан биргаликда черков хизматкорларига фавқулодда таъсир кўрсатган таниқли гетера Теодора билан жиноий муносабатларда яшаган»: ушбу ҳолатда муаллифга, афтидан, VI асрда машҳур Византия императори бўлган гетера Феодоранинг таржимаи ҳоли таъсир этган кўринади. Шунингдек, Сергий бир вақтнинг ўзида она-боланинг – онаси Феодора ва қизи Марозиянинг ўйнаши бўлганлиги қайд этилади. Буни унинг фақат Марозия билан алоқаси ҳақида хабар берувчи манбалар қўллаб-қувватламайди.

Абу Муслим  тайёрлади

 
Баннер