1382 йилда Тўхтамишнинг Москвага бостириб кириши Олтин Ўрда хони Тўхтамишнинг Россиянинг Шимолий-Шарқий ерларидаги ҳарбий юриши бўлиб, Москва князи Дмитрий Ивановичнинг Ғарбий Волга Ўрдасининг амалда ҳукмдори беклар беги Мамай билан (1374) "ярашишидан", Мамайнинг 1376 (Руснинг Волга Булғорига юриши), 1378 (Вожа жанги) ва 1380 йиллардаги (Куликово жанги) мағлубиятлари ва бутун Олтин Ўрда ҳудудида Тўхтамиш ҳокимиятининг ўрнатилишидан (1380) кейин буюк салтанат ерларининг Ўрдага ҳақиқий қарамлигини тиклашга қаратилган.
Кўп жиҳатдан кутилмаганлик таъсири туфайли Тўхтамиш буюк князликнинг марказий вилоятларини унинг бирлашган кучлари билан тўқнашувсиз вайрон қилишга ва Олтин Ўрдага қарамлигини тиклашга эришди. 1377 йил Оқ Ўрда ҳукмдори Тўхтамишхон Амр Темур ёрдамида Ўрданинг шарқий қисми пойтахти Сиғноқни босиб олди, 1379 йилда Саройни, сўнгра Дон дарёсининг этагидаги ерларни қўлга киритди. Олтин Ўрданинг яширин ҳукмдори Мамай Куликово жангидаги мағлубиятдан сўнг Москва князига қарши янги юриш учун Қримда куч тўплади, лекин бунинг ўрнига Калька дарёсида Тўхтамишга қарши жанг қилишига тўғри келди, бу ерда жанг олдидан Мамайнинг қўмондонлари ва мирзолари отларидан тушиб, Тўхтамишга итоат қилишини билдирди. Мамай бойликларини олиб Кафага қочди, лекин бу ерда собиқ иттифоқчилари бўлган генуяликлар томонидан ўлдирилди ва таланди. Тўхтамиш Москвага ва бошқа рус князларига ўзининг рақиби ва уларнинг душмани устидан қозонилган ғалабаси, шунингдек, Олтин Ўрдада ҳокимиятни қўлга киритгани ҳақида хабар юборди. Элчиларнинг сўзларига кўра, Тўхтамиш Буюк Москва князи Дмитрийга Куликово жангида Мамайни мағлуб этгани учун миннатдор бўлган, аммо у Олтин Ўрда хонини эмас, балки хон ҳокимиятини тортиб олган золимни мағлуб этган ва ҳозир чингизийлар оиласидан бўлган қонуний хон Ўрдада ҳокимият тепасига келгач, Русь аввалгидек Олтин Ўрдага ўлпон тўлаши керак, бунинг эвазига Тўхтамиш Дмитрийга раҳм-шпфқатини ва душманлардан ҳимоя қилишини билдирди. Элчилар ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олинди, уларга совғалар тортиқ қилинди, лекин Дмитрий ўлпон тўлаш ва бўйсунишни тан олишдан бош тортди. 1381 йил ёзида Тўхтамиш князь Оқхўжани 700 кишилик отряд билан Буюк князь ва бошқа князларга юборди, бироқ Нижний Новгородга етиб борган Оқхўжа Ўрдага қайтди, Москвага эса элчиларни юборди, лекин улар афтидан, Москвага етиб бормаган.
Москвага юриш 1382 йил Қозонда Тўхтамишнинг ҳаракатлари ҳақида Москвага хабар етказилишининг олдини олиш учун тўсатдан рус савдогарлари ва меҳмонлари ўлдирилди ёки ҳибсга олинди. Уларнинг товарлари ва мол-мулки мусодара қилинди, кемалари эса Волга орқали қўшинларини ташиш учун Тўхтамишга етказиб берилди. Тўхтамиш қўшинларини ўнг қирғоққа ўтказгач, уларни яширинча ҳаракатлантирди. У қўшинини тез ва яширинча, шундай маккорона айёрлик билан бошқардики, руслар унинг юриши ҳақида хабар топмасликлари учун янигиликларнинг улардан тезроқ ҳаракат қилишига йўл қўймади. Тўхтамишнинг ҳаракатлари ҳақида ўз вақтида хабар топган Нижегород-Суздаль князи Дмитрий Константинович ўғиллари Василий Кирдяпа ва Семенни элчи қилиб юборди, лекин улар Тўхтамиш қўшинининг тез ҳаракатланиши туфайли хонни жойидан топа олишмади ва ортидан қувиб, бир неча кундан кейингина Рязань князлиги чегарасида унга етишди. Рязань князи Олег ўз князлигининг вайрон қилинишига йўл қўймаслик учун Тўхтамиш билан ўз юртидан ташқарида учрашди ва Ока дарёсида ўтиш мумкин бўлган жойларни кўрсатиб, итоаткорлик намойиш этди. Тўхтамиш қўшинини Рязань князлигини шарқий томондан айланиб олиб ўтди. Тўхтамишнинг юриши ҳақидаги «татар чегараларида яшовчи баъзи хайрихоҳлар» хабари Москва князи Дмитрийни эсанкиратиб қўйди. Москвада ваҳима бошланди. Буюк княз ўрдаликларга қарши чиқди, лекин бошқа князлардан ёрдам олмагач, тарқоқлик ва кучлар етишмаслигини кўриб, қўшин тўплаш учун ортга, шимолга - Переяславль орқали Костромага, Владимир Андреевич Серпуховской эса Волок Ламскийга йўл олди. Тўхтамиш Ока дарёсидан ўтиб, Серпуховни қўлга киритди ва «волстлар ва қишлоқларга ўт қўйиб, насронийларни ўлдириб, баъзи одамларни эса асира олиб» Москва томон йўл олди. Атрофдаги кўплаб жойлардан одамлар мол-мулки билан кремль деворлари ортида паноҳ топиш учун Москвага қараб югуришди. Москвада тартибсизликлар бошланди. Баъзилар ҳам дарвозаларни ёпиб ҳимояланишни исташди, бошқалар эса шаҳарни тарк этишга уринишди. Улар ўртасида жанжал келиб чиқди. Вече шаҳардан ҳеч кимни чиқармасликка қарор қилди. Дарвоза олдида қилич яланғочлаган ва найза кўтарган одамлар туриб, ҳеч кимни шаҳардан чиқармади. Фақат князь оиласи ва Киприаннинг кетишига рухсат берилди. Малика Евдокия болалари билан бирга Костромага Дмитрий ҳузурига, Киприан эса Тверга йўл олди. Русь хизматида бўлган литвалик ёш князь, Ольгер Остейнинг набираси Москвага келди. Қайсидир маънода у тартибни тиклашга ва мудофаага раҳбарлик қилишга муваффақ бўлди. Ўрдаликларни қамал қилиш учун материаллардан маҳрум қилиш учун москваликлар барча аҳоли пунктларини ёқиб юборишди. Деворларни мустаҳкамладилар, қатрон, қайнаб турган смола, қайноқ сув ва тошларни тайёрлаб қўйдилар.
Москва мудофааси 23 август куни Тўхтамишнинг илғор гуруҳлари Москвага яқинлашди. Деворларга яқинлашиб, улар шаҳар аҳлига «Шаҳарда Буюк князь Дмитрий борми?» савол берди. Уларга «йўқ» деб жавобберишди. Ўрдаликлар девордан узоқлашиб, шаҳар атрофини айланиб чиқишди, яқинлашиш мумкин бўлган жойларни, ҳандақларни, дарвозаларни ва ўқ отиш мумкин бўлган жойларни кўриб чиқишди. Ўша пайтда шаҳарда одамлар черковларда ибодат қилишган, бошқалар эса боярлар ва бойларнинг ертўлаларини очиб, асал ва виноларини олиб чиқишган, маст бўлгунча ичишган, мақтаниб, «ифлос татарларнинг келишидан қўрқмаймиз, бундай мустаҳкам шаҳарда… ахир икки карра қўрқув бор: шаҳарда – жангчилардан, ташқарида - князлардан» дейишган. Ўрдаликлар уларга жавобан қиличларини силкитишган. 24 августга ўтар кечаси Тўхтамиш бошчилигидаги асосий кучлар шаҳарга яқинлашди. Ўрдаликлар шаҳар деворларига яқинлашганда, москваликлар уларга ўқ отишди. Ўрда ўқлар билан жавоб бериб, шаҳарнинг кўплаб ҳимоячиларига зарба берди ва нарвонларни қўйиб, ҳужумга ўтди. Шаҳар ҳимоячилари тепадан қайноқ сув қуйишди, тош отишди, камонлардан ўқ узишди. Москваликлар, шунингдек, 1376 йилги кампания пайтида Булғордан олиб чиқилган ўқотар қуроллардан фойдаланганлар. Барча ҳужумлар қайтарилди, ҳужумчиларга катта зарар етказилди. Москваликлар бири, Адам исмли тўқувчи Фрол дарвозасидан туриб ўрдаликлар қўмондонини кўргач, унга арбалет бир ўқ узишда ўлдирди. Эртаси куни, 25 августда Ўрда яна тўхтовсиз равишда шаҳарга ҳужум қилди, аммо бу натижа бермади. Шаҳарни зўрлик билан эгаллай олмаган ва бир вақтнинг ўзида катта йўқотишларга дуч келган Тўхтамиш айёрликдан фойдаланишга қарор қилди. 26 август куни Ўрда князлари ва зодагонлардан иборат делегация музокаралар учун шаҳар деворларига яқинлашди. Уларнинг ёнида Москва княгиняси Евдокиянинг ака-укалари бўлган Суздал князининг ўғиллари Василий ва Семён ҳам бор эди. Парламентерлар Москва аҳолисига шундай деди: «Подшоҳ сизга, ўз халқига раҳм-шафқат кўрсатмоқчи, чунки сиз айбсизсиз ва ўлимга лойиқ эмассиз, чунки у сизга қарши урушга келмаган, аммо Дмитрийга қарши қурол кўтарган. Сиз афв этилишга лойиқсиз. Подшоҳ сиздан бошқа ҳеч нарса талаб қилмайди, шунчаки князингиз билан бирга уни шараф ва совғалар билан кутиб олиш учун чиқинг, чунки у бу шаҳарни кўришни, унга киришни ва ташриф буюришни хоҳлайди ва у сизга тинчлик ва муҳаббат бағишлайди ва сиз шаҳар дарвозаларини очасиз». Уларнинг сўзларини Нижний Новгород князлари Василий Кирдяпа ва Семён ҳам тасдиқлади: "Бизга ишонинг, биз Сизнинг насроний князларингизмиз, қасам ичамиз". Шаҳарликлар ишонишди ва дарвозаларни очишди. Шаҳзода Остей, руҳонийлар, боярлар ва оддий одамлар тантанали равишда шаҳардан чиқишди. Ўрда уларга ташланди ва ҳаммани қиличдан ўтказа бошлади. Ҳимояланмаган деворларга чиқиб, Ўрда ҳамма нарсани талаб, ўт қўйишни бошлади. «Шаҳрида ва шаҳар ташқарисида буюк жанг жанг бўлди. Қўллари ва елкалари заифлашгунча ва улар чарчагунча чопишди». Одамлар нажот излаб, кўчаларда тўда-тўда бўлиб юришди. Ўрда черковларнинг эшикларини синдирди ва у ерда яширинган барча ёшдаги фуқароларни — чақалоқлардан тортиб то кексагача судраб чиқди ва яланғоч қилиб ечинтирди. Иконалардан қимматбаҳо тошларни юдқаб олган Ўрдаликлар авлиёларнинг тасвирларини оёқ ости қилди ва барча черков анжомларини олиб чиқди. Сақлаш учун барча шаҳар атрофидан Москвага олиб келин жуда кўп сонли китоблар ёнғинда йўқ қилинди. Бутун князлик хазинаси олиб чиқилди. Барча одамлар чопиб ташланди, ёқиб юборилди, сувга чўктирилди ёки қулликка олиб кетилди.
Тўхтамишнинг кетиши Москвани эгаллаб, Тўхтамиш ўз қўшинларини бутун Москва мулкига: Звенигород, Волок, Можайск, Юрьев, Дмитров ва Переславл-Залесскийга тарқатди. Бироқ, буларнинг фақат охиргиси босиб олинган. Кўплаб аҳоли қайиқларда қочиб, Плешчеево кўлининг ўртасига сузиб кетишди. Волокга яқинлашган отряд Владимир Андреевич Серпуховскийнинг шошилинч йиғилган қўшини ҳужумига учради ва бутунлай мағлуб этилди. Кўплаб татарлар асирга олинди. Қолганлар жанг майдонидан қочиб, бўлган воқеани Тўхтамишга етказдилар. Тўхтамиш Дмитрий қўшинларининг Костромадан яқинлашиб қолишидан қўрқиб, дарҳол ўз қўшинларини йиға бошлади ва Москвани тарк этиб, ортга қайтишда Коломнани вайрон қилди. Ока дарёсидан ўтиб, Тўхтамиш Олег Рязанский билан келишувга зид равишда унинг ерларини талади. Олег қочди. Рязан ҳудудини тарк этиб, Тўхтамиш Дмитрий Суздальскийга унинг ўғли Семён билан бирга ўз қайноғаси Шихматни элчи қилиб юборди. Василийни эса хон ўзи билан бирга ушлаб турди. Тўхтамиш қўшинлари Ўрдага жуда катта ўлжа билан қайтдилар, шу жумладан, кўплаб одамлар қулликка олинди.
Оқибатлар Москвага қайтиб, Дмитрий кўрган нарсасидан ҳайратда қолди. Солномачилар тасвирлашича, у жасадларини хазина ҳисобидан дафн қилишни буюрган марҳумлар учун чуқур қайғуда бўлган. Қанча тўланганлиги ва, тегишлича, қанча одам вафот этгани ҳақидаги маълумотлар турлича. «Воскресенская летопись» хабар беришича, улар 80 та жасадни тозалаш учун бир рубл тўлашган, жами 300 рубл сарфланган. Шундай қилиб, ўлганлар сони 24 мингни ташкил этган. Бундан фарқли ўлароқ, «Рогожский летописец» 70 та жасад учун бир рубл тўлагани, аммо жами 150 рубл сарфлангани, яъни 10 минг ўлик ҳақида ёзади. Тарихчи М.Тихомиров «Рогожский летописец» маълумотларини ишончлироқ деб ҳисоблади. У вайронагарчилик арафасида Москва аҳолисини 20 минг киши деб ҳисоблаган. Халқ шаҳар ва қишлоқларни қайта қура бошлади. Бир неча кундан кейин Дмитрий тўпланган қўшинни хиёнатчи Олег Рязанскийни жазолаш учун юборди. Олег кичик бир гуруҳ билан ғойиб бўлди. 7 октябр куни Кипр Твердан Москвага қайтиб келди, аммо Дмитрий билан можаро туфайли у тез орада Киевга жўнаб кетди. Ўша йилнинг кузида Тўхтамишдан Карач исмли элчи Москвага тинчлик таклифи билан келди. 1383 йил 23 апрелда Дмитрий катта ўғли Василийни Ўрдага юборди. 1382 йилнинг кузида Михаил Тверской ўғли Александр ва Дмитрий Суздальскийнинг укаси Борис Городецкий билан Владимирнинг Буюк князлиги ёрлиғи учун Ўрдага боришди. Бироқ, Дмитрий Тўхтамишга Мамай мағлубиятидан кейин ўтган 2 йил учун ўлпон тўлади, бунинг учун Тўхтамиш Буюк князликни Москва князлари оиласига юклади, Тверь князлиги эса Владимир князлигидан мустақилликка эришиб, Кашинни ўз таркибига қайтариб олди. 1388 йилда Тўхтамиш ўзининг собиқ ҳомийси Амир Темурга қарши чиқди. Форс тарихчиси Шарафиддин Яздийнинг ёзишича, бу юришда Олтин Ўрда қўшини қисман руслардан иборат эди.
Абу Муслим тайёрлади |