Саналар
21.11.2024
Баннер
Баннер
Мирзо Улуғбекнинг икки нодир сурати
30.09.2023 15:42    PDF Босма E-mail

Шарқ миниатюра санъати тарихий шахсларнинг ташқи кўринишини аниқлашда қимматли илмий манба бўла олади. Жумладан, буюк темурийзода Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг (1394–1449) ҳақиқий сиймосини тасаввур қилишда ўрта асрларда яратилган миниатюралар муҳим ўрин тутади.

 

Ўрта асрларда Ғарб ва Шарқ мусаввирлари Мирзо Улуғбек сиймосига бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, ҳозирча унинг тириклик вақтида чизилган суратлардан фақат иккитаси аниқланган. Улардан бири Абдурраҳмон ас-Суфийнинг маърифатпарвар ҳукмдор кўрсатмаси билан 1437 йилда кўчирилган “Китаби кавакиб ас-сабита” (“Қўзғалмас юлдузлар китоби”) қўлёзмасидаги тасвирдир. Ушбу асар сомонийлар ҳукмдорлиги даврида, александриялик олим Птолемейнинг “Алмагест” асарига шарҳ сифатида битилган.

Маълумотларга кўра, Мирзо Улуғбек илмий фаолияти давомида “Китаби кавакиб ас-сабита”га кўп бор мурожаат қилган, ушбу асар “Зижи жадиди Кўрагоний” жадвали учун ҳам асос бўлиб хизмат қилган. Самарқандда икки марта кўчиртирилган қўлёзмада юлдуз туркумлари инсонлар ва жонзотларнинг тасвири ёрдамида акс эттирилган. Қўлёзмадан жами 78 та миниатюра ўрин олган (Moritz Steinschneider, “Uber die Mondstationen (Naxatra), und das Buch Arcandam”, Zeitschrift der Deutschen Morgenländischen Gesellschaft, 18 (1864), 118-201).

Цефей (Қайқовус) юлдуз туркуми учун чизилган сурат Мирзо Улуғбекнинг юз тузилишига ўхшаб кетади. Маълумки, сарой миниатюраларида шоҳлик рутбаси соҳиби юз чизгиларидан қудратли қаҳрамонни акс эттиришда кенг фойдаланилган. Бу қўлёзмада ҳам мусаввир Мирзо Улуғбек сиймосини гавдалантирган бўлиши мумкин. Саҳифада ҳукмдор само гумбазида, соябонли оқ кулоҳ кийган, оёқяланг ҳолатда тасвирланган.


Замонавий текширувларга кўра, Цефей юлдуз туркуми 148 та юлдузни ўз ичига олади (Зигель Ф. Сокровища звёздного неба: Путеводитель по созвездиям и Луне. Москва, “Наука”, 1980). Бироқ қўлёзмада подшоҳ тасвирининг турли қисмларида белгиланган 13 та юлдузни кўришимиз мумкин. Демак, ўша даврда бу туркумдаги юлдузларнинг фақат 13 таси аниқланган.

Мирзо Улуғбек ҳаётлигида тасвирланган яна бир сурат Вашингтондаги Фрир санъат галереясида сақланмоқда. Муаллифи номаълум сурат тепасига араб тилида “Буюк султон Улуғбек Кўрагон, Оллоҳ унинг салтанатини абадий қилсин!” деб ёзилган. Мана шу жумланинг ўзиёқ сурат ҳукмдорнинг тириклик пайтига оид деб хулоса чиқаришга асос бўлади. Суратда султон табиат қўйнида – оқ рангли бош кийим, мовий чакмон ва яшил яктакда, соябон остида, кўрпачада ўтирган ҳолатда тасвирланган. Миниатюрада ортиқча ҳашам кўзга ташланмайди. Орқароқда турган камон ва садоқ ҳукмдорнинг яқинда овдан қайтганини кўрсатади. Ўнг томонда ерда ўтирган мулозимлар ва тик турган хизматкорлар кўзга ташланади. Икки мулозим лочин ушлаб олган. Улардан қуйироқда, гилам ва кўрпачаларда беш аёл тасвирланган. Улардан иккиси маликаларга хос қизил либос кийган. Тепароқда қора кийимли бека ёнида ўтирган икки аёлга танбеҳ бермоқда. Аёлларнинг шоҳ оила аъзолари, мулозимлар ҳамда хизматкорлар даврасида очиқ юз билан ўтириши темурийлар даврида бу масалага нисбатан эркин қаралганидан далолат беради.

Чап бурчакда қора танли икки ғулом қўриқчилик қилмоқда. Сал берироқда эса Мирзо Улуғбекнинг ўғиллари Абдуллатиф ва Абдулазиз бир-бирини оғаларча қучиб турибди. Уларни 16 –19 ёшларда деб тахмин қилиш мумкин (Абдухолиқов Ф., Ртвеладзе Э. Шарқ миниатюраси. Тарихий шахслар. Тошкент. “Замон пресс инфо”, 2022. 132-бет).

Ўнг бурчакда Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин” достонидан 24 мисра келтирилган. Демак, бу саҳифа Низомий “Хамса”сидан олинган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қўлёзма 1441-1442 йилларда Самарқандда кўчирилган. Бу – Улуғбек оиласининг энг бахтли дамлари бўлса ажаб эмас. Кўп ўтмай ота ва фарзандлар ўртасида бошланган низо 1449 йилнинг октябрь ойида буюк ҳукмдор Мирзо Улуғбек ва унинг кенжа ўғли Абдулазизнинг қатли билан якунланган. Тахтни эгаллаган Абдуллатиф ҳам олти ой ўтмай ўлдирилган.

Ҳар икки суратга хос бўлган умумий хусусият бош кийимда кўзга ташланади. Ҳукмдорнинг оппоқ бош кийими соябонли кулоҳни эсга солади. Кулоҳга шоҳларга хос тўға (ёки укпар) тикилган. Ҳар икки миниатюрада ҳам ҳукмдор енгсиз мовий чакмонда. Тасвирлардаги юз чизгилари ҳам бир-бирига ўхшаш. Ушбу тасвирлардан Мирзо Улуғбек чўзинчоқ юзли, қисиқ кўзли, соқоли сийрак, қизғиш тусли, оқ юзли инсон бўлганини билиш мумкин.

 

Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ
мустақил тадқиқотчи

 
Баннер